Дафтарга киритишнинг ахборот тизими 2022 йил 1 февралгача амалиётга жорий этилади.
Ўзбекистонда «Меҳр дафтари» тизимини жорий этиш тартиби белгиланди
Ўзбекистонда етим болаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида «Меҳр дафтари» тизимини жорий этиш тартиби белгиланди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг Huquqiy axborot канали хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳукумат қарори билан Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган «Меҳр дафтари» тизимини жорий этиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланган.
Низомга мувофиқ, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар туман (шаҳар) ҳокими қарори асосида «Меҳр дафтари»га киритилади ва ундан чиқарилади.
«Меҳр дафтари» тизимига киритишнинг ахборот тизимидан фойдаланиш ва маълумотларни киритиш тартиби Миллий гвардия томонидан белгиланади. Шунингдек, 2022 йил 1 февралгача мазкур ахборот тизими амалиётга жорий этилади.
Ўқув-тарбия муассасалари ҳамда туман (шаҳар) ҳокимликларининг Болаларни ҳимоя қилиш шўъбалари «Меҳр дафтари»ни шакллантиришга масъул ҳисобланади.
Қуйидагилар «Меҳр дафтари»га маълумотларнинг бевосита киритилишини таъминлайди:
Халқ таълими вазирлиги томонидан унинг тизимидаги Меҳрибонлик уйлари, Болалар шаҳарчалари, Республика болалар ўқув-тарбия муассасалари ва Оилавий болалар уйлари;
Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан унинг тизимидаги Болалар уйлари;
«SOS — Ўзбекистон болалар маҳаллалари» уюшмаси томонидан унинг тизимидаги болаларни муқобил парвариш қилиш хизматлари, ёшларга ҳамроҳлик қилиш хизматлари ва ижтимоий етимликнинг олдини олиш хизматлари тарбияланувчилари ва битирувчилари тўғрисидаги;
туман (шаҳар) ҳокимликларининг Болаларни ҳимоя қилиш шўъбалари томонидан васийликка (ҳомийликка, патронатга) олинган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар тўғрисидаги.
Таъкидланишича, дафтарга киритилган болаларнинг муаммо (эҳтиёж, қизиқиш)лари тегишли тартибда ўрганилади. Шунингдек, «Меҳр дафтари»га киритилган болаларни қўллаб-қувватлаш ишлари қуйидагилар томонидан мувофиқлаштирилади:
туман (шаҳар) ҳокимлигининг Болаларни ҳимоя қилиш шўъбаси томонидан манфаатдор давлат органлари ва ташкилотлар билан биргаликда;
Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг Болаларни ҳимоя қилиш масалалари котибиятлари томонидан манфаатдор давлат органлари ва ташкилотлари билан биргаликда;
Вазирлар Маҳкамасининг Болаларни ҳимоя қилиш масалалари шўъбаси ва Миллий гвардия томонидан манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда.
Қайд этилишича, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар 25 ёшга тўлганда тегишли қарор асосида «Меҳр дафтари»дан чиқарилади.
Бунда дафтардан чиқарилаётган шахсларнинг бандлиги таъминланган ва уй-жойи мавжуд бўлиши шарт. Бандлиги таъминланмаган ҳолатларда, «Меҳр дафтари» ҳисобида туриш муддати бандлиги таъминлангунгача, бироқ 5 йилдан ортиқ бўлмаган муддатга узайтирилади.
Аввалроқ Тошкент вилоятида «дафтар»ларда турувчи ёшларга 5531 гектар ер ажратилиши ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Президентнинг етим қизларни уй-жой билан таъминлашга оид фармонига ўзгартиш киритилгани хабар қилинди.