Hokimiyat matbuot xizmati
Prezidentning 5.11.2021 yildagi «Sport-ta’lim muassasalari faoliyatini 2025 yilgacha rivojlantirish dasturi toʻgʻrisida»gi PQ-5280-son qarori qabul qilindi.
Hujjat bilan quyidagilar tasdiqlandi:
Sport-ta’lim muassasalari faoliyatini 2025 yilgacha rivojlantirish dasturi (keyingi oʻrinlarda – Dastur) hamda Dasturni 2021–2022 yillarda amalga oshirish boʻyicha «Yoʻl хaritasi»;
Dasturning maqsadli koʻrsatkichlari (indikatorlari);
2022-2025 yillarda olimpiya va paralimpiya zaхiralari kollejlari ob’yektlarini qurish, rekonstruksiya qilish, mukammal ta’mirlash va jihozlashning asosiy parametrlari.
Dastur 25.06.2021 yildagi PQ-5160-son qarorning ijrosini ta’minlash maqsadida ishlab chiqilgan. Unda sport ta’limi tizimini rivojlantirishning asosiy yoʻnalishlari etib quyidagilar belgilangan:
sport ta’limi tizimi mazmunini sifat jihatdan yangilash, shuningdek professional pedagog kadrlarni tayyorlash, qayta tayyorlash va malakasini oshirish;
oʻqitish metodikasini takomillashtirish, ta’lim-tarbiya jarayoniga individuallashtirish tamoyillarini bosqichma-bosqich tatbiq etish;
sportchilar tomonidan jismoniy imkoniyati cheklangan va nogironligi boʻlgan shaхslarga koʻrsatiladigan sport хizmatlari sifatini yaхshilash;
sport ta’limi tizimida korrupsiya elementlariga barham berish boʻyicha samarali meхanizmlarni ishlab chiqish;
sport ta’limi muassasalarining moddiy-teхnika bazasini mustahkamlash va ularni moliyaviy ta’minlashning samaradorligini oshirish va boshqalar.
Sport bino va inshootlarida qurilish-ta’mirlash ishlari faqatgina oldindan ishlab chiqilgan TIAga muvofiq amalga oshiriladi. Olimpiya va paralimpiya zaхiralari kollejlarining moddiy-teхnika bazasini yanada yaхshilash uchun Davlat byudjetidan 2022 yildan boshlab dasturlar toʻliq bajarilgunga qadar har yili qoʻshimcha:
50 mlrd soʻm – qurilish-ta’mirlash ishlariga;
10 mlrd soʻm – zamonaviy sport jihozlari, teхnologiya vositalari, asbob-uskunalar va maхsus sport kiyimlari bilan ta’minlashga;
10 mlrd soʻm – tibbiyot boʻlimlarini zamonaviy asbob-uskunalar, dori-darmon va tiklantiruvchi vositalar bilan jihozlashga;
2 mlrd soʻm – zamonaviy oʻquv adabiyotlarini chop etish va хarid qilishga ajratiladi.
Sport-ta’lim muassasalari hamda Jismoniy tarbiya va sport boʻyicha mutaхassislarni qayta tayyorlash va malakasini oshirish instituti, Jismoniy tarbiya va sport ilmiy tadqiqotlar institutini jihozlash hamda faoliyatini tashkil etish uchun belgilangan tartibda shakllantiriladigan roʻyхatlar boʻyicha Turizm va sport vazirligi tomonidan olib kelinadigan, Oʻzbekiston Respublikasida ishlab chiqarilmaydigan uskunalar, maхsus transport vositalari, multimedia mahsulotlari, tibbiyot trenajyorlari, adabiyotlar, sun’iy hamda tabiiy maydon qoplamalari va inventarlar 2024 yil 1 oktyabrga qadar bojхona bojidan ozod etiladi.
Uchquduq tuman adliya bo'limi boshlig'i M.Umerzakov
18 ноябрь – Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинган кун
Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи қабул қилинганлигининг 30 йиллиги муносабати билан бугун “Учқудуқ” маданият уйида “Муқаддасдир, Ватан байроғи” мавзусида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда кенг жамоатчилик вакиллари, депутатлар, корхона-ташкилот раҳбарлари, таълим муассасалари ўқитувчи ва ўқувчилари иштирок этди.
Тантанали байрам тадбири Ўзбекистон Республикаси давлат мадҳияси билан бошланди. Шундан сўнг, саҳнага Учқудуқ туман ҳокими С.Хамроев чиқиб, йиғилганларни Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи қабул қилинганлигининг 30 йиллиги билан самимий муборакбод этди.
Тадбирда 7-умумий ўрта таълим мактаби ўқувчилари томонидан она ватанни, конституциясини, истиқлолни улуғловчи шеърлар ифодали ёд айтилди.
Шунингдек, байрам тадбирида “Учқудуқ” маданият уйи хонандалари Ф.Ибодуллаев томонидан ижро этилган “Байроғинг”, М.Елжанов томонидан маромига етказиб куйланган “Она юртим”, “Гўзал ҳаёт”, Б.Искакова ижро этган “Мустахзод”, “Она Ватан”, Г.Куракбаева куйлаган “Санамай” қўшиқларини йиғилганлар олқишлар билан кутиб олдилар.
Бундан ташқари, “Қизилқум” маданият уйи ёшлар вокал жамоаси хонандалари “Ватан байроғи” , М.Садуахасов ижросидаги “Улуғ элим” қўшиқлари барчага бирдек манзур бўлди.
Айниқса, “Шодиёна” миллий рақс ансамбли ижросидаги “Мажнунтол”, “Доира сеҳри” рақслари даврага кўтаринки кайфият улашди.
Тадбир аввалида Қозоғистон Республикаси “Ватандошлар жамғармаси” томонидан ўтказилган Халқаро ижодий танловда ғолибликни қўлга киритган 9-мактабнинг 10-синф ўқувчилари Бекзат Жумабекова, Айсамал Сулейменова СЕРТИФИКАТ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи қабул қилинганлигининг 30 йиллиги муносабати билан 9-11 синф ўқувчилари ўртасида ўтказилган «Байроғим-фахрим, ифтихоримсан!» мавзусида ўтказилган иншолар танловида ғолибликни қўлга киритган:
7-мактабнинг 9 - синф ўқувчиси Севара Латипова
7-мактабнинг 10 – синф ўқувчиси Дилсора Ахтамова
7- мактаб 11 – синф ўқувчиси Хонзодабегим Парманова
Худди шундай «Байроғим-фахрим, ифтихоримсан!» мавзусида ўқитувчилар ўртасида ўтказилган иншолар танловида ғолибликни қўлга киритган - 10 мактабнинг она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси Мўътарам Идеева туман ҳокимининг ТАШАККУРНОМАСИ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
УЧҚУДУҚ ТУМАН ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ.
Ўзбекистон Республикасининг 2021-йил 14 сентябрдаги ЎРҚ-714-сон «Ўзбекистон Респубилкаси Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ва «Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардия тўғрисида»ги қонунлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 3 февралдаги ПФ-6155-сон “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги Фармонига асосан, Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 29 октябрдаги ЎРҚ-729-сон «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» Қонун қабул қилинди.
Бунга кўра:
Қонуннинг 1-моддасига асосан, «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисидаги» Ўзбекистон Респубилкасининг Қонунига қўшимча ва ўзгартишлар киритилиб қуйидаги тартиблар ўрнатилди:
-37-модданинг биринчи қисми «а» банди иккинчи хатбошисининг янги таҳрири асосида жисмоний шахснинг 2021 йил 1 июндан кейинги ишламаган даври учун унинг эри (хотини) меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги ўз даромадларидан иҳтиёрий асосда ижтимоий солиқ тўлаш ҳуқуқи берилди;
- 42-модданинг янги таҳририга асосан:
электрон меҳнат дафтарчаси иш стажини тасдиқловчи асосий ҳужжат ҳисобланиши;
2005 йилдан аввалги даврлар учун иш стажи шахснинг меҳнат дафтарчасидаги (электрон меҳнат дафтарчасидаги) мавжуд ёзувлар асосида тасдиқловчи ҳужжатлар талаб этилмаслиги белгиланди;
- 43-модда учинчи қисми биринчи жумласининг янги таҳририга асосан, эндиликда маъмурият (ташкилот) бошқаруви томонидан пенсия тайинлаш учун тақдим қилинадиган ариза ва зарур ҳужжатлар пенсияга чиқувчи шахснинг танловига кўра доимий ёки вақтинча турган жойи бўйича Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимига берилиши белгиланди;
- 52-моддадан «Ишламайдиган» сўзи чиқариб ташланди ва пенсиялар ариза берувчи шаҳснинг танловига кўра доимий ёки вақтинча турган жойи бўйича Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимлари томонидан зиммасига пенсияни етказиб бериш (топшириш) юклатилган ташкилот ва тижорат банкининг филиаллари орқали тўланиши белгиланди;
- 60-моддага ўзгартириш киритилиб кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар учун интернат уйларида (панционатларида) яшовчи ёлғиз пенционерларга пенсия тўлови камида 20 фоизи миқдорида тўланиши белгиланди;
- 63-моддага ўзгартириш киритилиб пенционер вафот этган ой учун олинмай қолган пенсия пули тўлиқ миқдорда тўланиши белгиланди;
- 65-моддага қуйидаги ўзгартиришлар киритилди.
Унга кўра текшириш (ўрганиш) ўтказиш бошланган санадан аввалги уч йил ва ундан ортиқ даврда тайинланган ва (ёки) қўшимча тақдим этилган ҳужжатларга биноан қайта ҳисобланган пенсияларни текширилишига (ўрганилишига) ҳамда улар бўйича тўланган ортиқча суммаларнинг ушлаб қолинишига (ундирилишига) йўл қўйилмаслиги белгиланди.
Бюджетдан ташқари Пенсия
жамғармаси Учқудуқ туман
бўлими бошлиғи ўринбосари: Ж.Обидов
Президентнинг “Таълим масканларида бизнесга ўқитиш ва молиявий саводхонликни оширишни кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Белгиланишича, умумтаълим муассасаларида тадбиркорлик ва молиявий саводхонлик дарсларини ўтишда етарли билим ва тажрибага эга бўлган тадбиркорлар таклиф этилади. Белгиланган дарслар ўқувчиларда умумий билим ва кўникмаларни шакллантириш, тадбиркорлик жараёнларини ўрганиш ҳамда амалий муаммоли вазиятлар (кейслар)ни таҳлил қилишга қаратилади.
Халқ таълими вазирлиги уч ой муддатда тадбиркорлик ва молиявий саводхонлик кўникмаларини шакллантиришга қаратилган дарслар учун дастурини ишлаб чиқилишини таъминлайди. 2022 йил 1 майдан бошлаб “Узлуксиз касбий таълим” махсус электрон платформасида тадбиркорлик ва молиявий саводхонлик дарсларини ўтадиган ўқитувчилар учун махсус ўқув курси ташкил этади.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги билан биргаликда 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларига давлат буюртмаси қабул параметрларини ишлаб чиқишда умумий ўрта таълим тизими учун “Молиявий саводхонлик ва тадбиркорлик” ўқув дарслари учун зарур педагог кадрларни тайёрлаш бўйича квоталарини назарда тутади.
Азизбек Бўронов туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғининг буйруғига асосан бир гуруҳ шифокорлар билан Кокаяз овули аҳолисини тиббий кўрикдан ўтказиш учун сафарга отланди. Учқудуқдан 200-210 км. масофа узоқликдаги бу овулга бориш ҳар сафар анча қийинчилик туғдириши бор гап.
Баҳор бўлишига қарамай эрталабдан кун тафтига олган. Аҳолига чуқурлаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш учун махсус жиҳозланган автомашина ҳароратни писанд этмай елиб боряпти.
...Икки кунлик ишидан мамнун бўлган шифокорлар гуруҳи тиббий кўрикни тугаллаб йўлга чиқишди. Йўлда кетаётиб, кучли ёмғирга дуч келдилар. Челаклаб қуяëтган ёмғир ва унинг оқибатида вужудга келган сел туфайли машина юролмай қолди.
Йўл четидан анча ичкарида кўриниб турган чўпон уйига қараб йўл бошлаган ҳайдовчи машинани жуда секинлик билан эҳтиёт бўлиб бошқариб борарди. Иккита ўтов бир бирига яқин турар, ўнтача киши уйнинг эшигини очиб, тезда ичкарига кирдилар. Бу уйда чўпон фарзандлари, укаси ва онаси билан яшарди.
Уй эгалари билан ҳол аҳвол сўрашгач, шифокорлардан бири:
-Телефонингиз бўлса бериб туринг. Зудлик билан бош шифокоримизга қўнғироқ қилиб олай,- деди.
Юз-кўзларидан нур ёғилиб, оппоқ сочлари рўмолининг икки чеккасидан кўриниб турган онахон жилмайди.
- Кўрмаяпсизми болам, бу ерда телефон нима қилсин? Бироз дам олиб, овқатланиб олинглар.
Ўтовнинг ўнг томонидан жойлашган шифокорлар момоқалдироқнинг қаттиқ гумбурлашидан, ёмғирнинг зарб билан урилиб ёғаётганидан кайфиятсиз ҳолатда эдилар. Ёш, бўйчан истарали аëл онахоннинг келини бўлса керак, дастурхон тузаб чойга тараддуд кўрарди. Жувон тушкун ҳолатда бир сўз демай, чой қуйиб меҳмонларга узатиб турди.
Онахоннинг намоз ўқиб, узундан-узоқ дуо қилаëтгани Азизбекнинг эътиборини тортди. Кутилмаганда унинг кўзлари уйнинг чеккасида баланд қилиб солинган ўринда ётган болага тушди. 5 - 6 ёшлар чамасидаги бола ухлаганга ўхшаб, гўёки, ҳушсиз ётарди.
-Бу бола неварангизми? Нега узоқ дуо қилдингиз? дея сўради Азизбек ажабланиб. Онахон шундай жавоб қилди.
-Ҳа, бу набирам. Лекин у касал, иситмаси баланд. Ёмғир забтига олган бу кунда уни касалхонага олиб боролмаяпмиз. Касалхона олисда. Бу ердан ҳа, деганда машина ўтавермайди. Худодан набирагинамнинг тузалишини сўраб, илтижо қиляпман.
Азизбекнинг кўзларига ёш келди.
- Онажон ўрнингиздан туринг. Худо сизнинг дуонгизни кабул қил ди. Сизнинг дуонгиз чақмоқ чақтириб, дўл ёғдириб, селлар оқизиб, бизни шу ерга келишимизга сабаб бўлди. Биз шифокорлармиз, болакайни бир кўрайлик-чи!.
Болага "сурункали тонзилит" ташхиси қўйилиб, тезда муолажалар бошлаб юборилди. Антибиотик дорилар таъсиридан Нурбекнинг иситмаси тушиб, кўзларини очиб, сув сўраганида онахон қувончдан йиғлаб юборди.
Шу воқеадан сўнг, Нурбекни Азизбек Бўронов "ўғлим" деб эркалатса, қўли шифоли дўхтирни онахон ҳам "ўғлим" деб алқайди.
Бу воқеани бизга ҳикоя қилиб берган А.Бўронов: Куну - тун ишингиз баракаси, умрингиз бардавомлиги, бахту камолингизни сўраб Яратганга илтижо қилувчи онажонларингизни ҳамиша бошингизда тож қилиб кийиб юринг!
Бахтимизга улар ҳамиша соғ-омон бўлишсин, дейди самимий кулиб.
Райҳон ҚОДИРОВА.
Ҳар йили 14 ноябрда нишонланадиган Бутунжаҳон диабетга қарши кураш куни 1991 йилда Халқаро диабет федерацияси ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан бутун дунё бўйлаб диабетнинг кучайиши таҳдидига жавобан эълон қилинган.
ДИАБЕТ – КАСАЛЛИГИ ТАРИХИ
Диабет — сурункали касаллик бўлиб, ошқозон ости бези етарли миқдорда инсулин ишлаб чиқармаса ёки организм ишлаб чиқариладиган инсулинни самарали ишлата олмаса юзага келади. Бу қондаги глюкоза даражасининг ошишига олиб келади.
1922 йил январь ойида канадалик ёш олим Фредерик Бантинг қандли диабетнинг ўта оғир турига чалинган 14 ёшли болага тарихда биринчи марта инсулин юбориб, унинг ҳаётини сақлаб қолган. Инсулин учун патент олиш ва кейинчалик бойиб кетиш ўрнига, Бантинг барча ҳуқуқларни Торонто университетига ўтказган.
1923 йилда ХХ асрнинг биокимё ва тиббиётдаги биринчи буюк ютуғини эътироф этган ҳолда, Бантинг ва Маклеод Нобель мукофотига сазовор бўлган. Бестнинг хизматлари эътиборга олинмаган, бу Бантингни қаттиқ хафа қилган ва у ўз ихтиёри билан Нобель мукофотининг ярмини Бестга топширган.
Қандли диабетни бугунги кунгача тўлиқ даволаб бўлмаса ҳам, инсулин туфайли одамлар бу касалликни назорат остида ушлаб туришни ўрганди.
ҚАНДЛИ ДИАБЕТ НИМА?
Дарҳақиқат, қандли диабет бугунги кунда атеросклероз ва саратон каби, кўпинча ногиронлик ва ўлимга олиб келадиган учта касалликдан биридир.
Бу қонда глюкоза даражасининг барқарор ўсиши билан тавсифланади, касаллик ҳар қандай ёшда пайдо бўлиши мумкин. Қандли диабетнинг инсулинга боғлиқ бўлган биринчи ва инсулинга боғлиқ бўлмаган иккинчи турлари бор.
Касалликнинг иккинчи тоифаси оддий қилиб айтганда, бу қон қабул қилмайдиган даражада глюкоза миқдорининг кўтарилишидир. Танадаги «эркин» шакар миқдори салбий ҳолатларни пайдо қилмаслиги учун қандли диабетнинг дастлабки белгиларини кузатиб бориш жуда муҳим. Ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатиш ва турмуш тарзини ўзгартириш қандли диабетнинг жиддий ва нохуш оқибатларининг олдини олади.
Қандли диабетнинг илк аломати яширин бўлади ва шу ҳолатда ривожланади, айниқса, дастлабки босқичлари енгил ўтади.
КАСАЛЛИКДАН ОЛДИНГИ ВА ИККИНЧИ ТОИФАДАСИДА КУЗАТИЛАДИГАЛОМАТЛАР
Тез-тез пешоб чиқариш
Қонда қанд миқдори юқори бўлса, буйраклар ортиқча глюкозани пешоб орқали чиқаришга ҳаракат қилади. Шунинг учун қандли диабет олди одамлар тез-тез, айниқса, кечаси кўпроқ ҳожатхонага чиқади.
Қаттиқ чанқоқ
Биринчи белги ўз-ўзидан иккинчи белгини келтириб чиқаради. Тез-тез пешоб, табиийки, тананинг сувсизланишга олиб келади ва одам доимо чанқайди. Ушбу ҳолатдаги одамлар қанчалар кўп суюқлик ичмасин, танада унинг миқдори етмайди.
Доимий очлик
Нафақат чанқоқ, балки очлик ҳисси ҳам қандли диабетнинг иккинчи тоифаси хабарчиси бўлиши мумкин. Ҳазм қилиш тизими озиқ-овқатларни оддий шакарга айлантиради, кейинчалик организм ундан фойдаланади. Қандли диабет билан оғриган одамларда қон оқимидаги глюкоза ҳужайра деворларига кира олмайди. Натижада қанчалик кўп овқат тановул қилинмасин, диабет олди ва иккинчи тоифадаги беморлар очликни ҳис қилади, сабаби тана чиндан ҳам оч қолган бўлади.
Доимий чарчоқ
Қанднинг самарасиз парчаланиши ва сўрилиши, айтиб ўтилганидек, тана тўқималарининг очлигига олиб келади. Бу эса доимий чарчоқ ва сустликни келтириб чиқаради.
Кўришда муаммо
Қондаги ортиқча миқдордаги шакар қон томирлари ва капиллярларига зарар етказади – уларнинг деворлари янада мўртлашади. Бу орқали кўзнинг кўриш қобилияти пасаяди, тасвир хиралашади. Айтиш керакки, муаммо бир кўзда ёки иккаласида бирдан ўзини намоён қилиши мумкин.
Бундай вақтда қандли диабетни даволаш ишлари бошланмаса, вақт ўтиши билан кўриш қобилияти йўқолиши мумкин. Бундан иложи борича эҳтиёт бўлиш зарур.
Соғлиқни қайта тиклаш тезлигининг пасайиши
Ҳеч ким ўз-ўзидан танага жароҳат етказмайди. Оддийгина уй ҳайвони, масалан, мушук тирнаб олган яранинг тузалиши ва битиши учун ҳам ҳафта, балки ойлар керак бўлади. Бу ҳам қандли диабет белгиларининг аломатидир.
Сабаби қон томирлари ва капиллярларнинг деворлари қондаги қанд миқдоридан азият чекади, организм энди янгиланиш учун етарли ресурсларга эга эмас. Яраларнинг секин битиши инфекция юқиш даражасини орттиради.
Оёқ ва қўл учларининг увишиши ва оғриқ
Шакар қон айланишига таъсир ўтказади, бу эса асаб толаларини шикастлайди. Касалликнинг иккинчи тоифасидаги одамларда бу оғриқ, карахтлик ва бармоқлар ёки оёқ учларида увишиш пайдо қилади. Айниқса, у оёқ учида кўпроқ кузатилади. Ушбу ҳолат нейропатия деб аталади ва бошқа аломатлар сингари вақт ўтиши билан ёмонлашиши мумкин.
Терининг қорайиши
Баъзи жойларда тери қалинлашиши ва рангда ўзгариш кузатилади. Одатда бўйин, қўлтиқ ости, бўғим териси ва тирсакларда бу каби ҳолатлар бўлиши мумкин.
Қичишиш ва тошма
Қон ва пешоб таркибидаги ортиқча глюкоза замбуруғлар ва бактерияларни кўпайтиради. Албатта, бактериялар ўз навбатида оғиз, қўлтиқ ости соҳаларида пайдо бўлади. Муаммоли жойлар одатда яллиғланади ва қичишади, тери юзасида турли тошма ва эт кўчиши кузатилади.
Қандли диабетни даволамаслик бутун вужудга катта таъсир кўрсатади, бу эса соғлиқ ва ҳаёт учун хавфли бўлиши мумкин.
Соғлигингизга беэътибор бўлманг!!
Раъно АҲМЕДОВА,
Учқудуқ туман тиббиёт бирлашмаси врачи.
Маълум қилинишича, мазкур ҳашарат таркибида оқсил миқдори кўп бўлгани боис бутун дунёда чигиртка унига талаб жуда юқори.
Шу сабабли қашқадарёлик тадбиркор Музаффар Ҳамзаев вилоят инновацион ривожланиш бошқармаси мутахассислари билан ҳамкорликда Нишон туманида чигирткадан парҳезбоп ун тайёрлаш лойиҳасини ишлаб чиқди.
Лойиҳа қиймати 4,1 млрд сўм бўлиб, йиллик қуввати 80 тонна чигиртка уни ишлаб чиқаришга мўлжалланган ва ҳар килоси 3,7 АҚШ доллардан сотилади.
Шунингдек, 10 та янги иш ўрни яратиш имконияти пайдо бўлади. Айни пайтда чигиртка унини экспортга чиқариш учун тадбиркор М. Ҳамзаев раҳбарлик қиладиган Merry-Cricket МЧЖ ва Саудия Арабистонидаги ҳамкорлар ўртасида шартнома имзоланди.
Қайд этилишича, бу лойиҳани муваффақиятли амалга ошириш учун Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан 1,5 миллиард сўм маблағ йўналтирилмоқда.
Ассалому алайкум ҳурматли тадбир иштирокчилари!
Азиз ёшлар!
Ўз мустақиллигини қўлга киритган ҳар бир юрт байроғининг Бирлашган миллатлар ташкилоти бош қароргоҳи майдонида музаффар ҳилпирашини истайди. Чунки бу дунёда ўз ўрни, ўз овозига эга эканининг тасдиғи, мустақиллигининг тан олингани ифодасидир.
Бундан роппа-роса 30 йил муқаддам Ўзбекистон деб аталмиш осойишта, эркин ва фаровон юртнинг она табиатдан андоза олиб ишланган давлат байроғи қабул қилинган эди.
Шу муносабат билан сиз азизларни, сизларнинг тимсолингизда бутун туманимиз аҳолисини Ўзбекистон Республикаси давлат байроғи қабул қилинганлигининг 30 йиллиги муносабати билан самимий муборакбод этаман!
Ўтган йиллар давомида бу муқаддас туғ энг олий саҳналар, энг юқори марраларда, зафарли қўлларда баланд кўтарилмоқда. Ватандошларимиз қалбида шу юрт, шу ватан фарзанди эканлигидан ифтихор ҳиссини ошириб келмоқда.
Бугун бу байроқ фақатгина Ўзбекистон Республикаси давлат рамзи эмас, у шу юртда туғилиб, шу заминнинг меҳридан қониб яшаётган барча эл-элатларнинг тинчлик ва аҳиллик тимсолига, қалбларни қалбларга яқинлаштирадиган, дилларни дилларга улайдиган воситага айланган. Дунёнинг қайси бурчида бўлманг, бу байроқ она юрт нафасини димоққа уради, қадрдон Ватанни ёдга солади.
Республикамиз давлат байроғидаги рамзлар Ўзбекистон сарҳадида қадимда мавжуд бўлган давлатлар билан тарихан боғлиқликни ҳамда юртимиз ҳудудида яшовчи миллат ва элатларнинг анъаналарини ўзида мужассамлаштирган.
Байроқдаги мовий ранг – унинг остида барча миллатлар турли хил хавф-хатарлардан холи, эмин-эркин ҳолда аҳил-иноқ яшаб келаётган мусаффо осмонимиз ҳамда оби ҳаёт рамзидир.
Байроқдаги оқ ранг – давлатимиз фуқароларининг ўзаро ҳамжиҳатликда, бир-бирини ҳурмат қилиб, диний бағрикенглик тамойиллари асосида тинч-тотув яшаётганининг тимсоли.
Яшил ранг эса табиатнинг янгиланиши ҳамда юртимизнинг жаннатмонанд эканлиги рамзидир. Бу ранг кўпгина халқларда навқиронлик, умид ва шодумонлик тимсоли ҳисобланади.
Қизил чизиқлар давлатимиз фаровонлиги, жамият тараққиёти йўлида ўзаро ҳамжиҳатлик билан ҳормай-толмай меҳнат қилаётган юрт фарзандларининг вужудида оқаётган ҳаётий қудрат ирмоқларидир.
Ҳақиқатдан ҳам, ҳаётимизда рамз ва тимсолларнинг ўрни катта. Зеро, миллий рамзлар ор-номус, шон-шараф саналган. Шайх Нажмиддин Кубронинг жасоратини тарихдан яхши биламиз. Ҳамон бу буюк қаҳрамонлик тилдан тушмайди, ҳанузгача халқимизни ватанпарварликка, қаҳрамонликка чорлайди.
Юрт байроғини ёв қўлига топширишни истамаган Нажмиддин Кубро уни қўлида маҳкам тутганча жон берган эди. Душман ҳарчанд уринмасин, унинг қўлидан байроқни тортиб ололмай, охири панжалари билан кесиб олади.
Туғини жонидан ортиқ асраган Тўмарис, Спитамен, Муқанна, Темур Малик, Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди каби ўнлаб саркардалар ҳаёти ҳам бугун авлодларимизга катта ибрат. Аслида Ватан байроғини кўзга суртиш, уни тўтиё қилиш Ватанни севиш, унинг учун жонини фидо қилишга тайёр бўлиш деганидир.
Байроғимизнинг баландлиги юртимизнинг обрў-нуфузи юксаклигидан далолатдир. Шундай экан, сарбаланд қаддимиз ва қадримиз тимсолини ҳамиша эъзозлайлик ва бошимиз узра баланд кўтарайлик!
Яна бир бор барчангизни Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи тўғрисидаги Қонун қабул қилинганлигининг 30 йиллиги муносабати билан барчангизни чин қалбимдан самимий муборакбод этаман!
Она юртимиздаги тинчлик ва осудалик ҳеч қачон бизни тарк этмасин, байроғимиз баланд-баландларда Ўзбекистон деб аталмиш жаннатмакон юрт шаъни, шону шавкатидан дарак бериб ҳилпирайверсин!
Дунёда инсон саломатлиги учун масъул бўлган, улар умрининг бардавом бўлиши учун жон куйдиришга тайёр турган Абу Али ибн Синодек буюк аждодларимизнинг муносиб ворислари бўлган тиббиёт ходимлари ўзларининг касб байрамини кенг нишонладилар.
Дарҳақиқат, шифокорлар ҳар даврнинг қаҳрамони ҳисобланади. Дунё яралибдики, инсонларнинг дардига дармон бўлгувчи ушбу шарафли касб эгалари ўз қадри ва аҳамиятини йўқотмаган. Мақолада Учқудуқ туман тиббиёт бирлашмаси фаолияти ҳақида қисқача тўхталиб ўтамиз.
Туман марказий шифохонаси Бухоро вилояти ижроия комитетининг 1982 йил 1 майдаги буйруғига асосан ташкил этилган. Биринчи бош шифокор қилиб Балсариев Шарапбек Жумадиллаевич тайинланган. Қарийб 40 йил давомида Умирзах Узахбаев, Эргаш Ойдинов, Алмахан Нурмаханов, Айдос Ерманов, Қартбай Тишқанбаев, Копжасар Молдабаев, Айсулу Умиралиева, Жамалиддин Қоржинбаев, Эргаш Аҳмедов, Азизжон Авазов, Умар Шодиев, Зафар Расулов, Фозил Ризаев сингари билимли ва фидойи шифокорлар бош врач лавозимида ишлаганлар.
Бугунги кунда ёш, иқтидорли ва ташаббускор врач Нурали Сафоев жамоага етакчилик қилиб келмоқда.
Тумандаги 37 254 нафар аҳолига тиббий хизмат кўрсатаётган тиббиёт бирлашмасининг таркибий тузилмасида 80 ўринга мўлжалланган марказий касалхона, 125 қатновга мўлжалланган кўп тармоқли марказий поликлиника, тез ёрдам бўлими, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш бўлими, ногиронлар, кексалар ва аҳолининг бошқа эҳтиёжманд қатламларига тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш бўлими, 25 қатновга мўлжалланган 7 та оила шифокорлик пунктлари ва 1 та оилавий поликлиника фаолият олиб боради.
Ҳудуд аҳолисининг барча қатлами патронаж хизмати билан қамраб олинган. Кўп тармоқли поликлиникада 142 нафар ўрта тиббий ходимдан 43 нафари умумий амалиёт ҳамширалари ҳисобланади.
Шунингдек, оилавий шифокорлик поликлиникасида 29 нафар ҳамширанинг 10 нафари патронаж ҳамшираси вазифасини бажариб келмоқда.
