Ассалому алайкум ҳурматли Ободонлаштириш бошқармасининг фидоий, камтар ва камсуқум ходимлари!!
Ҳар кимнинг ватан ичра кичик ватани, яъни ўз уйи борки, уй-жой коммунал хизмат кўрсатилишига чор-атрофнинг тоза – озода ва саришта сақланишига эҳтиёжи бўлади. Шу маънода, турли касб эгалари орасида уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳаси ходимлари қаторида Ободонлаштириш соҳаси вакилларининг ҳам муносиб ўрни бор.
Қишнинг совуқ кунларида, ёзнинг жазирамасида ҳудуд ободлиги айниқса, Учқудуқ шароитида ҳар бир қарич ернинг тозалиги ва кўкаламзорлаштирилганлиги муҳим аҳамиятга эга. Албатта бу каби ободлик кишилар саломатлиги ва жамиятнинг кайфиятига нечоғли таъсир қилишини инобатга олсак, соҳа фидойиларининг нақадар масъулиятли касб эгалари экани янада теранроқ англашилади.
Азиз дўстлар!
Ҳар куни эрталаб ишга ошиқаркансиз, кўча-кўйдаги саранжом-саришталикни, чор-атрофнинг озодалигини кўриб димоғингиз чоғ бўлади. Эрталабки кайфият эса кун давомида кишини тарк этмаслиги ўз тасдиғини топиб улгурган. Бунда чор-атрофни супуриб-сидириб юрган, мунис ва мушфиқ, камтар ва камсуқум, содда ва софдил фаррош опалар - озодалик фаришталарининг хизмати катта. Тан олиш керакки, улар қизғин ишга киришган бир пайтда баъзиларимиз уйқудан эринибгина тураётган бўламиз.
Саранжом-саришта, тоза-озода муҳит нафақат киши кўнглини равшан этади, балки бу саломатлигимиз учун ҳам муҳимдир. Шундай экан, фаррошлар - сариқ нимчали бу опа-сингилларимиз меҳнатига ҳар қанча таҳсин айтсак арзийди. Бугун улар орасида Баҳора Ҳусенова, Маъмура Адизова, Холида Пармонова, Гулжамол Мухторова, Наргиза Жалилова ва Нодира Қаҳҳорова каби юртимиз озодалиги ва кўркамлиги учун меҳнат қилиб келаётган опа сингилларимизни, алоҳида эътироф этиш керак назаримда.
Қадрли тадбир иштирокчилари!
Барча муқаддас неъматлар покиза жойларда бўлишини кексаларимиз болалигимиздан уқтиришган. Ҳатто, фаришталар ҳам бундай гўзал жойларга меҳмонга келиб, сўнг мангу мезбондек қолиб кетишию Яратгандан ўзи турган жойга кўпроқ марҳамат кўрсатиши, мурувватини дариғ тутмаслигини, қолаверса, қут-барака, ризқу рўз, тинчлигу осойишталик сўраб эртаю кеч дуода бўлишини эшитганмиз.
Жонажон диёримизнинг энг чекка ҳудуди Қизилқум чўлининг бўстонига айланган Учқудуқ ҳам худди шундай қут-баракали, ризқу рўзи мўл, тупроғи олтинга тенг замин эканлигига хонадонлардаги тотувлик, меҳр-оқибат, шунинг баробарида тозалик ва озодалик фаришталарининг меҳнати ҳам муҳим ўрин тутаётгани таҳсинга лойиқ, албатта!!.
Шу ўринда дунёнинг энг бадавлат кишиларидан бири Жек Ма космик станцияга ташрифи чоғида битта фаррошга дуч келиб, ундан ҳол-аҳвол сўраганда, фаррош “Мен коинотга одам учиряпман, халақит берма”, деганини алоҳида қайд этмоқчиман!
Бу билан Жек Ма унинг ўзини оддий фаррош деб эмас, балки коинотга одам учираётган жамоанинг муҳим бир вакили деб ҳисоблашини алоҳида таъкидлайди.
Ҳар сафар кўча-кўйда ишлаётган ободонлаштириш ходимларини кўрсам, ўша фаррошнинг гаплари ёдимга тушаверади. Юртимиз ободлигига ҳисса қўшаётган турли соҳа вакиллари ортида ана шу биз пайқаб-пайқамайдиган ободонлаштириш ходимларининг беминнат хизмати борлиги, айнан улар мамлакат ободлиги учун жон куйдираётгани хаёлдан ўтади.
Халқимизнинг “Обод жойда барака, унум бўлади”, “Сариштали маскан - фариштали маскан” деган пурмаъно иборалари аждодлардан авлодларга ўтиб келаётгани ҳам бежиз эмас.
Касбидан файзу барака топаётган опа-сингилларимизга доимо қўлларингиз меҳнатдан толмасин, қалбларингиздан меҳр, юзларингиздан нур ёғилиб турсин, деймиз!
Барчангизга мустаҳкам соғлик - саломатлик, куч-ғайрат, шижоат, оилавий бахт-саодат, хонадонларингизга қут-барака ва хотиржамлик тилайман!
Байрамингиз муборак бўлсин, азиз опа-сингиллар!