Шундай ривоят бор: Бир ўғри қанча вақт мобайнида тунлари яширин йўл (лаҳм) ковлаб, мамлакат хазинасини ўмармоқчи бўлибди. Не-не машаққат ва заҳматлар эвазига мақсадига эришиб, олтин-жавоҳирларини қопга жойлаб, орқалаб кетмоқчи бўлиб турганида, тун қоронғусида кўзига ярақлаб кўринган нарсани ялаб кўрса-ки, туз экан.
“Бу ердан туз тотдим, шу туз ҳаққи хазинани ўмариб кетолмайман!, дея ҳеч нарса олмасдан чиқиб кетган экан...
Ушбу ривоятни келтиришимиз боисини қуйидаги тафсилот билан танишгач, англаб етишингизга аминмиз.
Мавлуда Умарова ( мақоладаги исм-шарифлар ўзгартирилган) 2 нафар фарзанднинг онаси. У “она” деган улуғ номга аёллик шаънига доғ тушираётганлар тоифасидан. Оиласини фарзандларини қаровсиз қолдириб, ҳаётнинг ўнқир-чўнқир йўлларидан юришни афзал билди. У 23 ёшигача бир неча бор ўғирлик жиноятини содир қилгани учун бир неча бор судланишга “улгурган”.
Мавлуда ва унинг “ҳамтовоғи” Ёрқиной Эшмаматова Нафиса опанинг уйига кундалик уй юмушларини бажариш учун келган бўлса-да, кўзлари атрофга олазарак боқиб, “олма-кесак терарди”. Ризқ-насиба илинжида келган бу аёлларнинг фикру ҳаёли фурсат топиб, хонадонни шип-шийдам қилиш эканини эса табиийки, хонадон эгалари ҳаёлларига ҳам келтиришмасди.
Оласи ичида бўлган ўғригина аёллар буни айни муддао деб билдию, хонадон эгаларининг бозор нархи 2 млн. 500 минг сўм бўлган “Samsung А 51” уяли телефонини, бозор нархи 1 млн. сўм бўлган “Redmi 5” русумли қўл телефонини ҳамда 200 АҚШ доллари миқдорида валюта қимматликларини ўғирлаб, воқеа жойидан яширинишган.
“Ови” бароридан келаётганидан ҳаволанган Мавлуда Умарова Зарафшон шаҳар 12-кичик туманида яшовчи Гулшода Тешаева хонадонига меҳмон бўлиб келади. Бу ерда бир неча кун истиқомат қилиб, уй-рўзғор юмушларини бажариб юрган. Хонадон соҳибаси ва ўғлининг тунги навбатчиликдан чарчаб келиб ухлаб қолганидан фойдаланиб, яна “мудҳиш режа”сини амалга оширади. Ўзганинг мулкини такроран яширин равишда талон-тарож қилиб, бу гал ҳам “Vivo” русумли уяли телефон аппаратини қўлга киритади. Шкафда илинган аёллар сумкасини эътиборидан четда қолдирмаган “қаҳрамон”имиз 1 млн. 200 минг сўм пулни осонгина ўғирлайди. Хонадон эгаси Гулшода Тешаевага жами 4 млн. 800 минг сўм миқдорида моддий зарар етказган.
“Ўлжа”сини тезроқ пуллаш илинжида таксига икки киши учун тўлов қилиб, шошилганча Навоийга йўл олган “ўғригина аёл” нинг кирдикорларига ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора вакиллари чек қўйишди. Мавлуда Умарова “Кара-ката” постида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Шу тариқа туз тотган хонадонини ўмаришни одатга айлантирган инсофсиз ўғри Мавлуда Умарова Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169 - моддаси 3-қисми “а” банди, 168 –моддаси 1-қисми, 221-моддалари билан айбли деб топилган. Судланувчининг 3 ёшга тўлмаган ёш боласи бўлганлиги сабабли Жиноят кодексининг 533-моддаси 3-қисми тартибида 2021 йил 25 август кунида туғилган фарзанди 3 ёшга тўлгунга қадар яъни 2024 йилнинг 25 августига қадар ҳукм ижроси кечиктирилган.
Яшаш уйидан жой, ейишга туз – намак берган хонадон эгаларининг ишончини суиистеъмол қилиб, шундай қинғирликларга қўл урган бу аёлларнинг қилмишини қандай изоҳлаш мумкин?!
Жамил ТОШЕВ,
вилоят прокурорининг катта ёрдамчиси.