Учқудуқ саноат техникуми битирувчиларига диплом топширишга бағишланган тантанали маросим “Учқудуқ” маданият саройида ўтказилди. Унда туман жамоатчилик вакиллари, ота-оналар иштирок этди.
“Оқ йўл сенга битирувчилар!” мавзусида бўлиб ўтган тадбирда сўз олганлар мамлакатимиз ёшлари, хусусан, Учқудуқ саноат техникуми ўқувчиларига яратилган шароитлардан фахрланиб гапирди. Бундай имкониятдан унумли фойдаланиш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилиб, битирувчиларга муваффақият тиладилар.
Жорий йилда мазкур ўқув муассасасининг кундузги бўлимини 8 та гуруҳда 6 та йўналиш бўйича 195 нафар ўқувчи битирмоқда. Уларнинг 16 нафари фанларни аъло баҳоларга ўзлаштириб, имтиёзли дипломни қўлга киритишди. Эътиборлиси, икки йил давомида назарий билимларини Навоий КМК АЖ Шимолий кон бошқармасида 165 нафари, “Навоийуран” ДК Геотехнологик конида 30 нафари амалиёт билан боғлаган ҳолда олиб бордилар.
Шундан сўнг, битирувчиларга Учқудуқ саноат техникуми директори Шерзод Назаров томонидан дипломлар тантанали топширилди, битирувчилар ва уларнинг ота-оналарининг тилаклари изҳор этилди. Техникумни ўқув йили жараёнида ютуқларга эришган, ўзларининг интизоми ва билимга чанқоқлиги билан ажралиб турган ўқувчилар ҳамда уларга таълим беришда ўзларининг муносиб ҳиссасини қўшган фидоий мураббийларга фахрий ёрлиқлар ва ташаккурномалар ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
Тадбир якунида ўқиши, намунали хулқи, одоби, тиришқоқлиги ва жамоат ишларида фаоллиги билан тенгдошларига ўрнак бўлган битирувчиларнинг ота-оналарига техникум раҳбарияти томонидан миннатдорлик билдирилди.
Энди битирувчилар ўзлари танлаган таълим даргоҳларида ўқишни давом эттиради. Уларнинг мақсади битта: она Ватан тинчлиги ва равнақига муносиб ҳисса қўшиш. Буни юз-кўзларидаги ҳайрат, қувонч ва ҳаяжондан англаш мумкин..