Азиз тумандошлар!
Халқимиз азал-азалдан Рамазонни интиқиб кутади. Бу ой учун ҳам руҳан, ҳам маънан катта тадориклар кўрамиз. Шукроналик ойида дуолар, эзгу ниятлар, тилаклар, катта режалар қилиб, ишларимизга ривож тилаймиз.
Дарҳақиқат, Рамазон ойи сабр-бардош, саховат, ибодат, меҳр-оқибат, эзгулик ойи бўлиб, бу кунлардаги умумбашарий ва миллий қадриятларимиз даражасига кўтарилган муносабатлар йил ўн икки ойда ўз аксини бериб туради.
Фурсатдан фойдаланиб, барчангизни жонажон юртимиздаги улуғ айём – Рамазон ҳайити билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.
Бу қутлуғ байрамда барчамиз аввало шундай файзли ва барокатли кунларга етказгани учун Яратганга чексиз шукроналар айтамиз.
Ҳурматли Президентимизнинг “Рамазони шариф эзгулик, хайру саховат ва меҳр-оқибат ойи сифатида эл-юртимизнинг ижтимоий-маънавий ҳаётида азал-азалдан алоҳида ўрин эгаллаб келади”, деган пурмаъно сўзлари муқаддас айёмга берилган энг юксак баҳодир.
Гўзал диёримизда муборак Рамазон шукуҳи кезиб юрган шу кунларда байрам кайфияти чекка ҳудудларга кириб бориши, бу айёмни янада мазмунли ўтказиш учун шароит яратиш мақсадида 13-16 май кунлари мамлакатимизда 4 кунлик дам олиш куни эълон қилинди.
Айни қутлуғ кунларда Рамазон ҳайити муносабати билан буюк алломалар, азиз-авлиёларимизнинг қадамжоларини обод этишга алоҳида эътибор қаратаяпмиз.
Хусусан, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби, туманимизда ҳам фазилатли айём муносабати билан кўчалар, маҳалла гузарлари, зиёратгоҳлар, қабристон ва масжидларда кенг кўламли ободонлаштириш ишлари амалга оширилди.
Буюк бобомиз Имом Бухорийнинг ҳадисларида: “Чинакам мусулмон ўзига раво кўрган барча яхшиликларни бошқа инсонларга ҳам раво кўради”, дея эътироф этилган.
Шундан келиб чиқиб, ижтимоий ҳимояга муҳтож, эҳтиёжмандлар ҳолидан хабар олиниб, шу кунларда халқимизга хос бўлган саховатпешалик, инсонийлик, шукроналик фазилатлари яна бир бор ёрқин намоён бўлмоқда.
Ҳурматли учқудуқликлар!
Юртимиз – илм-фаннинг ўчоғи, алломалар Ватанидир. Илму маърифатга бўлган иштиёқ азалдан халқимизнинг қонига сингиб кетган. Буюк бобокалонларимиз ўзларининг юксак ақл салоҳиятлари билан дунё тамаддунига ўз ҳиссаларини қўшганлар.
Буюк тасаввуф, тариқат илмининг асосчилари Абдуҳолиқ Ғиждувоний, Хожа Ориф Ревгарий, Фағнавий, Бобо Саммосий, Саид Миркулол, Баҳоуддин Нақшбандийдек зотлар: “Дилба ёру – дастба кор!” яъни “Қўлинг меҳнатда – қалбинг Аллоҳни зикрида” машғул бўлсин дея таъкидлаганлар.
Бундан ташқари, муҳаддислар султони Имом Бухорийнинг ибратли ҳаёт йўллари илм олиш учун узоқ масофалар аҳамиятсизлигидан дарак беради. Имом Термизийдек даҳонинг қат-қат тўпламлари билим олишда арзимас нарсанинг ўзи йўқлигини кўрсатади. Ибн Сино сингари қомусий олимнинг асарлари эса илм сарҳадсиз уммон эканлигини, унда бетиним сузмоқ мумкинлигини ўргатади.
Бугунги ёшларимизга ана шу илмлар уммонида сузиб, ундан керагича олиб, касб-ҳунар эгаллашлари тараққиёт сари одимлашлари ўз қўлларида эканликларини уқтирайлик. Биз бўлиб, сиз бўлиб ёшларга ҳар томонлама намуна бўлайлик!
Зеро, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Илм талаб қилиш ҳар бир муслим учун фарздир», дея марҳамат қилганлар. Бешикдан то қабргача илм эгаллашга интилиш мўмин кишининг ҳаёт тарзи бўлиши керак.
Шунинг бир бир қаторда инсон камолотида ёшларнинг ҳаётда ўз ўрнини топишида у эгаллаган касб ёки ҳунарнинг ўрни, чиндан ҳам беқиёс. Ҳунар нафақат яхши даромад, тўкин ҳаёт беради, балки ҳунарли одам ён-атрофидагиларнинг мушкулини осон қилиш билан уларга ёрдами тегиб савобга дохил бўлади.
Бежизга доно халқимиз: “Ҳунар, ҳунардан унар!” дейишмаган. Ён-атрофга назар солсангиз, ҳунарли, касбу-корли кишининг тўкин, фаровон турмуш кечираётганига гувоҳ бўласиз. Дипломли бир кунда ойлик маош олиб, бир ой эҳтиёжига сарфласа, ҳунарманд ўттиз кун бирдай даромад кўради.
Шундай экан ёшларимизни, фарзандларимизни, набираларимизни илм олиш билан бирга бирор бир ҳунарни ўрганишларига ҳам эътиборли бўлайлик!
Қадрли тумандошлар!
Сизларни муқаддас айём Рамазон ҳайити билан самимий қутлаган ҳолда барчангизга мустаҳкам сиҳат-саломатлик, оилавий бахт, тинчлик ва хотиржамлик тилайман!
Муқаддас ойда қилинган ибодатлар ижобат бўлсин. Ҳар бир хонадондан аҳиллик файзу-барака аримасин! Жонажон Ватанимизни Яратган ҳамиша ўз паноҳида асрасин!
Барчангизга муқаддас айём – Рамазон ҳайити муборак бўлсин!