Қизилқум саҳроси сиру синоатларга бой. Бу ерлар қаърида мангу қўним топган авлиё анбиёлар ҳақида минг йиллардан буён эл оғзидаги афсоналар, эртакнамо воқеалар тафсилоти авлодлардан авлодларга ўтиб келмоқда.
ҒАЛВИРДА СУВ КЕЛТИРГАН АВЛИЁ
“Қанарбай ота” зиёратгоҳи
Ислом динининг етук уламоларидан бўлган Қанарбой ота (1863-1926) нафақат вилоятимиз, балки қўшни мамлакатларда ҳам танилган тарихий шахсдир. Учқудуқ тумани марказидан 120 километр олисдаги Узунқудуқ овули яқинида жойлашган “Қанарбай ота” зиёратгоҳи вилоятимиздаги мавжуд тарихий қадамжолардан бири ҳисобланади. Бумаскандаавлиё, дебтанолинганҚанарбойотанингқабри бор.
Ўз билимларини эзгу ишларга сарфлаб, эл орасида юксак ҳурмат-эътиборга сазовор бўлган бу инсон яқин ўтмишда яшаб ўтганлиги боис, у ҳақида баъзи бир маълумотларни келтириб ўтамиз.
Айбас ўғли Қанарбай ота 1836 йилда Узунқудуқ овулининг Аюртен қудуғи атрофида туғилган. Отадан ўн яшарлигида етим қолган. Ўқишга боришга шароити бўлмаганлиги боис, этик тикишни ўрганиб, халқнинг хизматини қилиб юрган. Шунинг баробарида диний таълимга эга кишилардан хат-савод чиқариб, диний билимларини ошириб борган.
У овулдан ўтиб-қайтадиган карвонларга боқиб, катта шаҳарларга боришни, илм олишни, ҳунар ўрганишни орзу қиларди. Астойдил қилинган ҳаракат, чин дилдан орзуланган истак мустажод бўларкан. Қанарбай ота бир карвонбошига хизматчи сифатида ёлланиб, карвонга қўшилган ҳолда Бухоро шаҳрига келади. Кейинчалик орзу қилган – Мир араб мадрасасида таълим ола бошлайди.
Ўқиш даврида ўзининг зийраклиги, ҳунари билан домла ва тенгдошларининг ҳурматини қозонади. Оғиздан оғизга ўтиб келаётган ривоятларга кўра, бир куни мударрис талабаларни мадрасага йиғиб, Лабиҳовуздан ғалвирда сув олиб келишни буюради. Барча шогирдлар бу буйруқни бажаришга шошилади, аммо бирортаси ҳам бу ишнинг уддасидан чиқа олмайди. Шунда тақводорликда тенги йўқ Қанарбой ота чин ихлос билан вазифани бажаришга киришиб, ғалвирни сувга тўлдирган ҳолда мадрасага олиб келган экан.
Албатта, бу фикр ҳақиқатга зид бўлсада, бундан англаш мумкинки Қанарбай отанинг илми ва тақвоси кучли ҳамда илм-урфон аҳли орасида обрўйи баланд бўлган. Бу воқеадан сўнг, Қанарбай ота халқ орасида авлиё, деб тан олинган экан.
Яссавия тариқатининг пирларидан Қанарбай ота қол ва ҳол илмларида пешқадам бўлган. Шариат илмлари баробарида тариқат илмлариниг ҳам етук уламоларидан ҳисобланган ва оталик (шайхлик) мартабасига етган[1].
Ислом дини уламоси мадрасадаги ўқишини тугатиб, овулига қайтгач, этикдўзликни давом эттирган. Шу билан бирга, қатор йиллар мобайнида халқ орасида илм-ҳунарни, эзгуликни тарғиб қилган. Этик, бош кийим тикиб топган маблағининг бир қисмини муҳтожларга эҳсон қилиб келган.
Қанарбай ота ҳаёти давомида: “Басти байлиқ – барға қанағат”, яъни “Энг катта бойлик бу – борига қаноат”, дея инсонларни манманликдан қайтариб, камтарликка, меҳнатга, ҳунар ўрганишга ҳамда эзгуликка даъват этган экан.
Қанарбай ота 1899 йилда 63 ёшида рихлатга юз тутади. Шу куни кечаси Усен исмли яқин қариндошининг тушига кириб: “Мени ўз ҳужрамнинг ёнига кўминглар. Таҳоратолибтурсанглар бас, намознитегишли мулла келибўқийди”, дейди. Яқинлари таъзияни у айтгандек, ташкил этишади. Ҳамма йиғилгач, авлиёнинг пири Фахриддин домла келиб жаноза ўқийди.
Ҳа, ибратли умр кечирган Қанарбай отанинг улуғ фазилатларига таъзим қилган минг-минглаб кишилар ҳар доим у ҳақида яхши гаплар айтиб, номини авлоддан-авлодга етказиб келмоқда. Шунинг баробарида, яхши инсонларнинг эътибори туфайли Қанарбай ота мангу қўним топган масканда қатор бунёдкорлик ишлари олиб борилди.
1969 йилда Суйеқул Тоқанов бошчилигида чорвадор-қурувчиларнинг қўл меҳнати эвазига масжид бунёд этилди.1980 йилда эса номи республикамизга яхши таниш бўлган чорвадор Тобан Раметов отанинг қабри устига мақбара қурдиртирган.
Дарҳақиқат, юртимиз истиқлолга эришганидан сўнг, барча қадрият ва урф-одатларимиз қайта тикланди. Тарихимиз, маънавиятимиз, маданиятимиз, динимиз жонланди. Муқаддас қадамжоларга бўлган эътибор кучайтирилди.
2004 йил 6 декабрда Қанарбой ота мангу қўним топган масканни обод этиш мақсадида “Қанарбай ота” хайрия жамғармаси ташкил этилиб, унинг ҳисоб рақами очилди. Орадан кўп вақт ўтмай, яъни 2005 йилнинг 16 апрелида янги масжид қурилишига биринчи ғишт қўйилди.
Саховатпеша, олийҳиммат халқимизнинг кўмаги билан қисқа вақт мобайнида масжид қурилиб фойдаланишга топширилди. Эътиборлиси, 2006 йилда Қанарбай ота таваллудининг 170 йиллиги, 2016 йилда эса 180 йиллиги вилоят миқёсида кенг нишонланди. Бугунги кунда жамғарма ҳуқуқий шакли ўзгартирилиб, “Қанарбай ота” хайрия жамоат фондига айлантирилди.
Қайта рўйхатдан ўтказилган жамоат фонди мақсад ва вазифалари аждодлар меросини авлодларга етказиш, ёшларни она тилимизга, маданиятимиз, урф-одатларимиз ва анъаналаримизга ҳурмат руҳида тарбиялаш ҳамда уларда Ватанга муҳаббат туйғусини юксалтиришда ҳисса қўшишдан иборатдир.
Райҳон ҚОДИРОВА, журналист.