Hokimiyat matbuot xizmati
Joriy yilning 2-3-dekabr kunlari Uchquduq tuman hokimligi ishchi guruhi tomonidan 20 dan ortiq tadbirkorlik obyektlarining (oziq-ovqat do‘koni, dorixona, qurilish mollari do‘koni, xo‘jalik mollari do‘koni, avtomobil ehtiyot qismlari do‘koni, go‘zallik saloni, telefon ta’mirlash ustaxonasi va h.k.lar) bino yuza qismidagi peshlavhalari va reklama va boshqa e'lon, axborot matnlarining davlat tili to‘g‘risidagi qonun talablariga qanchalik to‘g‘ri kelishi yuzasidan o‘rganish ishlari olib borildi.
O‘rganish jarayonida tadbirkorlarga davlat tili borasidagi islohotlar yuzasidan tushuntirish, tashviqot-targ‘ibot ishlari olib borildi. Aniqlangan kamchiliklarni bartaraf etish uchun tadbirkorlarga ogohlantirish xatlari berildi.
Shuningdek, islohotlarni o‘z vaqtida to‘g‘ri tushunib, o‘z savdo shoxobchasidagi tashqi yozuvlarni davlat tili to‘g‘risidagi qonun talablariga mos tarzda davlat tilida lotin yozuviga asoslangan o‘zbek alifbosida shakllantirgan tadbirkorlarga davlat tiliga hurmat namunasini ko‘rsatgani bois minnatdorchilik bildirildi.
Islomova Sojida
Uchquduq tumani hokimining maslahatchisi
Ўзбекистон Республикаси бўйлаб Конституциямизнинг 29 йиллигини кенг нишонлаш мақсадида жойларда барча давлат ташкилотлари, корхона ва муассасалар томонидан турли кўринишдаги тарғибот тадбирлари ўтказиб келинмоқда.
Шундай тадбирлардан бири Учқудуқ туман судлари ташаббуси билан туман Қўриқлаш бўлими ходимлари иштирокида Қўриқлаш бўлими биносида “Қомусимиз бахтимиз гаровидир” мавзуси остида давра суҳбати тарзида ташкил этилди.
Тадбирда, туман суди ходимлари ва туман Қўриқлаш бўлими бошлиғи подполковник З.М.Ўроқовлар Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг яратилиш тарихи, қабул қилиниши билан боғлиқ қизиқарли маълумотлар, Конституциянинг тузилиши, ҳокимиятлар, хусусан суд ҳокимиятининг ўрни, шунингдек, Конституцияга киритилган барча ўзгартиш ва қўшимчалар ҳамда унинг ҳаётимиздаги ўрни хусусида тадбир иштирокчиларига маълумотлар беришди.
Шунингдек, тадбир давомида иштирокчилар томонидан берилган саволларга мутасаддилар томонидан жавоблар берилди.
Давра суҳбати шу тарзда қизиқарли ва мазмунли ташкил этилди.
Фуқаролик ишлари бўйича Учқудуқ туман суди девонхона мудири Мейрбек Бердибеков
Учқудуқ туман иқтисодий суди девонхона мудири
Шоҳбоз Бахронов
Мамлакатимизда ҳудудларни жадал ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолининг яшаш шароитини тубдан яхшилаш ва ҳаёт даражасини юксалтиришга устувор аҳамият берилмоқда. Уларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган долзарб муаммоларни бартараф этилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 8 январдаги “Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан давлат органларининг аҳоли билан бевосита ишлашини назарда тутувчи янги тизим жорий этилди. Яъни, туман ва шаҳарлардаги сектор раҳбарлари ҳафтада бир марта сайёр қабул ўтказиши белгилаб қўйилган.
Буни Учқудуқ тумани иккинчи сектор мисолида кўрадиган бўлсак, штаб аъзолари томонидан доимий равишда 2-сектор ҳудудида яшовчи фуқароларнинг муаммоларини аниқлаш, уларга муносиб турмуш шароитларини яратиш, уларни иш билан таъминлаш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида хонадонбай ўрганиш ишлари йўлга қўйилган бўлиб, бу борада шу кунга қадар бир қатор ижобий ишлар амалга оширилди.
Сектор ҳудудидаги мавжуд 5 та маҳаллада ўтказилган хонадонбай ўрганишлар натижасида 271 та эҳтиёжманд оилалар рўйхати шакллантирилиб, “Темир дафтар”га киритилди ҳамда ушбу оилаларнинг 144 нафар аъзоси доимий ишга жойлаштирилиб, 119 нафар фуқаро ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилинди, 17 нафар оилага ўз тадбиркорлигини йўлга қўйиши учун 138,5 млн. сўмдан ортиқ имтиёзли кредит маблағлари ажратилиши таъминланди.
Шунингдек, 2-сектор томонидан “Темир дафтар”га киритилган оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида
169 млн 715 минг сўм миқдорида турли моддий ёрдамлар кўрсатилди.
Жумладан, 154 нафар оилага озиқ-овқат маҳсулотлари, 20 нафарига дори-дармон воситалари тарқатилиб, 40 нафарига нақд пул тарзида ёрдам, 15 та оиланинг коммунал қарздорлиги тўлаб берилди ҳамда 14 нафар оилага чорва ва 1 нафар оилага парранда берилиб, 2 тасига ижарага ер, 14 та оилага бошқа ёрдамлар кўрсатилди.
Шунингдек, сектор ҳудудида ишсиз ва бошқа муаммолари мавжуд 164 нафар ёшлар “Ёшлар дафтари”га киритилиб, 117 нафар ишсиз ёшларнинг бандлиги таъминланди. Уларнинг 73 нафари доимий ишга жойлаштириш орқали, 14 нафари ҳар бир тадбиркор ёшларга мададкор тамойили асосида, 5 нафари устоз-шогирд, 2 нафари ўзини-ўзи банд қилиш, 12 нафари жамоат ишларига жалб қилиш, 11 нафари касб-ҳунарга ўқитиш ҳамда 18 нафар тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагини билдирган ёшларга кредитлар ажратиш ҳамда 29 нафарига бошқа турдаги ёрдамлар кўрсатиш орқали ҳалқ депутатлари кенгашининг қарорига асосан ижтимоий ҳимояга мухтож ёшлар тоифасидан чиқарилиши таъминланиб келинмоқда.
Бундан ташқари, “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларнинг муаммоларини ҳал этилиши, ижтимоий аҳволи ва турмуш шароити оғир, ишсиз ва ижтимоий фаол бўлмаган хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш, уларга манзилли тарзда ёрдам кўрсатилиши алоҳида назоратга олинган.
Хусусан, сектор ҳудудида 173 нафар хотин-қизлар “Аёллар дафтари”га киритилган бўлиб, 54 нафар хотин-қизларга бандлигини таъминлашда, 5 нафарига касб-ҳунар ўрганишида, 9 нафарига тадбиркорлик учун кредит ажратилишида, 7 нафарига субсидияларажратилишида, 7 нафарининг уй-жойлари таъмирлаб берилишида,77 нафарига тиббий, 64 нафар ногиронлиги бўлган аёлларга психологик ва бошқа ёрдамлар кўрсатилиб, уларнинг барчаси “Аёллар дафтари”дан чиқарилиши таъминланди.
Шунингдек, сектор ҳудудида яшовчи 47 нафар хотин-қизларга жами 52 млн. 860 минг сўм моддий ёрдам берилди.
Шунингдек, ҳудудда тадбиркорлик ташаббусларини ҳимоя қилиш борасида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилиб, янги иш ўринлари яратилмоқда.
Хусусан, туман прокуратураси ва сектор штаби томонидан 92 нафар тадбиркорлик субъектларига турли амалий ёрдамлар кўрсатилиб, 183 та янги иш ўринлари яратилди. Шундан 34 нафарига 2 млрд 947 млн сўмлик кредит, 1 нафарига ер ажратилишида, 1 нафарига бино ажратишда, 29 нафарига коммуникация тармоқларига уланишида ва 27 нафарига бошқа ёрдамлар кўрсатилган.
Жумладан, 2-сектор ташаббуси билан ишсиз хотин-қизлар бандлигини таъминлаш мақсадида “Зулфия Учқудуқ” ишлаб чиқариш кооперативи ташкил этилди. Туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази маблағлари ҳисобидан 81 млн. сўм субсидия ва ҳомийлик ҳисобидан 200 млн сўм ажратилиб, тикув дастгоҳлари олиб келиб ўрнатилди. Бунинг натижасида 30 нафар ишсиз хотин-қизларнинг бандлиги таъминланди.
Шунингдек, туманда ягона бўлган автомашиналарга газ балонлари ўрнатиш ва уларни техник кўрикдан ўтказиш лойиҳаси бўйича “Uchquduq Ravon yo’l ”МЧЖга 245 млн. сўм кредит маблағи ажратилиб, 4 нафар ижтимоий ҳимояга мухтож оила аъзоларининг бандлиги таъминланди.
Ҳозирда, сектор штаби томонидан аҳоли муаммоларини аниқлаш ва уларни тизимли ҳал қилиш борасида ишлар давом эттирилмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, сектор раҳбари ҳамда ишчи гуруҳи аъзоларининг ҳудуд аҳолисига ишончли маслакдош, муаммоларини ижобий ҳал қилишда яқин кўмакчига айланганидан барча хурсанд. Бу халқимизнинг давлатимиздан розилиги, эртанги кунга ишончини янада мустаҳкамламоқда.
Тўхтамурод НАСУЛЛАЕВ,
Учқудуқ туман 2-сектор масъул котиби.
Мамлакатимизда ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолияти йўлга қўйилгани ўзига хос тизим сифатида ўз самарасини кўрсатмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 8 январдаги “Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан давлат органларининг аҳоли билан бевосита ишлашини назарда тутувчи янги тизим жорий этилди. Яъни, туман ва шаҳарлардаги сектор раҳбарлари ҳафтада бир марта сайёр қабул ўтказиши белгилаб қўйилган.
Учқудуқ туманида ўтказилган ана шундай сайёр қабулларнинг бирида Феруза Султонова тикувчилик фаолиятини кенгайтириш учун кўмак сўраб, 2-сектор раҳбари Учқудуқ туман прокурори Р.Рахматовга мурожаат қилганди.
Ферузанинг таклифи сектор раҳбари томонидан қўллаб-қувватланиб, янгидан ташкил этилган тикувчилик цехи янгидан таъмирдан чиқарилган бинода иш бошлади.
Гап шундаки, фойдаланилмай турган туман прокуратурасининг эски биноси 600 млн. сўм маблағ эвазига таъмирланиб, Ф.Султонова томонидан ташкил этилган тикувчилик цехи бинонинг иккинчи қаватига жойлаштирилди.
“Зулфия Учқудуқ” ИЧК тасарруфидаги ушбу тикувчилик цехида бугунги кунда 30 нафар хотин-қиз доимий иш билан таъминланди. Туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази маблағлари ҳисобидан 81 млн. сўм субсидия ҳамда ҳомийларнинг қўшимча 200 млн. сўм пули ҳисобидан 50 та тикув машинкаси сотиб олинди.
Бу ерда тикувчи қизлар учун барча шарт-шароитлар яратилган. Оналар ва болалар хонаси, тиббиёт хонаси, омборхона, бичув хонаси ва тикув зали шулар жумласидандир.
Яна бир эътиборли жиҳати мазкур бинонинг биринчи қаватида Учқудуқ туман 2-сектор штаби аъзолари жойлашган бўлиб, сектор аъзоларининг тўлақонли фаолият олиб боришлари учун шароитлар етарли.
Бугун ушбу бинони фойдаланишга топширишга бағишланган тадбир ўтказилди. Унда тумандаги корхона-ташкилотлари мутасаддилари, маҳалла вакиллари ҳамда кенг жамоатчилик иштирок этди.
Шунингдек, тадбирда ШКБ директори Неъматилло Ахатов, вилоят ҳокимининг туризм, спорт, маданият, маданий мерос ва оммавий коммуникациялар масалалари бўйича ўринбосари Саъдулла Мирзаевлар қатнашдилар.
Тадбирда туман ҳокими Соли Хамроев сўзга чиқиб, сектор раҳбарлари ҳамда ишчи гуруҳи аъзоларининг ҳудуд аҳолисига ишончли маслакдош, муаммоларини ижобий ҳал қилишда яқин кўмакчига айланиб бораётганлиги хусусида тўхталиб ўтди. Шунинг баробарида бугун фойдаланишга берилаётган мазкур бинода иш бошлаётган “Зулфия Учқудуқ” ИЧК тасарруфидаги тикувчилик цехи фаолиятига омадлар тилади.
-Цехимиз талаблар асосида жиҳозланган, - дейди “Зулфия Учқудуқ” ИЧК Феруза Султонова. – 10 донадан ортиқ янги дастгоҳ олиб келганмиз. Ушбу мақсадлар учун 281 миллион сўмга яқин маблағ сарфланди. Ҳозирда ишлаб чиқариш мажмуалари ишчи-хизматчилари учун махсус кийимлар тикаяпмиз.
Райҳон ҚОДИРОВА,
Учқудуқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари.
Бугунги кунда бутун дунё аҳолисининг 1 миллиарддан ортиғида, яъни еттита кишидан камида биттасида муайян бир турдаги ногиронлик мавжуд бўлиб, барча ногиронларнинг 100 миллиондан ортиғини болалар ташкил этади.
Ҳар йили 3 декабрь санасида ногиронлиги бўлган шахслар кунининг нишонланишидан асосий мақсад бутун дунёда амалга ошириладиган дастур ва лойиҳаларда ногиронлар бошқа ногирон бўлмаган кишилар билан тенг ҳуқуқлилик асосида иштирок этишини, ногиронларнинг манфаатлари, ҳуқуқлари инобатга олинишини, барча мамлакатларда ногиронларнинг қадр-қимматини ҳимояловчи қонунлар ва тартиб-таомилларнинг жорий этилишини таъминлаб, барча учун очиқ ва дўстона бўлган жамият қуришдан иборатдир.
Ўзбекистонда ҳам ногиронлиги бўлган шахсларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни жамиятимизнинг тўлақонли аъзоси эканликларини кўрсатиш мақсадида турли тадбир ва ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Буни Ўзбекистон Президенти томонидан “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармоннинг имзоланганида кўриш мумкин. Ушбу фармонда авваллари ногиронларни камситиш сифатида ишлатилган “ногирон” сўзи ўрнига “ногиронлиги бўлган шахс” иборасининг қўлланилиши белгиланган.
Бундан ташқари, ушбу фармонда ногиронлиги бўлган шахсларга қулайлик яратиш учун жамоат транспортини пандуслар, алоҳида жойлар билан, бекатлар ва маршрутларни эшиттирувчи, электрон маълумотлар таблолари каби махсус воситалар билан жиҳозлаш, улардан эркин фойдаланишни босқичма-босқич таъминлаш бўйича жойларда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий ҳимояси ва мослашуви самарадорлигини оширишга оид чора-тадбирлар ишлаб чиқилади.
Сана муносабати билан Учқудуқ туман ҳокимлиги, туман прокуратураси ҳамкорлигида “Шоҳимардон” тантаналар марказида “БУ АЗИЗ ЮРТДА ҲЕЧ КИМ МЕҲР ВА ЭЪТИБОРДАН ЧЕТДА ЭМАС!” мавзусида байрам тадбири ташкиллаштирилди.
Тадбирда туман ҳокими С.Хамроев иштирок этиб, тадбирга таклиф этилганларни байрам билан табриклади. Уларга озиқ-овқат маҳсулотларидан иборат пакетлар тарқатилди.
Шунингдек, тадбирда вилоят ҳокимининг туризм, спорт, маданият, маданий мерос ва оммавий коммуникациялар масалалари бўйича ўринбосари Саъдулла Мирзаев ҳам иштирок этиб, сўзга чиқди.
Байрам тадбирида “Учқудуқ” маданият саройи ҳамда “Қизилқум” маданият маркази бадиий жамоаларининг чиқишлари даврага кўтаринкилик улашди.
Туманнинг барча ҳудуди бўйлаб “БУ АЗИЗ ЮРТДА ҲЕЧ КИМ МЕҲР ВА ЭЪТИБОРДАН ЧЕТДА ЭМАС!” хайрия акцияси давом этмоқда.
Учқудуқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати.
Учқудуқ туман ҳокими Хамроев Соли Фармоновичнинг 3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни муносабати билан “Шохимардон” тантаналар саройида ўтказилган “БУ АЗИЗ ЮРТДА ҲЕЧ КИМ МЕҲР ВА ЭЪТИБОРДАН ЧЕТДА ЭМАС!” мавзусида ўтказилган тадбирда сўзлаган нутқи
Ассалому алайкум ҳурматли тадбир иштирокчилари!
Қадрли болажонлар!
“Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 1992 йил 14 октябрда қабул қилинган қарорига асосан ҳар йили “3 декабр - Халқаро ногиронлар куни” сифатида республикамизда кенг нишонланиши ҳукуматимиз томонидан олиб борилаётган кучли ва манзилли ижтимоий ҳимоя сиёсатининг яққол исботидир.
“Халқаро ногиронлар куни”га бағишлаб ўтказиладиган бугунги тадбирлар ҳам ногиронларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш, моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамиятда ўз ўринларини эгаллашларига имкониятлар яратиш борасида муҳтарам Президентимиз томонидан ногиронларга кўрсатилаётган ғамхўрлик, кенг жамоатчиликнинг ҳам бу савобли ишларда фаол иштирокининг ёрқин намунасидир.
Ҳозир Ўзбекистонда ногиронлиги бор 700 мингдан ортиқ шахс, шу жумладан, 100 мингдан зиёд 16 ёшгача бўлган болалар ҳаёт кечирмоқда. Мамлакатимизда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини муносиб ҳимоялаш, ижтимоий-иқтисодий томондан қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Учқудуқ туманида ҳам ногиронлиги бўлган - 529 нафар шахс, 113 нафар - 16 ёшгача бўлган болалар ҳаёт кечирмоқда.
“Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳужжатга кўра, I ва II гуруҳ ногиронлари мол-мулк, ер, ҳар бир ой учун энг кам иш ҳақининг тўрт баравари миқдоридаги даромадлар бўйича даромад солиғидан озод қилинган.
Шунингдек, ногиронлиги бўлган шахсларни иш билан таъминлашга оид нормалар ҳам мавжуд.
Унга кўра ходимлар сони йигирма кишидан ортиқ бўлган корхоналар ва ташкилотларда ходимлар сонининг камида уч фоизи миқдорида иш жойларининг энг кам сони ҳокимлик қарорига асосан ногиронлиги бўлган шахсларни ишга жойлаштириш учун захирада ушлаб турилади.
Ногиронлиги бўлган шахслар протез-ортопедия буюмлари, реабилитация техник воситалари ва кресло-аравачалар билан бепул таъминланиш ҳуқуқига эга бўлган имтиёзли шахслар рўйхатига киритилган.
Муҳтож ногиронлар реабилитация техник воситаларини ўз маблағлари ҳисобига сотиб олган тақдирда, уларга қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда компенсация тўланади.
Бундан ташқари, аксарият корхона ва ташкилотлар, жамоат жойларига ногиронларга кириб-чиқиш имконияти яратилган яъни пандус йўлакчалари ташкил этилган.
Ҳурматли тадбир иштирокчилари!
Халқимизга ҳос инсонийлик, саховатпешалик ва бағрикенглик 3 декабрь - Халқаро ногиронлар куни муносабати билан туманимиз бўйлаб уюштирилаётган тадбирларда ўз аксини топмоқда.
Инсон учун бебаҳо бойлик – бу соғлик-саломатликдир.
Доно халқимиз: “Соғлик – туман бойлик” дея бежизга айтмаган.
Барчангизга мустаҳкам ирода, сиҳат - саломатлик тилайман!
Эътиборингиз учун рахмат!!
Ассалому алайкум, ҳурматли учқудуқликлар!
Бугун Сизга юртимизни, жонажон ватанимизни, яшаб турган масканимизни тоза, озода, кўркам ҳудудга айлантиришда ҳар биримиз масъул эканлигимизни англаган ҳолда Сиз ҳурматли Учқудуқ тумани аҳолисига мурожаат билан чиқмоқдаман.
Хабарингиз бор, жорий йилнинг 2 ноябрь куни ҳурматли Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев раҳбарлигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида аҳоли яшаш шароитларини яхшилаш, шунингдек, ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва она табиатни асраш учун кўчат экиб, боғ яратиш, ҳавомиз мусаффолигини сақлаш борасида дарахт экиш умуммиллий акцияси эълон қилинди.
Давлатимиз раҳбарининг қарорига кўра “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини татбиқ этиш ҳамда дарахтларни экиш, парваришлаш ва кўкаламзорлаштириш тизимини самарали ташкил этиш мақсадида “долзарб 40 кунлик” эълон қилинди.
Лойиҳа доирасида 2021 йил куз ва 2022 йил баҳор мавсумларида «1 миллион дарахт» ташаббуси доирасида дарахт ва бута кўчатларини экиш бўйича бошқарма ва ташкилотлар кесимида дастур ишлаб чиқилди.
Шу жумладан, Учқудуқ туманида ҳам 2021 йил куз ва 2022 йил баҳор мавсумларида 1521 минг дона манзарали, мевали дарахт ва буталар кўчатлари ҳамда қаламчаларини экиш режалаштирилган шундан 2021 йил ноябрь декабрь ойларида туманимизда 570 минг дона, 2022 йил баҳор мавсумларида 951 минг дона манзарали, мевали дарахт ва буталар кўчатлари ҳамда қаламчаларини экиш режалаштирилган.
Мазкур режани амалга ошириш бўйича ҳозирги кунда “Яшил майдон” умуммиллий лойиҳаси доирасида тумандаги барча корхона ва ташкилотлар томонидан жами 1 млн. 521 минг та манзарали, мевали дарахт ва буталар кўчатлари ҳамда қаламчаларни экиш ишлари амалга оширилмоқда.
Шу билан бир қаторда тумандаги “Навоий” МФЙ ҳудудидан 1 гектар, “Айтим” МФЙ ҳудудидан 1 гектар бўш турган ер майдонларидан “Яшил майдон” ҳамда “Дўстлик” МФЙ ҳудудидаги “Ёшлар” истироҳат боғидан 3,8 гектар, ва “Хотира боғи” ҳудудидан 2,4 гектар жами 6,2 гектар ер майдонларидан “Жамоат парк”лари ташкил этилади.
Дастурлар, чора-тадбирлар албатта қоғозда жуда ҳам чиройли, салмоқли. Лекин уни амалга оширишда масъуллар ва ҳар бир туманимиз фуқароси фидойилик, ватанпарварлик, шижоат, ўз туманига, яшаётган маҳалласига меҳр-муҳаббат туйғуси билан амалга ошириш даркор.
Кўчаларда юрганимизда кўриб турибмизки, дарахт экиш, яшаб турган жойимизни ободонлаштиришимиз учун туман ташкилот раҳбарлари ва ходимлари жонбозлик ва шахсий намуна кўрсатиш учун аллақачон кўчат экиш ишларини бошлаб юборишди. Бу албатта мақтовга лойиқ. Ўз ўрнида бошқалар ҳам «яшил макон» уммумиллий лойиҳасида ўз ташаббусини кўрсатиши, яшаб ёки ишлаб турган жойини кўкаламзорлаштириб, обод қилиши лозим.
Азиз ва мўътабар оқсоқоллар!
Сиз ҳар бир ишда ёшлар учун ибрат намунаси бўлиб келгансизлар. Бугун ҳам мамлакат бўйлаб давом этаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасида ўзингизнинг доно маслаҳатингиз билан аҳолини айниқса, ёшларни яратувчанлик ғояларига ундашда жонбозлик кўрсатасизлар, деб ишонаман!
Албатта, бугун экилган бир дона ниҳол эрта катта дарахтга айлангач, унинг соясидан набираларингиз баҳраманд бўлади, уларнинг олаётган нафаси мусаффолиги таъминланади.
Шу боис ҳам яхши ниятлар билан бошланган бу эзгу ишда Сиз азиз нуронийлар ҳам фаол иштирок этинг, чунки ободлик бор жойда қут-барака, доимий ривожланиш ва келажакка ишонч бўлади.
Қадрли ёшлар!
Бугун сизнинг замонавий билимларни эгаллаб, етук ва баркамол инсонлар бўлиб вояга етишингиз учун барча шарт-шароит ва имкониятлар яратиб берилган.
Ўз навбатида Сиз ҳам ҳурматли Президентимиз томонидан илгари сурилган ташаббус “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган эзгу ишларда фаол иштирок этишга чақираман!
Шуни унутмайликки, осуда ва фаровон турмуш тарзини четдан келиб бизга ҳеч ким яратиб бермайди. Уни ўзимиз, ўз меҳнатимиз натижасида бунёд этсак, унинг самараси янада тотли бўлади.
Тасаввур қилинг, ҳар бир учқудуқлик ёшлар камида 5 тадан кўчат экса, бу ташаббус 2–3 йилдан сўнг туманимиз яшиллигига, экологиясига қанчалик ижобий таъсир кўрсатади.
Бугун Учқудуқдаги дарахтларнинг аксариятини Сизларнинг ота – боболарингиз парваришлаган. Сиз ҳам яшил челленжга қўшилинг ва хайрли ишга ўз ҳиссангизни қўшинг! “Ҳар бир ёшга – 5 дарахт!” акциясида фаол иштирок этинг.
Ҳурматли уй бекалари, азиз опа-сингиллар!
Мазкур акция ҳар биримиз учун алоҳида аҳамиятга эга. Чунки халқимизнинг яхши ниятлари билан бошлаган бу савобли ишлари эртанги куни ёш авлоднинг саломатлигини мустаҳкамлашда, табиатни асраш ва экологик ҳолатни яхшилашда муҳим аҳамият касб этади.
Афсуски, кўп қаватли уйларда яшовчи опа-сингилларимиз ободончиликка, тозаликка, кўкаламзорлаштириш ишларига эътиборсизлик билан қараб, “Ватан остонадан бошланади”, “Менинг маҳаллам – менинг уйим”, “Маҳалла – Ватаннинг бир бўлаги!” каби минг йиллик тушунчаларни унутиб қўймоқдалар.
Ҳафта ёки бир ойда бир маротаба бўлса ҳам – ота-боболаримиздан қолган удум, анъана – кўчат қадаш, ҳашарлар уюштириш каби эзгу ишлар бир оз оқсаётгандек.
Ўз навбатида Сизни ҳам ҳурматли Президентимиз томонидан илгари сурилган ташаббус - “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишларда фаол иштирок этишга чақираман!
Сиз ҳам яшил челленжга қўшилинг ва хайрли ишга ўз ҳиссангизни қўшинг! “Ҳар бир ёшга – 5 дарахт!” акциясида фаол иштирок этинг.
Бугунги ҳаракатимиз хайрли ва савобли ишларимизнинг бардавомлигига, ёшларимизнинг маънавияти ва тарбияси янада юксак бўлишига, миллий қадриятларимиз ривожига, халқимиз орасида ҳамжиҳатлик туйғулари мустаҳкамланишига пойдевор бўлиб хизмат қилсин!
Азиз учқудуқликлар!
Сиз доим илғорлар қаторида бўлгансиз. Шунинг учун ҳам Сизларга ишончим катта!.
Ўйлайманки, Она табиатимизни асраш, авайлаш ва уни авлодларга соф ҳолда етказиш учун масъул эканлигимизни теран англаган ҳолда ҳар бирингиз кўчат экиш акциясида, «яшил макон» қуриш ҳамда «долзарб 40 кун» кўкаламзорлаштириш умуммиллий лойиҳасида ўз ниҳолингизни қадаб, фаол иштирок этасиз!
Шу билан бир қаторда экилган кўчат ва ниҳолларни униб ўсишида ўз ҳиссангизни қўшасиз!.
Бунга ишонаман азиз учқудуқликлар!
Кеча, 1 декабрь куни Worldwide Cost of Living Index томонидан дунё бўйича 2021 йилнинг энг қиммат ва арзон шаҳарлари рейтинги эълон қилинди. Унга кўра, энг қиммат шаҳар Тел-Авив, энг арзон шаҳар эса Дамашқ дея кўрсатиб ўтилган.
Ушбу индекс доирасида 173 та шаҳардаги нарх-наволар ўрганилган. Арзон шаҳарлар рейтингида Триполи иккинчи, Тошкент учинчи ўринда турибди. Шунингдек, рўйхатда Тунис, Олмаота, Алжир, Карачи каби шаҳарлар ҳам бор.
Дунёдаги энг кўп олтин ишлаб чиқарувчи мамлакатлар рейтингида эса Ўзбекистон 11 ўринда кўрсатилган. Кучли учликка Хитой, Австралия, Россия кирган.
Республика махсус комиссиясининг йиғилишида мамлакатимизда эпидемиологик вазият барқарорлигини сақлаб қолиш ва юртимиз ҳудудига коронавирус инфекциясининг янги «омикрон» штамми кириб келишига йўл қўймаслик мақсадида бир қатор янги тартиб ва чекловлар белгиланди.
Жумладан, эндиликда хорижий давлатлардан Ўзбекистон Республикасига ташриф буюрувчилар:
мамлакатимизга ташриф буюришидан камида 72 соат олдин топширилган коронавирус инфекциясига ПЗР тест натижаси бўйича манфий кўрсаткичга эга маълумотномага эга бўлишлари лозимлиги;
коронавирус инфекциясига ПЗР тест натижаси бўйича манфий кўрсаткичга эга маълумоти мавжуд бўлмаганда, аэропорт, темир йўл вокзаллари ва чегара ўтказиш пунктларида ташкил этилган коронавирус инфекциясига экспресс тест топширишлари шартлиги белгиланди.
Шунингдек:
Республика махсус комиссиясининг қарори билан Австралия, Австрия, Бельгия, Буюк Британия, Германия, Дания, Исроил, Италия, Нидерландия, Чехия ва Миср давлатлари ҳудудидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириб келувчи йўловчилар юқоридаги талаблар бажарилгандан сўнг мамлакатимиз ҳудудига кириб келган кундан эътиборан ўн кун давомида мажбурий уй карантини ёки ўз ҳисобларидан меҳмонхонага карантинга жойлаштирилади.
“Ички ишлар органлари профилактика инспекторларининг юридик йўналишдаги билимларини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–23-сон, 30.11.2021 й.) қабул қилинди
Қарорга кўра, 2022/2023 ўқув йилидан ички ишлар органларида 3 йилдан ортиқ иш стажига эга бўлган, касбига фидойи, ташаббускор профилактика (катта) инспекторлари қуйидаги ОТМга кириш имтиҳонларисиз сиртқи таълим шаклига ўқишга қабул қилинади:
? Жамоат хавфсизлиги университетига;
? Тошкент давлат юридик университетига;
? юриспруденция соҳасида бакалавриат таълим йўналиши мавжуд бўлган бошқа давлат ОТМга (Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Ички ишлар вазирлиги Академияси ҳамда Давлат божхона қўмитасининг Божхона институти бундан мустасно).
Бунда профилактика (катта) испекторларига ўқишга тавсияномалар бериш учун комиссия ташкил этилиб, номзодлар тест имтиҳонларидан ўтказилади.
Тавсияномалар ОТМ ўртасида тенг тақсимланади
Ўқишга қабул қилиш тўлов-контракт асосида амалга оширилади ҳамда контракт маблағлари республика бюджети маблағлари ҳисобидан тўлаб берилади.
Тавсияномага эга профилактика (катта) инспекторлари ОТМнинг сиртқи таълим шаклига қабул параметрларидан ташқари ўқишга қабул қилинади.
Қарорга кўра, 2022 йил 1 майгача 100 нафар профилактика (катта) инспекторларига тавсиянома берилиши назарда тутилган.
Тавсиянома асосида ОТМда сиртқи таълим шаклида ўқиган битирувчиларга ички ишлар органларида камида 5 йил хизмат ўтаб бериш мажбурияти юклатилади.
Мадад нодавлат нотижорат ташкилоти Учқудуқ туман ҳудудий бюроси бош мутахассиси Исмоилова Умида Ҳамро қизи