Меҳнат шартномаси технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқарганлиги ёхуд корхонанинг тугатилганлиги муносабати билан (100-модда 2-қисмининг 1-банди), меҳнат шартномаси корхона мулкдори алмашиши сабабли бекор қилинганда (100-модда 2-қисмининг 6-банди), шунингдек ходимнинг пенсия ёшига тўлганлиги муносабати билан, қонунчиликка мувофиқ ёшга доир давлат пенсиясини олиш ҳуқуқи мавжуд бўлган тақдирда (100-модда 2-қисмининг 7-банди) бекор қилинганда камида 2 ой олдин.
Меҳнат шартномаси ходимнинг малакаси етарли бўлмаганлиги ёки соғлиғи ҳолатига кўра бажараётган ишига нолойиқ бўлиб қолиши муносабати билан бекор қилинганда (100-модда 2-қисмининг 2-банди) камида 2 ҳафта олдин.
Меҳнат шартномаси ходим айбли хатти-ҳаракатлар содир этганлиги муносабати билан бекор қилинган ҳолларда (100-модда 2-қисмининг 3 ва 4-бандлари), иш берувчи ходимни меҳнатга оид муносабатларнинг бекор қилиниши тўғрисида камида 3 кун олдин хабардор қилади ёки унга шунга мутаносиб компенсация тўлайди. Эътибор қилинг бу ерда огоҳлантириш эмас, балки хабардор қилиш ҳақида гап кетмоқда. Бунда, қонун МК 100-моддаси 2-қисмининг 1, 2 ва 6-бандлари асосида меҳнат муносабатларини бекор қилишдан фарқли ўлароқ ходим билан меҳнат шартномасини МК 100-моддаси 2-қисми 3 ёки 4-бандлари бўйича бекор қилишда ходимни албатта ёзма шаклда хабардор қилишни кўзда тутмайди. Шунга кўра, бундай асослар бўйича ходим билан меҳнат муносабатларини бекор қилишда ходим ёзма ёки оғзаки хабардор қилиниши мумкин. Лекин ушбу вазиятда ходимни ёзма хабардор қилишни тавсия қиламиз.
МК 100-моддаси 2-қисмининг 5-банди (ўриндошлик асосида ишламайдиган бошқа ходимнинг ишга қабул қилиниши муносабати билан, шунингдек меҳнат шартларига кўра ўриндошлик иши чекланиши сабабли ўриндошлар билан меҳнат шартномасининг бекор қилинганлиги) ходимни огоҳлантиришни талаб қилмайди.
Огоҳлантириш муддатини пуллик компенсацияга алмаштириш:
1. Ходим билан иш берувчининг ўзаро келишуви асосида (100-модда 2-қисмининг 1, 2 (ходимнинг малакаси етарли бўлмаганлиги), 7-бандлари);
2. Ходим билан келишувсиз (100-модда 2-қисмининг 2- (ходимнинг соғлиғи ҳолатига кўра бажараётган ишига нолойиқ бўлиб қолиши) банди;
3. Иш берувчининг хоҳиши асосида (100-модда 2-қисмининг 6-банди) амалга оширилади.
Огоҳлантириш муддати пуллик компенсацияга алмаштирилганда, ходимнинг Меҳнат кодекси 67-моддасининг 1 ва 3-қисмида назарда тутилган моддий мадад олишга оид қўшимча кафолатлари сақланиб қолади, ҳамда у меҳнат шартномаси бекор қилингандан сўнг 2 ва 3-ойлар давомида ишга жойлашмаган тақдирда унга иккинчи ва учинчи ойлар учун илгариги иш жойидан ўртача иш ҳақини тўлаш муддатлари ҳам ўзгармайди.
Меҳнат шартномаси қолган асослар 97.1 (тарафларнинг келишувига кўра), 97.5 (меҳнат шартномасида назарда тутилган асосларга кўра), 97.6 (янги муддатга сайланмаганлиги (танлов бўйича ўтмаганлиги) ёхуд сайланишда (танловда) қатнашишни рад этганлиги муносабати билан), 105 (Муддатли меҳнат шартномасини муддати тугаши муносабати билан бекор қилиш), 106-моддалар (Меҳнат шартномасининг тарафлар ихтиёрига боғлиқ бўлмаган ҳолатлар бўйича бекор қилиниши) билан бекор қилинганда огоҳлантириш шарт эмас.
Огоҳлантириш муддатларидаги камида сўзига алоҳида эътибор қаратинг! Масалан, иш берувчи пенсия ёшига тўлган ходимни камида 2 ой олдин огоҳлантирди. Бугун 2 ойлик муддат тугади. Ходимни яна қайта огоҳлантириш шарт эмас, Чунки МК 102-моддаси бўйича камида 2 ой дейилган яъни муддат 2 ойдан ошиб кетса ҳам бўлаверади.
Учқудуқ туман адлия бўлими