Hokimiyat matbuot xizmati
O‘zbekistonda jamoat joylarida shaxsini identifikatsiya qilish imkonini bermaydigan darajada yuzini to‘sganlik uchun ma’muriy javobgarlik belgilanishi kutilmoqda.
Oliy Majlis Qonunchilik palatasining 5-sentabr kuni bo‘lib o‘tgan majlisida deputatlar tomonidan “O‘zbekiston Respublikasining Jinoyat kodeksiga va O‘zbekiston Respublikasining Ma’muriy javobgarlik to‘g‘risidagi kodeksiga o‘zgartirish va qo‘shimchalar kiritish haqida”gi qonun loyihasi ko‘rib chiqilib, qabul qilindi.
Unda jamoat tartibini saqlash bo‘yicha ko‘rilayotgan choralar, xususan “Xavfsiz shahar” konsepsiyasi doirasida joriy etilgan axborot dasturlarining samaradorligini yanada oshirish maqsadida jamoat joylarida shaxsini identifikatsiya qilish imkonini bermaydigan darajada yuzini to‘sgan holda bo‘lganlik uchun ma’muriy javobgarlik chorasi kiritilmoqda.
Bunda, javobgarlikni istisno qiluvchi holat sifatida tibbiy ko‘rsatma asosida yoki mehnat va xizmat faoliyati bilan bog‘liq holatlarda yoxud yo‘l-transport harakatida xavfsizlikni ta’minlash uchun kiyiladigan maxsus bosh-kiyimda yoki sport va madaniy tadbirlar paytida ularning ishtirokchilari tomonidan, shuningdek, qonunchilikda ruxsat etilgan boshqa holatlarda yuzini to‘sgan holda bo‘lish holati belgilanmoqda.
Majlisda qayd etilishicha, ushbu qonun loyihasining qabul qilinishi jamoat tartibini saqlash bo‘yicha ko‘rilayotgan sa’y-harakatlarning samaradorligini oshirishga xizmat qiladi.
Вақт шу қадар шиддат билан ўтмоқдаки, ҳар куни иш, уй юмушлари, ўқиш ташвишлари билан кунимиз қандай ўтганини ҳам билмай қоламиз. Кези келганда бозорга киришга ҳам вақт бўлмайди. Шундай вақтда сифатли хизмат кўрсатадиган савдо дўконига эҳтиёж пайдо бўлади.
Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидан бири бўлган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган эътибор самараси эса ҳаётимизга бирмунча енгиллик беради. Тадбиркорларнинг самарали фаолият кўрсатишлари учун яратилаётган зарур шароитлар, кичик бизнеснинг, давлатимиз ва жамиятимиз тараққиётида ўта муҳим ва салмоқли ҳисса қўшиши билан бир қаторда, аҳоли турмуш тарзини яхшилашга ҳам хизмат қилмоқда.
Куни-кеча тумандаги янгидан қурилиб, фойдаланишга топширилган уйлар атрофида аҳоли учун янада қулайлик яратиш мақсадида тумандошимиз Жасур Эрниёзов ўз ташаббуси ва ўз маблағи эвазига “Shoxrux, Diyor Uchquduq IDEAL MARKET” фирмасига асос солди, ҳамда ўз маҳсулотлари билан аҳолининг узоғини енгил қилди. Абай маҳалласида қад ростлаган савдо шохобчасида ширинликлар, мева-сабзавотлар, хўжалик маҳсулотларининг 100 хилдан ортиқ тури билан ўзига хос кичик бозор қиёфаси яратилди.
Ушбу савдо дўкони қурилишида 200 млн атрофида маблағ сарфланди, 2 та бўш иш ўрни яратилди, маҳсулотларимиз нархи ҳам аҳолига манзур бўлмоқда – дейди тадбиркор Жасур Эрниёзов.
«Тадбиркор бола-чақасидан қийиб, тўплаган мол-мулки, пулини янги иш очишга сарфлайди. Банкдан кредит олса, уни фоизи билан ўзи тўлайди. Шунга қарамасдан таваккал қилиб, ҳузур-ҳаловатдан кечиб, бор имкониятини, маблағини хавф-хатарга қўйиб, ўз иши учун кеча-кундуз жонини бериб ишлайди. Шу йўл билан нафақат ўзини, оиласини, балки эл-юртини ҳам боқади. Шу маънода тадбиркор – бу ҳақиқий фидойи инсон. Мен бундай одамларни, лоақал иккита иш ўрни яратган тадбиркорни бошимга кўтаришга тайёрман», деган эди Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўз нутқларидан бирида.
Аслида ҳам йўқдан бор қилаётган, бирни ўнга айлантираётган одам – бунёдкор одам. Унинг аниқ ҳаётий мақсади, йўли ва манзили бор, умр мазмуни ҳақида ўз фикри бор, шундан завқ ва ҳаловат топадиган орзу-умидлари бор. Юртимизда туманимизда бу каби бунёдкорлик ишлари бардавом бўлаверсин.
Йўллар - халқимизни обод манзиллар сари элтувчи, аҳолининг оғирини енгил қилувчи жамоатчиликнинг энг серқатнов маконидир. Айниқса, бу нурли манзилларнинг равонлиги инсонларнинг манзил-маконини яқин қилишда, аҳолига ёрқин кайфият улашишда беқиёс ҳиссага эга.
Туманимизда ҳам йўлларни ободонлаштириш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, ички йўлларни таъмирланаётгани ҳудуд инфратузилмасини яхшилаш билан бирга, аҳолига қулайлик яратмоқда
Биргина “Абай” маҳалласи мисолида оладиган бўлсак 200 метр автомобиль йўли, унинг атрофидаги 230 метр пиёдалар йўлакчаси, 400 метр лоток давлат бюджетидан молиялаштирилган 1400.000.000 сўм маблағ ҳисобига қурилиб, мамлакатимиз мустақиллигининг 32 йиллиги арафасида фойдаланишга топширилди. Улуғ байрам арафасида фойдаланишга топширилган бу йўллар нафақат маҳалланинг, балки барча учқудуқликларнинг йўли ҳам. “Очиқ бюджет” ахборот порталида “Менинг йўлим” лойиҳаси доирасида тумандолшларимиз томонидан етарлича овоз тўплаб ғолиб бўлган бу лойиҳа ортида қурувчилар билан бир қаторда, йўллар учун овоз тўплаган фуқароларимизнинг ҳам ўз ҳиссаси бор. “Қизилқум” жоъме масжиди қаршисида қурилган бу йўлдан, ҳар куни, намозхонлар, шу атрофдаги уйларда яшаётган ёш болалар, меҳмонга келганлар, сафардан қайтганлар, ҳар куни ишига қатнайдиганлар ўтади. Кўпчиликнинг дуоси ва яхши ният ортидан қурилган бу йўллар халқимизга узоқ йиллар давомида хизмат қилишига ишонамиз.
– Маҳалламизнинг бу йўллари, марказда кўплаб тумандошларимиз фойдаланадиган йўл бўлишига қарамай? анчагина ноқулайликлари бор эди, автомобил учун нотекис бу йўлларда пиёдалар учун ҳатто тор йўлак ҳам йўқ эди, айниқса, мактабга қатнайдиган фарзандларимиз жуда қийналарди, – дейди маҳалла фуқаролар йиғини раиси Саламат Алимбаев. – Лойиҳанинг овозга қўйилиши ҳаммани бир хурсанд қилган бўлса, уни етарлича овоз тўплаб ғолиб бўлиши бизни юз қувонтирди, мана бугун яна 200 метр масофадаги кўчамиз обод бўлди.
Йўлсозлик – улуғ, шу билан бирга, машаққатли касб. Бугун фойдаланишга топширилган “Абай” маҳалласидаги бу йўлда қурилиш-таъмирлаш ва кенгайтириш ишларини Учқудуқ туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси ишчи-ходимлари олиб бордилар. Улар ёзнинг жазирамасини писанд этмай ўзларига берилган вазифани сидқидилдан адо этишди. Лойиҳани муддатида фойдаланишга топширишди.
Жонажон Ўзбекистонимизнинг янги қиёфасини барпо этишда, она Ватанимизнинг юксак тараққиётини таъминлашда, ҳаётимизни янада обод ва фаровон этишда йўлсозларнинг ҳиссаси беқиёс, албатта.
Йўллар элларни-элларга, манзилларни-манзилларга туташтирувчи муҳим воситадир. Давлатимиз томонидан йўл қурилиши соҳасига қаратилаётган жиддий эътибор ҳудудларни ободонлаштириш, йўловчи ва ҳайдовчиларга бирдек қулайлик яратиш, одамларнинг мушкули осон, турмуш даражаси эса янада фаровон бўлишига хизмат қилади, албатта.
Таълим тизими ҳар доим эътибор қаратиш лозим бўлган муҳим соҳа саналади. Келажак авлод тақдирига қайғурган педагог борки, касбига масъулият юки ила ёндашади. Соҳа жонкуярларининг меҳнати, заҳматлари ўқувчи-ёшларнинг тақдирида, эришган ютуқларида яққол сезилади. Бугунги кунда юртимизда кечаётган ислоҳотлар инсон қадрини улуғлаш деган эзгу ғоя остида бирлашаётган бир вақтда. Таълим тизимидаги ислоҳотлар жамиятда ўқитувчилик касби ва нуфузини оширишга, таълим сифатини янада юксалтиришга ва келажак авлодни баркамол инсонлар этиб тарбиялашга хизмат қилмоқда.
Куни кеча кенг нишонланган ва бутун ватанимиз бўйлаб шукуҳи кезаётган энг улуғ, энг азиз байрамимиз ҳисобланган ватанимиз мустақиллигининг 32 йиллиги билан ҳамоҳанг тарзда бошланган янги ўқув йили шуниси билан аҳамиятлики, бугунги кунда келажагимиз пойдевори ҳисобланган ёшлар тарбияси, уларга замон талаблари асосида тегишли шарт шароитлар яратиш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда, янги ўқув йили дарслар ва дарсликлар, ўқитиш сифати борасида қатор янгиликлар билан бошланмоқда.
Ўтган даврда муаллимларнинг ойлик иш ҳақи ўртача 2,5 баравар оширилиши, Юқори малакали муаллимларни янги ёндашувлар асосида қўллаб-қувватлаш тизими яратилиши, Таълим сифатини ошириш мақсадида республика бўйича 500 та мактабда Президент ва ихтисослашган мактаблар ўқув дастури, баҳолаш тизими жорий этилишини йулга куйилиши, юқори синфда ўқитиладиган фанлар 16 тадан 11 тага қисқариши албатта таълим сифатига ўз таъсирини кўрсатади.
Янги ўқув йилида мактабларни компьютер синфлари билан жиҳозлашга республика бюджетидан 200 миллиард сўм ажратилиб, маҳаллий бюджетлардан яна 200 миллиард сўм ажратилиши кўзда тутилган. Касб-ҳунар эгаси бўлиш истагидаги ўқувчиларга эса мактабнинг ўзида тайёр мутахассис бўлиб етишиб чиқиш имконияти яратилмокда.
Бугун учқудуқлик болажонлар учун яна ҳаяжонли, қувончли ва масъулиятли дамлар бошланди. Биринчи қўнғироқ садолари жаранглаб, тумандаги умумтаълим мактаблари йигит-қизларни яна ўз бағрига чорлади... ... Эрталабки соат саккиз. Учқудуқ туманидаги барча мактабларда янги ўқув йилининг бошланишига бағишланган маърифий тадбирлар бўлиб ўтди. "Биринчи қўнғироқ" тадбирларига ўқувчилар, таълим соҳаси фидойилари, маҳалла фаоллари таклиф этилди. Шу куни барча мактаблардаги биринчи дарс - "Янги ҳаёт учун, янги Ўзбекистон учун” шиори остидаги "Мустақиллик дарслари" билан бошланди.
Учқудуқ туман ҳокими С.Хамроев 5-умумий ўрта таълимида ўтказилган “Билимлар куни” тадбирида иштирок этиб, нутқ сўзлади, мактабда 220 ўринга мўлжалланган янги мактаб биносининг очилишида иштирок этиб, ўқувчиларга янги ўқув йилида зафарлар тилади.
Шунингдек, мактабда бўлиб ўтган “Мустақиллик дарси” да иштирок этган туманимиз раҳбари, мамлакатимизда мактаблар тизимини ривожлантириш учун давлатимиз томонидан маблағ, имконият, зарур барча саъй-ҳаракатлар сафарбар этилаётгани ҳақида тўхталиб ўтди.
Дарҳақиқат, янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшаш саодати билим, маърифат, маънавият, одоб ва тарбияга, фидойи устозларнинг катта тажрибаси, ўқувчиларимизнинг эса қунт ва саботига, ота-оналарнинг ўз фарзанди тақдирига куйинчаклик билан муносабатига боғлиқ.
Анъанага кўра, бу йил ҳам барча 1-синфга борган 920 нафар ўқувчиларга ўқув анжомларидан иборат "Президент совғалари" берилди.
Учқудуқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати.
Ассалому-алайкум!
Хурматли тадбир иштирокчилари!
Муҳтарам устозлар! Азиз ўқувчилар!
Мен сўзимнинг аввалида барчангизни куни кеча кенг нишонланган ва бутун ватанимиз бўйлаб шукуҳи кезаётган энг улуғ, энг азиз байрамимиз ҳисобланган ватанимиз мустақиллигининг 32 йиллиги билан самимий табриклайман.
Мустақиллик йилларида юртимизда тинчлик ва барқарорлик, изчил иқтисодий-ижтимоий ривожланишни таъминлаш, аҳоли фаровонлиги ва турмуш даражасини ошириш каби йўналишлар қатори таълим тизимини ислоҳ қилиш, келажагимиз пойдевори ҳисобланган ёшлар тарбияси, уларга замон талаблари асосида тегишли шарт шароитлар яратиш борасида салмоқли ишлар амалга оширилди.
Куни кеча президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган Мактабларда таълим сифатини янада ошириш, ўқувчи ўрнини кўпайтириш ҳамда ўқитувчилар малакасини ошириш ва уларга муносиб шароит яратиш бўйича устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йигилишида хам катор ислохотлар хусусида тўхталиб ўтилди.
