Гепатит С – бу жигарнинг яллиғланиш билан кечувчи гепатит С вируси чақирадиган юқумли касалликдир.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига асосан дунёда 58 млн. нафар инсон сурункали вирусли гепатит С билан касалланган бўлиб, шундан 3.2 млн. нафарини болалар ва ўсмирлар ташкил этади. Жаҳонда ҳар йили 1.5 млн. янги касалланиш ҳолатлари қайд қилинади.
Ўткир вирусли гепатит С билан касалланган беморларнинг 30 фоизи 6 ой ичида тўлиқ соғаяди. Аммо қолган 70 фоиз беморларда касаллик сурункали шаклга ўтади. Сурункали вирусли гепатит С билан касалланган беморларнинг 15-30 фоизида 20 йил ичида жигар циррози ривожланади.
Бугунги кунда бу касалликдан тўлиқ соғайишнинг имкони бор. Ҳатто, инъекция ҳам олмасдан вирусга қарши таблеткани шифокор кўрсатмасига асосан 12 ҳафта давомида тўғри қабул қилиш билан касалликдан тузалиш мумкин. ЖССТнинг маълумотига асосан гепатит С вирусига қарши дори ичган инсонларнинг 95 фоиздан ортиғи касалликдан тўлиқ соғаяди.
Дори воситаларини қабул қилиш тартиби ва қоидаларига тўла риоя қилган ҳолда юқори самарага эришиш мумкин. Беморда қўшимча ҳамроҳ касалликлар яъни қандли диабет ёки онкологик касаллик бўлганда ҳам гепатит С вирусига қарши дориларни қабул қилиши мумкин. Фақат даволаниш инфекционист тавсияси ва назорати остида амалга оширилиши керак.
Гепатит Сга қарши бепул дориларни қаердан олса бўлади?
2022 йил 16 майдаги “Айрим долзарб вирусли инфекциялар тарқалишига қарши курашиш чора-тадбирларини такомиллаштириш тўғрисида”ги Президент қарори асосида ҳар йили гепатит В ва С вирусига қарши 1 млн. аҳоли скрининг текширувидан ўтказилади. Текширувлар натижасида гепатит С вируси аниқланган беморларга давлатимиз томонидан бепул вирусга қарши дорилар берилади.
2022 йилда 10 мингдан ортиқ беморларга гепатит С вирусига қарши дорилар бепул берилди. 2023 йил учун ҳам марказлашган ҳолда харид қилинган гепатит С вирусига қарши дорилар республикамизнинг барча ҳудудларидаги юқумли касалликлар шифохоналарига юборилади.
Учкудук туман СЭО ва ЖС булими Эпидемиолог врач ёрдамчиси А. М. Толендинова.