ииМаҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, ҳоким ёрдамчилари ўз вазифаларини амалга оширишда фойдаланадиган молиявий инструментларнинг 2022 йил учун манбалари маълум миқдорда белгилаб қўйилган.
Унга кўра, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида ажратиладиган кредитлар жорий йил давомида 10 триллион сўм, аҳолининг бандлигини таъминлаш, уларнинг ўзини ўзи банд қилиши, шунингдек, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиши учун ажратиладиган маблағлар миқдори 1 минг 218 миллиард сўмни ташкил этади.
Шунингдек, Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасидан иш билан банд бўлмаган аҳолига тадбиркорлик қилиш ва ўзини ўзи банд қилиш учун субсидиялар, кредит ресурслари ва бошқа харажатлар учун 785 миллиард сўм, иш билан банд бўлмаган аҳолини касб-ҳунарга, тадбиркорлик ва ҳунармандчиликка ўқишга йўналтириш учун — 210 миллиард сўм ҳамда Жамоат ишлари жамғармасидан ишсиз аҳолини ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этиш харажатлари учун 222 миллиард сўм ажратилиши режалаштирилган.
Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан ажратиладиган субсидиялар 50 миллиард сўм миқдорида пул ажратилган.
Ҳоким ёрдамчилари тавсиялари асосида маҳалла инфратузилмасини яхшилаш учун кўзда тутиладиган маблағлар 250 миллиард сўмни ва «Саховат ва кўмак» жамғармаси, «Аёллар дафтари» жамғармаси, «Ёшлар дафтари» жамғармаси 851 миллиард сўмни ташкил этади.