Ўтган даврда муаллимларнинг ойлик иш ҳақи ўртача 2,5 баравар оширилиши, Юқори малакали муаллимларни янги ёндашувлар асосида қўллаб-қувватлаш тизими яратилиши, Таълим сифатини ошириш мақсадида республика бўйича 500 та мактабда Президент ва ихтисослашган мактаблар ўқув дастури, баҳолаш тизими жорий этилишини йулга куйилиши, юқори синфда ўқитиладиган фанлар 16 тадан 11 тага қисқариши албатта таълим сифатига ўз таъсирини кўрсатади.
Янги ўқув йилида мактабларни компьютер синфлари билан жиҳозлашга республика бюджетидан 200 миллиард сўм ажратилиб, маҳаллий бюджетлардан яна 200 миллиард сўм ажратилиши кўзда тутилган.
Касб-ҳунар эгаси бўлиш истагидаги ўқувчиларга эса мактабнинг ўзида тайёр мутахассис бўлиб етишиб чиқиш имконияти яратилмокда.
Дарсларнинг мазмуни ҳам ўзгариши таъкидланди. Бунда 1-синфдан компьютер саводхонлиги, юқори синфларда молиявий саводхонлик дарслари жорий этилмокда.
Учқудуқ туманида ҳам эътибор самараси сифатида тизимдаги педагог ходимларнинг фидокорона меҳнатлари эвазига эътироф этарли натижалар бўй кўрсатмоқда. Ҳусусан сўнгги марта эълон қилинган ҳудудлар ва мактаблар рейтингида Учқудуқ тумани республикада 8-ўринда қайд этилди. Битирувчиларимизнинг олий таълим билан қамров даражаси йилдан йилга ошиб бораётган бўлиб, 2022-йилда бу кўрсаткич 75 % ни ташкил этган бўлса, 2023 йилда 81 % натижа қайд этилгани барчамизни қувонтиради албатта.
Азиз дўстлар!
Бугун Мустақил Республикамизнинг барча умумтаълим мактабларида янги ўқув йилининг 1-қўнғироқлари чалинмоқда. Туманимизда 920 нафар болажонлар 1-синфларга қабул қилинмоқда.
Кези келганда айтиш лозимки бу йил мактаб дарсликларига бюджетдан 920 миллиард сўм ажратилди, бошланғич синфлар учун тўлиқ янги дарсликлар ишлаб чиқилди.
Таълим тизимига қаратилаётган улкан эътибор натижаси ўлароқ Учқудуқ туманида ҳам ўқувчиларнинг сифатли таълим-тарбия олишлари учун янада қулай шарт-шароитлар яратилмоқда. Мактаблар замонавий кўринишга келтирилиб, моддий техник базаси мустаҳкамланмоқда, тумандаги 5-умумий ўрта таълим мактабида қувватига нисбатан ўқувчилар сонининг ортиши муносабати билан 220 ўринли қўшимча бино янгидан қурилиб, бугун фойдаланишга топширилмоқда. 2 млрд. сўм маблағ эвазига барпо этилган ушбу ўқув биноси 8 та янги замонавий синф-хоналарда ўқувчи-ёшларни бағрига олади.
Мен фурсатдан фойдаланиб ушбу замонавий таълим масканини таъмирлашда алоҳида жонбозлик кўрсатган бунёдкорларимизга самимий миннатдорчилигимни билдираман.
Азиз ўқувчи ёшлар !
Мен яна бир бор Сизларни бугунги байрам тадбирлари ва янги ўқув йилининг бошланиши билан чин дилдан қутлайман. Президентимиз, ҳукуматимиз, устозларингиз ҳамда ота-оналарингиз ишончларини оқлаб, келажакда яхши билим кўникмаларини эгаллашингизга ишонаман. Сизларга узоқ-умр, сиҳат-саломатлик, мустақил ҳаётингизда улкан зафарлар ҳамиша ҳамроҳ бўлишини тилаб қоламан.
Эътиборларингиз учун рахмат!
Инсоннинг томир-томиригача эритиб яйратадиган БАХТИЁРЛИК нима? У қачон содир бўлади? Пулинг кўпайгандами ёки молинг кўпайгандами? Ёинки шону- шуҳратга эришгандами? Йўқ! Одамнинг иқлими бетизгин! Бўлган сари бўлгиси келаверади. Талпинган гулингиз қай муддатда сўлса? Эришган ютуғингиз туфайли туйган бахтиёрлигингиз ҳам ўшанча давом этади, атрофингиз қанчалик жилоланмасин, кўзингиз аста зерика бошлайди. Ақлга ақл қўшилган сари жисмингизда янги эҳтиёжлар бино бўлаверади. Ҳар истагингиз ушалганда бир бахтиёрлик туяверасиз. Демак, бахтнинг бахтиёрликнинг сон-саноғи, эрта-кечи йўқ.
Бахтнинг чечаклари ҳаётимиз давомида узоқ ва турфа рангларда очилаверади. Бугунги қаҳрамонимиз Одина Мирзаева ҳам меҳнати ортидан севимли касбига эга бўлган ҳаётининг ҳар жабҳасида бахт сувларидан симириб илдам қадам ташлаётган малакали мутахассис ва жонкуяр раҳбарлардан.
НОЗИК ЕЛКАЛАРДА РАҲБАРЛИК ЮКИ
Шимолий кон бошқармасига қарашли 3-гидрометаллургия заводида ишчи-ходимларнинг тахминан 15 % ни хотин-қизлар ташкил қилади. Бу албатта кичик миқдор, бироқ шу соҳада ҳам уларнинг борлиги кишини қувонтиради. Тўғри аёлларнинг кўпчилиги ишлаб чиқариш соҳасига кўмакчи йўналишларда фаолият олиб борса-да, бироқ айнан жараёнларда фаолият юритаётган хотин-қизларнинг меҳнати юрт тараққиёти билан боғлиқ масалалар йўлида ас қотаётганидан фахр-ифтихор туяман!
Заводнинг ишлаб чиқариш билан боғлиқ ички йиғилишларида 40 га яқин раҳбарлар ва муҳандис-техник ходимлар иштирок этишади. Шулар орасида 1-2 нафар раҳбар аёлларни ҳам кузатиш мумкин. Улар ҳам забардаст эркаклар каби ўзларининг нозик елкаларида раҳбарликнинг оғир юкини орқалашган. Ёзмоқчи бўлганим, заводнинг ана шундай раҳбар аёлларидан бири, ишлаб чиқариш занжирида ўз ҳалқалари мустаҳкамлиги учун жавоб бера оладиган, заводнинг марказий лабораторияси раҳбари Мирзоева Одина Раҳматовна.
Раҳбар аёллар ҳақида эшитсак уларга ҳавас қиламиз-у бироқ, раҳбар “тамға”ли аёл бўлиш қанчалик қийин ва мушкул вазифа эканлиги ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаймиз. Ҳа, аслида биз ҳавас қиладиган раҳбарларга жуда ҳам қийин. Корхонада қўл остидагиларга бош бўлиш, уларга оила боши сифатида ғамхўрлик қилиш, иш жараёнини назоратда ушлаб туриш, ишда ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолатлар билан ушланиб қолиш... Шунча масъулият ва чарчоқдан кейин, уйда келин, уй бекаси, она каби вазифаларни бекам-кўст бажариш нечоғли оғир эканлигини фақат раҳбар аёлларгина тушунади, ҳис қилади. Шунча вазифаларга қарамай ўзини тетик ушлаган Одинахондек аёлларга термулиб, аёл хилқатининг нақадар буюклигини ўз темир дафтарингга ёзиб қўясан киши.
КОМБИНАТ САРИ УНДАГАН ҚАДАМЛАР
Одина Мирзоева мактабни тамомлагач, тиббиёт коллежига ўқишга кирди. Тиббиёт коллежини аъло баҳоларга битирди. Бироқ, у бу соҳада ишламади, чунки отаси Раҳмат ака буни хоҳламади, сабаби уни аяди. Анча йиллар олдин Раҳмат ака юрак муаммоси билан касалхонага тушиб қолди. Табиийки, ҳамширалар ва шифокорлар қуршовида эди. Куни билан ҳамшираларнинг югур-югури, беморларнинг инжиқликлари, туни билан касал қараб, яна тонгга яқин арзимас сабаб инжиқликлар ортидан гап эшитиши уни ўйлантириб қўйди ва қизини бу соҳада ишлатмасликка қарор қилди.
Ҳа, аслида энг шарафли касблардан бўлган ҳамшираликнинг машақққатини ҳамшира бўлиб ишлаган ёки унинг фаолияти билан юзма-юз бўлган одам тушунади. Аммо келажакда қизини бунданда қийинроқ бунданда масъулиятлироқ касб кутиб турганини ҳаёлига ҳам келтирмасди.
Шимолий кон бошқармасида диспетчер сифатида фаолият юритиб келаётган Раҳмат ака қизи Одинани комбинатда ишлашини маслаҳат берди: “Мен ҳам онанг ҳам комбинат тизимида ишлаймиз, кам бўлганимиз йўқ”. Ота маслаҳати билан бу тизимга қадам қўйган Одина Мирзоева 2005 йил ШКБнинг кадрлар тайёрлаш бўлимида шогирд бўлиб иш бошлади. Шунинг баробарида Навоий кончилик коллежининг кечки бўлимида машина ва иншоотларни бойитиш механикаси, фойдали қазилмаларни бойитиш йўналишида таълим олди. Чаққон, меҳнатсевар, киришимли ва асосийси берилган топшириқни аниқ бажариши ўша пайтдаги завод лабораторияси бошлиғи Е.В. Воробёванинг эътиборини тортди.
Одинахонни кимёвий элементлар, жараёнлар ва бошқа тааллуқли ишлар бўйича суҳбатдан ўтказиб, лаборантликка ишга олди. Лаборантлик сирларини ўрганиб йиллар давомида тажриба орттириб ўша ернинг ўзида муҳандис-технолог, гуруҳ бошлиғи вазифаларида фаолият юритди.
Кейинчалик ишдан ажралмаган ҳолда Навоий давлат кончилик ва технологиялар университетини тамомлади.
Бугунги кунда устозлари Улуғбек Эргашов, раҳматли Дилфуза Шарафутдиновалардан олган билимлари, ўрганган тажрибалари сабаб завод марказий лабораторияси раҳбари лавозимида ишлаб келмоқда.
ЎЗИНИНГ ҲИКОЯСИ
Ҳозир ўйлаб қоламан ўшанда отамнинг маслаҳатини рад этиб, тиббиёт соҳасида ишлашим мумкин эди. Бироқ, оила муҳитида комбинат тизими, ота-онамнинг иш жойлари ҳақидаги суҳбатлар, шу йўналишни танлашимга туртки бўлган. Нафақат мен, балки икки укам бири 3-гидрометаллургия заводида, иккинчиси 6 - гидрометаллургия заводида ишлайди. Қувонарлиси, ўғлим ҳам металлургия йўналишида таҳсил олишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.
Баъзида касбимда аёл раҳбар сифатида қийинчиликларга дуч келаман, бироқ хафа эмасман. Қийинчиликларда тобланган кишилар янада дадилроқ қадам ташлашига, ҳар қандай берк эшик қулфлари учун мос калитларни топишига ишонаман. Лекин жойи келса катта ютуқларда менинг ҳам кичик улушим борлигидан фахрланиб кетаман… Шу соҳада фаолият юритаётган аёллардан бири эканлигимдан, қисман бўлсада ватан тақдирига даҳлдорлигимдан, ризқимнинг бутлиги касбимданлигидан қувонаман. Балки оддий ҳамшира бўлиб ишлаганимда бугун қўлга киритган ютуқларга, забт этган марраларга эришмаган бўлардим. Буларнинг бари менга севимли заводим берган имконият, ишонч, рағбат, десам янаям тўғри бўлади!
ХУЛОСА ЎРНИДА:
Ўзининг фидокорона меҳнати ва намунали ҳаёт йўли билан барчага ўрнак бўлаётган Одина опа каби фидоий, илғор тажрибага эга хотин-қизларимиз корхонада талайгина, уларнинг ҳар бирини ҳаёт йўли ўзига хос ибрат ва ҳаёт мактаби аслида. Касбида муваффақиятга эришаётган қаҳрамонимиздек бахт ҳақида тўлиб тошиб гапирадиган аёлларимиз жамиятимизда кўпайиб бораверсин.
Дилором САЛИМОВА,
ШКБ 3-гидрометаллругия заводи маънавий-маърифий ишлар бўйича инспектори.
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг 14 августдаги буйруғи билан ишга қабул қилиш чоғида танлов ўтказиш тўғрисидаги намунавий Низом тасдиқланди. Ҳужжат мулкчилик шаклидан ва идоравий мансублигидан қатъи назар, ташкилотларга ишга қабул қилиш чоғида танлов ўтказиш тартибини белгилайди.
Ишга қабул қилиш чоғида танловнинг ўз вақтида ва сифатли ташкил этилиши ва ўтказилишини таъминлаш учун ташкилот раҳбарининг буйруғи билан доимий фаолият юритадиган танлов комиссияси ташкил этилади. Танлов ташкилот тизимида мавжуд бўш иш ўринларидан келиб чиққан ҳолда ҳар чоракда камида бир марта ўтказилади. Комиссия таркиби ташкилотнинг ходимлари ва тегишли соҳанинг малакали мутахассислари орасидан камида беш кишидан иборат ва тоқ сонли таркибда шакллантирилади.
Унинг ошкора ва холис ўтказилишини таъминлаш мақсадида комиссия танлов тадбирларини онлайн режимда овозли видеотранслация қилиши керак. Энг юқори балл тўплаган номзод танлов ғолиби ҳисобланади ва у бўш (вакант) иш ўрни мавжуд бўлган тақдирда ишга қабул қилинади.
Танлов ғолиби ўз аризасига кўра меҳнат шартномасини тузишдан бош тортган тақдирда, танловни ўтказувчи комиссия қарорига асосан энг юқори баллдан кейинги ўринни эгаллаган номзод ғолиби деб топилади.
Нафиса ШОДИЕВА,
туман адлия бўлими юридик хизмат
кўрсатиш маркази бош юрисконсульти.
Учқудуқ туман истеъмолчилар жамияти тадбиркор ва истеъмолчи орасида келиб чиқадиган низоли вазиятларда муаммони ҳал қилиб берувчи оралиқ вазифасини бажаради.
Бугунги кунда жамият томонидан истеъмолчилар томонидан келиб тушаётган қатор муаммо ва келишмовчиликлар ҳал қилинмоқда. Жумладан, истеъмолчи Н.Жўраева 1 йил кафолат муддати бўлган кир ювиш машинасини харид қилган. Маҳсулот 3 ой ичида ишдан чиққандан кейин, харидорнинг дўкон ходимларига техникани алмаштириш ёки таъмирлатиб бериш талаби рад этилган. Шундан сўнг, фуқаро туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилишга мажбур бўлган. Истеъмолчининг бу мурожаати қонун доирасида ўрганиб чиқилиб, маиший техника янгисига алмаштирилиб берилган.
Рақамларга тўхталадиган бўлсак, жорий йилнинг бошидан бери жамият томонидан 34 нафар истеъмолчининг жами 124 миллион сўм миқдорида кўрилган иқтисодий зарари қоплаб берилган бўлса, ҳар бир мурожаатдан кейин аҳолининг хушёрлиги ҳам ошиб бораётганлигини алоҳида таъкидлаш ўринли.
Ҳурматли учқудуқликлар! Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти, жамиятга аьзолик бадаллари ҳисобидан фаолият кўрсатади. Сиз жамиятга аъзо бўлганиздан кейин, сизга хизмат ўша аъзолик ҳисобидан бепул кўрсатилади. Барчангизни Учқудуқ туман истеъмолчилар хуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига аъзо бўлишга чақириб қоламиз.
ТИЛАВ БОБОЕВ,
туман ИҲҲҚЖ раиси.
Энг улуғ, энг азиз... бу ибора замирида юксак ҳурмат, чексиз ғурур ва самимий шукроналик мужассам. Бу мустақиллик тантанаси, истиқлол садоси албатта. Яратганга минг шукурки, бугун мустақилликнинг яна бир қутлуғ ёшини тантана қилмоқдамиз. Бугун учқудуқликлар бу азиз айёмни дилда қувонч ва чексиз шодлик билан кутиб олмоқдалар.
Бу йилги мустақиллигимиз шодиёналари “Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!” ғояси остида “Истиқлолинг муборак жонажон Ўзбекистоним” шиори билан кўтаринки руҳда туман бўйлаб ўтказилиб келинмоқда.
Туман марказидан 200 км олис масофада жойлашган Кокаяз овулидан “старт” олган байрам тантаналари, тумандаги 14 та маҳалла ва овуллар фуқаролар йиғинлари бўйлаб давом этди.
Илк таассуротлар ҳам, байрам кайфияти ҳам шу олис манзиллардан бошланди. Кенг, сўнгсиз саҳро оралаб борар эканмиз чўл бағридаги милтиллаган умид учқунлари сингари ҳар ердан кўриниб қоладиган туялар ва отлар тўдаси эътиборни тортади. Тор йўл бўйлаб давом этаётган бу манзиллар охири йўқдек туюлади. Олис йўл чарчоғи ўз сўзини ўтказиб кўзинг илиниши билан, чўлнинг ўзига хос бедор табиати яна сени ўзига чорлайди.
Ҳа, узоқ манзил инсонни хаёллар сари элтар экан, мўъжиза мисол чўл бағрида кундан-кунга чирой очаётган овулларда амалга оширилаётган ислоҳотлар, бунёдкорлик ишларидан руҳланасан. Буларнинг бари истиқлол берган неъмат эканлигидан шодланасан.
Биргина Кокаяз овули мисолида оладиган бўлсак, узоқ йиллар давомида телефон алоқа тизими ишламаган бу овулда бугун нафақат телефон алоқаси, балки юқори тезликда ишлайдиган интернет тармоғи ҳам йўлга қўйилган. Бир вақтлар каттагина бўлган бу овулда бугун саноқли аҳоли яшасада, улардаги аҳиллик, одамийлик ва юрак - юракдан сизиб турган шукроналик туйғуларини англаш қийин эмас.
-Шу кунларни ҳам кўрдик шукр, –дейди байрам дастурини кўзларида ёш ила томоша қилиб ўтирган нафақадаги Рустембек ота. – Бахтлимиз, халқимизнинг азалий орзулари ушалди. Юртбошимиз қайта-қайта таъкидлайдиган, озод ва обод Ватан қураяпмиз ва мана шундай гўзал байрамларда иштирок этаяпмиз. Фарзанд ва набираларимиз қуршовида ҳеч кимдан кам бўлмасдан давра қуряпмиз... Юртимизга кўз тегмасин.
Байрам шукуҳи озод ва обод Ватанимиз бўйлаб давом этар экан кейинги манзиллар оралаб байрам тантаналарини кузатамиз. Жузқудуқ, Кокпатас, Узунқудуқ, Қулқудуқ, Шалхар ва Мингбулоқ овулларида давом этган мустақиллик шодиёналари митти қизалоқларнинг шўх рақслари, куйлаган қўшиқлари билан ҳамоҳанг жаранглайди. Обод элга тўй-тантана ярашганидек, овулдаги тумандошлар ҳам бир кунга рўзғор ташвишларини унутиб кўнгил ёзганидан шодланиб кетасиз. Истиқлол берган неъматлардан баҳраманд бўлаётган ватандошларимиз кулгусига, қувончига шерик бўласиз.
Ҳа, эркимиз ортидан эришаётганимиз сокин ва хотиржам ҳаётнинг чашмасидан тўйиб-тўйиб сув ичамиз. Бахт манзил ва макон танламайди, туман ҳокими томонидан олис ва яқин ҳудудларга ташриф давомида билдирилган самимий байрам табриклари, фуқароларга улашилаётган совғалар, аҳолининг ёш-у-қари қатлами билан олиб бораётган суҳбатларини тинглар экансиз, бахт ҳар инсоннинг қалбида яшашини ҳис этасиз.
Туман марказидаги 7 та маҳалла бўйлаб давом этган байрам тантаналари, тарғибот гуруҳи доирасида ташриф буюрган меҳмонларнинг илиқ таассуротлари, самимий тилакларига ҳамоҳанг, нуронийларнинг шукроналикка йўғрилган дуолари билан ўзгача шукуҳли ва файзли давом этди. Мустақиллик баҳонасида учқудуғимиз байрамлар қуршовида қолди.
Ҳа, мустақиллик қадр-қиммати бирор нарса билан қиёслаб бўлмас неъматимиз, бугун шу неъмат шукронаси сифатида юртимизда ўтаётган шодиёналар абадий бўлсин.
Феруза ЯНДАШОВА
Жорий йилнинг 31 август куни Учқудуқ туман Ахборот кутубхона марказида Китоб миллат хазинаси, аҳоли ва ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, маънавиятини юксалтириш бўйича қилинаётган ишлар юзасидан очиқ мулоқот бўлиб ўтди. Сўнгги йилларда юртимизда китоб тарғиботи ва китобхонликни ривожлантириш масалаларига алоҳида аҳамият қаратилаётганлиги замирида ташкил этилган мулоқотда китобга ихлосманд ёшлар қаторида корхона ва ташкилотларда фаолият юритаётган ишчи ходимлар ҳам фаол иштирок этди. Очиқ мулоқот сўнгида Ахборот кутубхона марказида ташкил этилган адабиётлар кўргазмаси доирасида янги адабиётлар тақдимоти ҳам ўтказилди.
Бугунги кунда Учқудуқ туман ахборот-кутубхона маркази 20,75 штат бирликда 25 нафар ходим билан хизмат қилиб келмоқда.
Марказнинг жами китоб фонди 2233 /11528 нуcхада бўлиб
Шундан;Бадиий адабиёт-1434/9252, ижтимоий-сиёсий-403/1079, фалсафа фанлари-43/93, диний-21/53, амалий фанлар-94/171, санъат ва спорт-83/158, тарих, география-58/153, табиий ва аниқ фанлар-25/40, Умумий бўлим-1/12
Тиллар бўйича жами: Ўзбек тили-2339/11523, лотин алифбоси-463/2321, кирилл алифбосида-1757/8523, қозоқ тили-50/289, рус тили-62/374, инглиз тили-4/16 ном ва нусхалардаги китоблар билан хизмат кўрсатиб келмоқда.
Кутубхонанинг жами фойдаланувчилари: 7988 нафар бўлиб,
Шундан; 7-13ёшли-1705 нафар, 14-17ёшли-1684нафар,18-25ёшли-1535нафар, 26-54ёшли-2076 нафар, 55ёшдан юқори-988 нафарни ташкил қилмоқда
Қолаверса, кутубхона бирваракайига 50-60 нафар китобхон ўтириб бемалол китоб мутолаа қиладиган шинам ва ёруғ, тоза озода, ҳар томонлама қулай, китобхонни ўзига жалб қилаоладиган ўқув зали билан хизмат қилаётганига гувоҳ бўлишимиз мумкин.Шунингдек, Абономентларга хизмат кўрсатиш хизмати китобхонлар қатновини, китоб ўқилишини таъминласа, Фондларни сақлаш ва уларга ишлов бериш хизмати томонидан китоблар таъмирланиб борилаётгани, жовонларда аскарлардек тузилиб турган топилмас жавохирларни асраб авайлашга хизмат қилаётган бўлса, Ахборот-коммуникация технологиялари хизмати, интернет базасига уланган компиютерлари билан талабини қондириб, китобхонларга иштимоий тармоқлар орқали ҳам онлайн, ҳам офлайн хизмат кўсатишлари учун барча шароитлар яратилмоқда.