LOTIN-КИРИЛЛ

Инсоният учун яқин келажакдаги эҳтимолий хавфлар

Инсон яралибдики, хавф-хатар билан ёнма-ён яшаб келади. Ўз ақл-заковати билан таҳдидларнинг олдини олишга ҳаракат қилади, хатарга қарши курашади, оқибатни бартараф қилиш чораласини кўради. Бинобарин, хатарларнинг кўпини одамларнинг ўзи яратади. Масалан, турмушни қулайроқ қилиш, янада енгиллатиш учун атроф-муҳитга зуғум ўтказади, табиий ресурсларни аямай истеъмол қилади. Бу жараённинг охири йўқдек, гўё. Афсуски, хавф сўнгги пайтда кўпайса кўпайиб боряптики, асло камаймаяпти.

   Яқинда халқаро экспертлар, экологлар, тадбиркорлар, жами 12 мингдан зиёд киши келгуси ўн йиллик глобал тараққиёт тенденцияси ва инсоният учун асосий хавфни ўрганишди. Юқорида таъкидланганидек, башорат ижобий эмас.

 Заминимиз довуллар сайёрасими?

   Экспертлар фикрича, инсоният учун иқлим ўзгариши асосий хавф бўлиб қолмоқда. Энг йирик таҳдид инсоннинг табиатга келтираётган зарари, об-ҳаво беқарорлиги ва иқлим ҳолатига таъсир этиш қийинлиги билан боғлиқ. Олимлар ва жамоатчилик вакиллари хулоса қилишича, иқлим ўзгариши жараёнини секинлаштириш учун ҳали ҳеч қандай чора кўрилмади. Швейцариянинг “Жаҳон иқтисодиёти форуми” (ЖИФ) нодавлат ташкилоти ҳар йили шу йўналишда амалга оширилаётган тадқиқот натижасини эълон қилади. Бу галги ҳисоботда жаҳон сиёсатчилари, давлат раҳбарлари иқлим ўзгаришига қарши оламшумул баёнот қилиб, қоп-қоп ваъда бераётган эса-да, амалда ҳеч иш қилинмаётганини надомат билан таъкидлашмоқда.

   2016 йил қабул қилинган Париж битимида инсониятнинг глобал мақсади сифатида иқлим ўзгаришига қарши кураш белгиланган, яъни 2100 йилгача ҳарорат кўтарилишини 1,5 даражадан оширмаслик зарурлиги айтилган. Бинобарин, ҳали ўн йил ҳам ўтгани йўқ, мақсад долзарблигини йўқотиб бўлди. Ҳисоб-китоб шуни кўрсатмоқдаки, глобал исиш 2,4 даражада ушлаб қолинса ҳам катта ютуқ экан. Ҳарорат бу қадар тез суръатда кўтарилиши довул, кучли шамол ва тошқин, қуюн сони ошишига сабаб бўлади. Табиий офатнинг вайронкор оқибатидан бутун сайёрамизда миллионлаб одам жабр кўради.

   “Жаҳон иқтисодиёти форуми” экспертлари огоҳлантиришича, “яшил энергетикага” шошилинч равишда ўтиш ҳам сайёрага, ҳам мамлакатлар иқтисодиётига зарар етказиши мумкин экан. Зеро, шамол парраги ва қуёш батареяси ишлаб чиқариш учун ноёб металларни қазиб олиш керак. Бу ҳам экологияга кучли салбий таъсир ўтказаркан.  

Вируслар ва қашшоқлик. 

    Инсоният учун яна бир хавф вируслар ортидан келадиган қашшоқлик. Пандемия кўп мамлакатларда юмшаган бўлса-да, ҳамон давом этяпти. Бунинг ортидан келадиган иқтисодий инқироз эса ер шари аҳолисини моддий жиҳатдан табақалаштирмоқда. Бойлар янада бойиб, камбағаллар баттар қашшоқлашаверди.

   Масалан, пандемия даврида дунёда иқтисодий ўсиш суръати пасайиб кетгани боис 2021 йил сентябрда давлатларнинг глобал қарзи рекорд даражага чиқди. Бунинг бари ички инқирозга, ижтимоий ларзага, инқилобга, инфляцияга, аҳоли қашшоқлашишига, ҳатто, ресурслар учун урушга олиб келиши мумкин. Тадқиқот шуни кўрсатмоқдаки, қашшоқлик одамларнинг норозилигига олиб келади ва геосиёсатни ҳам кескинлаштириб юборади.    

    Kиберхавфсизлик ва коинот таҳдиди. 

    “Глобал миқёсда рақамлашиш янги воқеликнинг ажралмас қисми сифатида турмуш даражасини оширади, лекин янги таҳдидларни ҳам юзага келтиради”, дейди мутахассислар. Кибертовламачилар ҳатти-ҳаракатидан миллионлаб одамлар зиён кўрмоқда. Рақамли кенгликлар энди инсонга борган сари яқин келмоқда. Ҳадемай, одамлар рақамли пулга ўтади, фуқаролар рақамли паспортга эга бўлади, харид онлайн режимда амалга оширилади, кўпчилик масофадан ишлай бошлайди. Бундай шароитда кибержиноят сони ҳам ошади.   

    Яна бир таҳдид коинотда бўладиган уруш эҳтимоли экан. Масалан, бошимиз узра учиб ўтаётган сунъий йўлдош қурол бўлиб чиқиши мумкин. Яқинда Россия ўзининг эскириб кетган сунъий йўлдошини ердан учирилган ракета билан уриб йўқ қилди. Шу вақтгача фақат АҚШ, Ҳиндистон ва Хитойга дохил бундай имконият энди бошқа мамлакатларда ҳам бўлиши мумкин. Бу ҳолат мамлакатларни нафақат ерда, балки кенг коинотда ҳам қарама-қаршиликка ундаши мумкин. Қолаверса, 2030 йилгача Германия, Франция, Япония, Мексика, Туркия ва Аргентина ҳам фазо бўшлиғида ўз таъсирини кучайтиришга ҳаракат қилади. Коинотда қуролланиш жадаллашаётган экан, айни соҳада ҳамкорлик қилиш қийинлашиб бораверади, геосиёсатда эса кескинлик ошаверади.

Очарчилик эҳтимоли   

    Украина воқеаси Ғарб мамлакатларининг Россияга қарши санкция қўллашига сабаб бўлди. Натижада жаҳон бозорида ўғит танқислиги юзага чиқди. Бу ўрта ва узоқ муддатли истиқболда олдиндан айтиб бўлмайдиган оқибатга олиб келиши мумкин.   

   Германиянинг “Compact” нашри экспертлари ёзишича, бутун дунёда фермерлар минерал ўғит етишмаслиги сабабли ўз маҳсулотига бўлган талабни қондира олмаслиги мумкин. Натижада 2023 йил глобал миқёсда озиқ-овқат инқирози келиб чиқиши эҳтимоли мавжуд.

    Экспертлар ушбу таҳдид қай даражада намоён бўлиши ҳақида турлича фикрласа-да, шундай ҳолат муқаррарлигини инкор қилишмаяпти. Бонн шаҳрида истиқомат қилаётган иқтисодчи Матин Каимнинг таъкидлашича, Украина можароси оқибатида, тахминан, 100 миллион киши очарчиликка юз тутади. Озиқ-овқат етишмовчилиги туфайли юзага келадиган миграцион вазият эса Суриядаги қочқинлар билан боғлиқ ҳоладан ҳам баттар бўлиши мумкин.

Аҳоли кўпайиши ортидан келиб чиқадиган муаммолар 

     Ҳозир сайёрамизда 7,7 миллиарддан кўп одам яшамоқда. Бу рақам ҳар йили 1 фоиздан кўпайиб, ҳар 70 йилда икки баробар ошмоқда. Агар демография билан боғлиқ аҳвол шу тарзда давом этса, 2090 йилга келиб Ер аҳолиси 15 миллиард кишидан ошади. Аҳолининг бу тарзда кўпайиши ва ресурсларни истеъмол қилиши глобал инқирозга олиб келиши мумкин. Аҳолиси ҳаддан ортиб кетган мамлакатлар туғилишни назоратга олишга мажбур бўлади.

 Ичимлик суви етишмаслиги

Мазкур хавф-хатарни аҳоли кўпайиши ва ресурс истеъмоли ортишининг мантиқий давоми сифатида кўриш мумкин. Сўнгги 120 йилда ресурсларга талаб 40 баробар ошди. Истеъмол миқдори шу даражада тез суръат билан ошмоқдаки, натижада ресурсларни қайта тиклашга имкон қолмаяпти. Бир йилда одамлар 3,8 триллион тонна чучук сув, 5 миллиард тонна озиқ-овқат ва 27 миллиард тонна фойдали қазилма истеъмол қилади.

    Бу муаммони ҳал қилишнинг эҳтимолий йўларидан бири чиқинди миқдорини камайтириш ва табиий материаллардан қайта-қайта фойдаланишдир. Афсуски, ҳукуматлар бу борада ҳеч қандай чора кўрмаяпти.

Ядровий уруш

    Кейинги пайтда йирик сиёсатчилар учинчи жаҳон уруши ҳақида кўп гапиряпти. Ядро қуроли ишлатилиши мумкин бўлган ушбу таҳдид юз бериши эҳтимолидан кўпчилик ваҳимага тушаётгани ҳам бор гап. Замонавий ядро қуроли, гарчи, ҳажми кичиклигига қарамай, анча аниқ ишлайди ва Иккинчи жаҳон урушидаги атом бомбасидан кучлироқ.

   Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, тараққиёт инсонни олдинга ҳаракатлантиради. Бинобарин, бу ҳаракатнинг тескари томони ҳам бор, яъни глобал муаммо. Токи инсоният дунёқарашини ўзгартирмас экан, барча давлатлар саъй-ҳаракатни бирлаштирмас экан, биргаликда технология яратиб, ресурслардан тежамкорлик билан фойдаланмас экан, глобал муаммоларни ҳал этишнинг мақбул ечимларини топиш мушкуллашиб бораверади.  

O'qilgan: 487 bora

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: