Учқудуқ туманида - “Хотира ва қадрлаш” куни кенг нишонланди
Инсонга ҳар куни тинчлик-осойишталик ва хотиржамлик керак. Тинчлигини йўқотган хонадон ҳам, мамлакат ҳам асло хотиржам бўла олмайди.
Биз азал-азалдан тинчликсевар халқмиз. Айнан шу ғоя тарғибига бағишланган буюк миллий маънавий меросимиз бор. Уларнинг барида тинчликнинг қадрига етиш тарғиб этилади, уруш эса батамом қораланади.
9 майни Хотира ва қадрлаш куни тарзида умумхалқ байрами сифатида нишонлаб келаётганимиз замирида ҳам айнан ана шу эзгу мақсад ётибди.
II жаҳон урушида Ўзбекистонимиздан 1 миллион 433 минг 230 нафар одам иштирок этди. 604 минг 52 нафар ҳамюртимиз уруш майдонларидан ногирон бўлиб қайтди, 450 мингдан ортиқ ватандошимиз эса қонли жангларда ҳалок бўлди. Жумладан, Учқудуқ туманидан ҳам ўша 1941-1945 йиллардаги қирғинбарот урушга 421 нафар мард ва жасур йигитлар отланиб, уларнинг 172 нафари ҳалок бўлди. Юзга яқин ёш навқирон учқудуқликлар майиб-мажруҳ бўлиб қайтдилар.
Мана шундай қутлуғ айём кунида ҳаммамиз энг аввало уруш майдонларидан қайтмаган юртдошларимизнинг хотираси олдида бош эгиб, уларнинг руҳи покларига ҳурмат бажо келтирамиз.
Учқудуқ туманида бу йил ҳам “Хотира ва қадрлаш куни” байрамига пухта тайёргарлик кўрилди. Бугунги дориломон кунлар учун жанггоҳларда матонат кўрсатган, фронт ортида кунларни тунларга улаб меҳнат қилган, бугун орамизда бўлмаган инсонлар хотирланди, уларнинг оилаларидан хабар олинди.
Бугун 7 май куни туман марказидаги “Хотира” хиёбонида “Сизга таъзим, сизга эҳтиром!” мавзусида ўтказилган маънавий-маърифий тадбирда бу эзгу амал янада кўпроқ намоён бўлди. Шу куни бу ерга барча корхона-ташкилотлар, ўқув муассасалари, ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари тўпландилар.
Туман ҳокими Соли Хамроев фронт орти меҳнат фахрийларини, нуроний ва ёларларни, туманимиз аҳлини 9 май – Хотира ва қадрлаш умумхалқ байрами билан қутлади.
“Инсоният тарихидаги энг даҳшатли бу урушда икки миллионга яқин Ўзбекистон фуқароси қатнашган. Уларнинг ярим миллиондан зиёди ҳалок бўлган, 133 минг нафарга яқини бедарак йўқолган. 60 мингдан ортиқ ватандошимиз эса урушдан ногирон бўлиб қайтган. Уларнинг сафида 421 нафар Учқудуқнинг мард ўғлонлари елкама-елка туриб қонли жангларда фашизм устидан қозонилган ғалабага ўз ҳиссаларини қўшишди. Бу мудҳиш урушда уларнинг 172 нафари айни навқирон ёшида ҳалок бўлганини эслаш ниҳоятда оғир, албатта! Бугун мана шундай инсонлар хотираси олдида бош эгамиз. Уларнинг буюк жасорати дилларимизда мангу яшайди”, деди ўз табрик сўзида туманимиз раҳбари.
Айтиш мумкинки, бу йилги тадбир ҳар қачонгидан кўтаринки руҳда бўлиб ўтди. Эрта тонгданоқ, “Хотира” хиёбонига тўпланган учқудуқликлар бу ерда ҳарбийларимиз иштирокидаги ҳарбий парадни мириқиб томоша қилдилар.
Туман ҳокими С.Хамроев, турли даражаги давлат мукофотлари билан тақдирланган юзлаб учқудуқлик фахрийлар, Шимолий кон бошқармаси маъмурияти ҳамда 40 дан ортиқ корхона-ташкилот ва муассаса ходимлари томонидан “Мотамсаро она” ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйилди.
Тинчлик учун, авлодлар келажаги учун жон фидо қилган юртдошлар хотирасига ҳурмат бажо келтирилди. Шу куни “Мотамсаро она” ҳайкали пойи алвон гулларга бурканди.
УЧҚУДУҚ ТУМАН ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ.