Ўзбекистонда 100 ёш ва ундан ошган фуқароларнинг пенсиясига пенсияни ҳисоблашнинг базавий 100 фоизи миқдорида қўшимча пул тўланади. Бу ҳақда Норма хабар қилди.
Қайд этилишича, қўшимча тўлов Ўзбекистон фуқаролари, Ўзбекистонда доимий яшаб турган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга тўланаётган пенсияга қўшиб белгиланади. Қўшимча тўлов:
2015 йилнинг 1 майига қадар 100 ёшга тўлган ва ундан ошган фуқароларнинг пенсиясига 2015 йилнинг май ойидан бошлаб;
2015 йилнинг 1 майидан кейин 100 ёшга тўладиган фуқароларнинг пенсиясига шахс 100 ёшга тўлган ойдан кейинги ойнинг 1-санасидан бошлаб ҳар ойда ариза тақдим этмасдан қўшиб тўланади.
Белгиланган пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори ўзгарганда қўшимча тўлов пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдорига мутаносиб равишда ўзгартирилади. Қўшимча тўловни тўлаш пенсияга устама ҳақларнинг сони ва миқдорларидан қатъи назар, амалга оширилади. Тўлов фуқарога тўланаётган пенсияни тўлаш тўхтатилганда ёки тўхтатиб турилганда белгиланган тартибда тўхтатилади ёки тўхтатиб турилади.
Қўшимча тўлов тўланадиган 6 ойлик давр доимий яшаш учун Ўзбекистон ташқарисига кетишдан аввалги 6 ой учун қўшимча тўловни тўлаш аризада кўрсатилган санадан бошлаб ҳисоблаб чиқилади. Фуқарога маблағ унинг хоҳишига кўра рўйхатга олинган доимий яшаш ёки вақтинча турган жойи бўйича тўланади.
Чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахсга тўлов яшаш гувоҳномаси ёки идентификация ID-картаси амал қиладиган муддат давомида тўланади.
Фуқаронинг вафоти муносабати билан олинмай қолган қўшимча тўловни тўлаш «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги қонунининг 63-моддасида (пенсионернинг вафоти муносабати билан олинмай қолган пенсияни тўлаш ва дафн этиш учун нафақа тўлаш) назарда тутилган тартибда амалга оширилади.
Эслатиб ўтамиз, президент фармони билан 1 сентябрдан бошлаб бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсия, стипендия ва нафақалар миқдори 1,1 баробарга оширилди. Фармонга кўра, пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори — ойига 289 000 сўм этиб белгиланган.
Ўзбекистонда 2020 йил 1 октябрь ҳолатига кўра, пенсия ва нафақа олаётган 100 ёшга тўлган ва 100 ёшдан ошганлар сони 794 нафарни ташкил қилади.