Инсон табиати янгиликка ташна. У хоҳ фойдали, хоҳ зарарли янгилик бўлсин, уни ўз ҳаётида, албатта, қўллаб кўргиси келади. Глобаллашув шиддати онг-қалбимиз ва ҳаётимизда шундай ўзгаришлар содир этмоқдаки, ундаги фойдали жиҳатлардан кўра, зарарлилари тез орада ўз акс таъсирини кўрсатмоқда.
Бугун ҳар бир ёшу қари чекиш – бу зарарли одат эканлиги, саломатликка салбий таъсир кўрсатишини билади.
Замонавий тиббий тадқиқотлар туфайли олимлар никотинни кам дозада истеъмол қилиш ҳолатида ҳам қуйидаги нуқсонларни келтириб чиқаришини исботлашди:
Ўпка ва бошқа органлар саратони пайдо бўлиши хавфини оширади;
Ҳам эркаклар ва ҳам аёлларда репродуктив функцияларни бузади;
Умумий саломатликни ёмонлаштиради;
Иммунитетни заифлаштиради;
Қон томирларини торайтириши оқибатида, юрак-қон томир тизими касалликларини келтириб чиқаради.
Энг даҳшатлиси, чекиш – бу мақсадли равишда орттирилган одат ҳисобланади. Инсон организми чекиш учун яратилмаган. Биринчи марта тамаки чекишда организм йўтал кўринишида унга қаршилик кўрсатмоқчи бўлади. Аммо, биз барибир, бу зарарли наркотикни ичимизга тортишга ҳаракат қилаверамиз.
БМТ маълумотларига кўра, дунёда кашандалик оқибатида ҳар йили 5,4 миллион, ҳар 6 сонияда 1 киши ҳаётдан кўз юмади. Мутахассисларнинг фикрича, зудлик билан зарур чоралар кўрилмаса, 2030 йилга бориб кашандалик ҳар йили 8 миллион кишининг ҳаётдан бевақт кўз юмишига сабаб бўлади. Дунёда чекувчилар сони бўйича биринчи ўринда Хитой, кейин Ҳиндистон ва Индонезия туради. Чекиш оқибатида келиб чиқадиган йиллик иқтисодий зарар 200 миллиард АҚШ долларидан ошиб кетмоқда.
31 май – Бутун жахонда чекишга қарши кураш куни Инсоннинг замонавий ҳаёт тарзида чекиш кўпгина сурункали касалликларни келтириб чиқарувчи, иш қобилиятини пасайтирувчи, ногиронликни ва ўлимнинг кўпайишига сабаб бўлувчи хавфли омилларнинг асосийларидан бири бўлиб қолмоқда.
Кимлар чекувчи ҳисобланадилар?
Бир кун давомида бир донадан сигарета чекаётган шахслар чекувчи ҳисобланадилар.
Тамаки ва унинг тутуни таркибида одам организмига зарарли таъсир этувчи 400 дан ортиқ ҳар хил бирикмалар бўлиб, улардан энг заҳарлиси никотин, ис гази ва шуларга ўхшаш кўпгина зарарли моддалардир.
Никотин – энг кучли заҳарлардан бири. Ўпка тўқимасига кирган никотин 7 секунддан кейин бош мияга етиб боради.
Инсон учун никотиннинг ўлим дозаси 50-100 мг ёки 2-3 томчи. Айнан шундай доза ҳар куни қонга 20-25 та сигарет чеккандан кейин тушади.
Бир кунда 1 қути сигарет чекиш – бу 1 йилда 500 рентген нурланишни олган билан баробар.
Тамаки юрак – қон томир, нафас олиш, овқат ҳазм қилиш, асаб, ички секреция, жинсий безлар каби аъзоларига заҳарли таъсир қилиб миокард инфаркти, хафақон касаллиги, бронхларнинг сурункали яллиғланиши, яра ва саратон сингари кўпгина хавфли касалликларга сабаб бўлади.
Тамаки наслга ҳам салбий таъсир қилиб, фарзандсизликка, туғиладиган болаларни заиф, ногирон, жисмоний нуқсонлар билан туғилишига сабаб бўлади.
Тамаки таркибидаги заҳарли бирикмалар таъсирида организмда модда алмашинуви бузилиб, А, В1, В6, В12, С каби витаминлар етишмовчилиги юзага келади.