Коррупцияга қарши курашиш агентлиги давлат органларининг очиқлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузган мансабдорларни 810 минг сўмдан 1,3 млн сўмгача маъмурий жаримага тортишни таклиф қилди. Депутатлар таклифни маъқуллади.
18 январ куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.
Лойиҳани Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ишлаб чиққан. Мажлисда агентлик директори Акмал Бурҳонов сўзга чиқди.
Бурҳоновнинг матбуот хизмати берган маълумотга кўра, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга 2157-модда ва 24510-моддаларни қўшиш таклиф этиляпти.
215(7)-моддада давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисидаги қонунчиликни бузиш, жумладан очиқ маълумот сифатида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар рўйхатига киритилган маълумотларни эълон қилмаслик ёки тўлиқ эълон қилмаслик, эълон қилиш муддати ва тартибини бузиш ёки маълумотларни нотўғри кўрсатганлик учун жавобгарлик белгиланади.
245(10)-моддага асосан, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги мансабдор шахсларига мазкур ҳуқуқбузарлик аниқланган тақдирда маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузиш ва судга тақдим этиш ваколати берилади.
Ҳуқуқбузарлик учун мансабдор шахсларга БҲМнинг 3 бараваридан 5 бараваригача (810 минг сўмдан 1,3 млн сўмгача), худди шундай ҳуқуқбузарлик бир йил давомида такроран содир этилса, мансабдор шахсларга БҲМнинг 5 бараваридан 10 бараваригача (1,3 млн. сўмдан 2,7 млн. сўмгача) миқдорда жарима қўллаш таклиф этиляпти.
Эслатиб ўтамиз, “Давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонуннинг 22-моддасида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун белгиланган тартибда жавобгар бўлиши ёзилган. Лекин амалда бунақа тартиб йўқ.
Қонунчиликдаги бўшлиқ мазкур қонун лойиҳаси билан тўлдирилмоқда.
Қонунчилик палатаси депутатлари қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда қабул қилди.