Hokimiyat matbuot xizmati
Дам олиш куни мириқиб қизиқарли кўрсатув ёки кино кўришга нима етсин! Балки сиз ҳам ҳозир вақтингизни телевизор қаршисида ўтказаётгандирсиз?! Аммо, бугун телевидениенинг туғилган куни ва унинг ватани айнан бизнинг мамлакатимиз эканини биласизми?
Сайёрамизда инсоният яратган мўъжиза — телевидение Ўзбекистон пойтахти Тошкентда яратилган.
1928 йил ўзбекистонлик ихтирочилар Борис Павлович Грабовский ва Иван Филлипович Белянскийлар электрон-нур ёрдамида ҳаракатдаги тасвирни бир жойдан иккинчи жойга узатадиган ва қабул қиладиган “Радиотелефот”ни кашф этганлар.
Борис Грабовский 1901 йил 26 майда Тоболскда, сургун қилинган украин инқилобий шоир Павел Арсениевич Грабовский оиласида туғилган. 1902 йилда отасининг вафотидан сўнг онаси ўғли Борис билан бирга Одессага кейин Харьковга, сўнг Ўрта Осиёга кўчиб келишган. Гимназияда ўқиб юрган чоғидаёқ Борис физика, кимё фани ва турли нарсалар ясашга жуда қизиққан.
У дастлаб Тоштрампда сим ўровчи, кейинроқ эса собиқ Марказий Осиё университети (ҳозирги ЎзМУ) физика-математика факультети лабораториясида ишлаган. Бу ерда у биринчи бўлиб масофадан туриб тасвирларни узатиш ғоялари билан танишиб, электрон телевизион аппаратни яратиш устида иш бошлаган.
Маълумотларга кўра, телевидениенинг илк кўрсатувлари 1936 йилда Буюк Британия ва Германияда, 1938 йилда тажриба синов тариқасида Москва ва Санкт-Петербургда, 1941 йилда эса АҚШда эфирга узатила бошланган. Тошкентда телевизион кўрсатувларни мунтазам эфирга узатиш 1956 йилнинг 5 ноябрида амалга оширилган.
Ҳар йили 21 ноябрьда нишонланадиган Бутунжаҳон телевидение куни 1996 йил БМТ Бош ассамблеяси томонидан белгиланган бўлиб, бу сана биринчи жаҳон телевизион форуми ўтказилган кун билан боғлиқдир.
Навоий вилояти ҳокими в.б. Н.Турсунов Учқудуқ туманидаги “Мингбулоқ” овулида бўлиб, 11-умумий ўрта таълим мактаби, 4-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти, оила шифокорлик пункти ҳамда овул фуқаролар йиғини қошида фаолият юритаётган “Қыз жасау” тикувчилик цехи фаолияти билан яқиндан танишди.
Ташриф аввалида ижтимоий – тиббий кўмакка муҳтож бўлган 10 нафар мингбулоқлик оилага озиқ-овқат маҳсулотлари билан бирга рўзғор учун зарур бўлган иситиш мосламалари берилди.
Вилоят ҳокими в.б. Н.Турсунов овул хонадонларига бирма-бир кириб, одамларнинг дарду ташвишларини эшитди. Улар орасида биринчи гуруҳ ногирони Турсинкул Қалбаева, Сағира Нурасилова ҳам бор. Ҳар иккала онахон ўзлари яшаб турган хонадоннинг том қисми таъмирталаблигини айтиб, кўмак сўрадилар.
Халқ кўтараётган масалаларни жойида ўрганиб, аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни шу ернинг ўзида бартараф этаётган вилоят раҳбари уларнинг ҳар бирига 15 млн. сўмдан жами 30 млн. сўм маблағ ажратилишини билдирди.
Шунингдек, “Қыз жасау” тикувчилик цехи раҳбари Рима Абдикаримова 100 млн. сўм кредит ажратилишида кўмак сўраб мурожаат қилди.
Бугунги кунда цехда ўнга яқин овул аёллари иш билан таъминланган. Цех фаолиятини кенгайтириш, қўшимча янги иш ўринлари яратишни мақсад қилган ҳунарманднинг мурожаати юзасидан амалий саъй-ҳаракатлар бошлаб юборилди.
Дарҳақиқат, муаммонинг катта-кичиги бўлмайди. Одамларнинг кичик муаммоси ҳал бўлса, катта натижаларга олиб келади. Акс ҳолда улар йиғилиб-йиғилиб, ўткир ижтимоий-иқтисодий муаммоларни келтириб чиқариши мумкин. Ҳал бўлган ҳар бир мурожаат ортида эса ўнлаб одамлар ҳаётидаги ўзгариш, янгиланиш мужассам.
Шу жиҳатдан вилоят ҳокими в.б. Н.Турсуновнинг Учқудуқ тумани “Мингбулоқ” овулига ташрифи бу ерда истиқомат қилаётган аҳоли учун ҳар томонлама фойдали бўлди.
Шу куни вилоят раҳбари Учқудуқ туманидаги 20 ва 3 -умумий ўрта таълим мактаби, 14 ва 15 – сонли давлат мактабгача таълим ташкилотларида ҳам бўлди.
УЧҚУДУҚ ТУМАН ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ.
Навоий вилояти ҳокимлиги тантаналар уйида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2021 йилнинг 22 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати қўмиталари томонидан ўтказиладиган кўрик-танловлар тўғрисида”ги қарорига кўра, “ИЖТИМОИЙ ТАШАББУС” ва “МАҲАЛЛА – БЕШ ТАШАББУС БЕШИГИ” кўрик-танловларининг вилоят босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Давлатимиз мадҳиясига эҳтиром кўрсатилганидан кейин вилоят ҳокими ўринбосари Яшин Душанов Навоий вилояти ҳокими в. б. Нормат Турсуновнинг ғолибларга табригини ўқиб эшиттирди.
Шундан сўнг халқ депутатлари вилоят Кенгаши ва комиссияларнинг якуний хулосаларига кўра, “ИЖТИМОИЙ ТАШАББУС” кўрик-танловининг “Энг яхши ижтимоий ташаббускор давлат бошқаруви органи”,“Энг яхши ижтимоий ташаббускор нодавлат нотижорат ташкилоти”, “Энг яхши ижтимоий ташаббускор тадбиркорлик субъекти”, “Энг яхши ижтимоий ташаббускор фуқаро” ва “Энг яхши ижтимоий ташаббускор ҳокимлик” номинацияларида фахрли биринчи, иккинчи, учинчи ўринларни қўлга киритган совриндорлар тақдирландилар.
Улар орасида Учқудуқ туман мактабгача бўлими мудири Нигора Амонова ҳам бор. У “Энг яхши ижтимоий ташаббускор давлат бошқаруви органи” номинациясида фахрли иккинчи ўринга сазовор бўлди.
“ИЖТИМОИЙ ТАШАББУС” кўрик-танлови ғолиб ва совриндорлари вилоят ҳокимининг дипломи билан тақдирландилар.
УЧҚУДУҚ ТУМАН ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ
O‘zbekiston oliy ta'lim muassasalari bitiruvchilarining yakuniy davlat attestatsiyasi to‘g‘risidagi nizomga o‘zgartirishlar kiritishni nazarda tutuvchi buyruq davlat ro‘yxatidan o‘tkazildi.
Unga ko‘ra, yakuniy davlat attestatsiya sinovidan o‘ta olmagan shaxs keyingi har bir o‘quv yilida (3 yil davomida) o‘z arizasiga muvofiq 2 martagacha imtihonni qayta topshirish huquqiga ega.
Oldingi tartib bo‘yicha bitiruvchi yakuniy davlat attestatsiyasi sinovidan o‘ta olmagan taqdirda keyingi yillarda qayta topshirish huquqiga ega edi. Ushbu holat talaba uchun birmuncha qiyinchiliklar, xususan uning bir yillik qimmatli vaqtini maqsadli sarflay olmasligiga sabab bo‘lib kelgan.
Endilikda talabalar tomonidan qayta topshirish to‘g‘risidagi arizalar yig‘ilishiga qarab bir o‘quv yilda ikki martagacha davlat imtihonlarini qayta topshirish imkoniyati yaratildi.
Вазирлар Маҳкамасининг “Ҳарбий тарихни ўрганиш борасидаги ишлар самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарори қабул қилинди.
Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия, Маданият вазирлиги, "Ватанпарвар" ташкилоти муассислигида:
"Аждодлар изидан" ҳарбий-тарихий жамияти - муассаса шаклидаги нодавлат нотижорат ташкилоти;
"Аждодлар изидан" илмий-оммабоп журнали таъсис этилади.
"Аждодлар изидан" жамиятининг асосий вазифалари:
қадим ўтмишда, ўрта асрларда, яқин тарихда Ўзбекистон ҳудудида, шунингдек, унинг чегаралари ташқарисида бўлиб ўтган ҳарбий-тарихий аҳамиятга эга тарихий ҳужжатлар ва воқеалар тавсиф-баёнини тўплаш;
миллат озодлиги ва мустақиллиги учун босқинчиларга қарши курашиб, қаҳрамонлик кўрсатган ҳарбий саркардалар, раҳбарлар, қабила ва халқ етакчилари, йўлбошчиларининг фаолиятини ўрганиш;
юртимиздаги музей, кутубхона ва архивларда, шу жумладан, хорижий давлатлардаги шу каби муассасаларда илмий-тадқиқот ва қидирув ишларини олиб бориш;
таниқли олимлар, тарихчилар, археологлар, мутахассисларни жалб қилган ҳолда йиғилган маълумотларни тизимлаштириш;
Ўзбекистон тарихида юз берган ҳарбий-тарихий воқеалар харитасини тузиш ва бошқалар.
Жамиятни бошқариш мудофаа вазири раислик қиладиган Кузатув кенгаши томонидан амалга оширилади, у фаолиятини жамоатчилик асосида олиб боради. Кузатув кенгаши йиғилишлари ҳар йили камида икки маротаба ўтказилади.
Жамият фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида "Аждодлар изидан" ҳарбий-тарихий жамиятини ривожлантириш жамғармаси тузилади. Уни молиялаштириш манбалари:
ҳар йили 1 февралга қадар муассисларнинг ҳар бири томонидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 500 баробари эквиваленти миқдорида ажратиладиган маблағлар;
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳарбий-маъмурий секторларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари;
юридик ва жисмоний шахслар, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси норезидентлари томонидан амалга оширилган ҳомийлик хайриялари;
қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.
Ҳукумат қарори (693-сон, 19.11.2021 й.) билан Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга санаторийларда даволаниш учун йўлланмалар бериш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланди.
Маъмурий регламентга кўра, 2022 йил 1 июлдан кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга санаторийларда даволаниш учун йўлланмалар фақат ДХМ ёки ЯИДХП (my.gov.uz) орқали берилади.
Йўлланмалар қуйидаги тоифадаги кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга берилади:
уруш ногиронларига ва қатнашчиларига тенглаштирилган шахслар;
ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг янги никоҳдан ўтмаган бева хотинлари (бева эрлари);
республика аҳамиятига молик шахсий пенсия олувчи шахслар;
Чернобиль АЭС ҳалокати оқибатида нурланиш касаллигига чалинган ва уни бошидан кечирган шахслар, шунингдек, Чернобиль ҳалокати сабабли ногирон бўлиб қолган шахслар;
ядро полигонлари ва бошқа радиация-ядро объектларида ҳарбий хизматни ўтаган пенсия ёшидаги шахслар;
I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар, кўзи ожиз I гуруҳ ногиронини кузатиб борувчи шахс;
ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз кексалар;
ёшга доир пенсия олувчилар.
Давлат хизматлари кўрсатилгани учун йиғим ундирилмайди.
Йўлланмалар кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга 12 кунга, йўлланмаларнинг амал қилиш муддати бошланишидан 10 кун олдин (асосли сабабларга кўра қайтарилган йўлланмалар бундан мустасно) берилади.
Йўлланмалар фақат уларда кўрсатилган муддатларда ҳақиқий ҳисобланади.
Йўлланмада кўрсатилган муддатдан олдин санаторийга қабул қилинмайди, санаторийга кечикиб келинган кунлар тикланмайди.
Йўлланмадан факат унда кўрсатилган шахсгина фойдаланиши мумкин. Битта йўлланма билан биттадан ортиқ киши (жумладан, ёш болалар ҳам) қабул қилинмайди.
Қарорга кўра шунингдек, “Электрон санаторий” платформаси ишлаб чиқилади. Бунда:
санаторийларга йўлланма олиш учун мурожаат қилган аҳоли электрон ахборот тизими орқали ҳисобга олинади;
йўлланмалар бўйича навбатни кузатиш имкониятини берувчи механизмлар жорий этилади.
Учқудуқ туман адлия бўлими бошлиғи М.Умерзаков
Ўзбекистон доимий аҳолисининг ёш жиҳатдан таркиби эълон қилинди. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси хабар берди. Маълум қилинишича, 2021 йилнинг 1 январь ҳолатига доимий аҳолининг ёш таркиби бўйича тақсимланиши қуйидагича бўлган:
0–4 ёшлилар — 3 756 106 нафар;
5–9 ёшлилар — 3 341 346 нафар;
10–14 ёшлилар — 3 078 367 нафар;
15–19 ёшлилар — 2 569 705 нафар;
20–24 ёшлилар — 2 758 841 нафар;
25–29 ёшлилар — 3 218 218 нафар;
30–34 ёшлилар — 3 081 371 нафар;
35–39 ёшлилар — 2 617 689 нафар;
40–44 ёшлилар — 2 151 240 нафар;
45–49 ёшлилар — 1 910 995 нафар;
50–54 ёшлилар — 1 622 297 нафар;
55–59 ёшлилар — 1 528 091 нафар;
60–64 ёшлилар — 1 226 095 нафар;
65–69 ёшлилар — 762 473 нафар;
70–74 ёшлилар — 468 735 нафар;
75–79 ёшлилар — 246 064 нафар;
80–84 ёшлилар — 148 712 нафар;
85 ва ундан катталар — 72 546 нафар.
Hukumat qarori (696-son, 19.11.2021 y.) bilan Ta’lim tashkilotlari bitiruvchilari baholarining o‘rtacha ko‘rsatkichini hisoblash va uni oliy ta’lim tashkilotlariga kirish imtihonlarida inobatga olish tartibi to‘g‘risidagi nizom tasdiqlandi.
Nizomga muvofiq, maktab bitiruvchilarining shahodatnomasidagi 11 yillik ta’limning so‘nggi 6 yillik baholari OTMga kirishdagi balga qo‘shiladi. Baholar elektron platformalar orqali hisoblanadi va DTMning “ABITUR” dasturiga yuboriladi.
Baholarning o‘rtacha ko‘rsatgichi 6-11-sinflardagi yoki 6-9-sinflar va 1-2-bosqichlardagi yillik baholarning umumiy yig‘indisini o‘qitilgan fanlarga bo‘lish orqali chiqariladi.
Maksimal ball 100 foiz deb olinadi va ballar baho tizimiga quyidagicha o‘tkaziladi:
86-100% uchun – 5 baho;
71-85% – 4 baho;
56-70% – 3 baho va 56%gacha – 2 baho.
Ushbu tartib 2022/2023 yil o‘quv yilidan qo‘llaniladi.
Uchquduq tuman adliya bo‘limi boshligʻi M.Umerzakov
Бугун Навоий шаҳар 1-сонли болалар ўсмирлар спорт мактабида «Соғлом аёл – буюк келажак» шиори остида «Аёллар спорт фестивали» нинг вилоят босқичи ўтказилди. Унда фестивалнинг туман ва шаҳар босқичларида ғолибликни қўлга киритган жамоалар иштирок этди.
Тадбир вилоят маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш ҳамда туризм ва спорт бош бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилди.
Тадбирнинг очилиш маросимида сўзга чиққанлар жамиятимизда ҳар соҳада аёллар фаоллигини алоҳида эътироф этишди. Аёллар қадр топган жамиятда юксалиш, тараққиёт ва тинчлик бардавом бўлишини алоҳида таъкидлашди.
Шунингдек, сўнгги йилларда давлат раҳбари томонидан хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш борасидаги кенг кўламли ишларга алоҳида эътибор қаратилаётгани, аёлларнинг турли соҳаларда ўз иқтидор ва қобилиятини намойиш этиб, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ҳимоясини таъминлаш, оила институтини янада мустаҳкамлаш бўйича режали ишлар амалга оширилаётгани эътироф этилди.
Тадбирдан кўзланган асосий мақсад хотин-қизларни жисмоний тарбия билан мунтазам шуғулланишга жалб этиш, уларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, ҳар томонлама жисмоний камол топишига кўмаклашишдан иборатдир.
Мусобақа беллашувларида 20 дан ортиқ жамоа иштирок этди. Муросасиз кечган баҳсларда Учқудуқ туманидаги 13 - сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти жамоаси "ГИМНАСТИКА - БАРЧА УЧУН" йўналишида фахрли биринчи ўринни эгаллаб, республика босқичига йўлланмани қўлга киритди.
Мусобақа ғолиб жамоалари вилоят ҳокимлиги, вилоят туризм ва спорт бош бошқармаси ҳамда ҳомийлар томонидан қимматбаҳо совғалар, медаллар ва дипломлар билан тақдирланди.
Дилдора САЪДУЛЛАЕВА,
туман ҳокимининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси.
Тошкент вилояти телерадиоканалини ташкил этиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори қабул қилинди.
Тошкент вилоятида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва яратилаётган имкониятлардан аҳолининг хабардорлик даражасини кенгайтириш, шунингдек, ҳудуд тарихи, урф-одат ва анъаналари, бой табиати ва туризм салоҳиятини кенг тарғиб этиш ҳамда минтақада таъсирчан медиа макон яратишни қўллаб-қувватлаш мақсадида:
Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси тизимида Тошкент вилояти телерадиоканали – «Nurafshon TV» ташкил этилади.
Қуйидагилар Тошкент вилояти телерадиоканалининг асосий вазифалари этиб белгиланди:
Тошкент вилоятининг ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ва маданий-маърифий ҳаётида рўй бераётган ислоҳотлар, фаровонлик, тараққиёт ва бунёдкорлик йўлида олиб борилаётган кенг кўламли ишлар ҳамда яратилган имкониятлар ҳақида аҳолини мунтазам хабардор қилиб бориш;
жойларда ислоҳотларни амалга оширишга тўсиқ бўлаётган омилларни кенг жамоатчилик муҳокамасига олиб чиқиш, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда бошқа ташкилотлар фаолияти юзасидан самарали ва таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатиш;
аҳолининг сиёсий ва ижтимоий фаоллигини ошириш, уларда қатъий фуқаролик позициясини шакллантириш, сифатли давлат хизматларини кўрсатиш ва улардан самарали фойдаланиш масалаларини теле- ва радиодастур орқали ёритиш;
ҳудуднинг тарихи, маданияти, санъати, адабиёти ва урф-одатлари, бой табиати, сўлим гўшалари ва туризм салоҳиятини акс эттирувчи, уларни ўрганиш, асраб-авайлаш ва кенг тарғиб қилишга йўналтирилган кўрсатув ва эшиттиришлар тайёрлаш;
аҳолининг интеллектуал ва маданий савиясини ошириш, фуқароларнинг онгида демократик қадриятларни мустаҳкамлаш, ёшлар ва ўсиб келаётган авлодни ватанпарварлик, умуминсоний қадриятларни ҳурмат қилиш ва миллатлараро тотувлик руҳида тарбиялашни тарғиб қилиш;
давлат ва нодавлат телерадиокомпаниялар, ахборот агентликлари, шунингдек, халқаро ташкилотлар билан ахборот алмашиш бўйича самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш.