LOTIN-КИРИЛЛ

СИНОВЛИ ЙИЛЛАР ҲИКОЯСИ!

   Бугунги тинч осуда кунимиз, мусаффо осмонимиз учун аввало Яратганга ва мана шу тинчлик учун курашган инсонларга қанча раҳматлар айтсак оз. Бугун саҳифамизда уруш аталмиш шавқатсиз қотилнинг беаёв заҳматларига гувоҳ бўлган учқудуқликлар билан таништирамиз.

    8 ЁШЛИ ЮК ТАШУВЧИ

   Кривенюк Анна Ивановна. 1933 йилдаРоссиянинг Алтай туманидаоддийчилангар оиласида туғилган. Онаси фаррош бўлган бу оилада 6 нафар фарзанд вояга етган.

   Аннанинг болалик йиллари оғир кечади. 1939 йилда Самарқанднинг Каттақўрғон шаҳрига келиб қолади ва мактабда ўқий бошлайди. Уруш бошланиши билан унинг ҳали ҳаётни тўла англаб улгурмаган мурғак жуссаси оғир меҳнат билан юзлашади. Саккиз ёшли Анна поезд рельслари қурилишида юк таший бошлайди. 

   Уруш қанчадан қанча оилаларни бор-будидан, тинчлигидан ва яқинларидан айирди. Бу йиллар унинг оиласи учун ҳам анча қийин кечди. 1942 йилда Қозоғистоннинг Шимкентшаҳрига, кейин эса Олмаотада яшадилар. Бу сарсон-саргардонлик Аннанинг оиласини ҳам отасидан ҳам икки нафар укаларидан айиради. 

   1946 йилда эса онасидан ҳам айрилган 13 ёшли Анна оила юкини елкасига олишга мажбур бўлади. Мактабда ўқишга энди унинг на имконияти на вақти бор эди. Кўпгина жойларда турли оғир ишларни бажаради, яшашга ва синовларга бардошли бўлишни ўрганади.

   Аннанинг ҳаётида яхши кунлар ҳам бўлди албатта, севди, севилди. Унинг меҳр муҳаббатга қурилган оиласида уч нафар фарзанди дунёга келади. 

   У 1967 йилда бутун оиласи билан Ўзбекистонга кўчиб келади. Учқудуқ уларнинг Ватанига айланади. Фарзандлари ҳам айнан мана шу ерда ўсиб улғаяди. Аввалига Анна лабараторияда, кейинчалик эса турли жойларда қоровул бўлиб ишлайди. 

   Деярли 30 йилдан буён ёлғиз яшаётган Анна болалик йиллари, қийинчиликлар ва уруш ҳақида эслашни хоҳламайди. Чунки бу йиллар унинг болалигини ўғирлади, машаққатли меҳнат қўйнига отди, яқинларидан айирди... 

   90 ёш арафасидаги Анна Ивановна ҳозирда "Айтим" маҳалласида истиқомат қилади. Туман ижтимоий хизмат ходимлари томонидан парвариш қилинади. Туман ҳокимлиги, Шимолий кон бошқармаси ҳамда маҳалла вакиллари онахон ҳолидан доимо хабар олиб туришади.

   УНИНГ КЎЙЛАКЛАРИ БАРДОШДАН ТИКИЛГАН 

   Учқудуқ туманида 2 нафар меҳнат орти фронт қатнашчилари истиқомат қилишади. Улардан бири Бородулина Александра Фёдоровна.

    У 1931 йил 3 январда Қозоғистонда туғилган. Уч қиз бир ўғил улғайган бу оилада Александра учинчи фарзанд эди. Отаси колхозда ишлаган. Китоб ўқишга қизиқиши баланд, математикада жуда салоҳиятли инсон бўлганлигини эслайди. Аммо уруш уларни мана шундай суянчиқдан айирди. 

   Уруш йилларининг бошқа болалари сингари унинг ҳам болалиги ҳавас қиларли даражада бўлмади. Отасидан эрта жудо бўлган бу норасидаларни касаллик онасидан ҳам айирди. Энди уларнинг ўзлари яшаш учун кураша бошлайдилар. Аввалига мактабга борган Александра ўқишни ҳам ташлаб колхозда меҳнат қилиб улғайишга мажбур бўлади. 

   Турмуш ўртоғи билан танишгандан сўнг унинг ҳаётида бахтли кунлар бошланади. Меҳнатнинг ҳеч бир туридан бўйин товламайдиган, тортинмайдиган Александра бола тарбиячиси бўлди, одамларнинг уйларини тозалади, оғир юмушларда ҳам ишлади.

   Турмуш ўртоғи билан Учқудуққа ишлагани келишганда ўғли Коля чақалоқ эди. Ҳозирда у ШКБ ишлаб нафақага чиққан. Мана, неча йилдирки улар шу тупроқнинг фарзанди бўлиб яшаб келишади. Учқудукқа кўчиб келишгандан сўнг Александра бир муддат қоровул сўнгра фаррош бўлиб ишлаган.

   Бугун табаррук 91 ёшни қаршилаган бу қаҳрамонимиз урушнинг оғир йилларига инсонларнинг сабр ва бардошига гувоҳ бўлган. Ҳозирда эса ижтимоий хизмат ходимлари томонидан парваришланмоқда. 

   Доимо ундан хабар олиб турган туман ҳокимлиги, ШКБ раҳбарияти, маҳалла фаоллари ҳамда ижтимоий хизмат ходимларидан миннатдорлигини таъкидлашдан чарчамайди.Зеро, ҳеч бир миллатни бегона демай меҳр кўрсатадиган халқимиз ўша суронли уруш йилларида ҳам бугунги дориломон кунларда ҳам ҳеч кимни эътибордан четда қолдиргани йўқ.

   Хулоса ўрнида, биз шунчаки қоғозга тушириб ўтган бу йиллар давомида чекилган заҳматлар, қийинчиликлар фақат унда яшаган инсонга ва Аллоҳгагина аён. Шу дамда сизнинг ҳам қалбингиздан шукроналик ҳисси ўтган бўлса не ажаб?! Тинчлигимизга кўз тегмасин!

Дилноза ТОШНИЁЗОВА


 

O'qilgan: 512 bora

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: