LOTIN-КИРИЛЛ
Hokimiyat matbuot xizmati

Hokimiyat matbuot xizmati

07 Oct 2021

    2021 йил 28 сентябрь куни Мактабгача таълим вазирлиги тасарруфидаги Тошкент педагогика коллежида «Йилнинг энг яхши тарбиячиси» Республика касбий кўрик танлови бўлиб ўтди. Танлов Ўзбекистон Республикасининг «Мактабгача таълим ва тарбия» тўғрисидаги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 20 июндаги 393-сон, 2019 йил 7 июндаги 468-сон қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлигининг 2021 йил 16 апрелдаги 67-сон буйруғи ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилди.
   Унда Мактабгача таълим вазири Агриппина Шин, соҳа мутахассислари ва танлов иштирокчилари қатнашдилар.
Кўрик танловнинг Навоий вилоят босқичида ғолибликни қўлга киритган педагогларимиз «Йилнинг энг яхши тарбиячиси» касбий кўрик танловининг 5 та номинацияси бўйича, 5 нафардан жами 70 нафар педагогларимиз ўз куч ва маҳоратларини синадилар. Улар орасида Учқудуқ туманидаги 5-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти тарбиячиси Дурдона Ҳамроева ҳам бор.
    Танловда Навоий вилояти шарафини ҳимоя қилган 5-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти тарбиячиси Дурдона Ҳамроева фаол иштироки учун республика мактабгача таълим вазирлигининг фахрий ёрлиғи ва қимматбаҳо совғалари билан мукофотланди.
     Шунингдек, вилоят ҳокимининг ташаккурномаси ва эсдалик совғалари билан ҳам тақдирланди.
Д.Ҳамроева “Ўқитувчи ва мураббийлар” куни умумхалқ байрами муносабати билан республика ва вилоятда ташкил этилган байрам тадбирларида ҳам иштирок этиб қайтди.
      Маълумот учун, сўнгги тўрт йил ичида тизимда бир қанча ўзгаришлар амалга оширилди. Буни биргина Учқудуқ тумани мисолида айтадиган бўлсак, 2017 йилда 2 та боғча ва овулларда 7 филиал фаолият юритиб, қамров 64 фоизни ташкил этган.
      Бугунги кунда мактабгача таълим ташкилотлари сони 32 тага етказилган, уларнинг 15 таси нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари ҳисобланади.
Учқудуқ туманида 3-7 ёшли болалар 3721 нафарни ташкил қилади. Уларнинг 3669 нафари ёки бўлмаса давлат ва нодавлат мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олинган. Ўтган йилнинг мос даврига нисбатан болаларни мактабгача таълим муассасаларига қамров даражаси 4,6 фоизга ўсди. Жорий йил охиригача яна 4 та оилавий уй-боғчаларни фойдаланишга топшириш ҳисобидан қамров 100 фоизга етказилади.
Галдаги муҳим вазифа болажонларга сифатли таълим ва тарбия бериш, бунинг учун эса сифатли кадрлар тайёрлаш ҳисобланади.
    Қолаверса, ҳукуматимиз томонидан мактабгача таълим тизимида самарали фаолият олиб бораётган, фарзандларимизни ҳар томонлама етук шахс этиб тарбиялашда улкан ҳисса қўшаётган педагоглар меҳнатини рағбатлантириш йўлга қўйилган. «Йилнинг энг яхши тарбиячиси» касбий кўрик танлови бунинг яққол мисолидир.


Учқудуқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати.

06 Oct 2021

    Нуратонинг қишлоқ мактабларида ўқиб юрган пайтлариданоқ техникага қизиққан Баҳриддиннинг хонадони доимо гавжум эди. Носоз бўлиб қолган радиоприёмник, дазмол ва бошқа шу каби электр маиший рўзғор буюмларининиг “запчаст”ларидан улаб ихтиро қилган турли хил “роботча”лари қишлоқ болалари учун доимо энг қизиқ янгилик бўларди.
Айниқса, Баҳриддин симларчаларни батерейкаларга улаб заряди тугагунча ўчмайдиган лампалари чирок ўчишдан юраклари безиб қолган катталар учун ҳам ўтган асрнинг охирлари учун энг қизиқарли мавзу эди. Отаси Низом ака Бозоров математик бўлганлиги боис аниқ фанлардан аълочи саналган ўғилнинг орзуси эса учувчи бўлиш эди.
     Ҳикоямиз қаҳрамони Баҳриддин Бозоров Нурота туманидаги 30-ўрта мактабини битиргач, Навоий техника касб-ҳунар коллежида билим олди. Ўша йиллари авацияга бўлган қизиқиш компьютер билан алмашди. Коллежни битқизиб Тошкент ахборот технологиялари унверситетига ҳужжат топшириб талаба бўлди. Талабалик йилларидаёқ ҳали Ўзбекистон учун ноанъанавий бўлган “Масофавий таълим тизимини ривожлантириш” мавзусида диплом ишини ёзиб, кўпчиликнинг эътиборига тушади.
     2011 йилда эса олийгоҳнинг магистуратурасини тугатиб, ёш мутахассис сифатида НКМК Шимолий кон бошқармасига ишга жўнатилди. Доимо тиришқоқ, изланувчан Баҳриддин ШКБдай гигант корхонада тез орада ўзини кўрсата олди.
Ишдаги эришаётган ютуқларини пайқаган раҳбарият уни 2014 йилда ахборот коммунакацион технологиялари маркази бошлиғи этиб тайинлайди. Раҳбарият оз фурсатда бу кадрни бекорга танламаганига ишонч ҳосил қилди.
     Баҳриддин Бозоров бошчилигидаги жамоа ахборот технологиялари борасида ШКБда қатор янгиликларни амалга оширди. Кон соҳасида техникалар асосий кучни эгалласада, ахборот коммунакацион технологияларнинг ўрни бошқача. Чунки бир дақиқалик “связ”ни йўқолиши кон соҳаси учун кези келса млрд. сўмлик йўқотишларни юзага келтиради.
Навоий кон металлургия комбинати ва Шимолий кон бошқармаси тизимидаги ташкилотларнинг иш жараёнини енгиллаштириш ва сифатини яхшилаш мақсадида ишлаб чиқаришни автоматлаштирилган бошқариш тизимини лойиҳалаштириш, маълумотларга ишлов бериш, дастурлаш тилларини билиш ва улардан фойдаланиш кўникмаларини ходимларда шакллантириш, ташкилотларнинг эксплуатацион техник характеристикаси ва конструктив тузилишга оид лойиҳаларни амалга ошириш, техник воситаларнинг иш тартибини тартибга соладиган ва бошқа шу каби кўплаб дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда уларнинг ишлашини таъминлаш у бошқараётган жамоаснинг вазифалари саналади.
    -Агар ҳар бир ходим ўз соҳаси бўйича етарли даражада билим ва тажрибага эга бўлса, дейди биз билан суҳбатда Баҳриддин Бозоров ҳеч бир жойда, қоқилмайди туртинмайди.
Ҳар йили мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан коллеж ва олийгоҳларни битқизиб ёш мутахассислар олис Учқудуққа ШКБга ишга келади. Бахти ярқираганлари АКТМга жойлашганлари бўлади. Кўпчилигининг ота-онаси, яқинлари узоқда. Ана шундай пайтда уларнинг бошлиғи Баҳриддин Бозоров уларга ҳам ота-она, ҳам ака бўлади. Янгилик яратувчиларга эса маслаҳатдош, кези келса ҳомий.
     Сўзимиз бошида қаҳрамонимиз учувчи бўлишни орзу қилгани ҳақида сўз очган эдик. Ўша мурғак жисмида у осмонларга учиб, юртининг истиқболини кўришни истгандир. Тақдир эса уни Қизилқумдек мўъжизакор юртда яшаб, ишлаб туриб янгиликларга кўмакдош бўлишига даъват этди.

Лайло КАРИМОВА

06 Oct 2021

    Кекса авлод вакилларининг бой ҳаёт тажрибаси ҳамма даврларда ҳам ёшлар учун беқиёс ибрат мактаби, уларнинг панду-насиҳатлари маънавият сарчашмаси бўлиб хизмат қилган.
    Бу эса Учқудуқ туманида бўлиб ўтган уч авлод вакиллари учрашувида ӯз ифодасини топди. Бу галги учрашув аввалгиларидан ўзгача анъаналардан йироқ завқли таассуротларга бой бўлди.
   Тадбир рус миллий маркази томонидан ташкиллаштирилиб, унда туманимизда истиқомат қилаётган турли миллат вакиллари ҳам фаол иштирок этди.
-Давлатимиз раҳбари биз ёш авлодни замонамизнинг ёш қаҳрамонлари, жамиятимизнинг “олтин фонди”, Янги Ренессанс бунёдкорлари деб атамоқда. Бу биз учун юксак шараф, албатта, — дейди учрашув иштирокчиси Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори Дилноза Камолова.— Президентимизнинг “Фарзандларимизнинг истеъдод ва қобилияти, эзгу интилишларини тўлиқ рўёбга чиқариш, ижтимоий фаоллигини ошириш, ҳаётда муносиб ўрин эгаллашлари учун барча имкониятларни яратиб бериш бундан буён ҳам бош мақсадимиз бўлиб қолади”, деган сўзлари барчамизга чексиз куч ва шижоат бахш этади.
Байрам тантаналари рус ва қозоқ миллий марказлар қошида ташкил этилган фольклор жамоаларнинг иштирокидаги концерт дастурига уланиб кетди.

Жанагул БУЛЕКБАЕВА,
маънавият ва маърифат маркази туман бўлими раҳбари.

05 Oct 2021

     Кексалар ҳафталиги Вазирлар Маҳкамасининг “Кекса авлод вакилларининг жамиятдаги ўрни ва ижтимоий фаоллигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида “Кексаларни эъзозлаш, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш — халқимизга хос эзгу фазилат” ғояси остида Учқудуқ туманининг барча ҳудудларида ўтказилмоқда.

   4-10 октябрь кунлари бўлиб ўтадиган ҳафталик доирасида туманимиздаги нуронийларнинг ҳолидан хабар олиш, уларни маънавий ва жисмоний қўллаб-кувватлаш, ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш ва эъзозлаш бўйича манзилли ишлар олиб борилмоқда.

     Бугун Республика маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш вазирлиги бошқарма бошлиғи Мирзажонова Хайринисо Холматовна ҳамда Навоий вилояти ҳокимининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Малика Мамадиярова Учқудуқ туманига ташриф буюриб, ўтказилаётган тадбирларда иштирок этди.

    Меҳмонлар борган биринчи манзил “Нуронийлар маскани” бўлди. Бу ерда турли миллат вакилларидан иборат отахон ва онахонларимиз жам бўлишиб, бир пиёла устида суҳбат қуришди. “Ақл чархи” шахмат-шашка мусобақаларида фаол иштирок этишди.

     “Одам тафтини одам олади” шиори остида айни пайтда турли хасталиклар ва бахтсиз ҳодисалар туфайли тўшакка михланиб ётиб қолган, ногиронлиги бўлган кексалар ҳолидан хабар олиниб, уларга меҳр-мурувват кўрсатилди.

    Жумладан, “Дўстлик” маҳалласида истиқомат қилувчи биринчи гуруҳ ногирони Лобар Ташановага ногиронлик аравачаси берилди.

     “Қариликни донолик безар” лойиҳаси туман марказидаги “КЕLАJАК” ёшлар марказида ўтказилиб, тадбирда кекса авлод вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият, оилалар ва маҳаллаларда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, шунингдек, ёш авлодни халқимизнинг кўп асрлик анъаналарини ҳурмат қилиш руҳида тарбиялаш ишидаги ролини оширишга оид ислоҳотлар изчил давом эттирилаётганлиги ҳақида сўз борди.

     Кейинги йилларда нуронийларнинг нафақа ва пенсияларини ўз вақтида, улар истаган шаклда етказиб бериш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, саломатлигига эътиборни кучайтириш борасидаги амалий ишлар барча ёши улуғ инсонлар оғирини енгил қилди, десак муболаға бўлмайди.

     “Бир пиёла” чой устидаги маънавий-маърифий тадбир “Мингбулоқ” овулидаги фуқаролар йиғинларида давом эттирилди. Унда овулнинг кекса авлод вакиллари, онахон ва отахонлар иштирок этиб, кўп йиллик боқий қадрият ва анъаналаримиз, ота-боболаримиз босиб ўтган ҳаёт йўли бошқаларга ибрат бўлиши зарурлиги тўғрисида тўхталдилар. Кўрсатилаётган меҳр ва эътибордан кекса авлод вакиллари кўзларида шукроналик нигоҳларини кўриш мумкин эди.

     Тадбир доирасида ташриф буюрган меҳмонлар “Мингбулоқ” овул фуқаролар йиғини қошида фаолият юритаётган “Қыз жасау” тикувчилик цехи фаолияти билан ҳам яқиндан танишдилар. Бу ерда меҳнат қилаётган тикувчи қизлар билан суҳбатлашдилар.

     -“Кексаси бор уйнинг фариштаси бор”, “Қариси бор уйнинг – париси бор”, деган ҳикматли нақллари бежиз айтилмаган. Ана шу олижаноб қадрият, фазилат бугун кундалик ҳаётимизда ҳам ўз ифодасини топганлиги давлат сиёсатининг инсонпарварликка йўғрилгани намунасидир, - дейди биз билан суҳбатда Республика маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш вазирлиги бошқарма бошлиғи Мирзажонова Хайринисо. –Учқудуқ ҳақида куйланган Фарруҳ Зокировнинг “Три колодца” қўшиғини ёшлигимда севиб тинглаганман. Қум барханлари, чўлдаги қўй-қўзиларни боқиб юрган чўпонлар ҳаёти менга қизиқ сирли туюлган. Бугун ўша мен кўришни орзу қилган Учқудуқдаман. Манзара тамоман бошқача. Навқирон ва гўзал шаҳар. Одамларини айтмайсизми, жуда меҳмондўст экан. Қарияларининг юзларидан нур ёғилади.

    Хайр-саховат ва эзгу амалларга йўғрилган “Кексалар ҳафталиги” доирасидаги юқоридаги каби чора-тадбирлар туманимиз маҳаллаларида олис-олис овулларида кенг қулоч ёйиб, ёши ва касб-коридан қатъий назар, барчани унда фаол иштирок этишга, қарияларимиз ҳолидан хабар олиб, улар дуоларидан баҳраманд бўлишга чорламоқда.   

Учқудуқ туман хокимлиги ахборот хизмати 

05 Oct 2021

    Кўксарой қароргоҳида Туркманистон президентини расмий кутиб олиш маросими бўлди. Маросимдан сўнг президентлар Шавкат Мирзиёев ва Гурбангули Бердимуҳамедов тор доирада учрашув ўтказди.

   Учрашув аввалида давлат раҳбари Туркманистон етакчисини самимий қутлаб, 27 сентябрь куни нишонланган байрам – ушбу мамлакат мустақиллигининг 30 йиллиги билан яна бир бор муборакбод этди ҳамда биродар туркман халқига тинчлик-осойишталик ва фаровонлик тилади.

«Ҳар бир учрашувимиз тарихий аҳамиятга эга муҳим воқеадир. Барча эришилган келишувлар ҳаётга татбиқ этилди ва халқларимизга хизмат қилмоқда. Бугун шериклигимизнинг долзарб масалаларини батафсил муҳокама қилиш ва узоқ муддатли истиқболга янги «ўсиш нуқталарини» белгилаб олиш учун яхши имконият бўлади. Сизнинг ташрифингиз минтақавий ва халқаро майдонда ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилади», - деб таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

    Туркманистон президенти меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдириб, икки давлат ўртасидаги муносабатлар юксак даражага етганини қайд этди.

«Ўзбекистон – бизнинг яқин қўшнимиз ва стратегик шеригимиз. Кейинги йилларда ҳамкорлик жадал ривожланиб бормоқда. Бу сиёсатда ҳам, савдо-иқтисодий соҳада ҳам, маданий-гуманитар соҳада ҳам ўз аксини топмоқда. Минтақавий ва халқаро масалаларда бир-биримизни қўллаб-қувватлаяпмиз. Чунки мақсадларимиз ҳамоҳанг», - деди Гурбангули Бердимуҳамедов.

    Учрашувда давлат раҳбарлари кўп асрлик дўстлик, яхши қўшничилик, стратегик шериклик, ўзаро ишонч ва қўллаб-қувватлаш тамойилларига асосланган икки томонлама муносабатларнинг бугунги даражасини юксак баҳоладилар. Етакчилар Ўзбекистон-Туркманистон кўп қиррали ҳамкорлигида мавжуд масалаларнинг бутун доирасини муҳокама қилиб, конструктив сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий ва инвестициявий шерикликни кенгайтириш, маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратдилар.

   Кейинги тўрт йилда ўзаро савдо ҳажми уч баробарга кўпайиб, 400 миллион доллардан ошди. Жорий йил бошидан товар айирбошлаш яна 25 фоизга ортди.

    Жорий йил 14 сентябрь куни бўлиб ўтган Икки томонлама ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссиянинг 16-йиғилиши ҳамда 4 октябрь куни Тошкентда бўлиб ўтган Ўзбекистон-Туркманистон иқтисодий форуми натижалари ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий алоқаларни янада кенгайтиришга хизмат қилиши таъкидланди.

    «Икки мамлакатнинг, айниқса чегарадош ҳудудлари ўртасидаги ҳамкорликнинг салоҳияти улкан экани алоҳида таъкидланди. Туркманистоннинг Лебап ва Дошоғуз вилоятлари раҳбарларининг шу йил 22 сентябрь куни Ўзбекистоннинг Бухоро ва Хоразм вилоятларига дўстлик ташрифлари бунга мисолдир. Президентлар бундай мунтазам учрашувлар икки мамлакат ва халқ ўртасида ўзаро англашувни мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидладилар.

    Сув хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликка юқори баҳо берилди. Томонлар 13 сентябрь куни Тошкентда Сув хўжалиги масалалари бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг биринчи йиғилиши муваффақиятли ўтказилганини мамнуният билан қайд этдилар.

    Минтақа ва халқаро кун тартиби юзасидан фикр алмашилди. Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувларини мунтазам ўтказиш ҳамда жорий йил 6 август куни Авазада ўтказилган учрашувда эришилган келишувларни амалга ошириш муҳим экани таъкидланди.

    Тошкентдаги музокаралар мамлакатларимиз ва халқларимизнинг ўзаро англашуви ва жипслигининг - бугунги кунда рўй бераётган воқеалар фонида айниқса муҳим бўлган жиҳатнинг навбатдаги тасдиғи бўлди», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

05 Oct 2021

    Жорий йилнинг июль-сентябрь ойларида фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органлари томонидан қариндош бўлган 675 нафар келин-куёвнинг никоҳлари қайд қилинди. 

    Давлат хизматлари агентлиги хабарига кўра, шундан 285 нафар келин-куёв бир-бирига нисбатан холавачча, 172 нафари тоғавачча, 114 нафари амакивачча ва 104 нафари аммавачча ҳисобланади.

     Энг кўп қариндошлар ўртасида никоҳ қайд қилинган ҳудудлар Сурхондарё (268 та), Қашқадарё (179 та) ва Сирдарё (40 та) вилоятлари ҳиссасига тўғри келади.

     Оила кодексининг 16-моддасига асосан насл-насаб шажараси бўйича тўғри туташган қариндошлар ўртасида, туғишган ва ўгай ака-укалар билан опа-сингиллар ўртасида, шунингдек фарзандликка олувчилар билан фарзандликка олинганлар ўртасида никоҳ тузиш тақиқланади.

     Мутахассислар фикрича, яқин қариндошлар ўртасида никоҳ юрак-қон томир касалликларининг туғма турларининг келиб чиқишига сабаб бўлмоқда.

 
05 Oct 2021

     Аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш санасида чақирув асосида муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчилар бўлган, шунингдек контракт бўйича ҳарбий хизматга жалб этилган ҳарбий хизматчилар бўлган ва уларнинг ёпиқ ҳудудларда яшаётган оила аъзоси бўлган респондентлар ҳақидаги шахсга доир маълумотларни йиғиш ҳарбий қисм командири ёки у ваколат берган шахс томонидан амалга оширилади.

Аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш санасида:

болалар интернатларида, тарбия муассасаларида, «Болалар шаҳарчалари»да;ижтимоий муассасаларда;

диний муассасаларда;

шифохоналарда ва бошқа соғлиқни сақлаш ташкилотларида;

зўравонликдан жабрланган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш марказларида;

қамоқда сақлаш жойларида, тергов ҳибсхонасида, ахлоқ тузатиш муассасаларида ва махсус муассасаларда яшаётган (бўлган) респондентлар тўғрисидаги шахсга доир маълумотларни йиғиш ушбу қисмда назарда тутилган муассасалар ҳамда ташкилотлар маъмуриятлари томонидан амалга оширилади.

     Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг халқаро ташкилотлар ҳузуридаги ваколатхоналари ходимлари бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳамда уларнинг ўзи билан бирга бўлган оила аъзолари, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан халқаро ҳукуматлараро ташкилотлардаги квоталанган лавозимларга юборилган фуқаролар Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан рўйхатга олиниши лозим. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида аккредитация қилинган чет давлатлар доимий ваколатхоналарининг, халқаро, ҳукуматлараро ташкилотлар ва чет давлатлар ҳукумат ташкилотлари ваколатхоналарининг ходимлари бўлган чет эл фуқаролари ҳамда уларнинг оила аъзолари, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ дипломатик имтиёзларга ва иммунитетга эга бўлган бошқа шахслар рўйхатга олинмайди.


Туман статистика бўлими

05 Oct 2021
     Президент қарорига мувофиқ, харид чекини рўйхатдан ўтказган харидорлар ва чек бермаганлик тўғрисида хабар берганларга имтиёзлар берилмоқда.
     Президентнинг назорат-касса техникасидан фойдаланишни такомиллаштиришга доир қарори қабул қилинди.
Унга кўра, харид учун чек олиш рағбатлантирилади.
    Ҳужжат билан 2022 йил 1 январдан бошлаб:
•  чакана савдо, умумий овқатланиш ва аҳолига маиший хизмат кўрсатиш объектларида харидни амалга оширган ва ушбу харидни солиқ органларининг махсус мобил иловасида харид чекининг QR-код ёрдамида сканерлаш орқали рўйхатдан ўтказган жисмоний шахсларга уларнинг банк карталарига ой якуни билан харид суммасининг 1 фоизи республика бюджетидан қайтарилади;
•  Бундан автомобил сотиб олганлик учун, темир йўл ва авиачипта хариди, коммунал ва алоқа хизмати учун тўлов, шунингдек, тўлов тизими операторлари орқали тўловни амалга оширганда олинган харид чеклари мустасно;
•  сотиб олувчига чекларни ёки уларга тенглаштирилган ҳужжатларни бермасдан товарларни реализация қилганлик ва хизматлар кўрсатганлик, шунингдек, идентификация қилиш воситалари билан мажбурий рақамли маркировка қилиш назарда тутилган маҳсулотларда қалбаки маркировка қўллангани ёки маркировка мавжуд эмаслиги тўғрисида солиқ органларига махсус дастур орқали хабар берган жисмоний шахсларга, ҳуқуқбузарлардан ундирилган жариманинг 20 фоизи миқдорида мукофот тўланади;
•  тўлов тизимлари операторлари ўз тўлов тизимларини онлайн назорат-касса машиналарига мажбурий равишда улаш ва шу орқали солиқ органларининг ахборот тизимларига интеграциялашни таъминлаш талаби ўрнатилади.
     Аввалроқ онлайн назорат-касса машиналар бўйича тартиб ўзгараётгани хабар қилинганди. Бу борадаги қарор лойиҳасида тадбиркорлик субъектлари фақат кўрсатилган хизматлар учун пул тўлаши ҳамда онлайн НКМни давлат реестридан ўтказганлик учун ДСҚга пул ўтказиш тартиби бекор бўлиши кўзда тутилган.
30 Sep 2021

     Учқудуқ туман ҳокими Хамроев Соли Фармоновичнинг 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан йўллаган табриги

     Ассалому  алайкум азиз устозлар!

    Қадрли ўқитувчи ва мураббийлар!

     Меҳридарё муаллимлар!

      Аввало, сизларни, сизларнинг тимсолингизда учқудуқлик барча ўқитувчи ва мураббийларни, ўзининг илму салоҳияти, куч-ғайратини, керак бўлса, бутун умрини ёш авлодга таълим-тарбия беришдек энг шарафли ва чин маънода машаққатли ишга бағишлаб келаётган муҳтарам устозларни  умумхалқ  байрами – “Ўқитувчи ва мураббийлар” куни билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.

      Устоз-мураббий деганда барчамизнинг кўз олдимизда қадрдон мактабимиз, бизга алифбони ўргатган, эзгуликдан сабоқ берган меҳрибон муаллимларимиз сиймоси намоён бўлади.

     Бугунги қутлуғ айёмда барчамиз учун ибрат мактаби, юксак инсоний фазилатлар тимсоли бўлган, сиз каби азиз ва мўътабар зотлар шаънига энг гўзал сўзларимиз, эзгу тилакларимизни изҳор этамиз.

     Ҳазрат Алишер Навоий бобомиз айтганидек, дунёнинг бор бойлиги ва хазинаси билан ҳам сизларнинг олийжаноб меҳнатингиз ҳақини адо этиб бўлмайди.

     Ҳаёт бор экан, ўқитувчилик ва мураббийлик касби ўзининг маъно-мазмуни ва олийжаноблигини, аҳамияти ва ҳурматини ҳеч қачон йўқотмайди.

     Ҳурматли Юртбошимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг "...сизлар дунёдаги энг бебаҳо бойлик ва боқий меросни яратиш, уни халқимизга, униб-ўсиб келаётган ёш авлодимизга безавол етказиш йўлида чинакам фидойилик кўрсатиб меҳнат қилаётган улуғ инсонларсиз. Бу улкан бойлик – ақл-заковат ва илм, бу ўлмас мерос – яхши тарбиядир”, — деган сўзлари сизларнинг машаққатли меҳнатларингизга берилган баҳо десак, хато қилмаймиз!

 

     Муҳтарам устозлар!

   Бугунги кунда  туман халқ таълими тизимида 19 та умумтаълим мактаби, 1 та “Баркамол авлод” мактаби фаолият юритмоқда.

   Туман мактабгача таълим бўлими тасарруфида эса 32 та давлат ва нодавлат мактабгача таълим ташкилоти фаолият кўрсатмоқда.

   Болалар мусиқа ва санъат мактабида тарбияланаётган истеъдодли ўқучи-ёшлар томонидан қўлга киритаётган ютуқларда албатта, илм даргоҳида меҳнат қилаётган ўқитувчи-мураббийларнинг меҳнати беқиёс.

   Мустақиллик йилларида 10 дан ортиқ ўқитувчи-мураббийлар давлат мукофотлари билан тақдирланган бўлса, 300 нафари “Халқ таълими аълочиси” ва бошқа кўплаб кўкрак нишонлари билан мукофотланган.

 

     Яна бир қувончли хабар, куни кеча ҳурматли Президентимизнинг «Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида»ги фармони эълон қилинди.

    Мукофотланганлар орасида Учқудуқ туманидаги 3-умумий ўрта таълим мактабининг 2-Б синф раҳбари, бошланғич синф ўқитувчиси Лагутина Ольга Владимировна  ватанимизнинг юксак мукофоти  «Меҳнат шуҳрати» ордени билан тақдирланди.

     Ёш авлодга  таълим ва тарбия беришда узоқ  йиллар самарали  меҳнат қилган  Ольга Владимировнага берилган  бу юксак мукофот барча Учқудуқ тумани ўқитувчи-мураббийларига берилган улкан эътироф ва рағбат деб ўйлайман.

 

     Айни пайтда туманимиздаги саноат техникуми ва  касб-ҳунар мактаби  ўқитувчи ва мураббийлари ҳам  ёш авлодга таълим бериш, касб-ҳунар ўргатишда фидойилик  намуналарини кўрсатиб келмоқда.

     Кейинги икки йилда мазкур тизимда амалга оширилган ўзгариш ва ислоҳотлар туфайли фарзандларимизга касб-ҳунар ўргатиш бутунлай такомиллашди.

     Бугун ўқитувчилар, устозлар шаънига энг яхши сўзларни айтиб, уларга эзгу ниятларимизни билдирар эканмиз, тумандаги Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби, “Лочин” спорт мажмуасида истеъдодли спортчиларни тарбиялаётган, вилоят, республика ва халқаро миқёсдаги мусобақаларда Учқудуқ тумани  шарафини муносиб ҳимоя қилаётган спортчиларни камолга етказаётган барча мураббийларга ҳам миннатдорчилик билдирамиз.

     Ҳурматли тадбир иштирокчилари!

   Айтиш жоиз бўлса, бугун “Янги Ўзбекистон – мактаб остонасидан бошланади” деган шиор асосида мактаб таълимини ривожлантириш умумхалқ ҳаракатига айланди.

   Буни биргина Учқудуқ тумани мисолида айтадиган бўлсак,  жорий йилда ёш авлодга сифатли таълим бериш мақсадида тумандаги 10,14,15 – сонли мактабларда қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилиб, 10 млрд. сўмга яқин маблағ сарфланган.

   Ёки туманимизда сўнгги 4 йил давомида таълим муассасаларида қурилиш-таъмирлаш ишлари учун  жами 30 млрд. сўмга  яқин маблағ йўналтирилган.

      Азиз устоз-мураббийлар!

   Илмий кузатиш ва тадқиқотлар натижасида инсон ўз ҳаёти давомида оладиган барча маълумотнинг 70 фоизини беш ёшгача бўлган даврда олиб улгуриши аниқланган.

   Демак, бу даврда инсон боласи дунёни англайди, ўз она тилини ўзлаштиради, ота-она, оила, маҳалла, Ватанга меҳри уйғонади, умр давомида оладиган билимларга замин ҳозирлайди.

   Бу борада мактабгача таълим ташкилотининг ҳиссаси муҳим аҳамият касб этади. Шу боис, мамлакатимизда айнан мактабгача таълим узлуксиз таълим тизимининг ажралмас бўлагига, таъбир жоиз бўлса, унинг дебочасига айланган.

    Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак,  туманда 2017 йилда  2 та боғча ва овулларда 7 филиал фаолият юритиб, қамров 64 фоизни ташкил этган.

    Бугунги кунда мактабгача таълим ташкилотлари сони   32 та етказилган, уларнинг 15 таси уй боғчалари ҳисобланади.

    Учқудуқ туманида 3-7 ёшли болалар 3721 нафарни ташкил қилади. Уларнинг  3669 нафари ёки бўлмаса  давлат ва нодавлат мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олинган. Ўтган йилнинг мос даврига нисбатан болаларни мактабгача таълим муассасаларига қамров даражаси 4,6 фоизга ўсди. Жорий йил охиригача яна 4 та оилавий уй-боғчаларни фойдаланишга топшириш ҳисобидан қамров 100 фоизга етказилади.

    Шунингдек, туман марказидан 150-200 км олисда жойлашган Бузаубай ва Кокаяз овулларидаги мактабгача таълим ташкилотлари 962 млн. 900 минг сўм маблағ эвазига бутунлай замонавий кўринишга эга бўлганлигини қайд этиш лозим.

     Бундан ташқари, жорий йилда бюджет харажатларининг орттириб бажарилган қисмидан  911 млн. сўм маблағ таълим муассасалари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва спорт инвентерлари сотиб олишга сарфланганлиги   таълимга эътибор — фаровон келажак  инвестицияси  ибораси билан ҳамоҳангдир!

     Қадрли устоз ва мураббийлар!

   Буюк мутафаккир шоир Алишер Навоий устоз ҳақида “Агар шогирд шайхулислом, агар қозидур, агар устоз рози – Тангри розидур” деб таъриф берган.

    Ҳаётимизга катта куч бўлиб кираётган янги авлодимизни камол топтиришда ўзининг беминнат хизматларини аямай келаётган Сиз, меҳридарё, қалби қайноқ, азиз устозларни касб байрамингиз билан яна бир бор муборакбод этиб, барчангизга сиҳат-саломатлик, бахту саодат, хонадонларингизга тинчлик ва файзу барака тилайман!

 

    Эътиборларингиз учун раҳмат!

29 Sep 2021
 
 

   Ўзбекистон Экологик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига

номзод Нарзулло Обломуродов бугун Термиз шаҳрида бўлиб, сурхондарёлик

сайловчилар билан учрашмоқда.

   Видеоанжуман шаклида ўтказилаётган учрашувда Экологик партия Сурхондарё

вилояти кенгаши раиси, номзоднинг ишончли вакили И.Ёқубов Н.Обламуродовнинг

таржимои ҳоли билан таништирди.

    Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Нарзулло

Обламуродов сайловолди дастури билан таништирмоқда.

   “Бугун биз мустақиллигимизнинг 30 йиллиги кенг нишонланган тарихий кун

ва мамлакатимиз ҳаётида юз берадиган муҳим сиёсий жараён арафасида яшаяпмиз.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови илк марта Сайлов Кодекси асосида

янада очиқ, ошкора ўтказилмоқда. Шунингдек, бизнинг партиямиз ҳам Президент

сайловида илк марта қатнашмоқда.

    Биз "Келажак учун жавобгармиз", деган эзгу ғояни илгари сураяпмиз.

Яшил тараққиёт билан боғлиқ вазифалар ва мамлакатимизнинг эртанги кунига

алоқадор ҳаётбахш масалаларни ўртага қўйганмиз. Албатта, ғояларимиз сизларга

ҳам маьқул бўлади, деган умиддамиз”, деди Нарзулло Обламуродов.

 

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: