Навоий вилояти соғлиқни сақлаш бошқармасига қарашли махсус жиҳозланган автобуснинг навбатдаги манзили Учқудуқ туманидаги чекка ҳудудлардан бири – “Кокпатас” маҳалла фуқаролар йиғини бўлди.
Ҳудуддаги Кокпатас оилавий шифокорлик пунктида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг педиатр, эндокринолог, офтальмолог, гинеколог сингари 10 дан ортиқ малакали мутахассислари маҳалла фуқароларини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказди.
Ўз соғлигига бефарқ бўлмаган кокпатаслик фуқаролар УЗИ, ЭКГ ва лаборатория таҳлилларини топшириб, ихтисослаштирилган тиббий ёрдам модем хизматларидан баҳраманд бўлишди.
Вилоятнинг етакчи мутахассислари қолаверса, Учқудуқ туман тиббиёт бирлашмаси мутасаддилари иштирокидаги тиббий кўрикда жами 256 нафар аҳоли қатлами қамраб олинди. Уларнинг 86 нафарига тегишли кўрсатмалар берилди. Шунингдек, “Аёллар дафтари”да рўйхатда турган 4 нафар эҳтиёжманд хотин-қизларга бепул дори-дармонлар берилган. 5 нафар ётоқдаги беморлар ҳолидан хабар олинган, яна 4 нафар беморга даволаниш учун тегишли тиббиёт муассасаларига йўлланмалар берилган.
-Аҳоли чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилганлигидан мамнун, - дейди соғлом авлод учун халқаро хайрия фонди Навоий вилояти минтақавий филиали директори Шаҳодат Қиличева. – Уларга бепул дори-дармонлар берилди. Ётоқдаги беморлар уйларига борилиб, чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди.
-Анчадан бери кўриш қобилиятим пасайиб бораётганди, вилоят марказига боришга эса имкониятим бўлмаганди, - деди Жумақул Аҳмедов. – Бугун тўлиқ текширувлардан ўтиб, очки олдим. Атрофни яна аниқ-равшан кўра бошладим, бундан хурсандман.
Ҳа, “Кокпатас” маҳалласида ўтказилган ушбу тиббий кўрик тадбирлари ҳам инсон қадрини улуғлаш, юртимизда ҳар бир соҳада рўй бераётган ўзгаришлар, аввало, инсон учун яратилаётган қулайликларнинг ёрқин ифодасидир.
Тўхтамурод Насуллаев,
Учқудуқ туман 2-сектор масъул котиби.