Бугунги кунда «Солиқчи-кўмакчи» тамойили асосида давлат солиқ хизмати органлари томонидан тадбиркорлар ҳузурига борган ҳолда уларнинг муаммоларини ўрганиб, ижобий ҳал этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, 2022-йилнинг апрель ойи давомида Учқудуқ туманидаги 134 та корхоналарнинг муаммолари батафсил ўрганилди. Натижада, солиқ хизмати органлари ходимлари кўмаги билан 134 та муаммолар ижобий ҳал этилди. Бугунги кунда бошқа ташкилотлар билан боғлиқ масалалар қатъий назоратга олиниб, ҳамкорликда ҳал этиш чоралари кўрилмоқда.
Шунингдек, ўрганишлар давомида солиқ турлари бўйича 19 та субъектларнинг 76 миллион сўм мавжуд ортиқча тўлов суммаси қайтариб берилди.
Таъкидлаш ўринлики, бугунги кунда солиқ тўловчиларга қулайликлар яратиш мақсадида электрон хизматлар кўрсатиш кўламининг янада кенгайтирилаётгани муҳим омил бўлмоқда. Масалан, бугунги кунга қадар вилоятда «Э-ижара» автоматлаштирилган дастурий маҳсулоти орқали 2 та шартномалар рўйхатга олинган.
Дарҳақиқат, Президентимиз таъкидлаганларидек, солиқ тўловчиларга ҳақиқий маънода кўмакчи, ўргатувчи бўлиш солиқ органларининг бош вазифасига айланмоқда.
Масалан, жорий этилган қатор солиқ имтиёзлари, солиқ юки ва турларининг камайтирилганлиги тўғрисида тадбиркорлар ўртасида олиб борилаётган тушунтириш-тарғибот ишлари натижасида 52 та норасмий иш ўринлари қонунийлаштирилди. Муҳими, фуқаролар муқим иш ўринларига эга бўлди.
Айниқса, турли сабаблар билан фаолияти вақтинча тўхтаб қолган тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, улар фаолиятини тиклаш борасида жорий йилнинг апрель ойи давомида самарали ишлар амалга оширилди.
Бугунги кунда қўлида ҳунари бор ёки уйда якка тартибда маълум фаолият билан шуғулланиб келаётган фуқароларимиз талайгина. Уларнинг ўзини ўзи банд қилиши, иш стажига эга бўлиши учун солиқ хизмати органлари томонидан доимий кўмак кўрсатиб келинмоқда. Жумладан, жорий йилнинг апрель ойи якуни билан туманда 257 нафар фуқаролар ўзини ўзи банд қилиш тизими орқали рўйхатдан ўтиб, муайян фаолият турлари билан мунтазам шуғулланиб келмоқда. Энг муҳими, уларнинг 8 нафарини 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этади.
Ҳурматли солиқ тўловчилар! Биз солиқ хизмати органлари ходимлари сизларнинг муаммоларингиз қонуний ҳал этиш, фаолиятингиз давомида юзага келган барча тушунмовчиликларга ечим топишда доимий кўмак беришга тайёрмиз.