Шавкат Мирзиёев Рамазон ҳайити муносабати билан 100 нафар маҳкумни афв этди. Бу ҳақда Дин ишлари бўйича қўмита ахборот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, aфв этилганларнинг 12 нафарини чет эл фуқаролари, 4 нафарини 60 ёшдан ошган эркаклар, 6 нафарини аёл ҳамда 52 нафарини тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашган шахслар ташкил этади.
Президент Рамазон ҳайитини нишонлаш арафасида халқимизга хос меҳр-оқибат, эзгулик, хайр-саховат каби олижаноб фазилатларнинг ёрқин ифодаси сифатида «Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида»ги фармонни имзолаган.
Фармонга мувофиқ, Конституциянинг 93-моддаси 23-бандига асосан жазо муддатини ўтаётган ҳамда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 100 нафар фуқаролар афв этилган.
Афв этилган шахсларнинг 3 нафари асосий жазодан тўлиқ озод этилди, 43 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди, 10 нафарининг озодликдан маҳрум этиш жазоси енгилроқ жазо билан алмаштирилди. Шунингдек, 44 нафар шахсга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилган.
Афв этилганларнинг 12 нафарини чет эл фуқаролари, 4 нафарини 60 ёшдан ошган эркаклар, 6 нафарини аёл ҳамда 52 нафарини тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашган шахслар ташкил этади.
Фармон ижроси юзасидан афв этилган шахсларни оиласи ва яқинлари бағрига қайтариш, ижтимоий ҳаётга мослашиб, фойдали меҳнат билан шуғулланишлари, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб, жамиятда муносиб ўрин топишлари учун уларга кўмак бериш бўйича масъул вазирлик ва идораларга тегишли топшириқлар берилди.