Бу йилги қабулдан педагогик йўналишларнинг сиртқи таълим шакли қабулида ўзгариш бўлди. Баъзи йўналишларга сиртқига қабул бутунлай тўхтатилди, баъзиларига 5 йиллик стаж сўралади, баъзиларига эса стажсиз ҳам ҳужжат топшириш мумкин.
Педагогик йўналишда сиртқи таълим билан боғлиқ ўзгаришларни 3 тоифага бўлиш мумкин. Уларни алоҳида-алоҳида санаб ўтамиз.
14 та йўналиш учун сиртқига қабул бўлмайди
Президент қарори билан 2023 йилги қабулдан бошлаб 14 та педагогик йўналишга кадрлар тайёрлаш тўхтатилди. Булар:
60110600 — Математика ва информатика
60110700 — Физика ва астрономия
60110800 — Кимё
60110900 — Биология
60111000 — География ва иқтисодий билим асослари
60111400 — Ўзбек тили ва адабиёти
60111500 — Она тили ва адабиёти (тиллар бўйича)
60111600 — Ўзга тилли гуруҳларда ўзбек тили
60111700 — Ўзга тилли гуруҳларда рус тили
60111800 — Хорижий тил ва адабиёти (тиллар бўйича)
60112000 — Чақириққача ҳарбий таълим
60112500 — Мактаб менежменти
60112600 — Мактабгача ва бошланғич таълимда хорижий тил (тиллар бўйича)
60112700 — Махсус педагогика (фаолият турлари бўйича).
5 йиллик стаж сўраладиган йўналишлар
Қабул комиссияси баёни билан сиртқи таълим шаклига педагогик фаолиятга оид камида 5 йил иш стажига эга бўлган абитуриентлар қабул қилинадиган бакалавриат таълим йўналишлари рўйхати тасдиқланди.
Булар:
- бошланғич таълим;
- тасвирий санъат ва муҳандислик графикаси;
- мусиқа таълими;
- жисмоний маданият;
- технологик таълим.
Бунда ушбу таълим йўналишларининг сиртқи таълим шаклига халқ таълими тизимида камида 5 йил иш стажига эга бўлиб, ҳозирда ушбу тизимда фаолият кўрсатиб келаётган педагог ходимлар абитуриент сифатида рўйхатдан ўтиши белгиланди.
Педагогика соҳасидаги таълим йўналишларида сиртқи таълим шакли бўйича ўқиш истагида бўлган шахсларнинг таълим тизимида камида беш йиллик педагогик иш стажига эга эканлиги «Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро дастурий-аппарат комплексидаги маълумотлар асосида белгиланади.
Қолган йўналишларда талаб йўқ
Қабул бўлмаётган юқоридаги 14 та йўналиш ва 5 йил стаж талаб қилинадиган 5 та йўналишдан ташқари қолган барча педагогик йўналишларга исталган абитуриент сиртқи таълим шаклига ҳужжат топшириши мумкин. Бундай таълим йўналишлари учун педагогик фаолиятга оид камида 5 йил иш стаж талаб этилмайди. Яъни абитуриентларга ҳеч қандай чеклов йўқ.
“Адашиб кетмайманми?”
“Маълумотлар кўплиги учун адашиб кетишим мумкин, ҳаммасини аралаштириб юбормаслигим учун осонроқ йўлини ўргатинг” дейдиганлар учун:
- Бакалавриат сиртқи таълим шакли учун эълон қилинган квотани очасиз;
- Ундаги педагогика ОТМнинг сиртқи таълим шаклидаги йўналишларига ажратилган квоталарни кўриб чиқасиз;
- Табиийки, бу рўйхатда 14 та таълим йўналиши йўқ, 5 йиллик стаж талаб қилинадиган 5 та йўналиш ва квота ажратилган қолган барча йўналишлар билан танишиб чиқишингиз мумкин;
- Агар сиз 5 йиллик педагогик стажга эга бўлсангиз, унда педагогик йўналишлардан исталган бирига ўқишга кириш учун ариза топшира олишингиз мумкин. Агар стажи бўлмаган абитуриент бўлсангиз, сиртқи таълимга ажратилган квотадан стаж сўраладиган 5 та йўналишни чиқариб ташлайсиз ва қолган барчасидан бирини танлаб ҳужжат топширишингиз мумкин.
Эслатма: бакалавриатга қабул 20 июл куни, чет тилидан ижодий имтиҳон олинадиган йўналишларга қабул эса 10 июл куни тугайди.