Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 3 февралдаги “Халқ таълими тизимини ислоҳ қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Ф-22-сон фармойишига асосан халқ таълими тизимини ислоҳ қилиш бўйича Миллий кенгашлар фаолияти ташкил этилган эди. Бугун Учқудуқ туман ҳокими, туманда тузилган Миллий кенгаш раиси С.Хамроев раислигида ҳамда аъзолари иштирокида кенгашнинг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди.
Танқидий ва таҳлилий рухда ўтказилган кенгаш йиғилишида туман халқ таълими тизимида эришилган натижалар, йўл қўйилган камчиликлар кўриб чиқилиб, тизимни янада яхшилаш борасида долзарб вазифалар белгилаб олинди.
Миллий кенгаш раиси томонидан республика мактаблари миллий рейтингида Учқудуқ тумани 5-ўринда қайд этилгани ҳолда бир нечта таълим муассасаларининг бу борадаги натижалари жуда пастлиги танқид остига олинди. Бундан ташқари етарлича шароит ва имкониятлар мавжуд бўлишига қарамасдан айрим таълим муассасаларида ҳалигача педагоглар сифат таркиби яхшиланмаганлиги, битирувчиларнинг ОТМгаларга қамрови паст кўрсаткичларни қайд этаётганлиги, хорижий тилларни ўқитиш сифати пастлиги мактаб директорларининг бу борадаги фаолияти етарлича эмаслигидан далолат бераётганлиги айтиб ўтилди.
Шунингдек кенгаш йиғилишида ўқувчилар ўртасида жиноят ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш борасидаги ишлар самарадорлиги кўриб чиқилиб, ота-оналар, маҳалла, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликни тўғри ташкил этилиши лозимлиги таъкидланди.
Кенгаш йиғилишида муҳокама қилинган масалалар юзасидан аниқ ва тизимли ишларни ташкил этиш бўйича масъулларга тегишли топшириқлар белгилаб берилди.