32 йилдан буён таълим соҳасида фаолият юритаман. Кечагидай эсимда, ўқитувчидан қишлоқ хўжалиги, айниқса, пахта терими, ободонлаштириш, коммунал тўловлар, қайсидир мақсадларга маблағ йиғиш ишлари каби мажбурий меҳнатга жалб қилиниши “ватанпарварлик” деб талаб қилинди. Таълим сифати ҳам шунга яраша бўлди. Битирувчиларининг келажаги, мактабдан кейинги таълимнинг аҳволи ҳам ҳаминқадар эди.
Мамлакат келажаги, барча соҳалар ва лойиҳалар муваффақияти билимли инсонларга боғлиқ. Шу боис охирги тўрт йилда таълим сифатини яхшилаш, ўқитувчилар мавқеини юксалтириш бўйича кўп ишлар қилинди. Энди мамлакат янги даврга қадам қўймоқда. Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясида тўртинчи устувор йўналиш айнан таълим соҳасини, инсон капиталини ривожлантиришга қаратилган. Давлат раҳбари бу ҳаёт-мамот масаласи эканини таъкидлади.
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 2022 йил 28 январь куни мактаб таълимини ривожлантириш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида мактаб таълимини ривожлантириш бўйича устувор вазифалар белгиланди.
Мамлакатимиз бўйича 10 минг 130 та мактабни ислоҳ қилиш зарурлиги. Бу 6 миллиондан зиёд ўқувчилар, 500 мингдан ортиқ муаллимлар, умуман, жамиятимизнинг барча қатламлари, ҳар бир оиланинг келажагига дахлдорлиги таъкидланди.
Йиғилишда, аввало, соҳадаги муаммо ва долзарб масалалар кўрсатиб ўтилди. Жумладан, мактабларни мукаммал таъмирга муҳтожлиги, қўшимча ўқув бинолари зарурлиги, айрим мактабларда спорт заллари йўқлиги айтиб ўтилди.
“Шу пайтгача фойдаланиб келинаётган таълим стандартлари, ўқув дастурлари фақат назарий билим беришга йўналтирилган бўлиб, болаларни мантиқий фикрлашга, амалиётга, ҳаётга ўргатмаяпти. Кўп педагогларнинг билими ва маҳорати етарли эмас. Ўқитувчи сифатли дарс ўтишга эмас, “кўпроқ соат олиш”га интилади”-деди Президент.
Йиғилишда вазирлар ва ҳокимлар, мамлакатнинг барча ҳудудларидан муаллимлар ва мактаб директорлари ўз таклифларини билдирди. Шу жумладан мен ҳам Президент билан онлайн мулоқот қилдим ва ўз таклифларимни б ердим. Яъни, мактаблар сиғимини камайтириш учун қўшимча бинолар қуриш, дарслар сонини қайта кўриб чиқиш, болаларни фикрлашга чорлайдиган методикаларни жорий қилиш юзасидан фикр-мулоҳазалримни билдириб ўтдим.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, Учқудуқ туманидаги 20-умумий ўрта таълим мактаби раҳбари сифатида ҳамда мактаб ўқитувчи-муаллимлари давлат, халқ ва келажак олдидаги масъулиятни чуқур ҳис қилиб, мактаб фақатгина таълим берадиган маскан эмас, барчамиз учун юксак маънавият бешигига, фарзандларимизни болаликдан бошлаб эркин фикрлашга ва касбга ўргатувчи даргоҳга айлантиришимиз лозим, бунинг учун сидқидилдан ишлаб, натижа кўрсатишимиз керак.
Насиба РЎЗИЕВА,
туманимиздаги 20-мактаб директори.