“ЕРЛЕР АТА” ҳакида ривоят
Тумандаги “Алтинтау” овулидан чиқиб, адирликлар оралаганча Шарқ тарафга чамаси 5-6 километр йўл юрсангиз «Ерлер ота» зиёратгоҳига борасиз.
Тоғ орасида жойлашган бу маскан ўзининг сўлим ҳавоси ва гўзал манзараси билан диққатингизни тортади. Энг эътиборлиси, мазкур қадамжода тошлар орасидан сизиб чиққан чашма бор.
Яхши инсонларнинг эътибори билан суви ифлосланмасин, дея чашма қудуқ шаклида ўраб қўйилган. Бу ерда қишин, ëзин сув бўлади. Қудуқда тўпланган оби ҳаëт қувур орқали сал пастроқда жойлашган ҳовузга оқиб туради. Шу ҳовуздан қувурлар орқали овулга ичимлик суви тортилган.
«Ерлер ота” зиёратгоҳига жуда кўплаб инсонлар зиёратга келишади. Келган беморлар чашма сувидан ичиб, дарддан фориғ бўлгандай, ўзларида енгиллик ҳис этишади. Чунки, айнан шу ерда тупроқ таркибида кумуш моддаси кўп экан. Аллоҳнинг неъмати - зилол сув эса шу тупроқдан сизиб чиқаяпти. Аслида Ерлер ота ким бўлган?
Овул нуронийларидан суриштирдик ва анча маълумотларга эга бўлдик. Айтишларича, араб миллатига мансуб бу инсон кучли диний ва дунëвий билимга эга бўлганлиги учун Араб халифалиги томонидан Ислом динини тарғиб қилиш мақсадида Ўрта Осиё ҳудудига юборилган экан.
Умрининг кўп йилини халқ орасида Ислом динини тарғиб қилишга бағишлаган, кексайгач шу тоғ бағрини ўзига макон қилган дейишади.
Шунингдек, Искендер Матжусип ўғлининг «Хосиятли ўлкам Қизилқум» («Киелі Өлкем - Қызылқұм») номли китобида ушбу ҳудудга оид қуйидаги ривоят келтирилади. Бундан VIII аср илгари Хоразм хонлигида Аёз исмли алпқомат йигит яшаган экан. Ботирлиги билан ном қозонган бу йигит хоннинг таъзйиқларига, ўзбошимчалигига чидай олмай кўзғолон кўтарган қулларга бошчилик қилади.
Қўзғолон пайтида хоннинг қизи Аëзнинг мардлигига маҳлиё бўлиб, йигитга кўнгил қўяди. Аммо малика отаси уни бир қул йигитга турмушга бермаслигини билар эди. Шу боис Аёздан бирга қочишни сўрайди. Тўқнашувларда қаттиқ талофат кўрган қўзғолончилар Туркистон ўлкаси (ҳозирги Қозоғистон республикаси ҳудуди) томонга қочади.
Аммо хон аскарлари уларни таъқиб қилиб, ҳеч тинчлик бермайди. Охир оқибат қўзғолончи қуллар ҳозирги Алтинтау овулига, уларга бошчилик қилган бир гуруҳ ботир йигитлар эса бу ердаги тоғлар орасига яшириниб, қўним топишади.
Шундан сўнг, бу овул Қулқудуқ, овул яқинидаги тоғ эса Ерлер (яъни Эрлар) тоғи, дея атала бошланган экан.
Бу албатта, халк оғзидан тинглаб ёзилган ривоят. Унинг қай даражада ҳақиқатга яқинлиги бизга қоронғи. Аммо ушбу зиёратгоҳ сўлим табиати, турли хасталикларга даво зилол чашма суви билан ҳам кўплаб инсонларни ўзига жалб қилаётган муқаддас қадамжолардан биридир.
Райҳон ҚОДИРОВА, журналист.