LOTIN-КИРИЛЛ
Hokimiyat matbuot xizmati

Hokimiyat matbuot xizmati

06 Sep 2021

     Ватанимиз мустақиллигининг 30 йиллиги кенг нишонланишига ҳамоҳанг бошланган янги ўқув йили шуниси билан аҳамиятлики, бугунги кунда мактаб таълимини тубдан такомиллаштириш, ўқитиш сифатини буткул янгича асосда йўлга қўйиш, педагоглар меҳнатини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш масалаларига устувор вазифа сифатида эътибор қаратилмоқда.
    Зеро, давлатимиз раҳбари янгиланаётган Ўзбекистон мактаб остонасидан бошланади, деб бежизга айтмаган.
    Бугун эрта тонгданоқ болажонлар севимли мактаблари сари отланди.
    ... Эрталабки соат саккиз. Учқудуқ туманидаги барча мактабларда янги ўқув йилининг бошланишига бағишланган маърифий тадбирлар бўлиб ўтди. "Биринчи қўнғироқ" тадбирларига ўқувчилар, таълим соҳаси фидойилари, маҳалла фаоллари таклиф этилди. Шу куни барча мактаблардаги биринчи дарс - "Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!" шиори остидаги "Мустақиллик дарслари" билан бошланди.
     Учқудуқ туман ҳокими С.Хамроев 10-умумий ўрта таълимида ўтказилган “Билимлар куни” тадбирида иштирок этиб, нутқ сўзлади.
     Шунингдек, мактабда бўлиб ўтган “Мустақиллик дарси” да иштирок этган туманимиз раҳбари, мамлакатимизда мактаблар тизимини ривожлантириш учун давлатимиз томонидан маблағ, имконият, зарур барча саъй-ҳаракатлар сафарбар этилаётгани ҳақида тўхталиб ўтди.
“Янги Ўзбекистон – мактаб остонасидан бошланади” деган шиор асосида мактаб таълимини ривожлантириш умумхалқ ҳаракатига айланган бугунги кунда биргина Учқудуқ туманида таълим соҳасида амалга оширилаётган ишлар, йўналтирилаётган маблағлар хусусида маълумотлар берилди.
     Дарҳақиқат, янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшаш саодати билим, маърифат, маънавият, одоб ва тарбияга, фидойи устозларнинг катта тажрибаси, ўқувчиларимизнинг эса қунт ва саботига, ота-оналарнинг ўз фарзанди тақдирига куйинчаклик билан муносабатига боғлиқ.
Анъанага кўра, бу йил ҳам барча 1-синфга борган ўқувчиларга ўқув анжомларидан иборат "Президент совғалари" берилди.

Учқудуқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати.

06 Sep 2021

    Кириш имтиҳони натижалари жорий йилнинг 16 сентабр кунига қадар эълон қилинади. Бу ҳақда Президент таълим муассасалари агентлиги маълум қилди.

    Имтиҳон натижалари эълон қилингунга қадар ҳар бир ўқувчи ўзи таҳсил олган мактабида ўқишни давом эттириши мумкин. Президент мактабларида ўқиш тахминан октябр ойидан бошланиши режалаштирилмоқда.

    «Агар ўқувчи Агентлик тизимидаги ихтисослаштирилган мактабга қабул қилинган бўлса ва Президент мактаби имтиҳони натижалари эълон қилингандан сўнг, ушбу ўқувчининг Президент мактаби имтиҳонидан ҳам ўтганлиги маълум бўлса, бу ўқувчи ўқишини кўчириб, таълимни Президент мактабида давом эттириш имкониятига эга», дейилади хабарда.

06 Sep 2021

   Ассалому алайкум азиз ўқувчи-ёшлар!

   Қадрли устозлар!

   Сиз азизларни сизлар тимсолингизда бутун туманимиз таълим муассасалари ўқувчи-ёшларини ва педагог-ходимларини янги 2021-2022 ўқув йили билан самимий муборакбод этаман!.

  Ватанимиз мустақиллигининг 30 йиллиги кенг нишонланишига ҳамоҳанг бошланган мазкур янги ўқув йили шуниси билан аҳамиятлики, бугунги кунда мактаб таълимини тубдан такомиллаштириш, ўқитиш сифатини буткул янгича асосда йўлга қўйиш, педагоглар меҳнатини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш масалаларига устувор вазифа сифатида эътибор қаратилмоқда.

   Президентимизнинг ёшларга оид сиёсатида иккита энг муҳим йўналиш бор: биринчиси – уларга замонавий билим бериш, иккинчиси – ёшлар бандлигини таъминлаш.

  Кейинги йиллардаги ислоҳотлар, ташаббус ва янги тизимлар замирида ана шу мақсад мужассам.

  Хусусан, ёшларнинг билим ва иқтидорини ривожлантириш мақсадида янгича шакл ва мазмундаги Президент мактаблари, ижод ва ихтисослашган мактаблар тизими яратилди. Умуман, барча мактабларга эътибор, ўқитувчиларга рағбат ва ҳурмат ошди.

  Натижада ёш авлодда билимга интилиш кучайди!.

   Зеро, “Ёшликда олинган билим тошга ўйилган нақшдир”,  дея бежизга айтилмаган.

   Агар рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, жорий йилда туманимиздаги ўрта таълим мактабларини 446 нафар битирувчи тамомлаган бўлса, шундан 444 нафари олий таълим муассасаларига ўқиш учун ҳужжат топширган. Абитуриентларнинг 226 нафари ёки 53 фоизи олий ўқув юртларига ўқишга қабул қилинган.

   Туманимиздаги 11, 14, 8, 15, 4, 10, 20 ҳамда 5 сонли умумий ўрта таълим мактаблари энг яхши натижаларни қайд этди.

   Ҳурматли тадбир иштирокчилари!

   Дарҳақиқат, бугун мамлакатимизда мактаблар тизимини ривожлантириш учун давлатимиз томонидан маблағ, имконият, зарур барча саъй-ҳаракатлар сафарбар этилаётир.

   “Янги Ўзбекистон – мактаб остонасидан бошланади” деган шиор асосида мактаб таълимини ривожлантириш умумхалқ ҳаракатига айланди.

   Буни биргина Учқудуқ тумани мисолида айтадиган бўлсак, жорий йилда ёш авлодга сифатли таълим бериш мақсадида Бузаубай ва Кокаяз овулларидаги 14,15 – сонли мактабда қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилди.

   Нафақат ушбу ўқув муассасаларида балки туманимиздаги барча илм даргоҳлари жорий таъмирдан чиқарилиб, мутлақо янги қиёфа касб этди.

    Бу мақсадларга жами 4 млрд.26 млн. сўм маблағ йўналтирилган бўлса, 10 – умумий ўрта таълим мактаби “Замонавий мактаб” давлат дастурига киритилган.

   Бугун таълим даргоҳи янгича қиёфага келтирилиб, фасад қисмидан тортиб, ички, коммунал ва иссиқлик тизимларида батамом замонавий таъмирлаш ишлари олиб борилди ҳамда бутунлай янгича жиҳозлар билан таъминланган.

   Шунингдек, 360 ўринли қўшимча бино ҳамда фаоллар зали қурилиши давом эттирилмоқда. Бу мақсадларга жами 4 млрд. 955 млн. сўм маблағ йўналтирилган.

   Туманимизда сўнгги 5 йил давомида таълим муассасаларида қурилиш-таъмирлаш ишлари учун жами 25 млрд. 521 млн. сўм маблағ йўналтирилди.

   Бир сўз билан айтганда, ҳудуддаги барча мактабларда ўқувчиларнинг замон талаблари асосида сифатли таълим олишлари учун зарур шарт-шароитлар яратилган. 

   Жорий 2021-2022 ўқув йилида 916 нафар ўғил-қиз илк бор мактаб остонасига қадам қўйди. Анъанага кўра, уларга янги ўқув йили муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг махсус совғалари – ўқув-қуроллари топширилди.

   Азиз ўқувчилар!

   Ёшлик – умрнинг энг бебаҳо даври. Илм ўтда ёнмайдиган, сувда чўкмайдиган, ҳеч ким сиздан тортиб ололмайдиган бойлик эканини асло унутманг!

   Сизлар мустақиллик фарзандларисиз. Ота-боболарингиз кўрган тўсиқ ва қийинчиликларни кўрмай, озод Ватанда эркин нафас олиб, вояга етяпсизлар.

  Илмни қадрланг, илмга интилинг! Бир сония вақтингиз ҳам бекор ўтмасин!

   Негаки, юксак мақсадларни, улкан довонларни кўзлаб амалга оширилаётган ислоҳотлар йўлида сиз – ёшлар ҳал қилувчи куч бўлишингиз керак!

   Халқимизнинг ана шундай юксак ишончига доимо муносиб бўлинг!

  Сизларни “Билимлар куни” билан яна бир бор самимий табриклайман.

   Барчангизга сиҳат-саломатлик, ўқишда, шахсий ҳаётда катта ютуқ ва омадлар тилайман.

   Сизларнинг ютуқ ва ғалабаларингизга ишонаман, азиз ўқувчи-ёшлар!

    Эътиборингиз учун рахмат!

30 Aug 2021

 

     “Обод қишлоқ” дастури амалда

    Мустақиллигимизнинг 30 йиллиги арафасида Навоий вилояти Учқудуқ туманида обод манзиллар сони яна биттага кўпайди. Тумандаги “Кокаяз” овулида “Обод қишлоқ” Давлат дастури доирасида кенг кўламдаги бунёдкорлик ишлари амалга оширилди.

     Бу ерда дастур доирасида ўнлаб ижтимоий соҳа объектлари фойдаланишга топширилди.

     Учқудуқ туманида сўнгги тўрт йилда овуллар инфратузилмасини яхшилаш, аҳолининг ҳаёт ва яшаш даражасини ошириш, ҳудудларда тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида “Обод қишлоқ” Давлат дастури доирасида “Қулқудуқ”, “Мингбулоқ”, “Узунқудуқ”, “Шалхар”, “Йўлчилар”, жорий йилда “Бузаубай” ва “Кокаяз” овулларида ободонлаштириш ишлари олиб борилди.

    – 28,8 км. ичимлик сув қувурлари тортиш ва реконструкция қилиниши натижасида 5 та аҳоли пункти аҳолиси тоза ичимлик суви билан таъминланди, – дейди туман ҳокими Соли Хамроев. – 10 км. электр тармоқлари реконструкция ва модернизация қилиниб, электр таъминотидаги муаммоларга чек қўйилди. 18 км. узунликдаги автомобиль йўллари таъмирланди ва янгидан қурилди. Шунингдек, 2 та мактабгача таълим ташкилоти, 1 та қишлоқ оилавий поликлиника, 2 та овул фуқаролар йиғини биноси, 4 та сунъий қопламали стадион, 4 та болалар ўйин майдончалари бутунлай янгидан барпо этилди.

Овул аҳолисининг асрий орзуси бўлган тоза ичимлик суви 7 км узоқликдаги масофадан тортиб келтирилди. Жами 9 км. узунликдаги масофада ҳар бир хонадон ҳовлисига ичимлик суви қувурлари тортилди. Бу мақсад 609,2 млн. сўм маблағ сарфланди. Энди бугундан бошлаб овулдошлар кран жўмрагини бурашлари бири тоза ичимлик суви истеъмол қилишлари мумкин бўлади.

     Дарҳақиқат, бугунги кунда дастур доирасида ишларнинг раежали ташкил этилиши боис қишлоқлар кўркига кўрк қўшилмоқда.

     Обод овулга айланган “Кокаяз”да 14-умумтаълим мактаби учун 2 миллиард 241 миллион сўм, 1-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти филиали бўлган овул болалар боғчаси биноси учун 802,3 миллион сўм маблағ сарфланди.

     Шунингдек, қишлоқ врачлик пункти 614,4 миллион сўм, овул фуқаролар йиғини биносида 467,4 миллион сўм маблағ сарфланиб, қурилиш - капитал таъмирлаш ишлари олиб борилди.

     Бундан ташқари, қарийб 2 миллиард 649 миллион сўм маблағ эвазига 4 км. овул ички йўлларига асфальт ётқизилган бўлса, яна 0,9 км. йўлга қум-шағал қопламаси тўшалди. Овулдаги 3,2 км узунликдаги электр узатиш тармоғи 279,2 млн. сўм маблағ эвазига мукаммал таъмирдан чиқарилиб, электр энерния узатиш сифати яхшиланди.

     4 миллион сўмга чиқиндихона қурилди. 3,3 миллион сўм эвазига яна қўшимча 10 та суюлтирилган газ баллонлари аҳолига етказиб берилмоқда.

     Тиббий-ижтимоий кўмакка муҳтож оилаларнинг яшаш хонадонлари 101 миллион сўм маблағ сарфланиб, таъмирлаб берилди.

     Куни кеча “Кокаяз” овул фуқаролар йиғинида ўнлаб ижтимоий соҳа объектларини фойдаланишга топширишга бағишланган таштанали маросимда овул мактаби ўқувчиларига спорт анжомлари берилди. 

     Мактаб кутубхонасига эса китоблар жамламаси совға қилинди.

     Бир гуруҳ овул фаоллари туман ҳокимининг ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар. 

     Тадбирда “Қизилқум” маданият уйи бадиий жамоаларининг чиқишлари даврага кўтаринки кайфият улашди.

     Ҳа, “Обод қишлоқ” Давлат дастурининг ҳаётга тадбиқ этилиши боис туман марказидан қарийб, 220 км. олисда жойлашган “Кокаяз” овули ҳам бугун обод ва кўркам гўшага айланди.

 

Учқудуқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати

30 Aug 2021

 

     Янги Ўзбекистон тарихидаги буюк ва шонли сана - Ватанимиз мустақиллигининг ўттиз йиллик байрамини халқимиз катта шоду хуррамлик билан кутиб олмоқда.

     Мамлакатимизда янги демократик давлат, фуқаролик жамияти барпо этиш йўлида ўтган даврда амалга оширилган улкан ишлар, эришилган юксак натижаларда, ҳеч шубҳасиз, ҳаётимизнинг турли соҳа ва тармоқларида фидокорона меҳнат қилаётган юртдошларимизнинг беқиёс ҳиссаси бор. Бундай олижаноб инсонларнинг эл-юрт олдидаги хизматларини эътироф этиш ва муносиб тақдирлаш ватандошларимиз, айниқса, ёшларимизни юксак марралар сари руҳлантириш, улар қалбида Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғуларини кучайтиришда муҳим аҳамият касб этади.

    Куни-кеча бир гуруҳ юртдошларимизни «Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги» эсдалик нишони билан мукофотлаш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг ф а р м о н и эълон қилинди.

     Улар орасида учқудуқликларнинг ҳам борлиги барча туман аҳлига фахр-ифтихор туйғуларини уйғотади, албатта.

     Бугун Учқудуқтумани ҳокимлигида “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги” эсдалик нишонларини ўз эгаларига тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди.

    Тадбирда сўзга чиққан Учқудуқ тумани ҳокими С.Хамроев йиғилганларни Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг муборак 30 йиллик айёми билан қутлади. Халқимиз истиқболи ва Ватанимиз равнақи йўлидаги фаолиятларига одамлар тилади.

    Шундан сўнг “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги” эсдалик нишони эгаларига тантанали равишда топширилди.

Учқудуқ туман хокимлиги ахборот хизмати

28 Aug 2021

   Учқудуқ туман давлат мактабгача таълими муассасаси ходимларининг анъанавий август кенгаши мамлакатимиз мустақиллигининг ўттиз йиллиги тантаналари арафасида "Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!" шиори остида ўтди. Туман касб-ҳунар мактаби залида ташкил этилган тадбирда 15 та ДМТТ раҳбар ва ходимлари иштирок этди.Унда ёш авлод тарбиясининг биринчи ва муҳим бўғини бўлган мазкур соҳадаги ишларни жадаллаштириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар натижадорлиги, келгусидаги вазифалар ҳақида сўз юритилади. 

   Таъкидланганидек, бугун Учқудуқ туманида 3-7 ёшли болалар сони 3721 нафарни ташкил қилади. Уларнинг 3669 нафари ёки бўлмаса 98,6 фоизи давлат ва нодавлат мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олинган. Ўтган йилнинг мос даврига нисбатан болаларни мактабгача таълим муассасаларига қамров даражаси 4,6 фоизга ўсди. Жорий йил охиригача яна 4 та оилавий уй-боғчаларни фойдаланишга топшириш ҳисобидан қамров 100 фоизга етказиш кўзда тутилган. 

   Албатта олдимизда жуда катта вазифалар турибди. Бу ишларни амалга оширишда фахрий устозларимиз, фидойи педагог - тарбиячиларимиз ва кенг жамоатчилик вакилларининг маслаҳатига таянсак, албатта, кўзланган мақсадга эришамиз, - деди туман мактабгача таълим бўлими мудири Нигора Амонова.

    -Анъанавий август кенгашида ҳурматли Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус асосида таълим муассасаларида амалга оширилган ишлар кўргазмаси иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.Янги режалар машғулотлар, баҳс-мунозара тарзда бўлиб ўтган тадбир сўнгида мактабгача таълим тизимининг ташаббускор, фаол педагог - тарбиячиларига туман ҳокимининг ташаккурномаси ва эсдалик совғалари топширилди.

 

Учқудуқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати.

28 Aug 2021

     Мустақиллигимизнинг 30 йиллиги арафасида Учқудуқ туманида обод манзиллар сони яна биттага кўпайди. Тумандаги Бузаубай овулида “Обод қишлоқ” Давлат дастури доирасида кенг кўламдаги бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. 

   Бу ерда дастур доирасида ўнлаб ижтимоий соҳа объектлари фойдаланишга топширилди. Бино ва иншоотларни фойдаланишга топшириш маросимида Учқудуқ туманида «аёллар дафтари» ва «ёшлар дафтари»га киритилган 18 нафар фуқарога тикув машинаси, газ плитаси ва электр печлар берилди. Улар сафида Бузаубай овулидан Дилором Ўринбоева ҳам бор. Асли самарқандлик бўлган Дилором Бузаубай овулига келин бўлиб келган.

   -Эски ва унчалик ҳам талабга жавоб бермайдиган машинкада қийналиб бўлса-да, кийим тикардим, - дейди Дилором Ўринбоева. – Бугун эса қилаётган меҳнатимни осонлаштириш учун янги тикув машинаси берилди. Мақсадим овулдошларимга бежирим кўйлаклар тикиб бериш ва бунинг орқасидан оилам бюджетига ўз ҳиссамни қўшиш. Бундай имкониятни менга тақдим қилган ҳурматли Президентимизга миннатдорчилигим чексиз. 

    Шунингдек, пазандачилик билан шуғулланиб келаётган аёлларга ҳам субсидия асосида электр печ ва газ плиталари ҳам совға қилинган.Бу каби манзилли кўмак аёллар бандлигини таъминлаш учун восита бўлиб хизмат қилади, албатта.

    Учқудуқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати.

27 Aug 2021

       Учқудуқ туман ҳокими Соли Хамроевнинг мактабгача таълими муассасаси ходимларининг анъанавий август кенгашига йўллаган табриги

      Ассалому алайкум август конференцияси қатнашчилари!

     Учқудуқ туман мактабгача таълими муассасаси ходимларининг анъанавий август кенгаши мамлакатимиз мустақиллигининг ўттиз йиллиги тантаналари арафасида "Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!" шиори остида ўтмоқда.

     Дарҳақиқат, мактабгача таълим баркамол авлод таълим тарбиясида муҳим ўрин тутади. Мутахассис ва педагогларнинг илмий хулосаларига кўра, инсон ўз умри давомида оладиган барча ахборот ва маълумотнинг 70 фоизини 5 ёшгача бўлган даврда олади. Ана шу далилнинг ўзи болаларимизнинг етук ва баркамол шахс бўлиб вояга етишида боғча тарбияси қанчалик катта аҳамиятга эга эканини яққол кўрсатиб турибди.

    Ҳурматли тадбир иштирокчилари!

     Анъанавий август конференцияси ўтган ўқув йили якунларини чуқур ва атрофлича таҳлил этиб, эришилган ютуқларни яна бир бор сарҳисоб қилиб, йўл қўйилган камчилик ва нуқсонларнинг сабабларини аниқлаб олиш мақсадида ташкил этилмоқда.
Мамлакатимиз Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг 2016 йил 29 декабрдаги «2017 – 2021 йилларда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида таъкидлаб ўтилганидек болаларни мактабга сифатли тайёрлашни тубдан яхшилаш, муассасаларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, қишлоқ жойларида янги мактабгача таълим муассасаларини бунёд этиш, тарбиячи ва тарбияланувчиларга қулай ҳамда замонавий шарт-шароитлар яратиш олдимизда турган долзарб вазифалардан биридир.
Бугунги кунда туманимиздаги 3-7 ёшли болалар сони 3721 нафарни ташкил қилади. Уларнинг 3669 нафари ёки бўлмаса 98,6 фоизи давлат ва нодавлат мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олинган. Ўтган йилнинг мос даврига нисбатан болаларни мактабгача таълим муассасаларига қамров даражаси 4,6 фоизга ўсди.
     Жорий йил охиригача яна 4 та оилавий уй-боғчаларни фойдаланишга топшириш ҳисобидан қамров 100 фоизга етказиш кўзда тутилган.
Албатта олдимизда жуда катта вазифалар турибди. Бу ишларни амалга оширишда фахрий устозларимиз, жамоатчилик вакилларининг маслаҳатига таянсак, албатта, кўзланган мақсадга эришамиз. Зеро, Юртбошимиз ёш авлодни комил инсон бўлиб вояга етишишида Сиз – мактабгача таълим муассасалари ходимларига катта ишонч билдирмоқда.

   Ҳурматли август конференцияси қатнашчилари!

    Сизлар орқали туманимизнинг барча мактабгача таълим муассасалари ходимларини ва раҳбарларини, ушбу анжуман қатнашчиларини яқинлашиб келаётган Ўзбекистон Республикаси Мустақиллик байрамининг 30 йиллиги ҳамда бошланаётган янги 2021-2022 ўқув йили билан яна бир бор табриклайман.
   Ёш авлодга таълим-тарбия беришдек шарафли, шу билан бирга машаққатли ишларингизга улкан муваффақиятлар тилайман!
Юртимиз тинч, халқимиз омон, осмонимиз мусаффо, мустақиллигимиз абадий бўлсин!
    Эътиборларингиз учун раҳмат!

26 Aug 2021

   Ўзбекистон Республикаси Президентлигига «Миллий тикланиш» демократик партияси Марказий кенгаши раиси Алишер Қодиров номзоди съезд делегатларининг кўпчилик овози билан тасдиқланди. Бу ҳақда 26 август куни «Миллий тикланиш» демократик партиясининг VII қурултойида маълум қилинди.

  Маълум қилинишича, қурултойда Алишер Қодиров «Қадриятларга таянган тараққиёт!» ғоясига асосан 5 та устувор йўналишдан иборат сайловолди дастурини эълон қилди.

  Унга кўра, дастурда асосий эътибор миллий ҳамда умуминсоний қадриятлар негизида миллий тарбия ва таълим тизимини шакллантиришга қаратилган. Хусусан:

  •   «Янги авлод» давлат дастури қабул қилинади. Бола туғилганидан то мактабни тугатгунгача бўлган даврни ўз ичига олган ягона тарбия ва таълим тизими яратилади. Оила – боғча – мактаб бир тизимда бирлаштирилади.
  •    Олий таълим вазирлиги тугатилади. Ўрнига Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Ректорлар кенгаши ташкил этилади. Олийгоҳлар ўзини ўзи бошқаради ва рақобатбардош бўлиш учун курашади.
  • Парламентда депутатни эмас, партияни кучли қиладиган тизим яратилади. Вакиллик органларига сайловларда можаритар ва пропорсионал тизимлардан фойдаланилади. Можаритар, пропорсионал сайлов тизимини жорий қилиш орқали партияларнинг парламентдаги ролини кучайтиришга эришилади. Қонунчилик палатасидаги депутатлар сонига мувофиқ, вазирликлар портфели тақсимланади.
  • Суд-ҳуқуқ тизимида ислоҳотлар ўтказилади. Жазони ижро этиш муассасалари Ички ишлар вазирлигидан Адлия вазирлигига ўтказилади. Жазони ижро этиш муассасаларидан жазони ўтаб, озодликка чиққан фуқароларнинг жамиятга тез ва самарали мослашишига эришилади.
  •    Имтиёзлар ва преференциялар истисносиз қонун билан белгиланади. Иқтисодиётда тенг имкониятлар ва тенг шароитлар бўлишига эришилади. Президент қарорлари билан имтиёзлар ва преференциялар беришга чек қўйилади. Ушбу масала истисносиз қонун билан тартибга солинади.
  • «Ислом дини – маърифат манбаи» дастури қабул қилинади. Исломий таълим муассасаларига қабул квоталари оширилади. Қуръон курслари оммалаштирилади. Диншунослик соҳасида илмий ишлар рағбатлантирилади.
  •    Қадриятларга ҳурматсизлик учун жавобгарлик белгиланади. Ўзбекистон Республикаси Конституциясида миллий урф-одатлар, анъаналар ва халқимизда шаклланган қадриятларга нисбатан ҳурматсизлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланади.
  •    Сўз эркинлиги ва жамиятни демократлаштириш давом эттирилади. ОАВ қўшимча қиймат солиғидан озод қилинади. 50 минг овоз жамлаган мурожаат бўйича Президентнинг ОАВда шахсан муносабат билдиришига оид тизим яратилади.
  •    Алимент фонди ташкил этилади. 3 ой ичида тўланмаган алиментлар фонд томонидан тўланади ва алимент тўловчининг озодлигини чеклаш ёки меҳнатга мажбурлаш орқали қопланади.
  • Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш тезлаштирилади. Марказий Осиё кенг қамровли интеграцион ҳамкорлик майдонига айлантирилади. «Хориждаги ўзбеклар мулоқот клуби» ташкил қилинади.

   Эслатиб ўтамиз, «Миллий тикланиш» демократик партияси томонидан партия етакчиси Алишер Қодиров  номзоди 6 август куни президентлик сайловида қатнашиш учун тавсия қилинган.

   Ижтимоий тармоқларда мактаблардаги ўқитувчи ва тарғиботчилар «Миллий тикланиш» ДП томонидан президентликка номзод Алишер Қодировни қўллаб-қувватлашга доир имзо варақасини уйма-уй юриб, тўлдиришлари талаб қилингани айтилган хабар тарқалганди. Алишер Қодиров бунга муносабат билдириб, Президентликка номзодларни қўллаб-қувватлаш учун имзо йиғишда мажбурлашга йўл қўйиб бўлмаслигини, юқоридаги ҳолат қайси тумандаги қайси мактабда содир бўлгани аниқланиши ва бу тасдиқланса, ушбу имзо варақалари умумий рўйхатдан чиқариб ташланишини билдирди.

   Маълумот учун, Алишер Қодиров 1975 йилда туғилган. 1996 йилда Эгей университетини (Туркия), 2009 йилда Тошкент молия институтини (сиртдан) ва 2011 йилда Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясини тамомлаган.

   2015 йилдан бери депутатлик фаолиятини юритаётган Алишер Қодиров 2019 йилнинг май ойида партия раислигига сайланган. Унга қадар Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари сифатида меҳнат қилган.

26 Aug 2021

     Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари куни 5 апрелдан 26 сентябрь санасига кўчирилади. 1991–2019 йиллар давомида ДХХ ходимлари куни 26 сентябрда нишонлаб келинган

     24 август куни Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси палата ялпи мажлиси олдидан йиғилиш ўтказди. Унда ДХХ ходимлари кунини 5 апрелдан 26 сентябрга кўчириш масаласи кўриб чиқилди, дея хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

    Маълум бўлишича, тегишли қонун Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган. Сенатор Толибжон Мадумаров янгилик борасида изоҳ берди.

     “Ўзи асли 2018 йилда қабул қилинган қонун билан ДХХ ходимлари куни 5 апрель этиб белгиланган эди. Тажриба шуни кўрсатдики, ДХХ ходимлари куни аслида Ўзбекистон президентининг 1991 йил 26 сентябрдаги фармонига бориб тақалади. Мана шундан бери 26 сентябрь хавфсизлик хизмати ходимлари куни сифатида нишонланиб келган.

     2018 йил 5 апрель куни “Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати тўғрисида”ги қонун қабул қилинганини инобатга олиб, 2018 йилнинг 2 октябрида “Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати кунини белгилаш тўғрисида”ги қонунга мувофиқ 5 апрель ДХХ ходимлари байрами деб эълон қилинганди.

    Мазкур қонун бугунги кунда Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари иш юритувида айрим муаммоларни келтириб чиқармоқда. 2019 йилгача ДХХ ходимлари куни 26 сентябрда нишонлаб келинган. Шу санада хизматнинг 10, 20, 25 йиллик юбилейлари ўтказилган. Мана шу нарса ҳисобга олиниб, махсус бир топшириқ берилдики, ДХХ ходимлари кунини олдинги ҳолатга қайтариш масаласи бўйича.

    Шунда, бевосита 2021 йил 26 сентябрда уларнинг 30 йиллиги нишонланади”, – деди Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Толибжон Мадумаров.

    Сенаторнинг таъкидлашича, байрамларни кўчириш – қонунчилик амалиётида учрайдиган ҳолат. Толибжон Мадумаров бунга жавобан 1993 йилда қонун билан халқ таълими ходимлари куни белгилангани, бироқ 1996 йилда қонунга ўзгартириш киритилиб, ўқитувчи ва мураббийлар куни 1 октябрга кўчирилганини мисол сифатида келтирди.

    Йиғилишда Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари кунини нишонлаш тўғрисидаги қонун Мудофаа ва хавфсизлик қўмитаси томонидан ялпи мажлис муҳокамаси учун тавсия қилинаётгани таъкидланди. Қўмита аъзолари ушбу таклифни бир овоздан маъқуллашди.

    Эслатиб ўтамиз, 5 апрель ДХХ ходимлари куни сифатида 2019 йилда илк марта нишонланган.

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: