Хотира ва қадрлаш. Бу тушунчалар замирида халқимизга хос эзгу фазилатлар мужассам, инсон зоти нақадар азиз, мукаррамлиги ўз ифодасини топган.
Зеро, вақт — ғанимат, умр — ўткинчи. Биздан қоладиган ўчмас из эса хайрли амалларимиздир.
Мамлакатимизда 9 май Хотира ва Қадрлаш куни сифатида кенг нишонланишининг боиси ҳам шунда. Ушбу санада ўтганлар номи ёдга олиниб, кекса авлод вакилларига меҳр-мурувват, алоҳида эъзоз, эҳтиром кўрсатилади.
Эзгу анъана Учқудуқ туман ҳокими С.Ф.Хамроевнинг фронт орти меҳнат фахрийси Кривенюк Анна Ивановна хонадонига ташрифи давомида яна бор намоён бўлди.
- “Урушда ғолиблар бўлмайди”, дейишади, бу сўзлар бежиз айтилмаган, - дейди Иккинчи жаҳон уруши фронт орти фахрийси Анна Ивановна. – Ёшлигим уруш йилларига тўғри келганлиги сабабли кўп машаққат чекдим. Уруш йиллари фронт ортида туриб, аскарларга ёрдам қилдик. Афсуски, ўша жангларда қатнашганларнинг аксарияти бугун орамизда йўқ. Уруш барчамизга ибрат бўлиши керак, аслида. Дориломон кунлар, тинч-осуда ҳаётнинг қадрига етиш керак, - дея самимий миннатдорчилик билдириб, бундай эътибор ва ғамхўрликдан кўкси тоғдек кўтарилганини таъкидлади.
Шу куни бир пиёла чой устида суҳбат қурилиб, суронли йиллар қўшиқлари ижро этилди. Анна Ивановна гоҳ куй-қўшиққа жўр бўлади, гоҳ ўша даҳшатли уруш йилларини ёдга олиб, узоқ ўй-хаёлларга берилади...
Янги Ўзбекистонни бунёд этишда фахрийларимизнинг жасорати, шонли анъаналари, шубҳасиз, биз учун ибратдир.
УЧҚУДУҚ ТУМАН ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ.