LOTIN-КИРИЛЛ
Hokimiyat matbuot xizmati

Hokimiyat matbuot xizmati

28 Jul 2023

 

"Yangi O‘zbekiston" gazetasi orqali e’lon qilingan "Respublika Ma’naviyat va ma’rifat markazi faollari va bir guruh ma’rifat targ‘ibotchilarning O‘zbekiston xalqiga Murojaati bilan tanishib chiqdim. Murojaatda keltirilgan fikrlar menga ma’qul bo‘ldi. Haqiqatdan ham biz bugungi kunda mehr-oqibat singari tushunchalarni yoshlar ongiga ko‘proq singdirishimiz lozim bo‘lgan bir vaqtda, oila tashvishlari deb o‘zimiz ham e’tiborsiz bo‘lib qolganga o‘xshayapmiz. Men yaxshi yashamadim, farzandim yashasin deb boylik, mol-dunyo ketidan quvib ayrim yoshlarimizni turli oqimlarga kirib ketishi, oson pul topaman deb xatto Vatan xoini bo‘lishiga ham oilaning, mahalla-kuyning aybi bor deb o‘ylayman. Tinch-totuv mamlakatda yashayapmizu ayrim hollarda keksalarga hurmat, yoshlarga mexr -oqibatli bo‘lish lozimligini xatto kattalar ham unutib qo‘yapti. Menimcha bolalariga ko‘proq ma’naviyatni, odob-ahloqni singdirish o‘rniga pul, mol-davlat topish bilan shug‘ullangan oilalarda xudbin farzandlar tarbiya topsa kerak. Bugungi farovon yurtda yashayotgan har bir yoshi ulug‘ otaxonu-onaxonlar tarbiyani maktabda ko‘proq o‘rgatishiga ishonib o‘tirmasdan, oilada, xatto ko‘cha-kuyda, jamoat joylarida ham yoshlarimizga necha asrlik ma’naviyatimiz, qadriyatlarimizni singdirsak albatta yoshlarimiz ushbu qadriyatlarimizga sodiq bo‘ladi. Buning uchun biz nuroniy otaxonu-onaxonlar har doim yoshlarning eng yaqin maslahatchilari, ustozi bo‘lishimiz lozim.

Uchquduq tuman Abay MFY faxriysi Sh. Rustamov.

 

28 Jul 2023

 

   Республика Маънавият ва маърифат маркази фаоллари ва бир гуруҳ маърифат тарғиботчиларининг Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаати айни ўз вақтида қилинган Мурожаат деб қабул қилдим. 

   Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида Ўзбекистонда янги Уйғониш даври, яъни Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш асосий мақсад этиб белгиланди. 

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Биз Учинчи Ренессанс масаласини стратегик вазифа сифатида олдимизга қўйиб, уни миллий ғоя даражасига кўтармоқдамиз”. Юртимизда улуғ ниятлар билан пойдевори қўйилаётган Янги Уйғониш даврининг ёрқин саҳифаларга бой буюк тарихи яратилмоқда. 

Бу оламшумул самаралар келгуси авлодларга муносиб мерос қолдиришга хизмат қилиши шак-шубҳасиздир.  

Ушбу уйғониш даврига қадам босар эканмиз, мурожаатда алоҳида тўхталиб ўтилганидек, оила мустаҳкамлигини ошириш, миллий тарихимиз ва қадриятларимизни сақлаб қолиш ва кейинги авлодга етказиш, ёшлар тарбиясидек муҳим вазифаларни амалга оширишда биз биринчи навбатда юртбошимизга, халқимизга камарбаста бўлишимиз керак. 

Бугунги таҳликали даврда халқимизга ва ёшларга турли хил ёт иллатлар, аҳлоқсизликлар, бузғунчи ғоялар хавф солмоқда. энг аввало ёшларни миллий ва умуминсоний қадриятларни ерга урадиган ғоявий таҳдидлар, ахборот хуружларидан асраш – бизнинг илк вазифамиздир.  

Оқ-қорани таниб улгурмаган, яхши-ёмоннинг фарқига бормаган айрим ёшлар интернет орқали узатилган айрим маълумот-хабарларни мутлоқ ҳақиқат деб қабул қилиш ҳолатлари учраётгани кишини жиддий хавотирга солади. 

Фарзандларимизни ана шундай турли тузоқларга тушиб қолмасликлари учун уларни тарбиясини тўғри ташкил этайлик, фикрсизлик, ахлоқсизлик, дидсизлик, бефарқликдан асрайлик. 

Фарзандларимизга шундай тарбия берайликки, улар ўз ота-боболарига, ўз тарихларига, Ватанига, она тилига, ўз миллий сиймоларига, муқаддас ислом дини анъаналарига содиқ бўлиб қолишсин. Чунки илмли, одобли, фаросатли одам ҳаётда ўз ўрнини, албатта топиб олади. 

Китоблардан ўрганилган маърифий илм қаторида оилада олинган ҳаёт илми ҳам инсон учун сув ва ҳаводек зарур. Бугунги кунда энг муҳим вазифамиз ўсиб келаётган ёш авлодни буюк аждодларимизга муносиб ворислар сифатида диний ва миллий қадриятлар асосида тарбиялаш, улар қалбида Ватанга садоқат туйғусини кучайтириш, уларни ҳар хил бузғунчи кучларнинг ахборот хуружларидан огоҳ этиш, муносиб ҳимоя қилишдан иборатдир. 

Мурожаатда келтирилган чорловни , миллатни уйғотишга чақирган ундовни қўллаб-қувватлайман, Ватан ва ёшлар келажаги учун биргаликда ҳаракат қилайлик! 

Жанагул Булекбаева , Учқудуқ туман Маънавият ва маърифат бўлинмаси раҳбари

 

28 Jul 2023

    "Янги Ўзбекистон" газетаси орқали эълон қилинган " Республика Маънавият ва маърифат маркази фаоллари ва бир гуруҳ маърифат тарғиботчиларнинг Ўзбекистон халқига Мурожаати билан танишиб чиқдим.

   Ушбу Мурожаат айни вақтда юборилган мурожаат деб ўйлайман. Ҳақиқатдан ҳам Аллоҳга минг шукрлар қилишимиз керакким тинч, осуда мамлакатда яшаяпмиз.

   Ёшларимизга билим олиши, турли мусобақа ва тадбирларда иштирок этиши учун имконият яратилиши билан бирга муносиб рағбатлантирилиб ҳам келинмокда.

   Лекин гуруч курмаксиз бўлмагани сингари айрим ота-оналаримизнинг эътиборсизлиги ёки бефарқлиги сабабли ёшлар орасидан осон пул топиш, бойликка эришиш мақсадида турли ноқонуний гуруҳларга қўшилиши ёки уқувсизликлари сабабли диний оқимларга кириб қолиш ҳолатлари ҳам учраб турибди. Ёшлар бизнинг келажагимиз.

   Қачонки ёшлар тарбиясига ота-оналар, маҳалла, кенг жамоатчилик ўзини масъул деб қараса, ҳар бир зиёли уларни ўз билими билан, юртимизда яратилаётган имкониятлар, жаннатмакон юртимиздаги ижобий ўзгаришлар ҳакида ва биз қандай инсонларнинг ворислари эканлигимизни улар онгига сингдирса, ёшларни ватанни севиш ва ватанпарвар бўлиш сингари туйғуларни улар юрагига жо қила олса, ўйлайманки ёшларимиз ватанига содиқ, уни келажаги учун ўзини масъулиятини ҳис қила олади.

   Ушбу ишларни амалга ошириш учун хар бир таълим муассасалари, маҳалла фаоллари ва кекса авлод вакиллари-нуронийларимизнинг мунтазам ёшлар билан учрашувларини ташкил этиб, уларга шундай фаровон кунларга етиб келгунга кадар юртимизда олиб борилган ислохотлар, бугунги кундаги имкониятлар ва хозирги кунда хам айрим давлатларда ёшларни оғир турмуш шароитлари ҳақида тушунчалар бериш лозим.

   Ҳар бир оила аъзолари орасида ўзаро меҳр-оқибат, фидоийлик ва жонкуярлик фазилатларини кучайтириш зарур.

   Шундагина биз кўзлаган мақсадимизга яна шахдам одимлар билан илдамлашимиз мумкин.

Учқудуқ туман Маьнавият тарғиботчилар гуруҳи раҳбари М.Камолова.

28 Jul 2023

     Республика Маънавият ва маърифат маркази фаоллари ва бир гуруҳ маърифат тарғиботчиларининг Ўзбекистон халқига мурожаатини ўқиб чиқар эканман беихтиёр Ўзбекистоннинг бир бўлаги, ҳам ёш сифатида, ҳам она сифатида атрофимга бир назар солдим.

   Бугун 30 ёшни қаршилаган, ахборот технологиялар ичидаги инсон бўлсамда, олдимда шиддат билан ривожланиб бораётган тармоқларнинг охирги йилларда ҳаддан зиёд тезлашганини, бунинг оқибати эса ўсиб келаётган ёш авлод онгига таҳдиднининг ҳам ошиб бораётганлигига эътибор қаратдим. Мурожаатда Ўзбекистон халқига ва келажагига беетибор бўлмаслик, фарзандларимиз ва ёш авлодни асрашга чорлов бўлсада, бунинг ортида ҳақли хавотирни ҳис қилиш мумкин. Ҳа ҳар бир ота-она борки фарзандини ёмон кўздан асрашга интилади, хўш нима учун биз фарзандимизни ёт ғоя ва қарашларга тўла уммонга отишимиз, кези келганда унга қўшилиб ўргимчак тўрига илинишимиз керак, нима учун фарзандларимизга эҳтиёткорликни кимдир эслатиши керак. Ватан ҳаммамизники, унинг келажаги, равнақи йўлида ҳамма зиёлилар, фаоллар, умуман жамиятнинг барча қатлами бирдек жон куйдириши керак назаримда, чунки бизнинг қонимизга сингиб кетган тушунчалар бор, "Боланинг бегонаси бўлмайди". 
    Ҳа Биз Ўзбекистоннинг келажаги бўладиган авлодни тарбиялаяпмиз, келинг бу йўлда бирлашайлик, ёшми қарими, қўлни қўлга бериб ўзимиз орзу қилган келажакни бирдамликда, ёт ғояга қарши тура оладиган, ҳар қандай ёт тушунчаларни ўзига сингдиришга йўл бермайдиган билими ва салоҳияти кенг бўлган ёш кучлар билан қурайлик. Зеро Ватан тақдири, барчамизнинг қўлимизда.

Феруза Яндашова "Учқудуқ" газетаси мухбири

28 Jul 2023

Бугун ижтимоий тармоқларнинг бирида “Очиқ бюджет портали. Шундай қилса ҳам бўларканми?” сарлавҳаси остида хабар тарқатилди.

Ушбу ҳолат юзасидан туман ҳокимлигида ишчи гуруҳ тузилиб, хабардаги ҳолат ўрганилмоқда.

Мазкур масала юзасидан қўшимча маълумот берилади.

УЧҚУДУҚ ТУМАН ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ.

28 Jul 2023

Murojaatnomani o‘qir ekanman, shu jamiyatning mas’ul farzandi sifatida o‘zimda kelajakka ishonch, ozgacha kuch va yangi loyihalar uchun ajoyib motivatsiya oldim, shu bilan bir qatorda ulkan mas’uliyatni ham his etdim.

Jamiyatda shukronalik darajasi tarbiya tizimiga, ma’naviy, ahloqiy tamiyillar barqarorligiga, ahloqiy birdamlik turmush tarzi yaxlitligiga ko‘p jihatlarga ko‘ra bog‘liqdir. Bugun dunyoda bo‘layotgan notinchliklar, iqtisodiy-siyosiy nizolar, noinsoniy xunrezliklar va millatlararo kelishmovchiliklarni yoki ba’zi mantaqalardagi xalqlarni bir burda nonga zor bo‘layotganlarini ko‘rib har bir inson O‘zbekistondagi tinch-osuda farovon hayot va to‘kin dasturxonimiz uchun Alloh taologa cheksiz shukrlar aytishimiz lozim bo‘ladi.

Shuningdek, O‘zbekiston xalqiga qilingan murojaatni mazmun mohiyatini bugun barchamiz hayotga tadbiq qilib, murojaatnomada ko‘rsatilgan fikr va mulohazalarga amal qilishimiz lozim deb o‘ylayman. Qachonki yoshlar tarbiyasiga ota-onalar, mahalla, keng jamoatchilik ozini mas’ul deb qarasa, har bir ziyoli ularni oz bilimi bilan, yurtimizda yaratilayotgan imkoniyatlar, jannatmakon yurtimizdagi ijobiy ozgarishlar haqida va biz qanday insonlarning vorislari ekanligimizni ular ongiga singdirsa, yoshlarni vatanni sevish va vatanparvar bolish singari tuygularni ular yuragiga jo qila olsa, oylaymanki yoshlarimiz vataniga sodiq, uni kelajagi uchun ozini mas’uliyatini his qila oladi.

Bu borada eskirgan, zerikarli va samarasiz usullardan voz kechib, har bir uchrashuv va muloqotni ta’sirchan, no’ananaviy va aniq natijaga xizmat qiladigan yangicha usullar asosida o`tkazish eng muhim vazifalardan biri deb e’tirof etilgani ayni haqiqat.

Murojaatnomada keltirilga fikr mulohazalar o‘rinli o‘z vaqtida aytilgan, shu bois Mamlakatimizning kelajagi boʻlmish yoshlarimizni har tomonlama yetuk, bilimli, salohiyatli shaxs, komil inson sifatida tarbiyalash masalasiga barchamiz mas’ul va javobgarmiz deb bilaman.

Novoiy viloyati Uchquduq tuman
ma’naviyat va ma’rifat bo‘linmasi
bosh mutaxassisi K.Axmatova

28 Jul 2023

    Аслини олганда, дўстга садоқат, бирдамлик каби эзгу туйғулар халқимиз орасида қадрият даражасига кўтарилган. Азал-азалдан ота-боболаримизнинг ўгитларида, мақол ва ҳикоятларда, шунингдек шоиру донишмандларимизнинг асарларида дўстлик туйғуси улуғланган, таъбир жоиз бўлса, бундай дунёқараш асрлар давомида қон-қонимизга сингиб кетган.

   Халқлар дўстлиги ва умумхалқ бирдамлик кунини байрам сифатида белгилашдан асосий мақсад – жамиятимизнинг турли қатламлари ҳамда тузилмалари ўртасида ҳамжиҳатлик, бағрикенглик, миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш ва дўстлик алоқаларини янада ривожлантиришдан иборат. Ҳозир мамлакатимизда 130 дан зиёд миллат ва элатлар ҳамда 16 та диний конфессия вакиллари истиқомат қилиб, 141 та миллий маданий марказ ва 36 та дўстлик жамияти фаолият юритмоқда.

   Шу жумладан Учқудуқ туманида ҳам 30 га яқин миллат ва элат вакиллари тинч-тотув, иноқликда умргузаронлик қилиб, Ватан равнақи халқ фаровонлигига муносиб улуш қўшмоқдалар.

    Сана муносабати билан Шимолий кон бошқармаси тасарруфидаги Идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш отряди томонидан “Тонг” ошхонасида байрам дастурхони безатилди. Унда бўлинмада меҳнат қилаётган турли миллатга мансуб опа-сингилларимиз иштирок этишди.

    Иштирокчилар турли миллат вакилларининг миллий либослари, миллий таомларидан иборат кўргазма билан яқиндан танишдилар. Миллатлараро тотувлик, диний бағрикенлик мавзуларида ўзаро фикр-мулоҳазалар билдирилиб, иш тажрибалари билан ўртоқлашдилар.
Ушбу тадбирда “Учқудуқ” маданият уйи хонандалари шунингдек, туман рус маданияти маркази жамоаси томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар барчага байрам кайфиятини улашди.
   Бугунги кунда бўлинмада Ринат Исанов, Проза Майдабекова, Деҳқон Ҳамроев, Рахила Боханова, Марина Королкова, Толиб Суюнов каби турли миллатлар вакиллари бир оила аъзоларидек, елкама-елка туриб хизмат қилишмоқда.

27 Jul 2023

Keyingi oylarda mamlakatimizda boʻlib oʻtgan ulkan siyosiy voqealar – Oʻzbekiston Respublikasining yangi tahrirdagi Konstitutsiyasining umumxalq referendumi orqali qabul qilingani va navbatdan tashqari Prezident saylovining muvaffaqiyatli oʻtkazilgani koʻpmillatli, mard va olijanob xalqimizning Yangi Oʻzbekistonni, Uchinchi Renessans poydevorini barpo etish yoʻlida naqadar yakdil, birdam va hamjihat ekanini yana bir bor yaqqol namoyon etdi.

Birlashgan xalq, birlashgan jamiyat oʻzining xohish-irodasi, bunyodkorlik salohiyati bilan qanday buyuk ishlarga qodir ekanini qadimiy va boy tariximiz davomida koʻp bor koʻrganmiz. “Elning kuchi – birlikda, elning baxti – tinchlikda”, deydi donishmand xalqimiz.

Darhaqiqat, birlashgan el oldida togʻlar ham bosh egadi. Birlashgan yurtning tinch, erkin va mustaqil hayoti hech qachon buzilmaydi. Birlashgan jamiyat har qanday toʻsiq va gʻovlardan, sinov va mashaqqatlardan yorugʻ yuz bilan oʻtadi, oʻz oldiga qoʻygan buyuk maqsadlarga albatta yetadi.

Yaratganga behisob shukurlar boʻlsinki, bugun bizning xalqimiz ham oʻz kuch va imkoniyatlariga ishonib, kelajakka dadil qarab, ulkan birlik va hamjihatlik ruhi bilan yashamoqda.

Bugungi kunda qanday notinch, murakkab va tahlikali zamonda yashayotganimizni albatta barchamiz yaxshi tushunamiz. Hayotning oʻzi ilgari tariximizda, taraqqiyot yoʻlimizda uchramagan muammo va vazifalarni oldimizga keskin qilib qoʻymoqda.

Hurmatli Prezidentimiz Shavkat Mirziyoyev taʼkidlaganidek, umumiy va mushtarak maqsadlar yoʻlida milliy jipslik, har bir ishni ilm, aql va maʼrifat bilan, xalq bilan kengashgan holda amalga oshirish, faqat va faqat oldinga qarab borish bugungi hayotimiz va faoliyatimizning kundalik qoidasiga aylanishi lozim.

Ayniqsa, yosh avlodimizni eng ilgʻor ilm va kasb-hunarlar bilan qurollantirib, zamon bilan hamnafas, vatanparvarlik va insonparvarlik ruhida, har tomonlama sogʻlom va barkamol etib tarbiyalash, uni turli yot va begona taʼsirlardan asrash birinchi galdagi vazifamizga aylanmoqda.

Global miqyosda inson qalbi va ongi uchun kurash tobora kuchayib, universal vositalar, ijtimoiy tarmoqlar, erkinlik niqobidagi axloqsizlikni targʻib etadigan, milliy va umuminsoniy qadriyatlarni yerga uradigan gʻoyaviy tahdidlar va axborot xurujlari kundan-kunga ortib borayotgan hozirgi vaqtda bu vazifalarni amalga oshirish naqadar qiyin ekani ham barchamizga ayon, deb oʻylaymiz. Afsuski, ekstremizm, radikalizm, axloqsizlik, korrupsiya, jinoyatchilik kabi jirkanch illatlar hali suyagi qotmagan, hayot yoʻlini aniq belgilab olmagan, zararli taʼsirlarga beriluvchan, maʼnaviy-mafkuraviy immuniteti boʻsh yoshlarimizni toʻgʻri yoʻldan chalgʻitishga urinmoqda. El-yurtimiz ravnaqi va farovonligini taʼminlash uchun amalga oshirilayotgan xalqchil islohotlarni atayin obroʻsizlantirishga, ularning maqsadi va mohiyatini notoʻgʻri talqin etishga, oilaviy qadriyatlarni oyoq osti qilgan holda, jaholat, maʼnaviy tubanlik, yovuzlik, johillik koʻrinishlarini keng targʻib etib, moʻmay daromad olishga intilayotgan kimsalar ham oramizda yoʻq emas. Bu esa xalqimizni tashvishlantirib, uning haqli eʼtirozlariga sabab boʻlmoqda.

Ana shunday holatlarning tahlili va ularni bartaraf etish boʻyicha oldimizda turgan dolzarb vazifalardan kelib chiqqan holda, biz – Respublika Maʼnaviyat va maʼrifat markazi faollari va bir guruh targʻibotchilar mamlakatimizdagi barcha ota-onalar, ziyolilar, mahalla, xotin-qizlar va yoshlar faollariga, muhtaram nuroniylarimizga, butun xalqimizga murojaat etishga qaror qildik.

Muhtaram ota-onalar!

Oila – jamiyatning eng asosiy va tayanch boʻgʻini. Aynan muqaddas oila qoʻrgʻoni bizga eng ulugʻ orzu-niyatlarimizni amalga oshirish imkonini beradi. Chinakam insoniy tuygʻu va fazilatlar, avvalo, oila bagʻrida kamol topadi. Shu bois, oila institutini asrash va mustahkamlash barchamizning buyuk insoniy burchimizdir.

Bugungi kunda hayotimizda sodir boʻlayotgan baʼzi salbiy va nomaʼqul holatlarning asl ildizi qayerda? Avvalo, oiladagi tarbiyada xatoga yoʻl qoʻyilgani, azaliy qadriyatlarimiz taʼsiri susaygani natijasi emasmi bu?

Zero, mamlakatimizning ertangi taqdiri va kelajagi uchun masʼul boʻladigan jondan aziz oʻgʻil-qizlarimizning tarbiyasi uchun barchamiz javobgarmiz. Chunki millat bolalarining begonasi boʻlmaydi. Tarbiya masalasida beparvo boʻlib, bir chekkada qoʻl qovushtirib turish, bu – Vatanga, kelajakka xiyonatdir.

Shu maʼnoda, ulugʻ maʼrifatparvar bobomiz Abdurauf Fitratning “Har bir millatning saodati va izzati albatta shu xalqning maʼnaviy-ruhiy qudrati, ichki intizomi, totuvligiga bogʻliq. Qayerda oila munosbati kuchli intizomga tayansa, mamlakat va millat ham shuncha kuchli va muazzam boʻladi” degan soʻzlari hozirgi kunimiz uchun ham gʻoyat dolzarb ahamiyatga egadir.

Hech qachon unutmaylik, farzandlarimizning ertaga kim boʻlib yetishi bugun ularga oilada qanday tarbiya berayotganimiz, ularning qalbini, ongini nima bilan toʻldirayotganimizga bogʻliq. Agar oʻgʻil-qizlarimizni hozirdan boshlab ilmga, hunarga, mehnatga, odob va madaniyatga oʻrgatsak, ularning koʻngliga ona yurtga muhabbat va sadoqat hissini, yuksak insoniy tuygʻularni singdirsak, avlodlar kelajagi baxtli boʻlishiga mustahkam poydevor qurgan boʻlamiz. Mabodo beparvolik bilan ularning tarbiyasini oʻz holiga tashlab qoʻysak, qalbini, ongini mobil aloqa va Internet vositalaridagi turli zararli va boʻlmagʻur “virus”larga yem qilib bersak, kelajagimizni, farzandlarimiz hayotini oʻz qoʻlimiz bilan barbod qilgan boʻlamiz.

Farzandlarimiz nimalar bilan shugʻullanayotganiga, kimlar bilan doʻst boʻlib, muloqot qilayotganiga hech qachon befarq qaramaylik. Qanchalik qiyin boʻlsa ham, ularning ijtimoiy tarmoqlarda nimalar bilan shugʻullanayotganini kuzatib boraylik, ushbu makon ular uchun halokat emas, saodat manbai boʻlib xizmat qilishi uchun zarur choralarni izlab topaylik. Inson oʻz bolasining baxti, kelajagi uchun nimalar qilmaydi? Lekin faqat taqiqlash, jazolash bilan emas, taʼsirchan tarbiya usullari, aql va bilim bilan, bogʻcha, maktab, oliygoh, mahalla jamoatchiligi, huquq-tartibot idoralari xodimlari, diniy ulamolar bilan birgalikda ish olib borsak, albatta ijobiy natija boʻladi.

Farzandlarimizni mehnatga, ilmga, hunarga oʻrgatish, ularni oʻzaro yordam, hashar, saxovat va muruvvat kabi qadriyatlarimiz ruhida tarbiyalash, atrof-muhitni muhofaza qilish, ona tabiatni sevish va asrash, uni kelajak avlodlarga bezavol yetkazish ota-ona sifatida barchamizning burchimiz ekanini unutmaylik!

Davlatimiz rahbari taʼkidlaganidek, “Tarbiyada tanaffus boʻlmaydi”. Yuksak maʼnaviy kamolotga uzluksiz taʼlim va tarbiya uygʻunligi orqali erishiladi. Oiladagi tarbiya, jamiyatdagi yurish-turish, muomala madaniyati, salomlashish va kiyinish odobi, insoniy fazilatlarni namoyon etishda farzandlarimizga avvalo, oʻzimiz oʻrnak boʻlaylik.

Farzandlarimizda, ayniqsa, bolaligidan boshlab kitobga mehr uygʻotish oʻta muhimdir. Buning uchun xonadonlarimizda moʻjaz kutubxonalar tashkil etib, ular bilan birga kino va teatrlarga, muzeylarga, qadimiy shaharlarimiz boʻylab sayohatlarga borib farzandlarimiz qalbiga ezgu hislarni singdiraylik. Oʻgʻil-qizlar bilan samimiy, doʻstona suhbatlashib, qiziqish va intilishlarini rivojlantirishga, maʼnaviy va ruhiy olamini shakllantirishga eʼtibor beraylik. Bugun farzandlarimizga ajratgan vaqtimiz, mehrimiz va eʼtiborimiz ertaga oilamiz va jamiyatimizga hech narsa bilan oʻlchab, baholab boʻlmaydigan insoniy resurs va kapital boʻlib qaytadi.

Qadrli ziyolilar, hurmatli ustozlar!

Sizlar – jamiyatning eng ilgʻor, bilimli va maʼrifatli qatlamini tashkil etasiz.

Sizlar Vatan va xalq oldidagi fuqarolik burchingiz va vazifangizni boshqalardan koʻra chuqurroq anglab, oʻz ilm va tafakkuringiz, madaniyatingiz, maʼnaviy-ruhiy saviyangiz bilan millionlab yurtdoshlarimizga oʻrnak boʻlasiz.

Shu bois, sizlarning soʻzingiz odamlar qalbiga tezroq yetib boradi, ibratli ishlaringiz el-yurt oʻrtasida namuna boʻladi.

Yangi Oʻzbekistonda yangi madaniy va maʼnaviy makon yaratish, xalqimiz, ayniqsa, yosh avlodimiz ongini, dunyoqarashini islohotlarimiz jarayonida ilgari surilayotgan zamonaviy gʻoyalar asosida shakllantirishda sizlarning oʻrningiz va taʼsiringiz beqiyosdir.

El-yurtimiz sizlardan bugungi davrning butun qarama-qarshilik va ziddiyatlari, ularni hal etish yoʻllari haqqoniy ochib berilgan, zamondoshlarimizning maʼnaviy-ruhiy qiyofasi taʼsirchan aks ettirilgan ilmiy va badiiy asarlar, musiqiy, tasviriy polotnolar, zamonaviy innovatsion gʻoyalar, pedagogik texnologiyalarni hayotga joriy etish boʻyicha amaliy-metodik ishlanmalar yaratishingizni kutmoqda.

Hozirgi vaqtda mediamakonda madaniyatsizlik, axloqsizlik koʻrinishlari bilib-bilmay targʻib etilayotgan bir paytda ularga qarshi barchamiz birlashaylik, xalqimizga bunday maʼnaviy tahdidlar ortida qanday gʻarazli maqsadlar yashiringani, ular qanday ogʻir va achchiq oqibatlarga olib kelishini tushuntiraylik.

“Demokratiya”, “fikr erkinligi”, “ochiqlik” tamoyillarini niqob qilib, xalqimiz ming yillar davomida koʻz qorachigʻidek asrab kelgan qadriyatlarimizni buzishga, hayotimizni ichidan qoʻporishga aslo yoʻl qoʻymaylik.

Ziyolilar davlat va xalq oʻrtasidagi munosabatlarni yanada mustahkamlashda oʻziga xos koʻprikdir. Olib borayotgan targʻibot ishlarimiz yurtdoshlarimiz, avvalo, yoshlarimizda yuksak vatanparvarlik, milliy birlik, gʻurur va iftixor tuygʻularini uygʻotishga yanada samarali xizmat qilsin.

Bu borada eskirgan, zerikarli va samarasiz usullardan voz kechib, har bir uchrashuv va muloqotni taʼsirchan, noanʼanaviy va aniq natijaga xizmat qiladigan yangicha usullar asosida oʻtkazishga harakat qilaylik!

Xalqaro Internet tarmogʻi orqali tarqatilayotgan buzgʻunchi gʻoyalargʻarazli axborotlar, hayotimiz ziynati boʻlgan odob-axloqimiz, maʼnaviyatimizga salbiy taʼsir koʻrsatadigan buzgʻunchi aksiyalar, yoshlarni zalolatga boshlaydigan jirkanch tasvir va media mahsulotlar mohiyatini keskin fosh etib, oqni – oq, qorani – qora, deb, asl haqiqatning kuchini el-yurtimizga biz koʻrsatmasak, oʻzingiz ayting, kim koʻrsatadi?!

Biz shu yoʻlda barchangizni yanada faol boʻlishga chaqiramiz. Hech qachon unutmaylik, maʼnaviy kurashlar sohasida ham faqat va faqat buyuk azmu shijoat bilan dadil harakat qilgan, oldinga qarab borgan jamiyatgina maqsadiga yetadi.

Hurmatli tadbirkor va ishbilarmonlar!

Tadbirkorlar hamisha, hamma zamonlarda bunyodkor, yaratuvchi, saxovatpesha kuch boʻlish bilan birga, maʼnaviyat, madaniyat maydoni pahlavonlari sifatida ham faoliyat koʻrsatganlar. Arzimagan, oʻtkinchi, shaxsiy foydasinigina koʻzlab, millatining maʼnaviy ildizlariga bolta uradigan maxsulotlarni hech qachon yurtimizga keltirmaganlar. Tijorat bobida harom-xarish yoʻllardan yurmaganlar, oʻzgalarning haqiga aslo xiyonat qilmaganlar. Har bir ishni insof, diyonat, halollik, rozi-rizolik asosida olib borganlar. Bugun biz sizning timsolingizda ana shunday vijdoni pok, Vataniga, xalqiga sodiq Yangi Oʻzbekiston bunyodkorlarini koʻramiz.

Xalqimiz doimo izlanib, yangilikka intilib yashaydigan jonkuyar tadbirkorlarni oʻz ishiga fidoyi va vatanparvar insonlar deb biladi va qadrlaydi.

Bugungi kunda hayotimizda “tadbirkor maʼnaviyati” degan tushuncha paydo boʻlmoqda. Aynan maʼnaviyat mezonlariga amal qilgan tadbirkorlarimiz el-yurtimizning ezgu duolariga sazovor boʻlmoqda.

Ishonchimiz komil, sizlar xalqimizning ana shunday yuksak bahosiga doimo munosib boʻlib, jamiyatimiz hayotiga yangi maʼnaviy nafas olib kirasiz, azaldan poklik, insof va diyonat tamoyillariga asoslangan oʻzbek savdogarlari, tijorat ahli anʼanalarini munosib davom ettirib, yanada yuksak bosqichga koʻtarasiz.

Muhtaram mahalla faollari!

Mahalla qadim-qadimdan tinchlik va osoyishtalik, ahillik va hamjihatlik, maʼrifat va tarbiya maskani boʻlib kelgan. U biz uchun Vatan ichra kichik Vatandir!

Bugungi kunda mahalla odamlar oʻrtasida mehr-oqibat bardavomligini taʼminlaydigan, milliy qadriyatlarimizni mustahkamlaydigan noyob tuzilmaga, chinakam xalq vijdoniga aylanib borayotgani albatta barchamizni quvontiradi.

Ayni paytda bugungi shiddatli zamon mahalla tizimi oldiga ham dolzarb vazifalarni qoʻymoqda. Ana shunday murakkab sharoitda ezgu qadriyatlarimiz asosida yanada birlashib, mahallalarimizni turli illatlar, maʼnaviy tahdidlardan xoli ulugʻ fazilatlar makoniga aylantiraylik.

Bugun har bir mahallada maʼnaviy-maʼrifiy, tarbiyaviy ishlarga masʼul shaxslar belgilangan. Bu borada kamarbasta boʻlayotgan nuroniy otaxon va onaxonlarimiz safi tobora kengayib bormoqda. Ularning hayotiy bilim va tajribasi, oltinga teng oʻgitlari, yuksak ijtimoiy nufuzidan oilaviy qadriyatlarni mustahkamlashda keng foydalanaylik.

Xalqimiz donishmandligining yuksak namunasi boʻlgan “Bir bolaga yetti mahalla – ota-ona” degan naqlga tayangan holda, mahalladagi har bir bolaning tarbiyasi uchun oʻzimizni masʼul deb bilaylik!

Aziz yoshlarimiz!

El-yurtimiz yangi Oʻzbekistonni va Uchinchi Renessans poydevorini barpo etishda butun xalqimiz qatori sizlarga tayanadi.

Muhtaram Prezidentimiz tomonidan yaratib berilayotgan qulay sharoit va imkoniyatlardan unumli foydalaning.

Mamlakatimiz kelajagi sizlarning qoʻlingizda. Yangi Oʻzbekistonni kelgusida aynan sizlar dunyoga tanitasiz. Bunga doimo munosib boʻling!

Yoshlikka xos qatʼiyat, gʻayrat va shijoat, joʻshqinlik va mardlikni, hushyorlik va tadbirkorlik, ezgu orzu-intilishlarni amaliy harakatga aylantirib, salmoqli natijalarga erishish uchun oʻz oldingizga aniq maqsadlar qoʻyib yashashdan aslo charchamang.

Vatanni sevish, xalqimizga sadoqat bilan xizmat qilishda Jaloliddin Manguberdi, Amir Temur, Zahiriddin Muhammad Bobur, maʼrifatparvar jadid bobolarimizning shonli anʼanalarini ardoqlab, ularni munosib davom ettiring.

Taʼlim-tarbiya, kichik biznes va xususiy tadbirkorlikni oʻrganishda, zamonaviy kasb-hunarlarraqamli iqtisodiyot koʻnikmalarini puxta egallashda, jahon maydonidagi raqobatda xorijdagi tengdoshlaringizdan aslo kam emasligingizni amalda isbotlang. Siz bunga har tomonlama qodirsiz.

Buzgʻunchi gʻoyalar, vayronkor mafkuralar tuzogʻidan doimo ogoh boʻling!

Hech qachon unutmang, Siz – xalqimiz umid va ishonch bilan koʻz tikkan kelajak bunyodkorlarisiz.

Aziz vatandoshlar! Bugungi kunda xalqimizni buyuk maqsadlar sari dadil boshlab borayotgan azmu shijoatli Prezidentimiz atrofida, muqaddas Vatanimiz bayrogʻi ostida qudratli xalq boʻlib yanada jipslashaylik. Birgalikda ulkan marralarni zabt etaylik. Maʼrifatli va farovon jamiyat qurishdek ulugʻ maqsad yoʻlida aslo charchamaylik. Yangi Oʻzbekistonni barpo etish har birimizning muqaddas maqsadimizga aylansin!

27 Jul 2023

    Ҳуқуқингизни биласизми

     Штат қисқариши натижасида ходимлар ишдан бўшатилганда малакаси ва меҳнат унумдорлиги юқорироқ ходимлар ишда қолдирилади.
Малакаси ва меҳнат унумдорлиги бир хил бўлганда қуйидагиларга афзаллик берилади: 
қарамоғида 2 ёки ундан кўп киши бўлган ходимларга;
оиласида мустақил иш ҳақи олувчи бошқа ходим мавжуд бўлмаганларга;
шу иш берувчида узоқ муддат иш стажига эга бўлганларга;
малакасини ошираётган ходимларга ҳамда ўқишни тамомлаган шахсларга;
ушбу ташкилотда меҳнатда майиб бўлган ёки касб касаллигига учраган шахсларга;
ногиронлиги бўлган шахсларга;
        1941 – 1945 йиллардаги уруш қатнашчиларига ва имтиёзлар бўйича уларга тенглаштирилган шахсларга;
меҳнатдаги ютуқлари учун рағбатлантиришларга эга ва интизомий жазоларга эга бўлмаган ходимларга;
атом объектларидаги авариялар оқибатида зарар кўрган шахсларга.

Феруза УМУРОВА,
туман адлия бўлими юридик хизмат кўрсатиш маркази бош юрисконсулти.

27 Jul 2023

   Ўшанда қиш эди. Декабрнинг бир сиқим куни тутқич бермай,  ўтиб кетадиган кунлар. Бўзрайган булутлар, изғирин, совуқ шамол кайфиятни эзади....

  Ишхонадан чиққанимда шомдан ўтган, атроф ғира-шира қоронғиликка чўмган эди. Изғирин одамнинг юз-кўзига  совуқ шамолини пуркайди.  Қоронғиликданми, ҳорғинликданми жуда дилгир эдим. Бир мен эмас бутун шаҳар одамларини шундай кайфият қамраб олгандек назаримда. Устига-устак ўзим каби асабий, ўзим каби ҳорғин одамлар қатори бекатда бир қанча вақт қолиб кетдим. Юрагим сиқилгандан сиқила бошлади.

Ниҳоят автобусим келди. Шошиб чиқарканман бир аёлнинг қувончдан порлаб турган  нигоҳига кўзим тушди. Юзидаги табассуми атрофга гўё офтобдек нур сочарди. Унинг рўпарасидаги ўриндиқда ўтирган йигит мени кўриши билан шошиб ўрнидан турди. Чарчаб турганим учунми, кўнглим кўтарилди. Йигитни дуо қилиб ўриндиққа жойлашарканман,  унинг нигоҳларида ҳам ўзгача бир бахтиёрлик чақнаб турганини илғадим. Димоғимга атиргулнинг нафис ифори урилди. Шундагина  рўпарамдаги аёл бир даста қип-қизил Голландия атиргулини кўтариб олганини кўрдим.  Декабрнинг мана шу изиллаган изғирин кунида қип-қизил атиргуллар кўзимга ўтдек кўринди.

Гулдастанинг арзон эмаслиги атрофдагиларнинг эътиборини тортган, бошқа йўловчилар ҳам мен каби гул кўтарган аёлни синчиклаб кузатишаётган эди. Охори тўкилган, урфдан қолган пальтоси, ювилаверганидан туклари тўкилиб кетган жун рўмоли, оёғидаги ранги униққан  этиги аёлнинг ўзига тўқ хонадонинг эрка бекаси эмаслигини “сотиб қўяётган”, қимматбаҳо атиргул эса унинг қўлига тасодифан тушиб қолгандек таассурот уйғотарди. Аёл эса бебаҳо бир неъматга эга бўлгандек,  дағаллашган, тарам-тарам ажин босган қўллари билан атиргулни авайлабгина ушлашга уринарди.

  Чиптачининг жарангдор товуши ҳаёлимни бўлди.

– Уч кишига, – деди менга жой берган йигитча унга пул узатаркан гул кўтарган аёлга ва унинг ёнида қунишибган турган 15 ёшлардаги қизга ишора қилиб.

Аёл йигитчага меҳр ва виқор билан қараб қўяркан, юз-кўзида ғурурланиш  ифодаси балқиди. Табассуми жуда чиройли экан. Қовоқлари остининг бироз кўкариб, керкиб турганидан  ичида бир дарди борлигини ҳам билиш қийин эмас. Одатда оғир меҳнат қиладиган,  кўп йиғлайдиган ва буйрагини шамоллатиб олган аёлларда шундай белгилар бўлади. Бироқ аёл ўтган кунларининг қийинчиликларини ўйламаётганди. Шундай қаҳратонда бир даста атиргулга эгалик қувончи  унинг барча заҳматларини хотирасидан сидириб юборгандек эди шу тобда. Қувончдан порлаб турган кўзлари шодликларини ҳаммага баралла айтгиси келаётганини ошкор этарди. Уни саволга тутгим, гапиртиргим келди:

– Гулингиз жуда чиройли экан.

У ёнимиздаги йигитчага ишора қилиб, ўзгача ғурур билан:

– Ўғлим қўярда-қўймай олиб берди-да, – деди.

– Туғилган кунингизми?

– Йўқ, болам биринчи маошини олган кун!

Аёл бу гапни шу қадар ғурур, шу қадар шукроналик билан айтдики,  мен ва атрофда яна уч-тўрт киши  йигитчага меҳр билан кўз ташладик.  18-19 ёшлар атрофида, озғингина бўлса-да, чайир кўринади. Эгнида анчайин эски куртка, совуқ бўлишига қарамай оёғига оқ иплари қорайиб, устки чокларининг у ер бу ери сўтилиб кетган крассовка кийиб олибди. Беихтёр қўлларига назар ташладим,  териси дағаллашиб, тарам-тарам бўлиб турибди. “Ҳа, осон эмас шекилли унинг иши ҳам”, деган ўй ўтди ҳаёлимдан.

– Устага шогирд тушди, қурилишда ишлашади, – деди аёл фикримни уққандек. –  Устаси илгариям беш-олти юз минг сўм бериб турарди, ўтган ойдан яхши маош тайинлади.

– Баракасини берсин. Онасини суюнтирай дебдида, а?

– Нимасини айтасиз, шулар учун яшаб юрибманда, бўлмаса бу дунёнинг дардлари ўмганингизни эзиб ташлаши ҳеч гапмас. Бир ўзимнинг топганим еб-ичишдан ортмасди. Бу ёқда газ, ток дегандек... Яхшиям болаларим қиммат кийим-кечак, телефон-пелефон деб хархаша қиладиганлардан эмас. Дуч келган ишни қилдим. Идиш-товоқ ҳам ювдим, бозорда кўкат-қатиқ ҳам сотдим, бировларнинг ота-онасига тувак ҳам тутдим...

Ҳалидан бери жимгина кетаётган қиз онасини секин туртиб қўйди. Унинг нигоҳларида: “Дуч келган одамга дардингизни дастурхон қилаверасизми”, деган иддао бор эди. Аёл хижолатли жилмайди.

– Тирикчиликнинг айби йўқ, энг муҳими болаларга ҳалол едириб-ичирганингиз кўриниб турибди, иккаласи ҳам бир-биридан ақлли бўлиб ўсишибди, барака топишсин,  – дедим.

– Ҳа, сабрнинг таги роҳат деганлари рост экан, мана яхши кунларгаям етдик, – аёл аввал қўлидаги гулларга, кейин ўғлига меҳр билан қараб қўйди. – Болам, “биринчи маошимни олсам сизни бир айлантираман, деган ниятим бор эди”, деб қўярда қўймай кўчага олиб чиқди. Шаҳар айландик, синглисига куртка олиб берди.  Яхши кафега олиб кирди...

Ҳалидан бери эътибор қилмаган эканман,  янги курткаси бироз униққан шими ва этигига унчалик мос тушмаган бўлса-да, қизга ярашиб турарди. Шу пайт унинг телефони жиринглаб қолди.

– Алло дада, ассолому алайкум, – деди ва онасига қараб афтини буриштириб, пичирлади: – яна ичволибдилар.

Йигитча синглисидан телефонни олди-да,

– Дада, кўчадамиз, боряпмиз, – деди қатъиятли овозда. 

Аёлнинг юзига бир муддат мунг чўкди. Ажинлари чуқурлашиб кетди.

– Яхши кунимиз ҳам расво бўлди, – деди қиз норози оҳангда.

– Унақа демагин болам, дадангниям ичи тўла дард. Иш топомаётганидан сиқилиб қоляпти... Мана кўрасан, аканг дадангга суянчиқ бўп турса ҳали ҳаммаси яхши бўлади, – деди аёл.

Бу гапни эшитиб қиз акасига меҳр билан қараб қўйди. Мен эса бекатимга яқинлашаётган эдим. Йиллар давомида “биринчи маошимдан онамни бир суюнтираман”, деган ниятни кўнглига тугиб улғайган,  ўзи йиртиқ крассовкада  юрган бўлса-да, онасига бир даста атиргул, синглисига  янги куртка олиб берган,  ширин таомлар билан сийлаб уларга энг бахтиёр кунни ҳадя қилган йигитнинг елкасига қоқиб қўйгим, ҳамма йигитлар сенга ўхшасин болам, дегим келди. Бироқ айтолмадим. Нега дейсизми, одатда  ўз уйининг устунига айланганида йигитлар қатъийлашади, салобатли бўлиб қолишади.  Ҳали суяги қотмай туриб онаси ва синглисининг суянчиғига айланган бу йигитда ҳам ана шу салобатни кўрдим.

Гул кўтарган аёлга нисбатан кўнглимда бир эҳтиром уйғонди. Турмушнинг барча қийинчиликларига сабр қила-қила бу аёл  ўғлининг назарида дунёдаги энг қаҳрамон онага айланган ва ўғлини ҳам синглисининг қаҳрамонига  айлантира олган эди. Унинг қувончи тафти қалбимга кўчдими, автобусдан тушганимда декабрнинг изғирини ҳам, атрофни қоплаган зим-зиё тун ҳам кўзимга  чиройли кўрина бошлаганди.

Ҳамрохон Мусулмонова

 

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: