Hokimiyat matbuot xizmati
“Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент фармони (ПФ–6324-сон, 18.10.2021 й.) қабул қилинди
? Фармонга кўра, 2021 йил 1 ноябрдан:
➖ ҳудудида хонадонлар сони мингта ва ундан ортиқ бўлган фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларининг ойлик лавозим маошлари 35 фоизга оширилади;
➖ фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларини рағбатлантириш, уларга бухгалтерия хизматини кўрсатиш вазифаси туман (шаҳар) ҳокимликларидан туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимларига ўтказилади;
➖ туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларини рағбатлантириш жамғармаси ташкил этилади.
Учқудуқ туман адлия бўлими
Бугунги кунда спорт соҳасига нафақат мамлакатни дунёга танитиш балки халқимизнинг соғлигини мустаҳкамлаш, соғлом авлодни тарбиялашнинг асосий мезони сифатида катта эътибор қаратилмоқда.
Мақоламизда Учқудуқ туманидаги “ЛОЧИН” спорт-соғломлаштириш мажмуаси фаолияти ҳамда жисмоний тарбия инсоннинг нафақат жисмоний, балки ақлий, руҳий, аҳлоқий ва ватанпарварлик туйғаларини тарбиялашдаги ўрни хусусида сўз юритамиз. Чунки, учқудуқликлар спортни ниҳоятда қадрлашади.
ТАРИХГА НАЗАР
Гандбол спорт туридан икки карра жаҳон чемпиони, 1988 йилда ўтказилган олимпиада ўйинлари иштирокчиси “Хизмат кўрсатган спорт устаси” Михаил Васильев, бадиий гимнастика спортидан 4 карра жаҳон чемпиони “Хизмат кўрсатган спорт устаси” Венера Зарипова, пауэрлифтинг спортидан жаҳон ва Осиё чемпиони “Хизмат кўрсатган спорт устаси Надежда Малюгина каби спортчиларни нафақат Ўзбекистон балки бутун дунё танийди, десак тўғри бўлади.
Бу каби моҳир спортчилар республикамизнинг энг чекка ҳудуди – Учқудуқда етишиб чиққани ҳар биримизга чексиз фахр-ифтихор бағишлайди, албатта!
БУГУНГИ “ЛОЧИН”!
Спорт мажмуасида яратилган шарт-шароитлар марказдаги бошқа спорт мажмуалари билан бемалол рақобатлаша олади. Шундан бўлса керак, бу ерда тарбияланаётган ёш спортчилар салмоқли ютуқларни қўлга киритишмоқда.
Жумладан, Андрей Хлупин сузиш бўйича Европа чеипиони, Самат Медешев дзюдо спортининг А категорияси бўйича Европа чемпиони, Ҳусниддин Бўриев пауэрлифтинг бўйича жаҳон чемпионати қатнашчиси.
Ҳозирда бу ерда олиб борилаётган 15 та спорт секциясида мунтазам равишда 1400 нафар ишчи-ходим, шундан 940 нафари болалар ва ўсмирлар иштирок этади. Ўсмирлар жамоалари ўртасида спортнинг футбол туридан республика очиқ турнири мусобақаларида мураббий Бобомурод Қамбаров раҳбарлигидаги жамоа бир неча бор фахрли ўринларга сазовор бўлди.
Ирина Анещенко мураббийлигида Илья Исаев, Ғалия Абубакирова, Даниил Шульц, Нигора Тошматова, Ольга Пашкова, Сергей Железняк, Олег Самойленко каби сузувчилар нуфузли мусобақаларда қатнашиб, совринли ўринларни эгаллашган.
Бугунги кунда “Лочин” спорт-соғломлаштириш мажмуаси раҳбари Гульнара МАСАГУТДИНОВА самарали фаолият олиб бормоқда.
“Лочин” спорт-соғломлаштириш мажмуасида 2 та бассейн, дзюдо, фитнес клуб, енгил атлетика ва бадиий гимнастика заллари, волейбол, баскетбол ҳамда сунъий қопламали мини футбол майдонларида барча шарт-шароитлар яратилган.
Бу ердаги бирор бир спорт майдони йўқки, бўш турса. Доимо спортнинг у ёки бу тури билан мунтазам шуғулланувчилар билан гавжум бўлади.
Бундан ташқари, Шимолий кон бошқармаси корхона ва ташкилотлари ишчи-ходимлари ўртасида турли спорт беллашувлари ҳам тез-тез ўтказилиб турилади.
3 НАФАР ЗУЛФИЯЧИ ТАРБИЯЛАНГАН
Одатда Зулфия номидаги давлат мукофоти билан тақдирланган қизларни кўпчилик маданият, санъат, адабиёт соҳалари вакили, деб тасаввур қилади.
Лекин бу қизлар мазкур юксак мукофотга спорт йўналишида аниқроғи дзюдо бўйича ўзларининг мафтункор чиқишлари билан юртимиз ва халқаро мусобақаларда эришган муваффақиятлари туфайли муяссар бўлган.
Уларнинг қўлга киритган ютуқлари нафақат қизларда, балки йигитларда ҳам ҳавас, ҳам ҳайрат уйғотади.
Улар билан танишинг: Ирода ЖУМАНОВА, Маҳлиё МАННОВА, Дилноза КАМОЛОВА!
Зулфия номидаги давлат муокофотига сазовор бўлган бу қизлар ёш бўлишларига қарамай спортда анчагина ютуқларни қўлга киритишди. Уларнинг барчасини бир мураббий – дзюдо спорт секцияси раҳбари Алишер ШОДМОНОВ тарбиялаган.
Албатта, бугун Ирода, Маҳлиё, Дилнозанинг ўзлари ҳам мураббий! Ёшларни айниқса ёш қизларни нафосат ва чапдастликка уйғун тарбиялашаётгани таҳсинга лойиқ!
Дарвоқе, Зулфияхоним ўзларига Ўзбекистон Қаҳрамони унвонини тантанали топширишга бағишланган маросим минбаридан туриб шундай деганлар: “Мен ўзим кўтарилган ҳар бир зинада устозлар назари барҳаётлигини ҳис этаман. Бугунги ёшларга ҳам шу туйғу ҳамроҳ бўлишини истайман!”.
Халқ суйган шоиранинг издоши бўлишдек бахтга муяссар бўлган Учқудуқ қизларининг совриндорлик масъулияти, “Шуҳрат” медали соҳиби, мураббий Алишер Шодмонов ўгит ва маслаҳатлари бугун катта – катта ютуқларга, нурли манзилларга эш бўлмоқда.
СПОРТ УСТАСИ УНВОНИГА САЗОВОР БЎЛИШДИ
Спортчи спорт билан шуғулланишни бошлаши биланоқ, ғалаба нашидаси ва мағлубият азобини татиб кўришни бошлайди. Спортнинг машаққатларига чидаб, кейинги босқичга қолган ёшлар маҳоратларини ошириб, янги натижа ва ютуқларни қайд этиб боришади.
Буни спорт мажмуасида фаолият юритаётган самбо ва дзюдо тўгарагида шуғулланаётган ёшлар мисолида айтадиган бўлсак, жорий йилнинг ўзида халқаро мусобақаларда 1 та олтин, мамлакат чемпионатида 3 та олтин, 2 та кумуш, 3 та бронза медалларини қўлга киритишган.
Эътиборлиси Моҳинур Абдурашидова, Маржона Турсунова, Сардор Тошимов, Шохназар Исомов, Гулина Облоқулова, Робия Абдуллаева сингари ёш спортчилар Ўзбекистон терма жамоаси аъзолигига қабул қилинди.
Гулина Облоқулова ва Маржона Турсуновалар эса Ўзбекистон спорт устаси унвонига сазовор бўлди.
3 ТА ОЛТИН МЕДАЛГА ЭГАЛИК ҚИЛИШДИ
Куни – кеча дзюдо спортидан 2007-2008 йилда туғилган ўғил ва қиз болалар ўртасида “Ургенч шаҳар ҳоким кубоги” бўлиб ўтди.
Республикамизнинг барча вилоятларидан 300 нафардан ортиқ дзюдочилар иштирок этган мусобақаларда учқудуқлик қизлар муваффақиятли иштирок этиб қайтишди.
Ёш спортчилар қуйидаги кўрсаткичларни қайд этишди:
30 кг вазнда Рухшона Ғайбуллаева олтин медал, 48 кг вазнда Робия Абдуллаева кумуш медал, 52 кг вазнда Гуласал Облоқулова олтин медал, 63 кг вазнда Асал Шавкатова олтин медалга сазовор бўлдилар.
ЖАҲОН ЧЕМПИОНАТИГА ЙЎЛЛАНМА
-Самбочиларимизни йил охирига қадар йирик мусобақалар кутиб турибди, - дейди биз билан суҳбатда “Лочин” спорт мажмуаси мураббийи Алишер Шодмонов. – Ҳозирда ёш спортчиларимиз Чирчиқ шаҳрида ўқув-машғулот йиғинларини олиб боришмоқда. Насиб этса, 15-18 октябрь кунлари Грециянинг Салоники шаҳрида ўтказиладиган жаҳон биринчилигида муносиб иштирок этамиз. Терма жамоамиз тўлиқ таркибда баҳсларда қатнашади.
Спортчи ёшларимизга жаҳон биринчилиги каби нуфузли мусобақаларда омадлар тилаймиз.
ХУЛОСА ЎРНИДА
Шимолий кон бошқармаси томонидан “Лочин” спорт-соғломлаштириш мажмуасида аҳолини айниқса ёш авлоднинг жисмоний тарбия ва оммавий спорт билан мунтазам шуғулланиши учун замон талабларига мос шарт-шароитлар яратилмоқда.
Бу ерда ўтказилаётган турли мусобақалар орқали ёшларда ўз иродаси, кучи ва имкониятларига бўлган ишонини мустаҳкамлаш, мардлик ва ватанпарварлик, она Ватанга садоқат туйғуларини камол топтириш, шунингдек ёшлар орасида иқтидорли спортчиларни саралаб олиш ишларини тизимли ташкиллаштириш ҳамда жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада ривожлантиришга йўналтирилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Гульнара МАСАГУТДИНОВА,
“Лочин” спорт-соғломлаштириш мажмуаси раҳбари.
Ҳозир кўпчилик ходимларнинг ҳаёлидан “картошка пулини қачон беришар экан-а” деган савол ўтаётган бўлса керак. Чунки “картошка пули” тезроқ (ва кўпроқ?) берилса, қишга тайёргарлик яхши бўлади-да, ишхонадан берилган пулга нафақат картошка, балки бошқа керакли маҳсулотларни ҳам сотиб олиб, уйга ғамлаб қўйиш мумкин.
Демак, ҳозир мавзуимиз қисқача, “картошка пули” ҳақида. Ҳалигача кўпчилик орасида “картошка пули” дейилсада, расман – қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ҳарид қилиш учун ходимларга бериладиган моддий ёрдам дейилади бу.
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сотиб олиш учун ажратиладиган тўлов ижтимоий характерга эга бўлиб, у ходимларга моддий ёрдам тариқасида ажратилади. Моддий ёрдам пулини ажратиш эса корхона ва ташкилотларнинг ихтиёрига ва кўпроқ молиявий ҳолатига боғлиқ. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун бериладиган моддий ёрдамнинг ўзига ҳослиги бу жамоавий тўлов ҳисобланади. Яъни, фақатгина айрим “танланган” ходимларга эмас, балки барча ходимларга бирдек миқдорда тўланадиган моддий ёрдам тури бу.
Умумий қонунчиликда ходимларга моддий ёрдам ажратиш, шу жумладан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини харид қилиш учун моддий ёрдам кўрсатиш борасида аниқ чеклов ёки таъқиқловлар йўқ. Шунинг учун ҳам, амалиётда аксарият корхона ва ташкилотлар бу моддий ёрдам турини, тўлов шартларини ва унинг миқдорини ўзларининг жамоа келишувларида, жамоа шартномалари ёки ходимлар меҳнатини ижтимоий кафолатлашга доир ички локал ҳужжатлари билан белгилаб олади (Меҳнат кодекси 153-моддаси 2-қисми).
Шунда бўлсада, айрим давлат ташкилотларидаги меҳнатга ҳақ тўлашга оид қонунчилик ҳужжатлари (Президент қарорлари ёки Ҳукумат қарорлари)да ходимларга қишлоқ ҳўжалиги маҳсулотлари сотиб олиш учун моддий ёрдам ажратиш ҳақида ҳам алоҳида айтиб кетилган. Масалан, Давлат экология қўмитаси ходимларига (ВМнинг 2019 йил 9 январдаги 12-сонли қарори билан), уй-жой коммунал хизмат соҳаси ходимларига (ВМнинг 2017 йил 22 июндаги 409-сонли қарори билан), давлат ветеринария хизмати ходимлари (ВМнинг 2017 йил 4 декабрдаги 436-сонли қарори асосида)га БҲМнинг 10 бараваригача, бундан ташқари, МИБ ходимларига (Президентнинг 2017 йил 15 июндаги ПҚ-3060-сонли қарори асосида) меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 5 баравари миқдорида “картошка пули” берилиши назарда тутилган. Бу каби амалиётга ўнлаб мисолларни келтириш мумкин. Энг муҳими, бу каби қонунчилик ҳужжатлари билан ходимларга “картошка пули” ажратиш ҳақидаги қоидалар одатда, иш берувчи учун мажбурий норма сифатида акс этмоқда. Яъни, “берилиши мумкин” эмас, “берилиши керак” мазмунида.
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини харид қилиш учун моддий ёрдам ажратиш иш берувчининг буйруғи (фармойиши, ёки қарори) билан амалга оширилади. Бизда одатда қишлоқ хўжалиги муҳсулотлариини харид қилиш учун моддий ёрдам куз пайтида ва қиш мавсуми олдидан берилади, шунинг учун доим шу савол туғилади: “бу моддий ёрдам пулини йилнинг бошқа вақтида бериб бўлмайдими?” деган. Юқорида айтганимиздек, қонунчиликда қандайдир чеклов йўқ, шундай экан, бу моддий ёрдам турини йилнинг бошқа фаслларида ҳам, бошқа ойларида ҳам бериш мумкин. Масалан, “помидор пули”, “қулупнай пули”, “сабзи пули” дегандик, тўғрими?
Бу моддий ёрдам тури солиқ солиш масаласида ходимнинг “бошқа даромадлари” таркибига киради. Агар бу моддий ёрдам қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиб олиш учун пул маблағи шаклида берилса, меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 4,22 бараваригача бўлган қисмига даромад солиғи солинмайди (Солиқ кодекси 377-378-моддалари). Мисол учун, корхона раҳбари 2021 йилнинг октябрь ойида ҳар бир ходимга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиб олиш учун БҲМнинг 10 баробари миқдорида, яъни 2.700.000 сўм миқдорида моддий ёрдам пули тўғрисида буйруқ чиқарди. Демак, ушбу тўловларга даромад солиғи солинмайди, чунки бу сумма МҲЭКМнинг 4,22 баравари (822.000*4,22=3.468.840)дан кам.
"Картошка пули" бериш тўғрисидаги буйруққа имзо қўяйми, қўймайми, деб ўйланиб турган раҳбарлар, иккиланманг энди, тезроқ қўл қўйиб беринг, картишкани нархи ошиб кетмасин тағин?.
?
Ҳукумат қарори (648-сон, 15.10.2021 й.) билан Кўп квартирали уйнинг ертўласидан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди
Низомга кўра, ертўладан фойдаланиш кўп квартирали уйдаги жойлар мулкдорларининг розилигига асосан амалга оширилади.
Ертўладан жойлар фақат ертўлада шуғулланилиши мумкин бўлган қуйидаги фаолият турларини амалга ошириш учун берилади:
● озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат товарлари билан савдо қилиш (дўконлар, киоскалар, дўкончалар ва бошқалар);
● маиший хизмат кўрсатиш (сартарошхона, пойабзал тикиш ва таъмирлаш, оптика, соат созлаш устахоналари, тикувчилик ва каштачилик, ателье);
● умумий овқатланиш (ресторанлар, кафе, кафетерийлар, музқаймоқ ва чанқовбосди ичимликлар барлари, газакхоналар);
● банк хизматлари кўрсатиш (банкларнинг бўлимлари ва валюта алмаштириш пунктлари);
● алоқа хизматлари кўрсатиш (почта бўлими) ва курьерлик фаолияти;
● газеталар, журналлар ва китоб маҳсулотлари билан савдо қилиш;
● бижутерия ва жевакларни тайёрлаш ва таъмирлаш;
● гулчамбарлар, сунъий гуллар ва гул маржонларини тайёрлаш;
● рассомлик ва ҳайкалтарошлик;
● хизмат кўрсатиш ва тадбиркорларнинг офислари ҳамда идоралари;
● видео ва фотосуратга олиш, компьютер хизматлари;
● таржима ва таҳрир хизматлари;
● дизайн, чизмачилик-графика хизматлари;
● кийим-кечак ва идишларни ижарага бериш хизмати;
● риэлторлик фаолияти;
● газламаларга нақшлар солиш, трафаретли босма ва қўлда расм чизиш хизматлари;
● жисмоний тарбия ва спорт муассасалари фаолияти;
● давлат ташкилотларини жойлаштириш;
● суғурта ташкилотларини жойлаштириш.
Мазкур фаолият турларини ёнғинга қарши ва техник шартларнинг минимал талаблари асосида ташкил этишга рухсат берилади.
Ертўладан фойдаланганлик учун тўланадиган ижара тўловларининг энг кам миқдорлари тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан тасдиқланади.
Ижара тўловлари ушбу кўп квартирали уйнинг умумий мол-мулкини сақлаш харажатларига йўналтирилади.
Ертўладан фойдаланувчи томонидан уни бошқа шахсларга сотиш, ҳадя этиш, гаровга қўйиш ва ижарага беришга йўл қўйилмайди.
Учқудуқ туман адлия бўлими
Ҳукумат қарори билан “Темир дафтар” ва “Аёллар дафтари”га киритилган оилаларнинг фарзандлари ҳамда “Ёшлар дафтари”га киритилган янги турмуш қурган ёшларнинг якка тартибдаги хонадонида қўшимча уй-жой қуриш учун гаровсиз кредит ажратиш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланди.
Низомга кўра, кредитлар банклар томонидан қайтаришлик, тўловлилик, таъминланганлик, муддатлилик ва мақсадлилик шартлари билан берилади. Шунингдек, кредитлар ёшларнинг алоҳида тоифаларига гаровсиз асосида ажратилади.
Бунда, тегишлича “Саховат ва кўмак”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” жамғармалари кафиллиги тақдим этилади. Кафиллик берилганлиги учун тўлов (мукофот пули) ундирилмайди.
Қарз олувчилар қуйидаги мувофиқлик мезонларига мос бўлиши лозим:
— 18 ёшга тўлган ва 30 ёшдан ошмаган;
— Янги (иккала томон учун биринчи маротаба) турмуш қурган;
— Илгари арзон уй-жой қуриш дастурлари доирасида имтиёзли ипотека кредити олмаган бўлиши керак.
Шунга кўра, ёшларнинг алоҳида тоифаларига кредитлар:
— Бозор ставкасида мижоз хоҳишига кўра 6 ой имтиёзли давр билан;
— 20 йилдан кўп бўлмаган муддатга;
— Бошланғич бадали якка тартибдаги хонадонда қўшимча қурилаётган уй-жой қийматининг 15 фоизидан кам бўлмаган миқдорда;
— Бир қарз олувчига 33 миллион сўмдан ошмайдиган миқдорда берилади.
Тегишли ҳужжатлар тўлиқ тақдим қилингандан сўнг банк 3 иш кунида ариза берувчига кредит бериш масаласини кўриб чиқади. Ариза қаноатлантирилган тақдирда, кредит шартномаси имзоланади.
Шавкат ИСОМИДДИНОВ,
1982 йил Бухоро вилояти Ғиждувон туманида туғилган Серикбаев Нурлан Атбагарович айни вақтда Учқудуқ шаҳри “Тинчлик” кўчасида истиқомат қилади. Қирқ ёшни қоралаган бўлишига қарамай бир ишни бошини тутмаган бу йигит осон йўл билан пул топишни ўзига “касб” қилиб олади.
“Тоғ” кўчасидаги уйларнинг бирига ҳовли томондан ўғринча тушиб 1 та “Урал” русумли велосипедни ўғирлаб кетади. 220 минг сўмга пуллагандан сўнг, “ови”ни давом эттириб, бу гал подъездда қаровсиз қолдирилган велосипедларни ҳам ўғирлаб, “пуллайди”.
Х.Дўстлиги кўчасидаги кўп қаватли уйларни подъездида қаровсиз қолдирилган велосипедларни осонгина ўғирлаётганидан “ҳаволанган” Н.Серикбаев М.Авезов кўчаси томон “юриш” қилади. Бу кўчадаги 26 уйни иккинчи подъездидан яна битта велосипед ўғирлаб, 200 минг сўмга сотиб, ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборган.
Янаям тўғрироғи, спиртли ичимликларга муккасидан кетганлиги боис, ўғирлик қилиб топган пулини барчасини ароққа сарфлаган.
Ўғригина Нурлан Серикбаевни “омад”ли “юриш”ларига ички ишлар ходимлари чек қўйди. Велосипед ўғриси қўлга олинди.
Унга нисбатан яқинда суд ҳукми ўқилди. Н.Серикбаевга Ўзбекистон Республикаси ЖК нинг 169 – моддаси 3-қисмининг “а” банди билан ЖК нинг 57 – моддаси қўлланилиб 2 йил 6 ой озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди.
Аббос НАВРЎЗОВ,
туман ИИБ тергов гуруҳи суриштирувчиси.
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафидаги муддатли ҳарбий хизматни ўташ учун танлаб олиш тадбирлари жорий йилнинг 10 августидан 2022 йилнинг 10 февралига қадар ўтказилади.
Ҳарбий-техника мутахассисликлари бўйича тайёргарликдан ўтиш ёки муддатли ҳарбий хизматни ўташ истагида бўлган чақирилувчилар яшаш жойидаги туман мудофаа ишлари бўлимига мурожаат қиладилар.
Танловга чақириш муддатини кечиктириш ва чақирилишдан озод этиш ҳуқуқига эга бўлмаган, соғлигининг ҳолати бўйича ҳарбий хизматни ўташга яроқли бўлган чақирилувчилар жалб этилади. Танловда иштирок этишда чақирилувчиларнинг сони чекланмайди. Танлов чақирилувчиларнинг умумжисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш ва якка тартибда суҳбат ўтказиш мақсадида туман ва шаҳар ҳокимининг қарори билан тузиладиган чақирилувчиларнинг умумжисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш, улар билан касбий танлов ҳамда якка тартибда суҳбат ўтказиш бўйича танлов кенгаши томонидан ташкил этилади ва ўтказилади.
Танловнинг шаффофлигини бевосита кузатиб бориш учун мазкур жараёнга чақирилувчиларнинг ота-оналари таклиф этилади.
Умумжисмоний тайёргарлик даражасини баҳолашда чақирилувчилар куч, тезлик ва чидамлиликни аниқловчи нормативларни топширадилар.
Якка тартибда суҳбат жараёнида чақирилувчиларнинг маҳалла ва жамиятда тутган ўрни, оилавий аҳволи, обрў-эътибори, юриш-туриши, қизиқишлари, Ўзбекистон тарихи, буюк саркардаларимиз ва аждодларимиз ҳаёти ва фаолиятига доир билимлари аниқланади. Шунингдек, умумжисмоний тайёргарлик ва касбий танлов бўйича ўтказилган синов натижалари асосида чақирилувчиларни ҳарбий-техника мутахассисликлари бўйича тайёргарликка жалб этиш ёки уларнинг муддатли ҳарбий хизматни ўташи юзасидан тавсия берилади ёки тавсия берилмайди.
ЭСЛАТМА: Чақирилувчилар танловда бир йилда фақат бир марта иштирок этадилар.
Отабек РЎЗИЕВ,
Учқудуқ тумани мудафаа ишлари бўлими бўлинма бошлиғи.
Айни кунларда болалар ва катталар орасида шамоллаш ёки гриппга чалиниш ҳолатлари кўп учрамоқда. Ҳудудлардаги болалар шифохоналарида турнақатор навбат кузатилаётгани сир эмас. Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий амалий тиббиёт марказининг даволаш ишлари бўйича директори ўринбосари, бош шифокор Абдуманнон Абдуқаюмов бу ҳолатларда керакли тавсиялар билан бўлишди.
Шамоллашдан ҳимоя қилишнинг табиий усуллари
Куз ва баҳор келиши билан болалар орасида шамоллаш ҳолатлари кўпая бошлайди. Бунга сабаб ҳаво ҳарорати кескин ўзгарувчанлигидир.
Болаларни бундан ҳимоя қилишнинг йўли – уларни мавсумга қараб кийинтириш керак. Уларнинг овқатланишига, айниқса нонуштасига жуда эътиборли бўлиш керак. Витаминга бой маҳсулотларни истеъмол қилиш, гигиенага риоя қилиш ва албатта спорт билан мунтазам равишда шуғуллантириб, чиниқтириш лозим.
Шамоллаш мавсумида болада шамоллаш аломатлари кузатилса, уни 3 кунгача жамоат жойларига жўнатмай туриш тавсия этилади. Чунки бошқаларга ҳам юқтириш эҳтимоли катта бўлади.
Болаларни шамоллашдан табиий йўллар билан ҳимоя қилиш мумкин. Уларни очиқ ҳавода сайр қилдириш, чиниқтириш, Д витамини бериш керак. Бизнинг ҳудуд серқуёш ўлка ҳисобланса-да, ҳозир кўпчиликда Д витамини танқислиги кузатиляпти. Шунинг учун бу витаминни мунтазам истеъмол қилиш тавсия этилади. Бу витаминнинг Д иммунитетни оширишда таъсири катта. Шу усуллар орқали иммунитетни ошириш мавсумий касалликлардан ҳимояланишда ёрдам беради.
Шамоллаганда исириқ тутатиш аллергия қўзғатади
Шамоллаган болаларни даволашда ўзбошимчалик билан чора кўриш, аниқ натижаси бўлмаган усулларни қўллаш мумкин эмас.
Кўпинча шамоллаган, гриппга чалинган беморлар бор хонада исириқ тутатиш касаллик кўпайишининг олдини олиш чораси сифатида қўлланади. Лекин бугунги кунда бу усул фойда бермайди. Чунки биз истеъмол қилаётган озиқ-овқат ўзгарган, биз нафас олаётган ҳаво ўзгарган. Экологик омиллар таъсири, дарахтларнинг камайиши, ҳар қадамда учрайдиган қурилишлар сабаб ҳавода чанг миқдори кўпайиши турли аллергик касалликлар кўпайишига сабаб бўлди. Болалар орасида ҳам аллергик хасталиклар жуда кўп учрамоқда. Исириқ тутатиш болаларда аллергияни қўзғатиши сабабли шифокорлар томонидан бу тавсия этилмайди.
Антибиотиклар умуман мумкин эмас
Шамоллаганда кўпинча уй шароитида даволанишга ўрганганмиз. Лекин билиб-билмасдан туриб болага турли антибиотиклар бериш ёки инъекциялар қилиш умуман нотўғри. Баъзи шифокорлар ҳам шундай вазиятда антибиотик қабул қилишни буюришади. Бу даволаш чораси нотўғри. Ҳар бир ота-она ўз фарзанди саломатлиги учун масъул ва касал бўлганда бола қабул қиладиган ҳар қандай дори ёки уколга жиддий қараши керак. Шамоллаш 99 фоиз ҳолатларда вируслар орқали келиб чиқади. Грипп ёки мавсумий вирусли касалликларда антибиотиклар умуман мумкин эмас, тавсия этилмайди.
Касалликка чалинганда нима қилиш керак?
Агар болада шамоллаш аломатлари кузатилса:
- Агар болада тана ҳарорати 38,5 даражадан баланд бўлса, унга ибупрофен бериш керак. Бу дори воситаси нафас йўлларидаги яллиғланиш ҳолатини бартараф этади ҳамда тана ҳароратини пасайтиради. 3 кундан 5 кунгача фақат шу дорини бериш мақсадга мувофиқ. Шу билан биргаликда беморнинг сифатли овқатланишига ва кўп суюқлик истеъмол қилишига эътибор бериш лозим.
- Бемор организмида 3 кунгача иситма чиқиши нормал ҳолат ҳисобланади. 3-5 кун орасида тана ҳарорати 38,5 даража бўлиши организмнинг касаллик билан курашаётганини билдиради. Бу вақтда беморни ҳеч қандай антибиотик ёки бошқа воситалар билан даволаш тавсия этилмайди. Агар бемор саломатлиги шу вақт ичида яхши томонга ўзгармаса, шифокорга мурожаат қилиш керак.
- Беморни алоҳидалаш, хона ҳавосини вақти-вақти билан тозалаб туриш зарур.
“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун (ЎРҚ–722-cон, 14.10.2021 й.) Президент томонидан имзоланди.
Қонун билан Солиқ кодексига бир қатор ўзгартиришлар киритилди.
Хусусан, Кодекснинг 99-моддасига киритилган ўзгартиришга кўра, Давлат солиқ қўмитаси солиқларни, шунингдек айланмадан олинадиган солиқни белгиланган тартибда мол-мулкни гаровга бермаган ҳолда, кафилликсиз ёки банк кафолатисиз бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини тақдим этишга ҳақли эканлиги белгиланди (бундан даромад солиғи, ижтимоий солиқ, тўлов манбаида олинадиган фойда солиғи мустасно).
Шунингдек, 100-моддага киритилган қўшимчага кўра, фаолиятни 3 йилдан ортиқ вақтдан буён амалга ошираётган, солиқларни ўз вақтида тўлаган, аммо молиявий аҳволи солиқ қарзини муддатида тўлаш имкониятига эга бўлмаган манфаатдор шахсларга солиқларни бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилиши мумкин.
Кодекснинг 378-моддасига киритилган ўзгартиришларга кўра, солиқ тўловчининг Ўзбекистон Республикасининг профессионал (касб-ҳунар мактаблари, коллежлар, техникумлар) ва олий таълим ташкилотларида таълим олиш (ўзининг, шунингдек 26 ёшга тўлмаган фарзандларининг ёки эрининг (хотинининг) таълим олиши) учун йўналтириладиган даромадлари солиққа тортилмайди (илгари ушбу имтиёз фақат олий таълим бўйича татбиқ этилган).
Қуйидагилар қисман солиқ солишдан озод этилади:
• уруш ногиронлари ва иштирокчилари, шунингдек, уларга тенглаштирилган ва доираси қонун ҳужжатларида белгиланадиган шахслар;
• болаликдан ногиронлиги бўлган шахслар, шунингдек, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар;
• болалигидан ногиронлиги бўлган шахс, доимий парваришни талаб этадиган фарзанди билан бирга яшаб, уни тарбиялаётган ота ёки она.
• Ушбу солиқ имтиёзлари тегишли ҳужжатлар тақдим этилган тақдирда қўлланилади.
Қатъий белгиланган солиқ ставкаси тўловчиси I ёки II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахс ҳисобланганида фаолият туридан ва уни амалга ошириш жойидан қатъи назар, ойига қатъий белгиланган миқдордаги солиқнинг 50 фоизини, бироқ БҲМнинг 50 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда тўлайди.
• Уруш ногиронлари ва қатнашчилари, шунингдек доираси қонун ҳужжатлари билан белгиланадиган уларга тенглаштирилган шахслар мулкида бўлган мол-мулк солиқ солишдан озод этилади.
• I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар мулкида бўлган мол-мулк 60 квадрат метр доирасида солиқ солишдан озод қилинади. Мазкур имтиёз пенсия гувоҳномаси ёки тиббий-меҳнат эксперт комиссиясининг маълумотномаси асосида берилади.
• Уруш ногиронлари ва қатнашчилари, шунингдек доираси қонун ҳужжатлари билан белгиланадиган уларга тенглаштирилган шахслар ҳамда I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар ер солиғидан озод этилади. Мазкур имтиёз пенсия гувоҳномаси ёки тиббий-меҳнат эксперт комиссиясининг маълумотномаси асосида берилади.
• Ишлаб чиқарувчи завод томонидан қўл билан бошқаришга мослаштирилган енгил автомобилни ва (ёки) мотоаравачани сотиб олувчи барча гуруҳлардаги ногиронлиги бўлган шахслар автотранспорт воситаларини сотиб олиш ва (ёки) Ўзбекистон Республикаси ҳудудига вақтинчалик олиб кириш учун йиғимни тўлашдан қуйидагилар озод қилинади.