ЙЎЛЧИЛАР ОВУЛИДАГИ МУҲТАШАМ “ОҚСАРОЙ” ТЎЙХОНАСИДА “УЧ АВЛОД УЧРАШУВИ” бўлиб ўтди.
Бугун юртимиздаги тинчлик-осойишталик, халқимизнинг юксалиб бораётган турмуш даражаси, маҳаллаларимизнинг кўркам қиёфаси, одамлар онгу-тафаккуридаги ўзгаришлар, умуман, ҳаётимизнинг барча жабҳаларидаги тараққиёт юртдошларимизнинг Президентимиз бошчилигида олиб борилаётган ислоҳотларга, жонажон Ватанимизнинг келажагига бўлган ишончини янада мустаҳкамламоқда.
Ҳурматли Президентимизнинг ташаббуси билан ёши улуғ инсонларга эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш, меҳнат фахрийларини эъзозлаш, ёшларга эса ўз имкониятларини намойиш этиш учун кенг имкониятлар яратишга алоҳида эътибор қаратилиб, бу йўналишлар давлат сиёсатининг устувор йўналишлари сифатида эътироф этилмоқда.
Бугун, Учқудуқ туманида ўтказилган “Уч авлод учрашуви”дан кўзланган мақсад бу гўзал Ватанни, юртнинг шукуҳини тараннум этиш, нуронийларга эъзоз кўрсатиш, эҳтиром айлаш, ёшларимизга эса келажак бунёдкорлари сифатида улғайишлари йўлида уларга ҳаёт тажрибалари ва насиҳатларини етказишдан иборат бўлди.
Ушбу тадбирда Учқудуқ туманининг олис овулларидан ҳамда туман марказида умргузаронлик қилаётган юз нафардан ортиқ нуронийлар, фахрийлар ва ёшлар иштирок этишди.
“Уч авлод учрашуви” тадбирида Учқудуқ туман ҳокими бугунги тадбир иштирокчилари ва учқудуқлик фаол, фидойи, ҳар соҳада ибрат бўлаётган фахрийлар, ўрта авлод вакиллари ҳамда ёшларга табрик йўллади.
Шунингдек, тадбирда Шимолий кон бошқармаси директори Н.Ахатов ҳам сўзга чиқиб, бу ерга йиғилган барча-барчага ўзининг самимий дил изҳорларини билдирди.
Тадбирда таъкидланганидек, Янги Ўзбекистонда демократик давлат, фуқаролик жамияти барпо этиш йўлида ўтган даврда амалга оширилган улкан ишлар, эришилган юксак натижаларда, ҳеч шубҳасиз, ҳаётимизнинг турли соҳа ва тармоқларида фидокорона меҳнат қилаётган тумандошларимизнинг беқиёс ҳиссаси бор.
Бугун ҳурматли Юртбошимиз томонидан инсон қадри учун тамойили остида олиб борилаётган ислоҳотлар, илгари сурилаётган эзгу ишларнинг энг олдинги сафларда эканлигингиз билан фахрланамиз.
Ўзининг кўп йиллик ҳалол меҳнати, ватанпарварлиги, фидойилиги ва ташаббускорлиги билан алоҳида ибрат намунасини кўрсатиб келаётган юзлаб тумандошларимизнинг кўксини бугун турли даражадаги Давлат мукофотлари - орден ва медаллар безаб турибди.
Бугун уларнинг кўпчилиги ушбу серфайз ва сермазмун даврамизда иштирок этишмоқда. Улар орасида доимо ўзининг эзгу дуолари, ҳаётий маслаҳатлари билан бизнинг ишимизга унум ва барака бераётган Абдулло бобо Керуенбаев, Мустафо ота Муратов, Гуласар опа Пардаева, Гулнора опа Рўзиева, Валентина Владимировна, Ольга Владимировна, Нурдулла Қистауов, Алмагул ая Тоғанасова, Насиба Рўзиева, Башорат Турсунова, Райҳон Қодирова сингари кўплаб мўътабар фахрийларимизнинг борлиги бизга куч-қувват бағишлайди, фидоийликка ундайди!.
Яна бир эътиборли жиҳат, жаҳон интеллектуал мулк ташкилотининг “Ихтиро учун” олтин медали бир гуруҳ Навоий кон - металлургия комбинати ходимларига берилди. Улар орасида “Шуҳрат” медали совриндори Шимолий кон бошқармаси директори Неъматилло Асатович Ахатов, 3-сонли гидрометаллургия заводи директори Шуҳрат Ибраҳимович Нарбадаловларнинг ҳам борлиги бундай олижаноб инсонларнинг эл-юрт олдидаги хизматларини эътироф этиш ва муносиб тақдирлаш ватандошларимиз, айниқса, ёшларимизни юксак марралар сари руҳлантириш, улар қалбида Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғуларини кучайтиришда муҳим аҳамият касб этади.
“Уч авлод учрашуви” байрам тадбирида учқудуқлик фаол, фидойи, жонкуяр нуроний ва фахрийларнинг ҳаёти ва фаолиятига оид видеороликлар намойиш қилинди. Бир гуруҳ нуронийларга туман ҳокимининг ташаккурномаси, ШКБ томонидан эсдалик совғалари берилди.
“Учқудуқ” ҳамда “Қизилқум” маданият уйи бадиий жамоаларининг чиқишлари даврага кўтаринки кайфият улашди.
УЧҚУДУҚ ТУМАН ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ.