LOTIN-КИРИЛЛ
Hokimiyat matbuot xizmati

Hokimiyat matbuot xizmati

13 Sep 2021
      Ҳукумат қарори (562-сон, 09.09.2021 й.) билан Умумий ўрта таълим ташкилотлари, академик лицей ва касб-ҳунар мактаблари ўқувчилари ўртасида фан олимпиадаларини ташкил этиш, ўтказиш ҳамда халқаро олимпиадалар иштирокчиларини саралаш ва ғолибларни рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. 
 
     Низомга кўра, мактаб ўқувчилари ўртасида умумтаълим фанлари бўйича қуйидаги олимпиадалар ташкил этилади:
    асосий олимпиада;
   қўшимча республика олимпиадалари;
   онлайн олимпиада;
   нуфузли халқаро олимпиадалар;
   минтақавий халқаро олимпиадалар.
 
     Жумладан, асосий олимпиадалар тегишли фанлардан икки гуруҳга ажратилган ҳолда 4 босқичда қуйидаги муддатларда ўтказилади:
 
  1-босқич – мактаб, академик лицей ва касб-ҳунар мактаблар миқёсида сентябрь ойида; 
  2-босқич – туман (шаҳар) миқёсида октябрь ойида;
  3-босқич – Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри миқёсида ноябрь ойида;
  4-босқич – республика миқёсида барча фанлардан апрель-май ойларида. 
 
      Барча фанлардан назорат турлари, шакллари, баҳолаш мезонлари Халқ таълими вазирлиги томонидан тасдиқланади. 
 
  4-босқичда мактабларнинг 11-синф, касб-ҳунар мактаблари, академик лицейларнинг 2-босқич ўқувчилари қатнашади. 
 
  Ҳар бир фан йўналишида баллар кетма-кетлигида 1, 2, 3-ўринларни эгаллаган ўқувчилар ғолиб ҳисобланади.
 
  Асосий олимпиада ғолибларига қуйидаги миқдорда пул мукофотлари берилади:
 
   3-босқичда ғолиб бўлган ҳар бир ўқувчига: 
 
● 1-ўрин – БҲМнинг 6 баравари;
● 2-ўрин – БҲМнинг 4 баравари;
● 3-ўрин – БҲМнинг 3 баравари.
 
    4-босқичда ғолиб бўлган ҳар бир ўқувчига: 
 
● 1-ўрин – БҲМнинг 12 баравари;
● 2-ўрин – БҲМнинг 8 баравари;
● 3-ўрин – БҲМнинг 6 баравари.
 
   Шунингдек, 4-босқич ғолибларига ихтисослик фани бўйича давлат ОТМларига кириш имтиҳонларида максимал балл олиш ҳуқуқини берувчи ва 3 йил давомида амал қилувчи электрон сертификатлар берилади.
 
  Информатика ва ахборот технологиялари фани бўйича мазкур сертификатни олган ўқувчиларга ихтисослик фан сифатида математика фанидан давлат ОТМларига кириш имтиҳонларида максимал балл олиш ҳуқуқи берилади.
 
   Таълим муассасаларида ўқитувчи бўлиб ишлаётган нуфузли халқаро олимпиадалар ғолиблари лавозим маошига ҳар ой 150 фоиз, асосий олимпиадалар республика босқичи ғолиблари лавозим маошига ҳар ой 100 фоиз миқдорида устама ҳақи тўланади.
 
Маъруф Умерзаков 
туман Адлия бўлими бошлиғи.
10 Sep 2021

    Савол: – Сайлов нима?

Жавоб: – Сайлов, фуқароларнинг у ёки бу номзодни ёқлаб овоз бериши орқали давлат ҳокимияти органларини шакллантириш жараёнидир.

    Савол: – Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови қачон бўлиб ўтади?

Жавоб: – Янги тартибга кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови октябрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида, яъни 2021 йил 24 октябрда бўлиб ўтади.

    Савол: – Президент сўзининг маъноси нима?

Жавоб: – Президент атамаси лотинча ("prae" – олдин ва "sedere" – ўтирмоқ) сўзидан олинган бўлиб, "олдинда ўтирувчи" деган маънони англатади. Президент – давлат бошлиғи ҳисобланади ва у давлат ҳокимияти органларининг келишилган ҳолда фаолият юритишини ҳамда ҳамкорлигини таъминлайди.

     Савол: – Ўзбекистон Республикасида сайловлар қайси принциплар асосида ўтказилади?

Жавоб: – Ўзбекистон Республикасида сайловлар умумий, тенг, тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш принципларига биноан очиқ ва ошкора ўтказилади.

     Савол: – Яширин овоз бериш нимани англатади?

Жавоб: – Сайловда эркин ва яширин овоз берилади. Сайлов бюллетенидаги номзодлардан қайси бирини танлашни фақат сайловчининг ўзи ҳал қилади.

    Сайловчилар муддатидан олдин ёки сайлов куни участка сайлов комиссияси биносида ёхуд турган жойида яширин овоз бериш ҳуқуқидан фойдаланадилар.

    Сайловчиларнинг қайси номзодга овоз берганлигини кузатиш ва текширишга йўл қўйилмайди. Участка сайлов комиссиялари сайловчиларнинг яширин овоз бериш ҳуқуқини таъминлаш учун масъул ва жавобгардир.

    Савол: – Сайлов жараёнида очиқлик ва ошкоралик нималарда намоён бўлади?

Жавоб: – Сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишни сайлов комиссиялари очиқ ва ошкора амалга оширади.

 Сайлов комиссиялари фуқароларни ўз иши тўғрисида, сайлов округлари, участкалари тузилганлиги ҳақида, сайлов комиссияларининг таркиби, уларнинг жойлашган ери ва иш вақти тўғрисида хабардор этади, сайловчиларнинг рўйхатлари, сайловда иштирок этаётган сиёсий партияларнинг рўйхати билан таништиради, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар тўғрисидаги, шунингдек, овоз бериш ва сайлов якунлари ҳақидаги маълумотларни маълум қилади.

Сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишнинг барча жараёнлари оммавий ахборот воситаларида, шунингдек ижтимоий тармоқларда ёритилади.


Маъруф Умерзаков
туман Адлия бўлими бошлиғи.

10 Sep 2021

    Ҳукумат қарори билан «Умумий ўрта таълим ташкилотлари, академик лицей ва касб-ҳунар мактаблари ўқувчилари ўртасида фан олимпиадаларини ташкил этиш, ўтказиш ҳамда халқаро олимпиадалар иштирокчиларини саралаш ва ғолибларни рағбатлантириш тартиби тўғрисида»ги низом тасдиқланди.

    Қарор билан Президент соврини учун «Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб» танловини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. 

 

   Низомга кўра, Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб танлови ҳар йили инглиз, немис, француз тиллари (хорижий тиллар) ўқитиладиган мактаблар ўртасида ўтказилади.

   Танловда иштирок этиш истагини билдирган мактаб ҳар йили 20 сентябргача Халқ таълими вазирлиги ахборот тизимида мактаб терма жамоасини рўйхатдан ўтказади.

   Шунга кўра, рўйхатдан ўтган мактаб ҳар йили 20 октябргача ахборот тизимига хорижий тилларни ўқитиш бўйича белгиланган асосий кўрсаткичларини киритади.

   Танловда ҳар бир мактабдан битта тил бўйича битта терма жамоа иштирок этиши мумкин. Терма жамоа 7—9-синфларда ўқийдиган 5 нафар ўқувчидан ташкил топади.

   Танлов 3 босқичда қуйидаги муддатларда ўтказилади.

1-босқич (туман босқичи) – ҳар йили февраль ойида. Бунда иштирокчиларнинг хорижий тилларни билиш даражаси тест топшириқлари воситасида синовдан ўтказилади.

2-босқич (вилоят босқичи) – ҳар йили апрель ойида. Ушбу босқичда иштирокчиларнинг тинглаб тушуниш (listening), ёзиш (writing), ўқиш (reading) ва лексик-грамматик кўникмалари баҳоланади.

3-босқич (республика босқичи) – ҳар йили август ойида. Мазкур босқичда иштирокчиларнинг тинглаб тушуниш (listening), ёзиш (writing), гапириш (speaking) ва ўқиш (reading) кўникмалари чет тилини билишнинг халқаро сертификацияланган стандартлари асосида синовдан ўтказилади ҳамда тегишли тил она тили сифатида фойдаланиладиган мамлакатлар ҳақидаги билими текширилади.

    Республика босқичида 1-ўринни кўлга киритган мактаб Президент соврини соҳиби сифатида эълон қилинади.

Танлов ғолиблари қуйидаги миқдорларда Президент соврини билан мукофотланади:

Туман (шаҳар) босқичида:

  • 1-ўрин – 100 миллион сўм;
  • 2-ўрин – 75 миллион сўм;
  • 3-ўрин – 50 миллион сўм.

    Вилоят босқичида:

  • 1-ўрин – 250 миллион сўм;
  • 2-ўрин – 200 миллион сўм;
  • 3-ўрин – 150 миллион сўм.

    Республика босқичида:

  • 1-ўрин – 500 миллион сўм;
  • 2-ўрин – 400 миллион сўм;
  • 3-ўрин – 300 миллион сўм.
09 Sep 2021

    Жавоб: Ҳа, худди шундай.

     2019 йил 6 сентябрдаги “Профессионал таълим тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ПФ-5812-сон Президент фармонига мувофиқ ана шундай қоида белгилаб қўйилган.

     Яъни техникумларда ўрта махсус таълим дастурларини муваффақиятли тамомлаган битирувчилар ўз соҳасига мос бакалавриат таълим йўналишлари бўйича кириш имтихонларсиз якка тартибдаги суҳбат орқали олий таълим муассасаларида 2-курсдан ўқишини давом эттириш ҳуқуқига эга бўлади.

    Техникумларда 2 йилдан кам бўлмаган муддатда давлат буюртмаси ёки тўлов-контракт асосида ўқиш мумкин.

     Шошилинг, муддат оз қолди. Техникумларга ўқишга кириш учун texnikum.edu.uz сайти орқали 10 сентябрга қадар (шу куни ҳам) онлайн ариза топшириш мумкин.

     Абитуриентлар учун 197 та техникумда жами 138 дан ортиқ мутахассисликлар мавжуд.

     Электрон платформада қуйидагилар сўралади:

1. Электрон ариза тўлдирилади;
2. Умумтаълим мактабининг 11-синфни тугатганлигини тасдиқловчи аттестат (электрон) нусхаси ёки ўрта махсус, касб-ҳунар таълим муассасасини тамомлаганлиги тўғрисидаги диплом (электрон) нусхаси юкланади;
3. Паспорт маълумотлари киритилади.

Манба: xushnudbek

09 Sep 2021

      Учқудуқ  туман ҳокимлиги мажлислар залида халқ депутатлари туман кенгашининг навбатдаги 35 сессияси бўлиб ўтди.

      Сессияда депутатлар, сектор раҳбарлари, ҳоким ўринбосарлари, масалага алоқадор корхона-ташкилот раҳбарлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

      Мажлисни туман ҳокими, кенгаш раиси С.Хамроев бошқариб борди.

      Сессия вилоят округ сайлов комиссияси аъзоси Раупов Холмамат Рашидович иштирок этди ва сўзга чиқди.

      Сессия кун тартибида депутатлар Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи участка сайлов комиссиялари таркибига номзодларни тавсия этиш тўғрисида,  аёллар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳамда келгусидаги вазифалар,  халқ депутатлари Учқудуқ туман кенгашининг регламенти ва доимий комиссиялар тўғрисидаги низомини тасдиқлаш ҳамда  доимий комиссиялари таркибига ўзгартириш киритиш тўғрисидаги масалаларни муҳокама қилди.

     Учқудуқ туманида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 23 та сайлов участкаси тузилган бўлиб,  ҳар бирида комиссия раиси, раис ўринбосари ҳамда комиссия котиби иштирокида комиссия аъзолари ҳақидаги маълумотларни батафсил ўрганиб чиққандан сўнг, депутатлар томонидан тасдиқланди.

     Туманда аёллар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирлар натижасида “Аёллар дафтари”га киритилган 174 нафар хотин-қизларнинг  101 нафарини “Аёллар дафтари”дан чиқариш бўйича таклиф ўртага ташланди.

     Секторлар кесимида 1-сектордан - 20 нафар, 2-сектордан -16 нафар,
3-сектордан -32 нафар, 4-сектордан -33 нафар чиқарилаётган ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизлар Низомда белгиланган тартибда рўйхатдан чиқариш тўғрисидаги масала маъқулланди.

      Шунингдек, Халқ депутатлари туман Кенгаши таркибида  қайта тузилган  8 та доимий комиссиялар тасдиқланди. Булар:

- Маҳаллий бюджет, иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш, инвестициялар ва тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича доимий комиссия;

- Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш бўйича доимий комиссия;

- Таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, спорт ва ижтимоий ҳимоя масалалари бўйича доимий комиссия;

- Ёшлар сиёсати, хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари бўйича доимий комиссия;

- Саноат, транспорт, қурилиш, коммунал соҳа ва аҳолига хизмат кўрсатиш масалалари бўйича доимий комиссия;

- Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология бўйича доимий комиссия

- Ахборот сиёсати ва маҳаллий давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари бўйича доимий комиссия

- Регламент ва депутатлик одоби масалалари бўйича доимий комиссияси.

     Бундан ташқари, сессия кун тартибида туман маҳаллий бюджетининг захира жамғармаси ҳамда иккинчи чорак даромадларининг режасидан орттириб бажарилган қисми ҳисобидан самарали фойдаланиш ҳамда аҳоли муаммоларини бартараф этишга сарфланиши тўғрисидаги масалани ҳам муҳокама қилдилар.

Учқудуқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати.

08 Sep 2021

      Ўзбекистонда 2021 йилги пахта йиғим-терими мавсумида қўлда терилган 1 килограмм пахта учун биринчи теримда 1200 сўмдан, иккинчи теримда 1500 сўмдан кам бўлмаган миқдорда меҳнат ҳақи тўлаш белгиланди. Бу ҳақда Пахта-тўқимачилик кластерлари уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Саъдулла Тожиевга таяниб, UzReport хабар берди.    

      Маълум қилинишича, Жиззах, Сирдарё ва Тошкент вилоятларининг барча туманларида ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятининг чекка туманларида теримчиларни қўшимча жалб қилиш мақсадида қўлда терилган ҳар бир килограмм пахта хом ашёси учун Республика бюджети қўшимча манбалари ҳисобидан 230 сўмдан устама ҳақ тўланишини таъминланади.

     Шунингдек, кластерлар ўзларига бириктирилган ҳудудларда терим пулини мустақил белгилаши, яъни тавсия этилаётган нархлардан юқори миқдорда ҳақ тўлашлари ҳам мумкин.

     Эслатиб ўтамиз, 2020 йилги мавсумда терилган бир килограмм пахта нархи биринчи теримда 1000 сўм, иккинчи теримда эса 1400 сўмдан тўланганди. Мамлакатда 2020 йилда пахта теримига мажбурий жалб этиш ҳолатлари 2019 йилга нисбатан 33 фоизга камайган ва 4 фоизни ташкил этган эди.
08 Sep 2021

    Бугунги кунда мамлакатимизда хорижий мамалакатларда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқароларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, шунингдек, оғир шароитда яшаётган мигрантларимиз ва уларнинг оила аъзоларини уй-жой билан таъминлаш соҳасида кўплаб ишлар қилинаётганлигини таъкидлаш жоиз.

    Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 20 августдаги Фармони ижросини таъминлан мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 29 январда  қабул қилган 39-сонли “Уй-жой шароитларини яхшилашга эҳтиёжманд меҳнат мигрантларига кўп квартирали уйлардан хонадонлар ажратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди ва унга илова қилинган Низомда меҳнат мигрантларига кўп квартирали уйлардан хонадонлар ажратиш қандай тартибда амалга оширилиши белгиланди.

    Ушбу Низомга кўра, меҳнат мигрантларига уй-жой ажратиш уч босқичда амалга ошилилади.

  1. Ёзма тавсия олиш. Бунда уй-жой шароитларини яхшилашга эҳтиёжманд меҳнат мигранти ёки унинг номидан оила аъзоси туман ҳокимликлари ҳузурида ташкил этилган талабгорларни танлаш бўйича комиссияга сўровнома-ариза ва доимий яшаш жойи тўғрисидаги ҳужжатларни тақдим этади. Комиссия томонидан ҳужжатлар 15 иш куни ичида кўриб чиқилади. Шу ўринда айтиш керакки, ариза берувчи албатта, “labor migration” дастури мажмуасида рўйхатдан ўтган шахс бўлиши лозим.

Талабгорларни танлаш бўйича комиссия аризани кўриб чиқишда уй-жой шароитларини яхшилашга эҳтиёжманд меҳнат мигрантларини қуйидаги ижтимоий мезонлар асосида аниқланади:

а) ариза берувчида мулк ҳуқуқи асосида турар жойнинг йўқлиги, турар жойда ижара шартларида яшаши ёки мулк ҳуқуқи асосида турар жойининг яшаш учун яроқсизлиги;

б) бошқа оила (оилалар) билан бир уйда (бир хонадонда) яшаши;

в) кўп болалилик (уч ва ундан ортиқ);

г) ариза берувчи оиласининг даромади;

д) ижтимоий хусусиятига кўра, оиласида алоҳида хонада яшаши керак бўлган (сил, тери-таносил касалликларининг оғир кўриниши, қандли диабетнинг йирингли яллиғланиши, псориаз) бемор (эри, хотини, фарзандлари, ота-онаси) (туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмасининг хулосаси асосида) мавжудлиги;

е) ариза берувчининг оила аъзолари (эри, хотини, фарзандлари, ота-онаси) орасида биринчи гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларнинг мавжудлиги;

ж) ариза берувчи уй-жой майдонининг қонун ҳужжатларида назарда тутилган (бир шахс учун умумий уй-жой майдони 16 кв метрдан кам бўлмаган, курси-коляскадаги ногиронлар учун 23 кв метрдан кам бўлмаган) уй-жой майдонининг ижтимоий нормасига мувофиқ эмаслиги;

з) ёлғиз ўзи икки ва ундан ортиқ вояга етмаган фарзандларни тарбиялаётган уй-жой шароитларини яхшилашга эҳтиёжманд меҳнат мигрантлари.

Демак, юқоридаги мезонлар комиссия томонидан ҳужжатларни кўриб чиқиш ва уй-жой шароитларини ўрганиш жараёнида ёзма тавсия бериш ёки ёзма тавсия беришни рад этиш тўғрисида қарор чиқаришга асос бўлади.

Инжиниринг компанияси билан шартнома тузиш. Ёзма тавсия берилган талабгорлар дастлабки шартномаларни тузиш учун инжиниринг компанияси “Қишлоқ қурилиш инвест ИК” МЧЖ ҳамда Ўзшаҳар қурилиш инвест ИК” МЧЖ филиалларига мурожаат қилади. Компания филиали дастурлар доирасида уй-жойлар қуриш бўйича талабгорларнинг мурожжатлари асосида белгиланган тартибда улар билан дастлабки шартномаларни тузади.

  1. Ипотека кредити олиш. Дастлабки шартнома тузилганидан кейин талабгорлар иштирок этувчи тижорат банки ва унинг филиалларига ипотека кредити олиш учун мурожжат қилади.

    Ипотека кредитидан фойдаланишнинг биринчи 5 йили давомида ҳар йили фоиз ставкасини қатъий белгиланган 7 фоиздан Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкаси даражасигача бир меъёрда ошиб борадиган ставкада ва кейинги даврда Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкасида белгиланади.

     Шунингдек, кредит ойлик тўлов асосий қарз қолдиғига ҳисобланган фоизлар бўйича тўлиқ ҳамда кредитнинг бир қисмини ўз ичига олади, яъни ҳар ойлик барча тўловлар кредит тўлашнинг бутун даврида бир хил бўлади.

     Демак, иротека кредити олиш учун тақдим этилган ҳужжатлар тижорат банки ва унинг филиаллари томонидан ўрганиб чиқилади ва кредитга лаёқати баҳоланади. Ва ижобий натижа олган талабгорларга кредит беришни маъқуллаш тўғрисида қарор чиқарилади.

Мадад нодавлат нотижорат ташкилоти Учқудуқ туман

ҳудудий бюроси бош мутахассиси Исмоилова Умида Ҳамро қизи

07 Sep 2021

    Ўзбекистонда сайловчилар сони 21,2 миллион кишидан ошган. Бу ҳақда Марказий сайлов комиссияси раиси Зайниддин Низомхўжаев Тошкентдаги халқаро конференцияда маълум қилди.

     Марказий сайлов комиссияси раисининг маълум қилишича, ҳозирда сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатига 21 миллион 249 минг 921 нафар сайловчи киритилган. Улардан 6 миллион 993 минг 924 нафарини (қарийб 33 фоизи) 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этади.

     Шулардан 880 минг 155 нафар ёшлар бу йил илк маротаба ўзининг сайлов ҳуқуқидан фойдаланади.

     «Жорий йилда бўладиган Ўзбекистон Президенти сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссиялари таркибида навқирон авлод вакиллари ҳар қачонгидан кўп: 31 ёшгача бўлган йигит-қизлар сони-салмоғи 9 фоизни ташкил этса, 41 ёшгача бўлганлар эса 28 фоизгача етди», — дейди Низомхўжаев.

     Шунингдек, МСК раисининг таъкидлашича, сайловда дунёнинг 50 га яқин мамлакати ҳамда ўнлаб халқаро ташкилотлардан кузатувчилар иштирок этиши кутилмоқда.
06 Sep 2021

     Нақд пул танқислиги шароитида пенсиялар нақд пулда берила бошланди. Ишлайдиган пенсионерларга пенсия тўлиқ тўланмоқда. 2005 йилгача бўлган иш стажлар ҳужжатсиз инобатга олиниши йўлга қўйилди. Охирги йилларда пенсия тизимида рўй берган шу ва бошқа асосий ўзгаришларни ушбу мақолада санаб ўтамиз.

    Ҳозирда Ўзбекистон аҳолисининг қарийб 11 фоизи (3,9 млн киши) пенсия ва нафақа олади. Бундан 5 йил муқаддам эса пенсионерлар 3 млн киши бўлган.

    (Манбалардан олинди).

    Жумладан, Учқудуқ туманида пенсионерлар сони 3884 нафар кишини ташкил этади. Сўнгги вақтда пенсия ва нафақа олувчилар сони 217 нафарга ўсиб бормоқда.

    2017 йилгача пенсионерларни қийнаб келган муаммолардан бири уларга пуллар нақд шаклда берилмаётганида эди. Ўша йили 1 февралдан бошлаб мазкур масала ечим топди – пенсия ва нафақалар исталган шаклда, нақд ёки пластик карта орқали берила бошланди. Бу кўпчилик кутган янгилик эди.

    Пенсия тизимидаги яна бир ижобий ўзгариш 2019 йилда юз берди. Яъни пенсия ҳисоблашда иш ҳақига белгиланган юқори чегара БҲМнинг 8 бараваридан 10 бараварга оширилди. Бунинг натижасида туманимизда 1700 нафар фуқаронинг пенсия миқдори ўртача 1 сўмдан 629000 сўмгача ошди.

   Қолаверса, 2019 йил 1 январ ҳолатига пенсияларни тўғри тайинлаш ва тўлаш устидан ўтказилган текширишлар натижасида ортиқча пенсия тўлангани аниқланган 8 нафар фуқаронинг41,1 млн сўмлик қарздорликлари қолдиқлари ҳисобдан чиқарилди.

   Тизимдаги ижобий ўзгаришлардан бири – 2019 йил 1 январдан бошлаб барча соҳаларда ишлайдиган пенсионерларга пенсияларининг тўлиқ берилиши бўлди. Бунинг натижасида ўша йили 506 нафар пенсионернинг ойлик даромадлари ўртача 450 минг  сўмга кўпайди.

   Бунгача (1995 йилдан бери) ишловчи пенсионерларга пенсияларининг 50 фоизи тўланар, эътирозлар ортганидан ортиб бораётганди.

    Пенсионер ва ҳозирда  болалар шифокори бўлиб  ишлаётган Фотима опа Астанакулова бу ҳолат узоқ йил бир соҳада ишлаб тажриба орттирган, пенсия ёшига етса-да меҳнат қилаётган пенсионерларга адолатсизлик бўлганини яширмайди.

   “Ишлайдиган пенсионерлар 2019 йилгача 50 фоиз пенсия олардик. Ўша йилдан буёғига ойлик ҳам, пенсия ҳам тўлиқ бериляпти. Нақд ва пластик карта орқали олиш бизнинг хоҳишга кўра берилади. Рости, менга 30 йил ишлаб 50 фоиз пенсия олиш алам қилар эди. Ҳозир тўлиқ оляпмиз”,  дейди у.

    Энди 2005 йилгача бўлган иш стажлар ҳужжатсиз инобатга олинади.

2021 йил 1 июндан бошлаб пенсияга чиқмоқчи бўлган фуқаронинг 2005 йилгача ишлаган даври иш стажига ҳеч қандай ҳужжатлар талаб этилмасдан инобатга олинади. Пенсияга чиқиш учун фақатгина паспорт ва сўнгги 5 йилда олган ойлик маошлари ҳақида маълумот сўраладиган тизим жорий этилди.

    Негаки, 2005 йилгача бўлган иш стажларнинг электрон базаси бўлмагани учун фуқаролардан иш ҳақи, стажи тўғрисидаги маълумотлар, архив ҳужжатлари талаб этилар, уларнинг иш стажлари тўлиқ инобатга олинмай келинар эди. Натижада оворагарчилик ва эътирозлар кўпайиб борди.

    Ҳозирда ишлайдиган турмуш ўртоқ ишламайдиган турмуш ўртоғи учун ойлик даромадларидан пенсия жамғармасига ихтиёрий равишда ижтимоий солиқ тўлаши мумкин. Мазкур тўловлар ҳисобига стаж йиғиб борилади ва келгусида пенсия таъминоти билан қамраб олиш имконияти яратилади.

  Бу дегани аёллар рўзғор ишлари билан банд бўлаверишади, турмуш ўртоқлари улар учун солиқ тўлашади ва келгусида уй бекаси ҳам пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлади.

   Маълум қилинишича, эндиликда ўзини ўзи банд қилган фуқаролар ҳам Пенсия жамғармасига ихтиёрий равишда солиқ тўлаш ҳисобига ўзларига стаж йиғиб боришлари ва келгусида пенсияга чиқишлари мумкин.

Чет элда меҳнат фаолиятини олиб борадиган ватандошларимизга ҳам пенсияга чиқиш имконияти яратилди. Яъни хорижда олган даромадлари ҳисобидан ижтимоий солиқ тўласалар, уларга стаж ҳисобланади. Пенсия ёшига етганда эса пенсия тайинлаш ҳуқуқи берилади

   Жорий йил бошидан “Ижтимоий ҳимоя” ягона реестри бутун республикада йўлга қўйилди. Бу тизим орқали кам таъминланган оилаларга 3 турдаги нафақалар электрон тартибда, инсон омилисиз, автоматик тарзда тайинланади.

   Авваллари нафақа олмоқчи бўлган аризачидан даромадлари, мол-мулки, оила аъзолари ишлайдиган жойдан маълумотлар талаб қилинган. Бундан ташқари, мурожаатни кўриб чиқиш жараёнига узоқ вақт сарфланган.

   “Ижтимоий ҳимоя” ягона реестри тизимида эса фуқаро ҳеч қандай маълумот йиғиши шарт эмас. Фақатгина ариза билан ўзи ва оила аъзоларининг паспорт нусхалари (никоҳ ва туғилганлик тўғрисида гувоҳномалар) тақдим этилади.

    Ариза маҳаллага берилади. Реестр орқали электрон тарзда нафақалар кимга тайинлангани ёки рад этилгани, рад этилиши сабабларини ҳам кўриш мумкин бўлади.

 

Жасур АЛИМОВ,

Учқудуқ туман БТПЖ  бош мутахассиси.

06 Sep 2021

            Маълумки НКМК нафақат Ўзбекистонда балки дунёда энг йирик олтин ва уран ишлаб  чиқарувчи корхона ҳисобланади. Ана шундай гигант корхонанинг асосий қанотларидан бири Қизилқум кенгликларининг гавҳари Учқудуқдир.

     Чўлнинг нақд юрагида жойлашган, Навоий кон металлургия комбинатига бешик вазифасини ўтаган - Учқудуқ айниқса мустақиллик йилларида ўзгача кўрк очди. Ишлаб чиқаришда дунёни ҳайратга соладиган улкан кўрсаткичларга, ютуқларга эришди. Айниқса, маҳаллий ёшлар учун шарт-шароитлар қатори кўплаб иш ўринлари яратилди. 

     1995 йилда Учқудуқда 3-сонли гидрометаллургия заводи қурилиши нафақат қизилқумлик балки Ўзбекистон кончиларининг мустақиллик йилларидаги биринчи катта ютуғи бўлди. Натижада,  Шимолий кон бошқармаси ва бутун Зарафшон минтақаси ҳаётида янги саҳифа очилди. 
3- сонли гидрометаллургия заводи мустақиллигимизнинг дастлабки йилларида фойдаланишга топширилган биринчи йирик саноат объектларидандир.

     Эндигина мустақилликка эришган, олдинлари доимо марказ билан ҳисоблашиб келган, ускуналар бор-у, мутахассислар ёппасига олиб кетилган бир пайтда ёш мамлакат учун бундай корхонани ишга тушириш оғир масала эди. Аммо қанчалик  машаққатли бўлмасин, истиқлолнинг биринчи йирик заводи фойдаланишга топширилди.
3- сонли гидрометаллургия заводи бугун салоҳиятли муҳандис-техник кадрларга эга, ривожланган инфратузилмали замонавий корхонага айланди. 

3- сонли гидрометаллургия заводининг тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш динамикасида технологик жараёнларни такомиллаштириш, замонавий-инновацион лойиҳаларни жорий қилиш ва илғор муҳандислик-техник ечимларини қўллаш муҳим роль ўйнади.

     Ҳаёт бир жойда туриб қолмайди ва давр талабидан келиб чиқиб, янги инновацион технологияларни ишлаб чиқаришда дадил қўлланилиши заводни ривожланишига имкон берди.

     25 йиллик тажриба заводнинг янада мукамаллашуви учун бир босқич бўлди. Кечаги  маҳаллий мутахассислар ишчиликдан бошқага ярамайди, деган фикр ўзгарди.  Энди бу ерда ишлаётган мутахассислар ҳар қандай лойиҳаларни қўрқмай амалга ошириши мумкин эди.
Ана шундай ишончни   Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан белгилаб берилган “Навоий кон-металлургия комбинатини 2026 йилгача ривожлантириш дастури” доирасида “Кокпатас” ва “Дауғизтау” конларининг ишлаши қийин бўлган маъданларидан олтин ажратиб олиш технологиясини такомиллаштириш лойиҳаси белгилаб берди. Бу энг  энг йирик инвестицион лойиҳалардан бири ҳисобланарди.

     Мазкур лойиҳани амалга ошириш учун заводда сорбциялаш жараёни чиқиндиларини юқори самарали куйдириш бўйича янги мажмуани барпо этиш режалаштирилди.

    Ушбу лойиҳанининг ноёблиги нимада эди? Мазкур мажмуа ўзининг илғор муҳандислик-техник ечимлари, технологик жиҳозланиш даражаси билан ноёбдир. Бу жараёнда албатта комбинат муҳандислари ва олимларининг олиб борган илмий-тадқиқотларидан кенг фойдаланилди.

    Ҳамкорлар – дунёнинг етакчи компаниялари, жумладан “Инжиниринг Доберсек” фирмаси билан биргаликда мазкур ноёб корхона ишга туширилди.  Замонавий мажмуанинг ишга туширилиши мамлакатимиз кон-металлургия саноати тарихида янги босқични бошлаб берди, десак, муболаға бўлмайди. Мазкур ноёб мажмуа 3- сонли Гидрометаллургия заводига келтирилаётган хомашёдан фойдаланиш самарадорлигини 8,5  фоизгача, тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни 11 фоизга оширди.  
 Қувонарлиси шундаки, дунёда ягоналиги ва ўзбекистонликларники  бўлган бу мажмуа илмий лойиҳаси   Ўзбекистон Республикаси тоғ-кон металлургия саноати тарихида биринчи марта Жаҳон интеллектуал мулк ташкилотининг (ЖИМТ) "Ихтиро учун" Олтин медалига тавсия этилди.  

    Навоий КМКнинг бош директори Қувондиқ Санақулов бошчилигидаги ходимлар орасида 3 - сонли Гидрометаллургия заводининг мутахассислари Махмуд Жумаев, Шуҳрат Нарбадаловларнинг борлиги одамга қувонч ҳисссини беради.

    Оддий завод муҳандисларининг билими дунё даражасида эътироф этилиши ҳам мустақиллигимизнинг айниқса, кейинги йилларда  илм-фанга қаратилаётган эътиборнинг эътирофи десак муболаға бўлмайди.

    Айни пайтда 3-ГМЗ йилига 8 миллион тонна рудани қайта ишлаб, олтин ҳажмини 3 баробардан зиёд ишлаб чиқарган ҳолда, барқарор ишламоқда.

   Кон комплекси эса завод ишга туширилган дастлабки даврга таққослаганда, кон жинслари ҳажмини 8,5 баробардан ортиқ ҳажмда ишлаб чиқармоқда. Мустақиллик йилларида 3-ГМЗда 136 миллион тоннадан ортиқ руда қайта ишланди, 192 тоннадан ортиқ олтин ишлаб чиқарилди.  
Қуввати ва аҳамияти бўйича НКМК бўлинмалари ўртасида иккинчи ўринда турувчи Шимолий кон бошқармаси ривожланган замонавий инфратузилмага эга бўлиб, олтин ва таркибида уран мавжуд рудаларни қазиб олиш ва қайта ишлаш бўйича етакчи ташкилотдир.

    Ўзбекистон бугун дунёда уран ишлаб чиқариш бўйича етакчи ўринларни эгаллаётгани  бу - олис Учқудуқ кончиларининг ҳам заҳматли  меҳнати маҳсулидир.  Мустақилликнинг кейинги йилларда  ишлаб чиқаришга инновацион ғояларни татбиқ этишилиши соҳага янгиликлар олиб кирмоқда.  
Кончилик ишларида уюм-уюм тупроқ ва тоғ-кон чиқиндилари ҳосил бўлиши табиий ҳол.

    Учқудуққа келган  киши шаҳар остонасидаёқ бунга амин бўлади. Комбинат ва Шимолий кон бошқармаси мутахассисларининг саноат чиқиндиларини қайта ишлаб, тайёр маҳсулот олиш мақсадида олиб бораётган изланишлари ўз самарасини бермоқда.

    2016 йил Навоий кон-металлургия комбинати  бир гуруҳ олим ва мутахассисларининг “Радиоактив кон ағдармаларни рекультивация қилиш усуллари” ихтирочилик ишига патент олинди. Натижада, ҳудуддаги Геотехнологик конда таркибида уран металли мавжуд чиқиндиларни рекультивация қилиш участкаси ташкил этилди.

    Ҳар куни 600-800 тонна ағдармани қайта ишлаш қувватига эга бу участкада 44 нафар ишчи-ходим меҳнат қилмоқда. Эндиликда чиқиндилардан маҳсулот олиш билан бирга улар эгаллаб турган майдон рекультивация қилиниб, фойдаланишга мақбуллиги таъминланмоқда.
Корхонада маҳаллийлаштириш дастури доирасида қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.

    Сульфат кислотаси ишлаб чиқариш цехида иккиламчи ресурслардан фойдаланган ҳолда электр энергиясини ишлаб чиқариш ва маҳсулот таннархини пасайтириш мақсадида 2016 йил июнь ойида Ҳиндистоннинг “ТРИВЕН ТРУБИНС” ЛТД компанияси томонидан СКИЧЦда  иссиқлик қозонидан чиқадиган ортиқча буғ ёрдамида ишлайдиган, 6 мегаватт қувватга эга бyғ турбинаси қурилмаси ишга туширилди.

    Қурилма сульфат кислотаси ишлаб чиқариш цехининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини 85 фоизгача таъминламоқда. Ҳозирга қадар буғ турбинасида бир миллиард 160 миллион киловатт электр энергияси ишлаб чиқарилди.

    Цехда марказий илмий-тадқиқот лабораторияси мутахассислари томонидан ишлаб чиқариш чиқиндиларидан қимматли элементларни комплекс қайта тиклаш дастури доирасида лаборатория шароитида ишлатилган ванадий катализаторидан ванадий пентоксидини олиш технологияси самарали синовдан ўтказилди.

2017 йилдан буён 1500 килограмм ванадий пентоксиди ишлаб чиқарилди. Маҳсулот Навоий машинасозлик заводига юборилмоқда. Корхонада йилига 505 минг тонна сульфат кислотаси ишлаб чиқарилмоқда.

     Кон бошқармаси кўплаб тармоқлар ва бўлинмаларга бўлинади. Ҳар бир тармоқ ва бўлимларнинг ўзига хос вазифалари мавжуд. Улар турли ишларни бажарсалар-да, ягона мақсадга - кон-металлургия саноатининг барқарор фаолият кўрсатишига хизмат қилади.

      Истиқлол йилларидаги шу ва бошқа улкан яратувчанлик ишларидан ҳақли равишда фахрланар эканмиз, бундан атиги 30  йил илгари дунё харитасида мустақил Ўзбекистон давлати, дея тан олинган мамлакатда яшаётганимиз, ишлаётганимиз  чексиз фахр-ифтихор уйғотади.

    Кечаги кунимизга ҳаёлан назар ташласак, тарихан қисқа даврда  қандай улкан ривожланиш йўлини босиб ўтганимиз, бу марраларга эришиш нақадар оғир ва машаққатли кечганлиги ойдинлашади.   

    Бугун эса Ўзбекистон иқтисодиёти ҳатто ҳали-ҳануз давом этаётган глобал молиявий-иқтисодий инқироз шароитида ҳам барқарор юқори суръатларда ўсиб бораётганини бутун дунё тан оляпти. Мамлакатимизнинг халқаро майдондаги обрў-эътибори эса кун сайин ортиб бораяпти.
 Мухтасар айтганда, ҳозирги ўта таҳликали ва қалтис замонда, ён-атрофимизда турли хавф-хатарлар кучайиб бораётган мураккаб шароитда юртимизда иқтисодиётнинг барча тармоқлари жадал ва барқарор ривожланаётгани, энг муҳими, тинчлик-осойишталик ҳукм сураётганлиги, миллатлар ҳамда фуқаролар ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатлик, ўзаро ҳурмат ҳамда меҳр-оқибат муҳити тобора  мустаҳкамланаётганлиги кўпчиликнинг ҳавасини уйғотмоқда.

    Буларнинг бари мамлакатимизда мустақилликни кўз қорачиғидек асраш йўлида изчил амалга оширилаётгани тўғри ва оқилона ислоҳотлар самарасидир.

                                                                                        Ёрқин ШАКАРОВ,

                                                Шимолий кон бошқармаси директори 

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: