LOTIN-КИРИЛЛ

ИЗЛАРИНИ ИЗЛАГАНИМИЗ ДИЛФУЗА ОПА

03 12 14 214
Ҳазрат Жалолиддин Румий айтганларидек: “Яхши инсон ўзидан бахт, ёмон инсон ўзидан тажриба, хатокор инсон ўзидан дарс, мукаммал инсон ўзидан яхши из қолдиради”. Дилфуза опа Шарафутдинова ўзидан яхши из қолдирганлар қаторида эди...
Дилфуза Шарафутдинова 1969 йил августда Наманганнинг гўзал Чустида таваллуд топган. Бугун орамизда бўлганида 54 ёшни қаршиларди.
Дилфуза опа Тошкент давлат университетини битириб, фармацевт турмуш ўртоғининг иши сабаб туғилиб ўсган юрти Наманганда эмас балки Навоий вилоятида илк иш фаолиятини бошлади. Унинг бугун Шимолий кон бошқармаси архивида сақланаётган маълумотномасида Навоийнинг гигант корхоналари -“Навоийазот”, “Шарқий” кони ва 3-ГМЗ да ишлаган йиллари ёзиб қўйилган. Дилфуза опа мазкур корхоналарда фақатгина ишламади балки ўзидан яхши ном, яхши из қолдирди.
Дилфуза Шарафутдинова... Уни ўша биз кинолардагина кўрган аммо ишонмаган лекин ўз бошимиздан ўтказганимиз пандемия бошланмасидан 10 кунлар олдин кўргандим. З-ГМЗнинг 25 йиллик юбилейи арафасида тайёрланаётган кўрсатувнинг бир қисми завод марказий лабораторияси ҳақида эди.
Юмалоқ кўзларидан нур, очиқ чеҳрасидан доимо меҳр ёғилиб турадиган, боқишларидан самимийлик зоҳирин оппоқ юзли Дилфуза опа камтарин инсон эди. Ўша куни лаборатория фаолияти ҳақида тўлқинланиб гапирганидан ўз ишини ниҳоятда яхши кўришлиги, ўз касбининг билимдони эканлиги шундоққина сезилиб, билиниб турарди.
Опа шогирдларини ҳам интервью беришга ундади. Ийманиб, гапирмайман, деганларига эса: “Ахир бу тарих! Менинг сизнинг сўзингиз тарих саҳифаларига муҳрланади”, деганди жонкуярлик билан ўшанда...
Аммо, аммо кўрсатув тайёр бўлгунича Дилфуза Шарафутдинованинг сўзлари ундан қолган тарих бўлиб қолишини ҳеч биримиз билмаганмиз, афсус...
-Дилфуза опада инсонийликнинг барча жиҳатлари бисёр эди. Ҳеч кимдан ҳеч қачон нолимас, муҳтожлардан ёрдамини аямас, беҳудага бировнинг дилини оғритмас, қиладиган ишини меҳр билан қилар, атрофдаги воқеа - ҳодисаларга муносабатини билдирар, эл-юрт келажаги, оиласи, фарзандлари тақдирига бефарқ эмасди. Кўплаб шогирдларга билим ва ҳаётий кўникмаларни ўргатган меҳри дарё инсон эди, - дея хотирлайди ҳамкасби Одина Мирзаева. - Мен опанинг жамоасида гуруҳ раҳбари бўлиб ишлардим. Бирор марта исмимизни айтиб чақирмасдилар: “асалларим”, дердилар. Гапиришларида водийликларга хос лутф, сўзларида латофат бор эди.
Заводнинг марказий лабораториясида 30 дан ортиқ таҳлиллар олиб борилади. Шу учун бу ерни заводнинг кўзи дейишади. Дилфуза опа ана шу кўзнинг гавҳари эди, десам янглишмайман. 2013 йилдан 2020 йилгача шу лабораторияни бошқарди. Мутахассислиги аналитик бўлса ҳам органик химияни яхши кўрарди. Шу соҳада илмий иш қилишни орзуларди.
Бу фарзандлари – Дилдоранинг, ёлғиз ўғли Шерзоджоннинг, ҳеч кимга ишонмаган кенжатойи Мунисанинг бахтини келажагини кўролмай кетгани каби ушалмаган армонларидан энг каттаси эди.
Бу сўзлар видеолавҳалар архивида қолган Дилфуза опанинг сўнгги интервьюсидан олинди: “Биласизми, лабораториямиз таҳлилисиз заводнинг маҳсулини билиб бўлмайди. Бизнинг вазифа –аналитик назорат қилишдан иборат. Бу дегани мана шу заводга кириб келаётган хомашё руда таркибидаги қимматбаҳо металл ҳажмини аниқлашдан бошлаб, то ана шу хомашёни қайта ишлашдаги технологик жараёнларгача бўлган таҳлилларни бажаришдан иборат”.
Ўз касбининг устаси, Дилфуза опа минг афсуски бугун орамизда йўқ! Лекин у инсон қилган яхши амаллар, инсонлар дилидан мустаҳкам жой олган. Фарзандлари, шогирдлари Дилфуза опа бошлаб берган хайрли ишларни давом эттириб, оналари ва устозларининг руҳини шод қилмоқдалар.
Зеро, Омон Матчон қайд қилганидек:
Кимдир эшик очар, кимлардир ёпар,
Кимдир малҳам бўлар, кимлардир қонар.
Кимдир сокин дарё, кимлардир чопар,
Буни умр дерлар, кундузли тунли,
Буни умр дерлар, шодлик қайғули.

Лайло КАРИМОВА.

O'qilgan: 440 bora

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: