Олимларнинг олиб борган тадқиқотларига кўра, сизу биз яшаётган Қизилқумда Менделеев даврий системасининг деярли барча элементлари топилган. Она табиат бу заминга етарли миқдорда минерал хомашё ресурсларини инъом этган.
1963 йилда “Кокпатас” дала-геология қидирув экспедицияси фаолияти йўлга қўйилди. Бу тарихий воқеа Қизилқумдаги минерал бойликларнинг кенг миқёсда ўзлаштирилишини бошлаб берди.
Бугун “Ўзбекгеология қидирув” АЖ тасарруфида бўлган “Кокпатас” дала-геология қидирув экспедицияси ўзининг муборак 60 йиллигини нишонламоқда. Айтиш жоизки, бу ерда меҳнат қилаётган юзлаб ишчи ва мутахассислар ўзларининг фидокорона меҳнати туфайли мамлакатимиз минерал хом-ашё базасини кенгайтириш “Навоий” кон-металлургия комбинати АЖ тасарруфидаги 1-сонли, 3-сонли ҳамда 5-сонли гидрометаллургия заводларини хомашё ресурслари билан узлуксиз таъминлашдек энг муҳим ва стратегик вазифаларни сидқидилдан бажариб келмоқдалар.
Ўтган 2021 йилнинг 21 апрелида “Геология соҳасига инвестицияларни фаол жалб этиш, тармоқ корхоналарини трансформация қилиш ва республика минерал-хомашё базасини кенгайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди. Унга кўра, геология-қидирув ишлари бўйича хизмат кўрсатувчи алоҳида юридик шахс мақомига эга бўлган, давлат унитар корхоналарини бирлаштириш йўли билан улар негизида “Ўзбек геология қидирув” АЖ ташкил этилди. Бу эса “Кокпатас” дала-геология қидирув экспедицияси фаолиятини янги юқори босқичга олиб чиқди, дейиш мумкин.
Рақамларни таҳлил қиладиган бўлсак, корхонага келтирилаётган янги замонавий бурғилаш ускуналари сони 9 тага, умумий автотранспорт воситалари сони 33 тага етказилди. Бурғилаш ишлари ўтган 2021 йилда ўртача 459 метрни ташкил этган бўлса, 2022 йилда 493 метрдан иборат бўлди. Ўсиш кўрсаткичи 107,4 фоизни ташкил этди. Жорий йилда эса бу рақамларни 700-800 метргача етказиш кўзда тутилган.
Бугун жамоада меҳнат қилаётган 335 нафар ишчи-ходим ва геологларнинг олдида ҳудуднинг улкан табиий, ишлаб чиқариш ва меҳнат салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқаришдек, ғоят муҳим вазифалар турибди. Уларнинг 63 нафари олий, 177 нафари эса ўрта –махсус маълумотли мутахассислар бўлиб, жамоада 43 нафар опа-сингилларимизнинг борлиги мураккаб геология соҳасида ҳам аёлларнинг эркаклар билан бир сафда меҳнат қилаётганлигидан далолат беради, албатта!
“Кокпатас” дала-геология қидирув экспедициясининг малакали, билимли ва фидойи жамоаси ҳудудни геологик ўрганиш, лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрлаш, бурғилаш қудуқларидан намуналар олиш, майдалаш ҳамда истиқболли йўналишларни тақдим этиш ишларини муваффақиятли адо этишига ишонаман!
Қизилқумнинг ёзи жуда иссиқ, қиши эса қаттиқ совуқдан иборат аёвсиз иқлимини писанд этмай, мамлакатимиз иқтисодиёти учун улкан аҳамиятга эга қаттиқ фойдали қазилма конларини, минерал хомашёларни разведка қилиш, излаб топиш ишларини олиб бораётган забардаст геологларга қарата олган тупроғингиз зар, иродангиз мустаҳкам бўлсин, деймиз!!
Дарҳақиқат, Қизилқум саҳроси – саховатли, ер ости бойликларига кон замин. Учқудуқдаги “Кокпатас” дала-геология қидирув экспедицияси қаттиқ фойдали қазилма конларини қидириш ва қидирув қудуқларини бурғулаш ҳажмини муттасил ошириб бориб, мамлакат иқтисодиётини ривожлантиришга муносиб улуш қўшаётир.
Бу эса томчидаги қуёш акси мисол жонажон Ўзбекистонимизда олиб борилаётган яратувчанлик ишларининг ёрқин ифодасидир!
Сиз азизларга мустаҳкам соғлик, бахт-саодат, Ватанимиз фаровонлиги йўлидаги шарафли меҳнатингизда янги зафарлар тилайман!
Байрамингиз яна бир бор муборак бўлсин, азизлар!
Суратда: корхона фаолиятидан лавҳалар.
Элбек ТУРСУНОВ,
“Кокпатас” ДГҚЭ бошлиғи.