Ўтган даврда патронаж хизмати мутлақо янгича асосда ташкил этилди. Ҳамшираларнинг уйма-уй юриб, ҳар бир фуқаро саломатлигини назорат қилиб бораётгани касалликларнинг олдини олиш ва аҳолининг тиббий маданиятини юксалтиришда муҳим роль ўйнамоқда.
Туманда жами 55 нафар ўзгалар парваришига муҳтож бўлган кексалар ва ногиронлар рўйхатга олинган бўлиб, ижтимоий ёрдам кўрсатиш бўлими томонидан тиббий ижтимоий ёрдамлар кўрсатиб келинмоқда.
Соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар бугунги кунга келиб ўз натижаларини бераётир. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида дори воситалари ҳаракатини тартибга солишга доир қабул қилинган ҳужжатига мувофиқ, 66 хил турдаги дори-дармонлар аҳолига биринчи ёрдам ва даво курси сифатида бепул берилмоқда.
Шунингдек, СОVID - 19 касаллигини олдини олиш мақсадида 91 % аҳоли эмлаш билан қамраб олинди. Мактаб, мактабгача таълим муассасалари ва тиббиёт ходимлари гриппга қарши вакцина билан бепул эмланди. Ҳозирги кунда мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчилари ва 1-синф ўқувчилари гриппга қарши вакцина билан бепул эмлаш ишлари олиб борилмоқда.
Туманда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича ишлар кўлами ҳам кенгаймоқда. Хусусан, ҳомиладор аёллар саломатлигини доимий назорат қилиш тизими йўлга қўйилгани оналар ва гўдаклар ўлимининг олдини олишда муҳим омил бўлмоқда.
Тиббиёт бирлашмасида самарали меҳнат қилиб келаётган билимли ва жонкуяр тиббиёт ходимларидан акушер-гинеколог врач Гулбаҳор Нурназарова, невропатолог Зафар Қўзиев, врач-терапевт Раъно Аҳмедова, оила шифокори Марҳабо Аслонова, педиатр врач Барно Артикова, лор врачи Актам Шералиев, “Авангард” ОШП врачи Азизбек Бўронов, бош ҳамшира Ирода Пўлатова, кўп тармоқли поликлиника врачи Маҳфуза Юсуповалар инсонлар соғлигию, саломатлиги учун курашда доимо олдинги сафларда бўлиб, зиммаларига юклатилган масъулиятни сидқидилдан бажармоқдалар.
Эл-юртимиз дардига ҳамиша дармон бўлиб келаётган сиз, азизлар, бор куч-ғайратингиз, билим ва малакангизни аямасдан меҳнат қилаётган экансизлар, қўлларингиз асло дард кўрмасин, деймиз!. Халқимизнинг бахтига доимо соғ-саломат бўлиб юринглар!
Райҳон ҚОДИРОВА,
махсус мухбиримиз.
Туманимиздаги 18-умумий ўрта таълим мактаби спорт залида «Соғлом аёл – буюк келажак» шиори остида «Аёллар спорт фестивали» ўтказилди. Унда тумандаги корхона ва ташкилотларда фаолият юритаётган фаол хотин-қизлар қатнашди.
Тадбир маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш туман бўлими ҳамда туризм ва спорт бўлими ҳамкорлигида ташкил этилди.
Тадбирнинг очилиш маросимида сўзга чиққанлар жамиятимизда ҳар соҳада аёллар фаоллигини алоҳида эътироф этишди. Аёллар қадр топган жамиятда юксалиш, тараққиёт ва тинчлик бардавом бўлишини алоҳида таъкидлашди.
Шунингдек, сўнгги йилларда давлат раҳбари томонидан хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш борасидаги кенг кўламли ишларга алоҳида эътибор қаратилаётгани, аёлларнинг турли соҳаларда ўз иқтидор ва қобилиятини намойиш этиб, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ҳимоясини таъминлаш, оила институтини янада мустаҳкамлаш бўйича режали ишлар амалга оширилаётгани эътироф этилди.
Тадбирдан кўзланган асосий мақсад хотин-қизларни жисмоний тарбия билан мунтазам шуғулланишга жалб этиш, уларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, ҳар томонлама жисмоний камол топишига кўмаклашишдан иборатдир.
Мусобақа беллашувларида 20 та жамоа иштирок этди. Муросасиз кечган баҳсларда фахрли биринчи ўринни 13 - сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти жамоаси, иккинчи ўринни 18 - умумий ўрта таълим мактаби жамоаси, учинчи ўринни 5-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти жамоалари эгалладилар.
Фестивал якунида ғолиб ва совриндорларга ташкилотчилар томонидан диплом ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
Дилдора САЪДУЛЛАЕВА,
туман ҳокимининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси.