LOTIN-КИРИЛЛ
Hokimiyat matbuot xizmati

Hokimiyat matbuot xizmati

20 Sep 2021

      Бугун ҳар куни такрорлаётганимиз соғлом турмуш тарзини йўлга қўйишда спортнинг айниқса, жисмоний тарбиянинг қанчалик аҳамиятга эгалигини ҳар бир инсон яхши билади. Шунинг учун қай ёшда бўлмасин спорт билан шуғулланишга одатланаётганлар сафи тобора кенгайиб бормоқда.
      Учқудуқдаги мавжуд спорт залларида машқ қилиш имконияти бўлсада, пандемия сабаб бир қанча чекловлар мавжуд. Соғлигини ўйлаган одам эса жисмоний чиниқишни канда қилмаслиги зарур. Бу пайтда кўчада жисмоний машқлар бажариб, ўз таналарини чиниқтириши лозим бўлади.
     Президентимиз томонидан «Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармон қабул қилиниши бу масалага давлат даражасида эътибор қаратилаётганидан далолат.
     Мазкур ҳужжатда аҳоли ўртасида оммавий спортни ривожлантириш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишда – юриш, югуриш, мини-футбол, велоспорт, бадминтон, стритбол, «Street Workout» (маҳалла ва кўча фитнеси) спортнинг устувор турлари этиб белгиланди.
     Учқудуқдаги 6 та маҳаллада ана шундай «Street Workout» спорт майдончалари ташкил этилмоқда. Уларнинг спорт анжомларини эса НКМК мустақиллигимизнинг 30 йиллиги байрами совғаси сифатида учқудуқликларга бепул топширди.
    Майдончаларни бунёд этиш ва уларни ўрнатиш ишларида эса Шимолий кон бошқармаси ёшлари кўмаклашмоқда.
Ўзбек тилида “Street workout” сўзи: street – кўча, workout – машқ қилиш маъносини билдиради. Кўриниб турибдики, бу кўчада машқ қилиш демакдир.
    -Учқудуқ туманидаги “Дўстлик” МФЙ ҳудудида 91та кўп қаватли ва 112 та 1 қаватли уйлар мавжуд бўлиб, “Учқудуқ Омадли Коммуналчи” УЖИШ томонидан аҳолига коммунал хизматлар кўрсатилиб келмоқда. Аҳолига қулайлик яратиш мақсадида жорий йилда ушбу ҳудудга 2 та замонавий болалар майдончаси қуриб топширилди. Маҳаллада жойлашган “Нуронийлар маскани” ёнида workout майдончаси ишга туширилиши эса ёшлар ва қариялар учун муҳим майдонча бўлди дейди - ширкат раиси Гулноз Муҳаммедова. – НКМКнинг ҳомийлигида келтирилган спорт анжомлари спортсевар аҳолимизнинг кўнглидаги иш бўлди.
     Ярми хиёбонга туташган бу майдончада улар машқларни хоҳлаган пайтда, хоҳлаган соатида бажариши мумкин. Турли ғайриодатий машқларни ўйлаб топиш имконияти бор. Шуниси билан кўча спорти ҳаммобоп ҳамда қизиқарли.

20 Sep 2021

     Бугун Шимолий кон бошқармасида меҳнат қилаётган ҳар бир касб эгасига ички меҳнат тартиб-қоидалари талаби бўйича бир қатор шароитлар, имтиёзлар яратиб берилган.
Мустақиллигимизнинг 30 йиллик байрами шукуҳи кезиб юрган шу кунларда Шимолий кон бошқармсаи ишчи - ходимларига қулай шарт–шароит яратиш мақсадида ишчилар учун хизмат кўрсатадиган маиший бино тўлиқ таъмирланиб, фойдаланишга топширилди.
     Корхона тасарруфида бўлган “Шарқий” кони, Автомобиль транспорт бошқармаси, Темир йўл цехида хизмат қилаётган бир ярим мингдан зиёд ишчи - ходимларга хизмат кўрсатадиган бу бино қарийб 4 млрд сўмлик маблағ эвазига қайтадан чирой очди.
     Алоҳида санузелари барпо этилган ювиниш хоналари, шахсий ва бошқа кийимларни сақлаш учун қулфланадиган шкафлар, самарали иш кунидан сўнг душ қабул қилиш учун душхоналар ташкил этилди. Барчаси санитар-гигиеник воситалар билан таъминланган.
     Ободонлаштириш ҳудуди ва автомобиллар қатнов йўлига 3800 м2 асфальт ётқизиш ишлари амалга оширилди.
Мазкур бинони фойдаланишга топшириш маросимида НКМК бош директори Қ. Санақулов, туман сектор раҳбарлари ҳамда ишчи–ходимлар, меҳнат фахрийлари иштирок этди.
Иштирокчилар бутунлай қайта янгиланган бинода яратилган шароитлар билан танишди.
     Мустақилликнинг 30 йиллик тантанаси муносабати билан ана шу ерда хизмат қилувчи касбий маҳорати юксак, узоқ йиллардан буён намунали хизмат кўрсатиб, ҳамкасб жамоадошларига чинаккам ўрнак бўлаётган бир гуруҳ фидойи ишчи-хизматчиларга қимматбаҳо совғалар берилди.

20 Sep 2021

      “Судга мурожаат қилиш учун янада қулай шароитлар яратилиши ва фуқаролик процессига соддалаштирилган иш юритиш тартиби жорий этилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун (ЎРҚ–716-сон, 16.09.2021 й.) Президент томонидан имзоланди

     Қонун билан Фуқаролик процессуал кодексига соддалаштирилган тартибда иш юритиш институти киритилди.

     Даъвонинг баҳоси юридик шахсларга нисбатан БҲМнинг 20 бараваридан, ЯТТга нисбатан 10 бараваридан, жисмоний шахсларга нисбатан эса 5 бараваридан ошмаса, ишлар соддалаштирилган тартибида кўриб чиқилади.

    Соддалаштирилган тартибида иш қўзғатиш тўғрисидаги ажримда жавобгарга даъво аризасига доир ёзма фикрини тақдим этиши зарурлигини кўрсатади ва уни жавобгарга юборади.

   Жавобгар даъво аризасига доир ёзма фикрини судга ўзи асосланаётган ҳужжатлар ва далилларни илова қилган ҳолда тақдим этишга ҳақли.

    Соддалаштирилган тартибида иш ажрим чиқарилган кундан 20 кундан ошмаган муддатда якка тартибда кўриб чиқилади.

    Ишни соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқиш муддати узайтирилмайди.

    Суд соддалаштирилган иш юритиш тартибидаги ишни суд муҳокамасини ўтказмасдан, тарафларни чақиртирмасдан ва уларнинг тушунтиришларини эшитмасдан кўриб чиқади.

    Суд тарафлар томонидан тақдим этилган ҳужжатларда баён қилинган тушунтиришларни, эътирозларни ва (ёки) важларни текширади, далиллар билан танишади ҳамда ҳал қилув қарорини қабул қилади.

     Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Учқудуқ туман адлия бўлими 

17 Sep 2021
     Айни пайтда Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг юбилей саммити давом этмоқда.

     Йиғилишни Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон очиб берди ва навбатдаги раислик Ўзбекистонга берилганини эълон қилди.

     ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгаши саммитида Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Эрон Президентлари, Покистон, Мўғулистон, Россия ва Хитойдан расмий вакиллар, БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар вакиллари бевосита иштирок этмоқда.

     Хитой Халқ Респубикаси Раиси Си Цзинпин, Россия Президенти Владимир Путин ва Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди йиғилишда онлайн қатнашмоқда.

 
 
16 Sep 2021

    Маълумки, рўйхатга олиш 2023 йил 1-25 ноябрь кунлари ўтказилади ва рўйхатга олишнинг бошланиши аниқ пайти 2023 йил 1 ноябрь соат 00.00 дақиқа этиб белгиланган. Рўйхатга олишни ўтказиш муддати – 25 кун.

     Респондентларнинг шахсга доир маълумотларини йиғишда рўйхатга олиш санасидан кейин содир бўлган демографик ҳолатлар ҳисобга олинмайди. 2023 йил 1 ноябрдан кейин туғилган болалар учун рўйхатга олиш варағи шакллари ва бошқа рўйхатга олиш ҳужжатлари тўлдирилмайди, лекин ушбу санадан кейин вафот этган шахслар учун тўлдирилади. Бунда вафот этган шахс тўғрисидаги маълумотлар унинг вояга етган, муомала лаёқатига эга оила аъзолари ёки маҳалла идорасидаги мавжуд маълумотлар асосида тўлдирилади.

     Шахсга доир маълумотларни йиғиш қуйидаги усулларда амалга оширилади:

  • респондентлар яшайдиган (вақтинча бўлиб турган) турар ва нотурар жойларга, биноларга ташриф буюрган ҳолда уйма-уй юриб, сўров ўтказиш орқали амалга оширилади. Рўйхатга олиш варағи шакллари рўйхатга олувчи ходимлар томонидан респондентларнинг сўзлари асосида тўлдирилади;
  • аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш даврида яшаш (турган) жойида ҳозир бўлмаган ёки вояга етмаган шахслар (респондентлар) тўғрисидаги шахсга доир маълумотлар мазкур уй хўжалигининг вояга етган аъзолари томонидан маълум қилинади. Ўзига нисбатан васийлик ёки ҳомийлик белгиланган шахслар тўғрисидаги шахсга доир маълумотлар уларнинг васийлари ёхуд ҳомийлари томонидан маълум қилинади;
  • яшаб турган хонадонида (жойида) рўйхатдан ўтишни истамаган респондентлар учун рўйхатга олиш сўровномаларини тўлдириш маҳаллий ҳокимиятлар томонидан ажратилган бино ёки хоналарда жойлашган стационар участкаларда амалга оширилади;
  • респондент рўйхатга олиш варағидаги саволларга жавоб беришни рад этган тақдирда рўйхатга олиш варағи фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидаги ёки маҳаллий давлат ҳокимияти органларидаги мавжуд маълумотлар асосида тўлдирилади;
  • гапириши ва эшитишида нуқсони бўлган фуқароларнинг шахсга доир маълумотларини йиғиш тегишли ҳудуд бўйича ногиронлик жамиятларининг ходимлари ёки ушбу шахслар билан муомала қилиш имконияти мавжуд бўлган шахслар кўмагида амалга оширилади;
  • шахсга доир маълумотларни йиғиш ахборот хавфсизлигини таъминлаш талабларини ҳисобга олган ҳолда ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш орқали ҳам амалга оширилади.

Учқудуқ туман статистика бўлими

16 Sep 2021

      Қадимий қадриятларимиз, хусусан мардлик, жасурлик, ватанпарварлик, гуманизм ғояларини ўзида мужассам этган миллий спортимиз бўлган курашни оммалаштириш, ривожлантириш ва дунёга танитиш ҳамда ушбу қадриятимизни умумжаҳон дурдонасига айлантириш бўйича қатор ишлар амалга оширилмоқда.
     Шу билан бирга, курашнинг тобора оммалашиб бораётганлиги нуфузли халқаро мусобақаларни ташкил қилишга, мавжуд инфратузилма ва моддий-техник базани модернизация қилишга, спорт инвентарлари ва кийимлари таъминотини яхшилашга, бу борада ишлаб чиқаришни кенгайтиришга, шунингдек, соҳа учун малакали кадрлар, тренерлар ва ҳакамлар тайёрлашга бўлган эътиборни янада кучайтиришни талаб этмоқда.
      Буюк аждодларимиздан мерос қолган кураш спортининг бой анъаналари ва қадриятларини келажак авлодларга етказиш, ўзбек спорти бренди номи билан курашнинг жаҳон аренасидаги ролини ошириш, ёшларнинг миллий спортга бўлган қизиқишларини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш орқали уларда ватанпарварлик туйғусини янада мустаҳкамлаш, аҳолининг барча қатламлари, айниқса, ёшларнинг, шунингдек, жаҳон халқларининг мазкур спорт тури билан шуғулланиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида “Кураш миллий спорт турини ривожлантириш ва унинг халқаро нуфузини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида“ги қарор қабул қилинган. Ушбу қарор ижросини таъминлаш ҳамда Туризм ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон Кураш федерасиясининг 2021-йилги мусобақаларни ўтказиш тақвим режасига асосан 2007-2010-йилларда туғилган ўсмирлар ўртасида Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 30 йиллиги ҳамда 6-центабр «Халқаро кураш куни» муносабати билан Учқудуқ туман прокурор кубоги мусобақаси 5 хил вазн тоифасида ташкил этилди. Учқудуқ туман Болалар-ўсмирлар спорт мактабининг умумий шуғулланувчи ўқувчи-спортчилари ўртасида ўтказилган мусобақада қуйидаги спортчилар ғолибликни қўлга киритди.
    30 кг вазн тоифасида
1-ўрин:Ҳасанов Абубакир.
2-ўрин: Бахриддинов Камол.
3-ўрин:Омонлиқов Рамазон.
    36 кг вазн тоифасида
1-ўрин:Рахматов Асрор.
2-ўрин: Абдулҳакимов Жавохир.
3-ўрин:Исматуллаев Сардор.
    42 кг вазн тоифасида
1-ўрин:Арзиқулов Маъмур.
2-ўрин: Тоиров Бехруз.
3-ўрин:Бахриддинов Шохжахон.
   46 кг вазн тоифасида
1-ўрин:Тўраев Бакир.
2-ўрин: Исмоилов Озодбек.
3-ўрин:Рустамов Сардор.
    +46 кг вазн тоифасида
1-ўрин:Рахматов Асадбек.
2-ўрин: Рахматуллаев Мирзабек.
3-ўрин:Файзуллаев Фаррухлар мусобақани мутлоқ чемпионлигини қўлга киритди.

    Қизғин баҳсларларга бой тарзда ўтган беллашувларда туман ҳокими С.Хамроев, туман прокурори Р.Рахматов, туман ИИБ бошлиғи А.Райхановлар иштирок этдилар ва кураш спортидан келажакда Учқудуқлик чемпионлар етишиб чиқишига умид билдириб ўтдилар . Ғолиб бўлган курашчилар ташкилотчилар томонидан эсдалик совғалари, диплом ҳамда медаллар билан тақдирландилар.

15 Sep 2021

Болали оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа ёки моддий ёрдам тайинлаш учун Пенсия жамғармаси бўлими бошлиғи номига ариза маҳаллага берилади (https://lex.uz/docs/5319768).

    Аризага қуйидагилар илова қилинади:

    ариза берувчи оила аъзоларининг паспорти нусхалари ёки ID-карталари;

    чет эл фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг яшаш гувоҳномалари, фуқаролиги бўлмаган шахс гувоҳномалари ёки ID-карталари ҳамда яшаш жойи бўйича рўйхатга олинганлиги тўғрисида қайд варағи нусхаси;

    болалари васийлик остида бўлган тақдирда, аризага васийлик ва ҳомийлик органининг қарори нусхаси;

    оиланинг мавжуд чорва моллари ва паррандалари тўғрисида маълумот;

     ариза берувчи ва унинг оила аъзолари номидаги тижорат банки ҳисобварақларидаги маблағ қолдиқлари ва ариза берилган ойдан олдинги 3 ой мобайнида уларнинг номига ўтказилган пул ўтказмалари юзасидан маълумотларни Марказий банк томонидан “Ягона реестр” АТга тақдим этиш тўғрисида ариза.

Учқудуқ туман адлия бўлими 

15 Sep 2021

     Аҳолини рўйхатга олиш Ўзбекистон Республикасининг барча ҳудудларида ягона статистика услубияти асосида ўтказиладиган, белгиланган санага қадар аҳолининг демографик ва ижтимоий-иқтисодий тавсифини аниқловчи маълумотларни йиғиш, олинган маълумотларни қайта ишлаш ва умумлаштириш, якуний маълумотларни кенг оммага тарқатиш ва ундан фойдаланиш жараёнидир.

    Бу тадбирда нафақат статистика органлари, балки республиканинг бошқа давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳам бевосита иштирок этадилар. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги аҳолини рўйхатга олиш тадбирини ўтказиш учун зарур бўлган миқдорда картографик материалларнинг (шаҳар ва қишлоқ аҳоли пунктларининг схематик режаси, маъмурий туманлар харитаси) тайёрланишини таъминлайди.

    Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Ўзархив” агентлиги аҳолини рўйхатга олиш варақаларини ва бошқа ҳужжатларни сақлаш бўйича ишларни мувофиқлаштиради, шунингдек, аҳолини рўйхатга олишнинг йиғма ҳужжатларини қайта ишлангандан сўнг доимий сақланишини ўз назоратига олади. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар Вазирлиги аҳолини рўйхатга олишга жалб этилган шахсларнинг тўлиқ хавфсизлигини ва рўйхатга олиш материалларининг сақланишини таъминлайди.

    Шу мақсадда, 2020 йилнинг 11 ноябрида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан “Ўзбекистон Республикасида 2023 йилда аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 710-сонли қарори қабул қилинди. Унга кўра, мамлакатимизда аҳолини рўйхатга олиш 2023 йил 1—25 ноябрь кунлари амалга оширилади.

Мазкур вазифалар тизимли тарзда амалга оширилиши натижасида республика аҳолиси тўғрисидаги ишончли маълумотлар базаси яратилади.

15 Sep 2021

    Бугун оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида ҳаётни эрта тарк этган инсонлар (уларнинг анчагина қисми пиёдалар), жабр кўрганлар тўғрисидаги видео ва фотосуратлар эълон қилинмаган кун йўқ. Ачинарлиси эса, уларнинг олдида ҳаётга тўймаган ёш болаларнинг ҳам борлиги.

     Ҳайдовчиларнинг шошма-шошарлиги сабаб, бу дунёни эрта тарк этган болаларнинг ота-оналарининг аҳволини бир тасаввур қилиб кўринг. Бу каби ҳолатдан ҳеч биримиз ҳимояланмаганмиз. 70 км/с шаҳар ичида ҳаракатланиш учун ҳам кўплик қилади. Бутун дунёда бу анчагина катта кўрсаткич эканини мақолани ўқиш давомида билиб олишингиз мумкин.

     Кунига юртимизда пандемия сабаб вафот этганлар сони расман эълон қилиниб борилмоқда. Аммо COVID 19 сабаб вафот этганлардан кўра йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида вафот этганлар сони кўп. Статистик маълумотларга кўра, 2019 йилда йўл-транспорт ҳодисалари натижасида ҳалок бўлганлар сони 2094 нафарни ташкил этган бўлса, 2020 йилда бу кўрсаткиш 1962 киши ҳалок бўлган.

   2021 йил январь—апрель ойларида эса Ўзбекистонда жами 2242 та йўл-транспорт ҳодисаси қайд этилган. Авариялар натижасида 557 киши ҳалок бўлган бўлса, яна 1684 киши жароҳатланган. Бу кичкина рақамлар эмас! Қўйидаги фактларга назар ташлайлик. Бу сўнгги 10 кунда содир бўлган ЙПҲ лар:

Қашқадарёда содир бўлган ЙПҲ да 7 киши ҳалоқ бўлди;

Фарғонада ЙПҲ сабаб 6 киши ҳалок бўлди;

Нукусда 3 та автомашина тўқнашди, 6 киши ҳалок бўлди;

Самарқандда ЙПҲ сабаб 6 ёшли бола вафот этди;

Наманганда йирик ЙПҲ содир бўлди, 2 киши вафот этди, 2 киши жароҳатланди;

Сурхондарёда ҳужжатсиз шахс содир этган ЙПҲ да 11 ёшли бола ҳалок бўлди;

Фарғонада бир ҳафтда 20 киши ЙПҲ қурбони бўлди, 18 киши жароҳатланди;

Сурхондарёда маст ҳайдовчи машинани чуқурга қулатди. Натижада йўловчи вафот этди.

Бу ҳали эълон қилинган хабарлар, эълон қилинмагани қанча?!

Бу қанчадан қанча оналарнинг кўзёшлари, болаларнинг боқувчисисиз қолгани бўлиши мумкин. Йўл-транпсорт ҳодисаларига жиддий қараш ва оқибатлари билан эмас, сабаблари билан курашиш керак.

    Бугунги кунда деярли ҳар бир хонадонда машина бор, бу яхши албатта. Лекин, уларни бошқараётганлар кимлар? Уларнинг рулни бошқараётган вақтида соғлиги қай аҳволда? Минг афсуски, баъзи инсонлар рулга ўтирар экан, йўлнинг эгаси менман деб фикрлаб, орқа -олдига қарамай бошқариш ҳолатлари учрамоқда. Бу каби ҳолатларда ҳайдовчи билан бирга кўплаб инсонларнинг ўлими билан тугагани ҳақида ижтимоий тармоқлар орқали ўқиганмиз, ўзимиз гувоҳи бўляпмиз. Шу каби ҳолатларнинг олдини олиш, инсонларнинг ҳаётини сақлаб қолиш мақсадида Mening fikrim порталига “Шаҳарларда транспорт тезлигини 50 км/с пасайтириш” тўғрисида петиция эълон қилинди. Мақолада бу автоҳалокат сабаб келиб чиқувчи ҳолатларнинг 80% га камайиши таъкидлаб ўтилган.

     Ушбу петицияда шаҳар ичида транспорт тезлиги 50 км/с, мактаб, боғча, шифохона каби ижтимоий аҳамиятга эга бўлган жойларда эса транспорт тезлиги 30 км/с бўлиши кераклиги, аксарият ривожланган мамлакатларда ушбу қоида тадбиқ этилгани айтиб ўтилган. Афсуски, буни тўлиқ ўқимаган ёки тушунмаган одамлар эътироз билдириб, изоҳ қолдиришган. Лекин, ушбу қоида кўплаб ривожланган мамлакатларда аллақачон жорий қилинган. Бу қачондир қабул қилиниши керак бўлган қарорлардан бири. Аммо, уни қабул қилишни қанча кечиктирсак, шунча вақт йўқотамиз, балки кўплаб инсонларнинг ҳаётини ҳам йўқотармиз.

     Шаҳарларда ҳозирда мавжуд бўлган ҳаракатланиш тезлиги 70км/с. Бу дунёдаги энг катта кўрсаткичлардан бири ҳисобланади. Нафақат ривожланган мамлакатлар, балки деярли ҳеч қаерда бундай катта чеклов қолмаган. 2017 йил ҳолатига кўра фақат йигирмата мамлакатда шаҳардаги ҳаракатланиш тезлиги 70км/с ва ундан баландроқ бўлиб қолиб кетган. Янгироқ маълумотларга назар ташласангиз, ўша мамлакатларда ҳам охирги йилларда бу чеклов камайганини кўриш мумкин.

Йўлларда фақат ҳайдовчи эмас, балки пиёда, ҳайдовчи ва пиёда каби муносабатлар ҳам борлигини унутмаслик керак. Ҳатто, йўлларда “зебра”лар бор бўлишига қарамасдан, бунга амал қилмаслик ҳолатлари кўплаб кўнгилсиз воқеаларга сабаб бўляпти.

- Мен шаҳар кўчаларида бемалол юришга қўрқаман. Ҳатто “зебра” йўлда ҳам ҳайдовчилар тўғри ҳайдаб келишади. Баъзида светофорга тўхтаган машиналар айнан “зебра” йўл устида тўхташади. Бу биз пиёдалар учун жуда ноқулай. Яқинда йўл машинасида Андижонга бориб келдим. 40-45 км/с тезликда кетдик. Бошида бироз эриш туйилди. Биз тез ҳаракатланишга ўрганганмиз. Йўлда қўрқсам ҳам тез кетишганда индамасдим. Манзилга тезроқ етиш муҳимдек. Аммо, яқинда бир автоҳалокатга гувоҳ бўлдим. Ҳаммаси шунчалар тез содир бўлдики, нима бўлганини тўлиқ англаб етмадим. Аммо ўшанда машинанинг урилгандаги овози ҳалигача қулоғим остида турибди. Шундан кейин жуда қўрқиб қолдим. Муҳими, тез етиб бориш эмас, соғ етиб бориш экан, - дейди Ойжамол Раҳмонова.

Тўғри, транспорт тезлиги 50 км/с бўлиши тўғрисидаги петицияни жамоатчилик эътироз билан қабул қиляпти. Сабаби, одамлар аслида бу уларнинг ўз фойдаларига эканини тушунишмаяпти.

     Бу борада масъулларнинг жамоатчилик билан ишлаш, таҳлил қилиш ва аҳолига ўз вақтида тўғри тушунтириб, етказиб бермаётгани ҳам сабаб бўлиши мумкин. Йўлларда бекорга ҳалок бўлаётганлар оз эмас! Бу барча ривожланган давлатда бўлгани каби бизда ҳам яқин келажакда жорий этилиши керак.

Январь ойидан бошлаб йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги ҳақидаги видеоларни исталган видеоёзув мосламасидан, шу жумладан смартфонларда ёзиб олиб, юбориш мумкинлиги эълон қилингач, одамлар буни ҳам нотўғри талқин қилишди. Турли эътирозларга сабаб бўлди. Жамоатчилик назорати ўрнатиш мақсадида видео олаётганлар турли танқид ва ҳақоратларга учради, учрамоқда. ПЕТИЦИЯ НОМИ Бу петиция ҳам бизга инсонларнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун керак. Йўлга чиққан ҳайдовчи доим ўзи билан бирга атрофдагиларнинг ҳам ҳаётига жавобгар эканлигини унутмаслиги лозим.

13 Sep 2021
 

    Коронавирусга қарши вакциналар борасида дунё халқлари орасида турли хил шубҳа-гумонларга асосланган фикр-мулоҳазалар билдирилиши давом этмоқда.

     Мамлакатимизга олиб келинаётган ва қўлланилаётган вакциналар ҳақида ҳам шунга ўхшаш фикрлар айтилмоқда. Бу борада мутахассис фикрлари қандай?  

    – Вакциналар таркибида инсонга зарар етказадиган кимёвий моддалар йўқ, – дейди Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бош мутахассиси Хурсаной Жамолова. – Ҳар қандай вакцина амалиётда қўлланилар экан, унга рухсат беришдан олдин, албатта, хавфсизлик учун текширилади. Бугунги кунда мана шу олиб келинаётган вакциналар аҳолида қўлланилгунга қадар бир қатор ўн минглаб одамларда клиник синовлардан ўтказилган ва уларнинг хавфсизлиги амалиётда тасдиқланган. Айни кунларда амалиётда ишлатилаётган вакциналарнинг барчаси хавфсиз ва самаралидир.  

     Вакциналарни ишлаб чиқариш жараёнида заводларда уларнинг сифат назорати олиб борилади. Сифат назорати – бу вакциналарнинг хавфсизлигини таъминловчи омиллардан биридир. Бугунги кунда республикамизга олиб келинган барча вакциналарнинг хавфсизлиги ва самаралилиги тўғрисида ҳужжатлари мавжуд. Ҳамда қайтадан лаборатор текширувлар   натижасида ушбу вакциналарнинг  хавфсизлиги тасдиқланган.  

 

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: