Халқимизда яхши бир азалий анъана бор — кексаларимиз қўлини дуога очганда, албатта, «Деҳқончиликларимизга, хирмонларимизга барака берсин, уйимиз буғдойга, нонга тўлсин», дея ният қилишади. Бу бежиз эмас.
Турли суронли йилларда очарчиликни, бир бурда нонга зорликни кўрган ёхуд эшитган ёши катта авлод вакиллари хирмон тўла буғдой бўлса, тўқлик бўлишини, ҳаёт давом этишини яхши англайди...
Шунинг учун ҳам юртимизда ғаллачиликка алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, сўнги йилларда мамлакатимизда қуввати қарийб 3 миллион тонна бўлган 160 дан ортиқ йирик хусусий дон корхоналари иш бошлади.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида ғаллачиликдаги ислоҳотларнинг муҳим босқичига бағишлаб ўтказилган йиғилишда дон маҳсулотлари корхоналарида трансформация жараёнларининг натижадорлигини ошириш масалалари атрофлича муҳокама қилиниб, келгусидаги ишлар белгилаб олинди.
Ҳеч кимга сир эмас, кейинги вақтларда жаҳон бозорларида озиқ-овқат нархлари юқори суръатлар билан ўсмоқда. Халқаро биржаларда 1 тонна буғдой нархи 400 долларга кўтарилди, йил бошига нисбатан нархлар 30 фоизга ошди. Нарх-наво барқарорлигига эришиш учун биринчи навбатда ғаллачиликда бозор механизмларини тўлиқ жорий этиш зарурати туғилмоқда. Шу муносабат билан йиғилишда фермерлар манфаатдорлигини таъминлаш, ҳосилдорликни ошириш орқали бозорда таклифни кўпайтириш масалалари муҳокама қилинди.
«Ўздонмаҳсулот» компанияси таркибидаги 43 та дон корхоналари янги бозор шароитларида самарали ишлашга тайёр эмаслиги, ишлаб чиқариш қувватларидан самарали фойдаланилмаётганлиги, шунингдек, давлат дон корхоналарида талон-торож қилиш ҳолатларига ҳалигача барҳам берилмаганлиги танқид қилинди. Давлат дон корхоналаридаги эскича тизим дон етиштирувчига ҳам, қайта ишловчи корхоналарга ҳам манфаат бермаяпти. Ўзбекистон халқи, фермер-деҳқонлар анчадан буён кутаётган дон етиштиришда давлат буюртмасини босқичма-босқич бекор қилиш ва ҳақиқий ғалла бозорини яратиш борасида муҳим қадам ташлашнинг фурсати етганлигини Президентимиз таъкидлаб ўтди.
Жорий йилнинг 1 июнидан бошлаб ғаллани давлат томонидан сотиб олиш ва сотишда бозор нархларига ўтилиши маълум қилинди. Энди фермер ва кластерлар ўзи етиштирган ғаллани биржа савдоларига олиб чиқиши учун давлат томонидан барча имкониятлар яратилади. Давлат ресурслари учун сотиб олинадиган 1 тонна буғдой нархи ўтган йилдаги 1 миллион 550 минг сўмдан жорий йил ҳосили учун 3 миллион сўмга, яъни 2 бараварга оширилади. Бу каби имкониятлар фермерларнинг даромади ошишига, даромади кўпайган фермерлар эса ҳосилдорликни оширишга ҳаракат қилади. Натижада бозорларимиз тўкинлиги ва дастурхонларимиз мўл-кўллиги таъминланади.
Яна бир муҳим масала. Эндиликда қишлоқ хўжалиги жамғармаси харид қилган 1 миллион 783 минг тонна буғдой эҳтиёжга қараб биржага чиқарилади. Бунда фермерларга июль-август ойларида биржада шаклланган ўртача нархлардан келиб чиқиб, ўртадаги ижобий фарқ ҳам тўлаб берилади. Бунинг учун жорий йилда давлатдан 6 триллион сўмдан зиёд маблағ ажратилади.
Бундан ташқари, фермерлар ихтиёрида қоладиган буғдойдан 500 минг тоннаси дон корхоналарида вақтинча сақлаш учун қабул қилинади ва 1 июлдан бошлаб, илк бора фермер ва кластерларнинг ўзлари биржа савдоларига бозор нархида чиқаради. Бунда 500 минг тонна буғдойнинг дон корхоналарида вақтинча сақлаш харажатлари давлат томонидан қоплаб берилади.
Шунингдек, фермерлар 2022 йил буғдой ҳосили учун биржа тўловларидан озод қилинади. Жорий йилда жами ғалла ҳосили учун 7,6 триллион сўм ажратилмоқда. Янги тизимни тўлақонли, адолатли ва очиқ-ошкора ишлаши, ҳар бир сўм фермер ва кластерга ўз вақтида, тўлиқ етиб бориши, нарх-навонинг ўсиши ва тақчилликнинг олдини олиш бўйича «кунбай» назорат тизими жорий қилинади. Бир сўз билан айтганда, соҳани ривожлантириш бўйича белгилаб берилган вазифалар аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондиришга, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга, фермерларнинг даромади кўпайишига хизмат қилади, — дейди депутат.
Дарҳақиқат, ғаллачиликда амалга оширилаётган ислоҳотлар, фермер ва кластерларга яратилаётган қулайликлар халқимизни етарли дон маҳсулотлари билан таъминлашда, нарх-навонинг ўсиши ва тақчилликнинг олдини олишда муҳим ўрин тутади.
УЧҚУДУҚ ТУМАН ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ..