Hokimiyat matbuot xizmati
САВОЛ;
Мени турмуш ўртоғимни мендан ташқари яна битта хотини бор. Мен тегишли жойларга ариза бериб турмуш ўртоғимни қўшхотинлик билан жавобгарликка торттирсам бўладими ?
️ЖАВОБ;
Аввало қўшхотинлик (Кўпхотинлик) нима деган саволга жавоб топиб олсак !
Жиноят кодексининг 126-моддасига кўра, кўп хотинли бўлиш деб, умумий рўзғор асосида икки ёки ундан ортиқ хотин билан эр-хотин бўлиб яшашга айтилади.
Демак сиз хозирги ҳолатда турмуш ўртоғингизни қўшхотинликда гумон қилиб жавобгарликка торттира олмайсиз. Юқоридаги асосга кўра, агар турмуш ўртоғингиз Сиз айтган ўша иккинчи хотинини Сиз билан яшаётган уйига олиб келиб, бир вақтда у билан хам Сиз билан хам эр-хотин бўлиб яшаса, шундагина унинг бу қилмиши қўшхотинлик бўлади ва Сиз уни қўшхотинлик қилаётганлиги сабабли устидан шикоят қилишингиз мумкин. Ўша ҳолатда тегишли органлар унга жиноят иши қўзғатиб, уни жавобгарликка тортиши учун асослар етарли бўлади.
Учқудуқ туман адлия бўлими.
Савол;
Мен бир давлат органига бундан уч кун олдин ариза билан мурожаат қилган эдим. Энди аризамни ўша орган томонидан кўриб чиқилишини хохламайман. Мен у аризани жахл устида ёзиб юборган эдим. Энди уни қайтариб олишим мумкинми ?
Жавоб;
“Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида” ги қонунининг 32-моддасида, шахс ўз мурожаатини у кўриб чиқилгунига қадар ва кўриб чиқилаётган пайтда мурожаат бўйича қарор қабул қилингунига қадар ёзма ёки электрон шаклда ариза бериш йўли билан чақириб олиши мумкинлиги белгиланган.
Юқоридаги норма бўйича Сиз мурожаатингизни қайта ариза бериш йўли билан қайтариб олишингиз мумкин лекин, яна бир эътиборли ҳолат бор. Юқорида келтирилган қонуннинг 30-моддасида мурожаатни чақириб олиш тўғрисидаги ариза қонун бузилишларини аниқлаш ва бартараф этиш юзасидан чора-тадбирлар кўрилишини истисно этмайди дейилган. Яъни, Сиз кимнидир фирибгарликда ёки бошқа бир ҳуқуқбузарликда айблаб тегишли жойга ариза бериб, кейин фикрингиз ўзгариб аризангизни қайтариб олсангиз хам уни фирибгарлиги ёки бошқа ҳуқуқбузарлиги аризангизни кўрган орган томонидан текширилиши мумкин. Агар ҳақиқатдан хам Сиз аризангизда кўрсатган одамингиз ҳуқуқбузар бўлиб чиқса унга чора кўрилади. Бундай ҳолатда энди аризангизни қайтариб олишингиз бефойда бўлади
Савол;
Ишсизлик нафақаси тўлаш тартиби ва миқдори қандай?
Жавоб;
Меҳнат кодекси 64-моддасида ишдан маҳрум бўлган, биринчи марта иш қидираётган, шунингдек узоқ (бир йилдан ортиқ) танаффусдан кейин меҳнат фаолиятини қайта бошлашни истаган ва ишсиз деб эътироф этилган шахсларда ишсизлик нафақаси олиш ҳуқуқи белгиланган.
Шунингдек,ушбу кодекс 65-моддасига кўра ишсизлик нафақаси ишсиз деб эътироф этилган шахсга у иш қидираётган шахс сифатида маҳаллий меҳнат органида рўйхатдан ўтган кундан эътиборан тайинланади.Ишсиз шахснинг нафақа олиш ҳуқуқи у иш қидираётган шахс сифатида рўйхатдан ўтган пайтдан бошлаб кечи билан ўн биринчи кундан эътиборан кучга киради.
Қоиданинг мазмунига кўра ишсизлик нафақаси фуқаро ишсиз деб рўйхатдан ўтган вақтдан бошлаб тўланиши шарт.
Бунда ушбу нафақани тўлашни бошлаш узоғи 11 кундан ошмаслиги керак.
Шуни ҳам айтиш керакки, 65-модданинг иккинчи қисмига биноан ишсизлик нафақаси ўн икки ойлик давр ичида кўпи билан йигирма олти календарь ҳафта давомида тўланади.
Аҳоли бандлиги тўғрисидаги қонун 52-моддасига мувофиқ ишсизлик нафақаси ишсиз шахснинг аввалги иш жойидаги охирги бир йилдаги ўртача ойлик иш ҳақига нисбатан фоизда белгиланади. Бошқа ҳолларда ишсизлик нафақаси меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорига нисбатан фоизда белгиланади.
Демак, агар шахс аввал қайсидир ташкилотда ишлаб кейин ишсиз деб топилган бўлса,унга нафақа аввалги иш жойида сўнгги йилда олган ўртача ойлик иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида(52-модда иккинчи қисми) тўланади.
Агар шахс аввал ишламаган бўлса, унда ишсизлик нафақаси меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг камида етмиш беш фоизи миқдорида тўланади.
Ҳозирда меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдори 920.000 сўм.
Агар шахс аввал қаердадир ишлаган ишдан бўшаганига узоқ муддат бўлган бўлса (1 йилдан кўп), ишсизлик нафақаси меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг бир баравари миқдорида (920.000 сўм) тўланади.
Учқудуқ туман адлия бўлими.
Савол:
Маънавий зарар нима ва у қандай хисобланади ?
Жавоб:
Маънавий зарар деганда жабрланувчига қарши содир этилган ҳуқуқбузарлик ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги оқибатида у бошидан кечирган маънавий ва жисмоний (камситиш, жисмоний оғриқ, зарар кўриш, ноқулайлик вҳ..) азоблар тушунилиши керак.
Фуқаролик кодекси 1022-моддасига кўра, маънавий зарар пул билан қопланади. Маънавий зарарни қоплаш миқдори жабрланувчига етказилган жисмоний ва маънавий азобларнинг хусусиятига, зарар етказувчининг айби даражасига қараб суд томонидан аниқланади.
Зарарни қоплаш миқдорини аниқлашда оқилоналик ва адолатлилик талаблари эътиборга олиниши лозим. Жисмоний ва маънавий азобларнинг хусусияти маънавий зарар етказилган ҳақиқий ҳолатлар ва жабрланувчининг шахсий хусусиятлари ҳисобга олинган ҳолда фуқаролик суди томонидан баҳоланади.
Маънавий зарар тўланиши лозим бўлган мулкий зарардан қатъи назар қопланади.
Яъни, айбдор шахс жабрланувчига етказилган мулкий зарарни тўлаш билан қутилмасдан, суд томонидан манавий зарар хам тўлаши белгиланган бўлса, мулкий зарардан ташқари алоҳида маънавий зарарни хам тўлайди.
Учқудуқ туман адлия бўлими.
Савол:
Мен яқинда суд томонидан оталик ҳуқуқидан маҳрум қилиндим лекин собиқ турмуш ўртоғим 1 нафар фарзандимнинг таъминоти учун мендан алимент талаб қилмоқда. Қонунчилик бўйича уни талаби тўғрими ?
Жавоб:
Оила кодексининг 81-моддасига асосан, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган ота-она қайси болага нисбатан ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган бўлса, шу болага нисбатан бўлган қариндошлик фактига асосланган барча ҳуқуқлардан, шу жумладан ундан таъминот олиш, шунингдек болали фуқаролар учун қонунчиликда белгиланган имтиёзлар ва нафақалар олиш ҳуқуқларидан маҳрум бўлади. Лекин, ушбу моддага асосан ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши ота-онани ўз боласига таъминот бериш мажбуриятидан озод қилмайди.
Яъни, Сиз оталик ҳуқуқидан маҳрум бўлганингиз учун фарзандингиз орқали олишингиз мумкин бўлган барча имтиёзлардан ва унга нисбатан қарндошлик фактидан маҳрум бўласиз лекин, болангизга таъминот бериш мажбуриятидан озод бўлмайсиз. Қисқаси турмуш ўртоғингизни талаби қонуни
Учқудуқ туман адлия бўлими.
Учқудуқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати томонидан “Туманда ёшларга қаратилаётган эътибор, яратилаётган имтиёзлар ва амалга оширилган ишлар таҳлили, натижалар” мавзусидаги МАТБУОТ АНЖУМАНИ ҳамда ПРЕСС-ТУР ўтказилди.
Медиатурда иштирок этган журналист ва блогерлар даставвал “КЕLАLАК” ёшлар марказидаги стол тенниси, оғир атлетика спорт секциялари фаолияти билан танишдилар. Мазкур тўгаракларда иштирок этаётган ёшлар эришаётган ютуқ ва марралар ҳақида гапириб беришди. Пресс турнинг кейинги манзили “BIG WAY” ўқув маркази бўлди. Бу ерда фаолият олиб бораётган тил ўргатиш курсларида таълим сифати ва самарадорлигини оширишга қаратилган ишлар билан яқиндан танишган медиатур иштирокчиларига ўтган 2021-2022 ўқув йилида ўқув марказида билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаган ёшлар томонидан қўлга киритилган ютуқлар ҳақида ҳикоя қилинди.
Жумладан, 32 нафар битирувчи – ёшлардан 28 нафари олий таълим муассасаларига ўқишга кирган бўлса, 30 нафари чет тилини билиш тўғрисидаги IELTS, CEFR миллий сертификатини қўлга киритишган. Улар орасида 7,5 балл олган билимли ёшлар ҳам кўпчиликни ташкил қилади.
Шунингдек, туман ахборот-кутубхона марказида ёшларни китобхонликка кенг жалб этишга доир олиб борилаётган ишларнинг аҳволи, улар билан ўтказилаётган адабий-бадиий кеча ва тадбирлар билан ҳам танишдилар.
Шу куни пресс-турдан сўнг, журналист ва блогерлар иштирокида матбуот анжумани ҳам ташкил қилинди. Унда туман ҳокими С.Хамроев, туман ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Н.Муратовлар иштирок этди.
Учқудуқ ёшларига берилаётган эътибор ва имтиёзлар ҳамда улар билан амалга оширилаётган ишлар таҳлили юзасидан Ёшлар ишлари агентлиги туман бўлими бошлиғи Н.Хариповнинг ахборот тингланди.
Матбуот анжуманида иштирок этган журналист ва блогерлар ҳамда маънавият тарғботчилари томонидан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олинди.
УЧҚУДУҚ ТУМАН ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ
Учқудуқ туман ҳокими С.Ф.Хамроев иштирокида ўтказилган брифинг
Ассалому алайкум ҳурматли тумандошлар, брифинг иштирокчилари!
Рухсатингиз билан, туман тиббиёт бирлашмасида олиб борилаётган ишлар, янгиликлар ва ўзгаришлар, аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш бўйича эришилаётган ютуқлар ҳақида маълумот бериб ўтмоқчиман.
2023 йил ҳолатида Учқудуқ туман тиббиёт бирлашмаси хизмат кўрсатадиган аҳоли сони 37 254 нафар бўлиб, шундан 20 384 нафари эркаклар, 16870 нафари аёллар ҳамда 11757 нафари болаларни ташкил этади. Туман аҳолисига 10 та тиббиёт муассасаси томонидан тиббий хизмат кўрсатиб келинмоқда. Туманда 80 ўринли марказий шифохона бўлиб, унинг таркибида шошилинч тиббий ёрдам, туғруқ, юқумли касалликлар, болалар, жарроҳлик ҳамда тез тиббий ёрдам бўлимлари киради. Шифохонада жами 6481 нафар киши даволаниб чиқди.
Бугунги кунда туман тиббиёт тиббёт бирлашмасида 672 нафар ходим фаолият олиб бормоқда. Шундан 62 нафари олий маълумотли шифокорлар, уларнинг 18 нафари оилавий шифокор, 44 нафари эса тор соҳа шифокорларидир.
Мавжуд вакансияларни камайтириш мақсадида
2022 йилда тиббиёт олийгоҳларнинг битирувчи ёшлари билан шартномалар тузилиб, 11 нафари ишга қабул қилинган.
Бирламчи тизим бўйича:
Аҳолига кўрсатилаётган бирламчи тиббий санитария ёрдам ҳолати ҳақида гапирадиган бўлсак, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан бирламчи тизимга оид чиқарган фармон ва қарорлари ижроси юзасидан биргина 2023 йилнинг ушбу даврига қадар тизимда туб ўзгаришлар кузатилди. Узунқудуқ ва Мингбулоқ ОШП ларда тиббий санитар постлар ҳамда Узунқудуқ ОФЙ, Шалхар ОФЙ, Ифтихор МФЙ ларда “Маҳалла тиббиёт пункти”лари ташкил этилиб, фаолиятини давом эттирмоқда.
Бундан ташқари, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини янада яхшилаш мақсадида кўп тармоқли марказий поликлиника, оилавий поликлиника ҳамда оилавий шифокорлик пункларидаги 39 та кундузги стационар ўринлари ташкил этилиб, 6200 нафар бемор даволанди. Кундузги стационарнинг иш вақти 08:00 дан 20:00 гача этиб белгиланиб барча бирламчи тиббий санитария муассасаларида фитобарлар ташкил этилди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг
2020 йил 12 ноябрдаги ПФ-6110-сон Фармонига асосан олис ва чекка ҳудудлардаги оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникаларни мутахассис кадрлар билан таъминлаш мақсадида берилган топшириқ ижроси юзасидан 11 нафар оилавий шифокорлар ишга қабул қилиниб, худудларда истиқомат қилувчи аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати янада яхшиланди.
Фармон ижросини юзасидан 18 та тиббий бригадалар ташкил этилиб, аҳолини хатловни ўтказиши учун 13 турдаги зарурий тиббий жиҳозлар планшет, глюкометр, тўлиқ жиҳозланган патронаж сумкаси билан таъминланди. Аҳолини тиббий кўрикдан ўтказиш, касалликларни эрта аниқлаш мақсадида чуқурлаштирилган тиббий кўрик режалари ишлаб чиқилди. Ҳозирда 5200 нафари тиббий кўрикдан ўтказилди. Аниқланган касалликлар бўйича даволаш профилактикаси чора тадбирлари ўтказилди.
Ташкил этилган республика-вилоят-тумани интеграцияси натижасида республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказларидан келган 2 нафар етук мутахасислар томонидан бирламчи бўғинда саралаб олинган 14 нафардан зиёд беморларда юқори технологик муолажалар ўтказиш бўйича вилоят ихтисослаштирилган тиббиёт муассасаларига ётқизилди.
Шунингдек, мураккаб операцияларга муҳтож 5 нафар болаларнинг рўйхати шакллантирилиб, уларни соғломлаштириш учун Болалар миллий тиббиёт марказига юборилиши таъминланди ва бу ишларни мунтазам давом эттириш бўйича барча чоралар кўрилади.
Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича:
Туманда аёллар, ҳомиладорлар ва чақалоқларга тиббий хизмат кўрсатишда 1 та аёллар маслаҳатхонаси, 1 та ўсмир қизлар тиббий кўрик хонаси, 20 ўринли туғруқ ва аёллар хасталиклар бўлими ҳамда 10 ўринли болалар бўлими томонидан олиб борилмоқда.
Туманда фертель ёшидаги хотин-қизлар 8814 нафарни ташкил этиб шундан ҳомиладорлик билан ҳисобга олинган 815 нафар аёллар тиббий назоратга тўлиқ олинган. Ҳомиладорларнинг барчаси туман тиббиёт бирлашмасида бирламчи скринингдан ўтказилган. Исталмаган ҳомиладорликни олдини олиш учун тиббиёт бирлашмаси томонидан контрацептик воситалари бепул берилмоқда.
2023 йил давомида оналар ва гўдаклари ўлими қайд этилмади.
Моддий-техника базасини мустаҳкамлаш бўйича:
Аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини ошириш мақсадида туман тиббиёт бирлашмасига қарашли кўп тармоқли поликлиникасига 1 дона Центрафуга ва марказий шифохона стерилизация бўлимига 1 дона дистилятор олиб келинди. Туман хокимлик маблағларидан 100 млн ажратилиб, тиббийёт бирлашмасида замонавий лаборатория жиҳозлари харид қилинди
Туман тиббиёт бирлашмасига қарашли барча бирламчи тиббий-санитария хизмати муассасалари Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 09.08.2022 йилдаги 63-сонли буйруғига асосан 80 турдаги дори воситалари, 16 турдаги стоматологик воситалар, 24 турдаги тиббий воситалар билан таъминланди мунтазам таъминланиб келинмоқда.
Тиббиётни рақамлаштириш соҳаси бўйича:
Жорий йилнинг энг устувор вазифаларидан бири этиб тиббиёт соҳасини рақамлаштириш кўламини ошириш белгиланган.
Мазкур вазифанинг ижроси доирасида тиббиёт муассасалари томонидан масофавий хизмат кўрсатиш сонини ошириш ва сифатини яхшилашга, шунингдек, поликлиника ва шифохоналарда электрон ҳужжат юритиш тизимларини жорий этишга йўналтирилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 5 октябрдаги “Рақамли Ўзбекистон - 2030” стратегиясини тасдиқлаш ва уни самарали амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6079 сон Фармонининг 6а-иловаси билан кўп тармоқли марказий шифохона ва 7 ОШП лар оптик толали алоқа тармоғи орқали юқори тезликдаги интернет тармоғига уланди.
Туманда соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида янги ташкил этилган “IT-MED маркази” ДУК томонидан “ , “Туғилиш ва ўлимни электрон рўйхатга олиш”, “Хатлов уз”, “Бемор уз”, “Коронавирус инфекциясига қарши эмлаш ҳисобини юритиш бўйича ягона ахборот тизими” жорий этилган бўлиб, ҳозирда вилоят даволаш профилактика муассасаларига логин пароллар ажратилиб, мазкур тизимларнинг электрон базалари кунлик маълумотлар реал вақт режимида билан бойитилмоқда.
Туман тиббиёт бирлашмаси томонидан ёшлар ўртасида гиёҳванд моддаларсиз соғлом турмуш тарзини шакллантириш, спорт тўгаракларига жалб этилган ўсмирлар қамровини кенгайтириш юзасидан аҳоли қатламлари орасида ҳар ҳафта давра суҳбатлари ва тарғибот-ташвиқот ишлари амалга оширилмоқда. Аҳолини соғлом-турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошири бўлими билан биргаликда гиёҳвандликнинг салбий оқибатларини акс этган 20 та буклет, 30 дан тарқатма материаллар аҳолига тарқатилди.
Шунингдек тиббиёт ходимлари орасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 12 декабрдаги “Юқумли бўлмаган касалликлар профилактикаси, соғлом турмуш-тарзини қўллаб-қувватлаш ва аҳолининг жисмоний фаоллиги даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги ПҚ-4063-сонли қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 октябрдаги ПФ-6099-сон “Соғлом турмуш-тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги Фармони ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 28 апрелдаги “Соғлом турмуш-тарзи платформаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” ги 253-сонли қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида ички буйруқ ишлаб чиқилиб белгиланган йўналишлар асосида спорт тадбирлари ташкил этиб келинмоқда. Аёллар спортини ривожлантириш мақсадида тиббиёт бирлашмасида ишловчи аёллар ўртасида спортнинг волебол тури бўйича ички ўйинлар ташкил этилиб, саралаб олинган жамоалар туман босқичи ўйинларида фаол иштирок этмоқда.
Эътиборингиз учун рахмат.
Учқудуқ тумани марказидаги “Чўл гули” кўчасидаги 4 – кўп қаватли уйни олди ана шундай манзара. “Uchquduq golden groop” бошқарув сервис компанияси томонидан қуёш нури тушмайдиган уй ҳовлиларига қуёш нури билан зарядланадиган чироқлар ўрнатилган.
Энди эса кун ботиши билан бу чироқлар ҳам "уйқуга" кетишаркан. Ёш болалар тугул ишдан қайтаётган ва саҳарлаб ишдан келаётганлар ваҳимали кўчадан юришга қўрқишмоқда.
Албатта тежамкорлик яхши бироқ у халққа манфаат бера олса...
УЧҚУДУҚ ТУМАН ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ
Жиноят ишлари бўйича Учқудуқ туман суди томонидан тайинланган жазони ўташ даврида ўрнатилган тартиб-қоида талабларни бажарган ва ҳалол муносабатда бўлган 44 та маҳкумларга нисбатан Жиноят кодексининг 73-моддасига асосан жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод этилган.
Маҳкум озодликни чеклаш тариқасидаги жазони ўташдан қасддан бўйин товлаган, шунингдек суд томонидан ўз зиммасига юкланган мажбуриятларни бажармаган тақдирда, суд маҳкумни жазосининг ўталмай қолган муддатини бошқа турдаги жазо билан алмаштириши мумкин.
Мазкур қонун талабидан келиб чиқиб, суд томонидан озодлиги чекланган, аҳлоқ тузатиш ишларига ва жарима жазосига ҳукм қилинган маҳкумлар жазосини ўташ тартиб қоидалари тушунтирилишига карамасдан ўзига тўғри хулоса чиқармасдан, қасддан жазосини ўташдан бўйин товлаб юрганлиги, суд ҳукмининг ижроси таъминланмасдан қолаётганлигини инобатга олиб, 12 та маҳкумни жазосининг ўталмай қолган муддатини бошқа оғир турдаги, яъни озодликдан маҳрум қилиш жазосига алмаштирилган.
Спиртли ичимликка ружу қўйган шахс ташхиси билан ҳисобда туриб, мунтазам равишда спиртли ичимликлар истеъмол қилган 12 та шахсга нисбатан суд томонидан мажбурий даволанишга юборилган.
Жиноят ишлари бўйича
Учқудуқ туман суди раиси А.Курбонов
Халқ билан мулоқот қилиш, юртдошларимизни ўйлантираётган, кези келганда қийнаётган дарду муаммоларига қулоқ тутиш бугун давлат идоралари фаолиятининг бош мезонига айланди.
Бугун “Алтинтау” овул фуқаролар йиғинидаги Қулқудуқ овулида ташкил сайёр қабулда бевосита ёшлар билан жонли мулоқот ташкил қилинди. Туман ҳокими С.Хамроев, Учқудуқ шаҳар ДХХ раҳбари ва мутасадди корхона ва ташкилот вакиллари аввалига овул ёшларининг бугунги турмуши ва фаолияти билан танишдилар. 1-сонли умумий ўрта таълим мактабида овул ёшлари ўртасида ўтказилаётган волейбол спорт мусобақасига гувоҳ бўлишди. Овул биринчилиги учун бўлиб ўтган беллашувлар муросиз ва баҳсларга бой тарзда ўтказилиб, ғолиб ва совриндорларга туман ҳоким томонилан эсдалик совғалари топширилди.
Овул фуқаролар йиғинида ўтказилган бу галги сайёр қабулда овул ёшлари иштирок этишди. Бугун овул фуқаролар йиғинида 14-30 ёшдаги фуқаролар сони 100 нафардан ортиқ бўлиб, корхона ва ташкилотларда, чорвачиликка ихтисослаштирилган фермер хўжаликларида аксариятининг бандлиги таъминланган. Шунингдек, 22 нафар овул ёшлари турли олий ўқув юртларида, техникумларда таҳсил олишмоқда. Бугунги учрашувда Бауржан Примқулов, Умитхат Алиакбарова иш сўраб мурожаат қилди. Туман электр таъминоти корхонаси овул бўлимига Б.Примқулов электрик, У.Алиакбарова эса овул фуқаролар йиғинида апрель ойида бўшайдиган хизматчи вазифасига ишга қабул қилинадиган бўлди. Алимжан Примқулов эса субсидия асосида ускуналар харид қилиб, ўзи-ўзини банд қиладиган бўлди.
Шунингдек, очиқ мулоқотларда Гулзат Оразимбетова, Лайло Жайсанова, Жанна Оринбасарова ва Марат Аймахановларнинг олий ва ўрта –махсус таълимдаги контракт пуллари тўлаб бериладиган бўлди.
Рақамлардан кўриниб турибдики, Учқудуқда аҳоли айниқса ёшлар муаммоларини ўрганиш, уларнинг таклиф ва ташаббусларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бундан кейин ҳам туман ҳокимлиги ва мутасадди ташкилот раҳбарлари ҳар бир фуқаронинг мурожаатларини тинглаш ва ҳар бир муаммони тегишли тартибда ўрганиб, бартараф этишга доим тайёр!
УЧҚУДУҚ ТУМАН ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ
“ Umumiy ovqatlanish korxonalarida
ovqatdan zaharlanish hamda yuqumli
kasalliklarning oldini olish, sanitariya
gigiyena qoida va normalariga rioya
qilish to’g’risida”
O’zbekiston Respublikasi Sanitariya-epidemiologik osoyishtalik va jamoat salomatligi xizmati ma’lumotlariga ko’ra Respublika aholisi o’rtasida joriy yilning yanvar oyi davomida 11 ta holatda ovqatdan zaharlanish holatlari hamda “Botulizm” kasalligi qayd etilib, 34 nafar fuqarolar jabrlanganligi va Samarqand viloyati Qo‘shrobot tumanida qayd etilgan holatda 2 nafar fuqarolar vafot etganligi ko‘rsatib o‘tilgan.
Ovqatdan zaharlanish holatlari ko‘pincha umumiy ovqatlanish korxonalarida tashkil etilgan tadbirlarda (to‘y, tug‘ilgan kun, oilaviy tadbirlar) sifatsiz tayyorlangan taomlarni hamda ishlab chiqarish korxonasi noma’lum xavfsizligi ta’minlanmagan, uy sharoitida tayyorlangan taomlar, konserva mahsulotlari istemol qilish natijasida qayd etilgan.
O‘tkazilgan sanitariya nazorati vaqtida umumiy ovqatlanish korxonalari tomonidan sanitariya gigiyena va epidemiyaga qarshi kurash tartiblariga rioya qilinmaganligi, umumiy ovqatlanish korxonlarida kunlik tozalash ishlari o‘tkazilmaganligi, oziq-ovqat mahsulotlari tashish, saqlash, va ishlov berishda belgilangan sanitariya qoida va normalariga rioya etmasligi, oziq-ovqat mahsulotlarini saqlashda mahsulot turiga qarab sovutgichlar bilan ta’minlanmaganligi, yarim tayyor mahsulotlarni alohida sovutgichda saqlash, mahsulotlarga ishlov berish jarayonida sanitariya gigiyena qoidalariga rioya qilinmaslik, zararsizlantirish ishlarini kun davomida o‘z vaqtida olib bormasligi, xodimlar maxsus ish kiyimsiz, tibbiy ko‘rikdan o‘tmasdan ish olib borilayotganligi aniqlangan.
O‘zbekiston Respublikasi Bosh Davlat sanitariya vrachi tomonidan 2022-yil 14-iyulda tasdiqlangan “Umumiy ovqatlanish korxonalariga qo‘yiladigan sanitariya-gigiyena talablari” SanQvaN 0027-22-sonli sanitariya qoida va normalari hamda O‘zbekiston Respublikasi Sog‘liqni saqlash vazirligining 10.07.2012-yildagi «Xodimlarni tibbiy ko‘rikdan o‘tkazish tartibi to‘g‘risidagi nizomni tasdiqlash haqida»gi 200-sonli buyrug‘i va qo‘shimcha 16.10.2013-yildagi «Xodimlarni tibbiy ko‘rikdan o‘tkazish tartibi to‘g‘risidagi Nizomga o‘zgartirishlar kiritish haqida»gi 351-sonli buyrug`i bo‘yicha olib borilayotgan ishlarni samarali muvofiqlashtirish, shuningdek aholi o‘rtasida yuqumli kasalliklar hamda ovqatdan zaharlanish holatlari yuzaga kelishi mumkin bo‘lgan oqibatlarni bartaraf etish ishlarni tizimli tashkil qilish asosida faoliyat yuritishinigiz hamda quyidagi talablarni zudlik bilan bajarishingiz talab etiladi:
1.SanQvaN 0027-22-sonli me’yoriy hujjatning 3-bob 13-22 bandi talablari bo‘yicha markazlashtirilgan suv ta’minoti va oqova suv ta’minoti tarmog‘ini tashkil etishni va doimiy ishlashi yo’lga qo’yilsin.
-issiq suv ta’minoti markazlashgan bo‘lishi yoki hududiy “Ariston” elektr uskunasi orqali issiq suv bilan ta’minlansin.
2.SanQvaN 0027-22-sonli me’yoriy hujjatning 5-bob 31-32 bandi talablari bo‘yicha taomlar tayyorlash, pishirish, yordamchi xonalar (sexlar) bilan to‘liq ta’minlash, sanitariya-maishiy xonalarning tarkibi va foydalanishiga qo‘yiladigan talablari asosida umumiy ovqatlanish korxonalarida kunlik tozalash ishlarini belgilangan tartibda 4 marta zararsizlantiruvchi moddalar bilan ishlov berish asosida tozalash ishlari o‘tkazilsin.
3.Korxonaning texnologik jarayonlarining ketma-ketligini, mahsulotlar xavfsizligini va mahsulotlarning ikkilamchi ifloslanishini oldini olish SanQvaN 0027-22-sonli me’yoriy hujjatning 3-bob 35-bandi talablari bo‘yicha choralari ko‘rilsin.
4.SanQvaN 0027-22-sonli me’yoriy hujjatning 5-bob 38-bandi talablari bo‘yicha tayyor va yarim tayyor mahsulotlardan foydalanishda ajratilgan ish stollarida texnologik jarayoniga ketma-ketlikka rioya qilgan holda ish yuritilsin.
5.SanQvaN 0027-22-sonli me’yoriy hujjatning 5-bob 54-55-60-61-62-bandi talablari asosida ish stollarini ishlov beriladigan mahsulotlariga qarab alohida ajratilib, tamg‘alansin.
-idish-tovoq yuvish qoidalariga qa’tiy rioya etilsin.
-ovqatlanish stollarini har bir mijozdan so‘ng tozalash ishlarini o‘tkazilsin.
6.SanQvaN 0027-22-sonli me’yoriy hujjatning 7-bob 79-bandi talablari asosida oziq-ovqat xom ashyosi va mahsulotlarni tashish, qabul qilish hamda saqlashga qo‘yiladigan sanitariya qoida va normalariga qat’iy rioya etish.
-ishlab chiqarilgan korxonasi ko‘rsatilmagan hamda yaroqlilik to‘g‘risidagi ma’lumot bo‘lmagan mahsulotlarni qabul qilish qat’iyan man etiladi.
-tez buziluvchi oziq-ovqat mahsulotlarini sovutgichda saqlash va mahsulot turiga texnologik jarayoniga qarab vaqtincha saqlash uchun sovutgichlar bilan ta’minlansin.
-qadoqlanmagan xom va tayyor mahsulotlarni birga saqlanishga yo‘l qo‘ymaslik va alohida saqlash choralari ko‘rilsin.
7.SanQvaN 0027-22-sonli me’yoriy hujjatning 7-bob 79,80,81-bandi talablari bo‘yicha xavfsizligi kafolatlanmagan uyda tayyorlangan oziq-ovqat mahsulotlari, qo‘lbola konserva mahsulotlaridan foydalanmaslik choralari ko‘rilsin.
-yaroqlilik muddati o‘tgan va sifatsizlik belgilari bo‘lgan oziq-ovqat mahsulotlardan foydalanmaslik.
-istemol qilinishi mumkin bo‘lmagan, yoki iste’mol qilinishi mumkin, lekin xo‘jaliklarda yetishtirilmagan qurtlangan, so‘ligan qo‘ziqorinlardan foydalanish qat’iyan man etiladi.
8.Kunlik tayyorlangan taomlarni umumiy ovqatlanish korxonasi ish vaqti tugaganda yo‘qotish hamda isitilib, qayta istemol qilmaslik choralari ko‘rilsin.
9.O‘zbekiston Respublikasi Sog‘liqni saqlash vazirligining 10.07.2012-yildagi «Xodimlarni tibbiy ko‘rikdan o‘tkazish tartibi to‘g‘risidagi nizomni tasdiqlash haqida»gi 200-sonli buyrug‘i va qo‘shimcha 16.10.2013-yildagi «Xodimlarni tibbiy ko‘rikdan o‘tkazish tartibi to‘g‘risidagi Nizomga o‘zgartirishlar kiritish haqida»gi 351-sonli buyrug`i bo‘yicha ishlovchi xodimlarni dastlabki va vaqti-vaqti bilan tibbiy ko‘rikdan o‘tishni tashkil etilsin.
-tibbiy ko‘rikdan o‘tmagan xodimlar ishga qo’yish qa’tiyan man etiladi.
10.O’zbekiston Respublikasi Bosh Davlat sanitariya vrachining 2021-yil 17-iyuldagi “O`zbekiston Respublikasida yuqumli kasalliklar immunoprofilaktikasi” 0239-07/4-sonli sanitariya qoidalari, normalari va gigiyenik normativlariga qo`shimchalar kiritish to`g`risidagi 10-sonli qaroriga asosan, 18 yoshdan katta bo`lgan aholi qatlamini koronavirus infeksiyasiga qarshi ixtiyoriy bo`lmagan holda ommaviy emlanish (salomatligi bo`yicha qarshi ko`rsatma bo`lgan hollar bundan mustasno) belgilangani uchun hamda O`zbekiston Respublikasi Bosh vaziri tomonidan tasdiqlangan 24.02.2022-yildagi Respublika maxsus komissiyasining 98-sonli yig`ilish bayoni talablari bo’yicha COVID-19 koronavirus infeksiyasiga qarshi emlash turlarini to’liq olish ta’minlansin.
11.Ishlovi xodimlar uchun kiyinish-yechinish xonasi bilan ta’minlashni, hamda maxsus ish kiyim bilan ta’minlashni, shaxsiy gigiyena qoidalariga rioya qilishlari uchun sharoit yaratilsin.
Sizdan O‘zbekiston Respublikasi Bosh Davlat sanitariya vrachi tomonidan 2022-yil 14-iyulda tasdiqlangan “Umumiy ovqatlanish korxonalariga qo‘yiladigan sanitariya-gigiyena talablari” SanQvaN 0027-22-sonli sanitariya qoida va me’yoriy hujjat ijrosi mulkchilik shaklidan qatiy nazar mehnatni muhofaza qilish ishchilarning salomatligini himoya qilish, shuningdek ko‘rsatilayotgan xizmat va ishlab chiqarilayotgan mahsulot orqali yuqumli kasalliklar va ovqatdan zaharlanish holatlari ishchilar va aholi o‘rtasida kelib chiqishi va tarqalishiga yo‘l qo‘ymaslik maqsadida qo‘llanilishi majburiyligi belgilangan. Shunga asosan yuqumli kasalliklar va ovqatdan zaharlanish holatlarining korxona ishchi xodimlari ularning oila a’zolari va yaqinlari, aholi o‘rtasida tarqalib ketishining oldini olish maqsadida faoliyat yuritayotgan korxonangizda 2022-yil 14-iyulda tasdiqlangan SanQvaN 0027-22-sonli sanitariya qoida va normalari talablariga riya etgan holda ish olib borishingizni, belgilangan talablar asosida faoliyat yuritishingiz to‘g‘risida ogohlantiramiz.
O`zbekiston Respublikasining 26.08.2015-yildagi “Aholining sanitariya-epidemiologik osoyishtaligi to`g`risida”gi O‘RQ-393-sonli qonuning 28-moddasida ish beruvchilar ishlab chiqarish binolariga va sanitariya maishiy binolarga, ishlab chiqarish jarayonlariga, texnologik uskunalarga, ish joylarining tashkil etilishiga, xodimlarning mehnat qilish, dam olish tartibiga hamda xodimlarga maishiy xizmat ko‘rsatilishiga doir sanitariya qoidalari va gigiyena normativlariga rioya etilishi shart ekanligi ko‘rsatib o‘tilgan.
Binobarin, Siz rahbarligingizdagi korxona tomonidan faoliyatida sanitariya qoidalariga amal qilinmaslik salbiy epidemiologik vaziyatning yuzaga kelishiga, aholi o‘rtasida turli yuqumli kasalliklar hamda ovqatdan zaharlanish holatlari tarqalishiga sabab bo‘ladi.
Umumiy ovqatlanish korxonalari hududida kunlik sanitariya gigiyena va epidemiyaga qarshi tartiblarga to‘liq rioya etish muhimligi hamda aholi o‘rtasida ayniqsa bolalar o‘rtasida yuqumli va parazitar kasallikni oldini olishda, sanitariya qoida va normalariga amal qilgan holda umumiy ovqatlanish korxonasi faoliyatini tashkil etishingiz talab etiladi.
Sizni ma’muriy javobgarlik to‘g‘risidagi kodeksning 53,54-moddalari bilan ma’muriy javobgarlik hamda sanitariya qoidalari va sanitariyaga oid qonun hujjatlarini yoki epidemiyaga qarshi kurash qoidalarini buzish, oziq-ovqat mahsulotlarini saqlash, tashish va sotilishiga qo’yiladigan sanitariya-gigiyena talablarini buzish hamda odamlarning ommaviy kasallanishiga yoki zaharlanishiga sabab bo‘lsa, Jinoyat kodeksining 2571-moddasi bilan jinoiy javobgarlikga tortilishingiz haqida ogohlantiramiz.
Uchquduq tuman Sanitariya-epidemiologik osoyishtalik va jamoat salomatligi bo’limi.
Савол;
Мактабда ўқийдиган фарзандимнинг телефонини ўқитувчиси олиб қўйибди Телефон шахсий мулк бўлса, уни олиб қўйишга ҳаққи борми?
Жавоб;
Қонунчиликка асосан (https://t.me/huquqiyaxborot/8369), ўқув машғулотлари ва тадбирлар бошланишидан олдин таълим олувчилар телефонини ўчириб қўйиши ҳамда сумкасига солиб қўйиши шарт.
ТАҚИҚЛАНАДИ
Таълим олувчиларга қуйидагилар қатъиян тақиқланади:
телефонини бўйнига осиб олиш, кўкрак чўнтакларида, шим, юбкалари чўнтакларида ва шу кабиларда сақлаш;
телефон аккумуляторини зарядлаш учун таълим муассасаси электр тармоқларига улаш;
Телефони ёрдамида:
атрофдагиларга зўравонлик, шафқатсизлик, порнографияни тарғиб қилувчи видео ва суратларни намойиш қилиш;
таълим муассасасининг нуфузига, шу жумладан, зўравонлик ва вандализм ҳолатларини суратга олиш ва кейинчалик уларни атрофдагиларга намойиш этиш йўли билан зарар етказиш;
Ўқув машғулотлари вақтида:
телефон орқали сўзлашиш ҳамда SMS (ММS) ва бошқа турдаги хабарларни жўнатиш;
телефонни стол устига қўйиш;
мусиқа тинглаш;
сурат ва видео тасвирларни кўрсатишда телефондан фойдаланиш, тасвир кўриш, диктофон, калкулятор, календарь, блокнот, ён дафтарча кабилар сифатида фойдаланиш;
суратга олиш ва видео тасвирга тушириш;
телефон орқали бошқа хизматлардан фойдаланиш.
РУХСАТ ЭТИЛАДИ:
Таълим муассасасида таълим олувчиларга машғулотлар ва тадбирлар оралиғида фақат асосли ва кечиктириб бўлмайдиган зарур ҳолатларда ота-онаси (уларнинг ўрнини босувчилар), яқин қариндошлари, таълим муассасаларининг раҳбарлари ёки ходимлари билан зудлик билан боғланиш мақсадида телефонлардан фойдаланишга рухсат этилади.
ТАРТИБНИ БУЗСА
Ушбу талаблар бузилган тақдирда таълим муассасасининг ҳар қандай педагог ходими таълим олувчидан телефонни олиб қўйиш, билдиришнома расмийлаштириш ва уни телефон билан бирга таълим муассасасининг директорига ёки директор ўринбосарига, кейинчалик уни ота-оналарга бериш ҳуқуқига эга.
Демак, таълим муассасасида мобил телефондан фойдаланиш тартиби бузилган тақдирда, ўқитувчи унинг телефонини муассаса раҳбариятига ёки ота-онасига бериш шарти билан олиб қўйиши мумкин.
Савол;
Maktab rahbariyati o'quvchilardan o'qituvchilar to'g'risida anonim xat olishi to'g'rimi, agar to'g'ri bo'lsa qaysi qonun yoki qarorda belgilab qo'yilgan?
Жавоб;
Бунга чеклов йўқ деб ҳисоблаймиз. Яъни мактаб раҳбарияти ўқувчилардан ўқитувчиларнинг малакаси, кўникмаси, маҳорати, ўқувчилар билан ўзаро мулоқоти, дарсларнинг сифати ҳақида бемалол аноним сўровнома ўтказиши мумкин.
Аввало, Таълим тўғрисидаги қонунда мактаб раҳбариятининг бундай ҳаракатларига чеклов ўрнатилмаган.
Иккинчидан, Халқ таълими вазирлигининг 07.12.2019 йил 393-сонли буйруғи ҳамда Халқ таълими вазирлигининг 01.07.2021 йил 206-сонли буйруғига асосан директорнинг ўқувчиларнинг билимлари сифатини давлат таълим стандартларига мос келишини, тарбиявий ишлар самарадорлигини таъминлаш ва назорат қилиш, ўқувчиларнинг фанларни ўзлаштиришини яхшилаш ва уларга сифатли таълим бериш мақсадида мактабни узлуксиз ривожлантириш чораларини кўриш лавозим мажбурияти белгиланган.
Ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари(ЎИБДЎ)нинг мактабда таълим стандартлари талаблари бажарилишини назорат қилиш, ўқитувчиларнинг илғор тажрибаларини ўрганиш ва умумлаштиришни, замонавий педагогик технологияларни жорий қилишни ташкил этиш мажбурияти белгилган.
Маънавий-маънавий ишлар бўйича директор ўринбосари(ММИБДЎ)нинг лавозим мажбуриятлари қаторида таълим муассасасида маънавий-ахлоқий тарбиявий ишларни ташкил қилиш, педагог ходимларни танлаш ва жой-жойига қўйишда иштирок этиш, юқори малакали ўқитувчиларнинг илғор педагогик тажрибасини ўрганиш, умумлаштириш ва уларни оммалаштириш кабилар мавжуд.
Шунингдек, психологнинг ўқувчилар ривожланишига тўсқинлик қилаётган омилларни аниқлаш ва турли кўринишдаги психологик ёрдам бериш, турли йўналиш ва мақсадларда психологик ташхис ўтказиш, руҳий, жисмоний ва ақлий қобилият, мойиллик, имконият каби сифатларни аниқлаш учун тестлар ўтказиш каби мажбурияти белгиланган.
Ушбу шахслар юқоридаги мажбуриятларни бажариш учун синфларда ўқувчилар аноним сўровномалар ўтказишга ҳақли.
Учқудуқ туман адлия бўлими
Савол.
Синглим 2 ой аввал буён туман Болалар шифохонасига ҳамшира бўлиб ишга кирган эди. 3 нафар вояга етмаган фарзандлари бор. Катта қизи 5-синфда, ўғли 3-синфда ўқийди. Кенжаси 5 ёш мактабгача таълим муассасасига боради. Айни кунларда барча фарзандлари таътилда, уйда. Шу сабабли, уларга қараш учун синглим ҳам ҳақ тўланадиган меҳнат таътилига чиқса бўладими?
Жавоб:
Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг 2020-йил 25-мартдаги 8-2020/Б-сон буйруғи билан тасдиқланган Низомга асосан - карантин вақтида меҳнат таътили боғчалар 14 ва мактаблар фаолияти тўхтатилган даврда боғча тарбияланувчиси бўлган боланинг ва мактабнинг бошланғич синф (1-4-синф) ўқувчисининг ота-онаси, уларнинг ўрнини босувчи шахс, васий, ҳомийга ходимнинг хоҳишига кўра таътиллар жадвалидан қатъи назар берилади. Бунда, ходимга биринчи иш йили учун 6 ой ишлангандан кейин таътил беришга оид талаб татбиқ қилинмайди.
Савол:
Ассалому алайкум ҳурматли юрист. Мен 2018 йил апрель ойида қонуний никоҳдан утган эдик. Эримнинг аризасига асосан СУД орқали ажрим бўлдик. Собиқ эрим бирон корхонага ишлайди, бозорчи бўлиб ҳар ҳар хел ишлар қилиб боради . Ўртага бир қизимиз бор қонунга асосан қанча миқдорда алимент тулаши керак. Алимент пулини ойма -ой бермасдан юрибди. Шикоят килгандан кийин билгиланган алиментни қисман тулайди, қолган ойларида туламай қочиб юрибди. Қарз қолган ойлар алимент пулини қандай олишни ва кимга мурожаат қилишим керак?
Жавоб:
Оила кодексининг 99 – моддасига асосан Агар вояга етмаган болаларига таъминот бериш ҳақида ота-она ўртасида келишув бўлмаса, уларнинг таъминоти учун алимент суд томонидан ота-онанинг ҳар ойдаги иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромадига қараб белгиланади жумладан
1 та фарзанд учун даромаднинг 1/4 қисми;
2 та фарзанд учун даромаднинг 1/4 қисми;
3 та ва ундан ортиқ фарзандлар учун даромаднинг 1/2 қисми.
Ушбу алимент миқдорлари суд томонидан томонларнинг моддий ва оилавий аҳволини ҳисобга олган ҳолда камайтирилиши ёки кўпайтирилиши мумкин.
Оила кодексининг 139 – моддасига асосан алимент қарзи алимент тўлаши шарт бўлган шахснинг иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромадидан ундирилади. Алиментлар ижро варақаси ёки алимент тўлаш тўғрисидаги нотариал тартибда тасдиқланган келишув бўйича алимент тўлаши шарт бўлган шахснинг айби билан ундирилмаган бўлса, ўтган барча вақт учун ундирилади.
Бундан келиб чиқадики, сиз бу ҳолатда алимент тўланмаган барча давр учун алимент қаризини ундира оласиз.
Оила кодексининг 140 – моддасига асосан агар алимент тўлаши шарт бўлган шахс шу даврда ишламаган бўлса ёки унинг иш ҳақи ва (ёки) даромадини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим қилинмаган бўлса, алимент қарзи ундирилаётган вақтда алимент Ўзбекистон Республикасидаги ўртача ойлик иш ҳақи миқдори бўйича ҳисоблаб чиқилади.
Алимент қарзи масаласига келсак, бу вазиятда МИБ ходимининг устидан прокуратурага ариза беришни тавсия қиламиз. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 30 майдаги ПҚ – 3016-сон қарорига 4-илова билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси тўғрисида”ги низомга 9-бандига мувофиқ суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларининг сўзсиз ижросини таъминлаш, ижро ҳужжатлари ҳамда ундирилган маблағларнинг ҳаққоний ҳисобини юритиш, ижро иши юритишда сансалорлик ва суистеъмолчилик ҳолатларини олдини олиш Мажбурий ижро бюроси (МИБ)нинг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади.
Шунингдек, низомнинг 12-бандига кўра суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларнинг ўз вақтида ва тўлиқ ижро этилишини таъминлаш соҳада МИБ жавобгар ҳисобланади.
Энди турмуш ўртоғингизнинг алимент тўламаганлиги масласига келсак, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 47-4(прим)-моддасига кўра Моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаш, яъни уларни моддий жиҳатдан таъминлаш учун суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни жами бўлиб икки ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаслик,
- ўн беш сутка муддатга маъмурий қамоққа олишга ёки ушбу Кодексга мувофиқ маъмурий қамоқ қўлланилиши мумкин бўлмаган шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Ёдда тутинг! Шахсни юқоридаги норма билан жавобгарликка тортиш уни алимент қарздорлигини тўлашдан озод қилмайди.
Учқудуқ туман адлия бўлими