Ҳозирги глобаллашув жараёни кетаётган бир даврда инсонлар дунёқарашининг кенгайиши, онгу-тафаккурининг ўсиши, жамият ҳаётининг ўзгаришига, мамлакатимизнинг ривожланишига катта таъсир кўрсатиб келмоқда. Жамиятимизда жуда кўпчилик инсонлар пенсия ва нафақа тушунчалари бир маʼноли деб ҳисоблайди яъни пенсия нафақа сўзининг русчаси деб хато ўйлайди (аслида, нафақа рус тилига «пособие» деб таржима қилинади). Оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқларда ҳам фойдаланувчилар пенционер ва нафақахўр тушунчаларини синоним сифатида ноўрин ишлатишади. Шу ўринда бир савол туғилади:
Хўш, бу икки тушунчанинг фарқи нимада?
Ўзбекистон Республикасининг «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонунига кўра, етарлича иш стажига эга бўлган фуқаролар ва уларнинг оилалари пенсия олиш ҳуқуқига эга. Ушбу Қонун билан давлат пенсияларининг қуйидаги турлари мавжуд:
1. ёшга доир пенсия.
2. ногиронлик пенсияси.
3. боқувчисини йўқотганлик пенсияси.
Ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқига:
• эркаклар — 60 ёшга тўлганда ва иш стажлари камида 25 йил бўлган тақдирда;
• аёллар — 55 ёшга тўлганда ва иш стажлари камида 20 йил бўлган тақдирда эга бўладилар.
Ногиронлик пенсиялари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда И ва ИИ гуруҳ ногиронлиги бўлган шахс деб топилган иснонларга тайинланади. Меҳнатда майибланганда ёки касб касаллигига учраганда бериладиган ногиронлик пенсиялари иш стажидан қатъий назар, тайинланади.
Вафот этган боқувчининг қарамоғида бўлган меҳнатга қобилиятсиз оила аъзолари боқувчисини йўқотганлик пенсияси олиш ҳуқуқига эга бўлади. Пенсия ёшига етиб, зарурий иш стажига эга бўлмаган тақдирда, лекин камида 7 йиллик иш стажи мавжуд бўлса, бор стажига мутаносиб равишда тўлиқсиз миқдорда ёшга доир пенсия тайинланади.
Иш стажига эга бўлмаган фуқаролар ва уларнинг оилалари ушбу Қонунга биноан давлат пенсиялари олиш ҳуқуқига эга эмаслар. Уларнинг ижтимоий таъминот иЎзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 7 апрелдаги 107-сон қарори билан тасдиқланган «Пенсия тайинлаш учун зарур бўлган иш стажига эга бўлмаган қарияларга ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида»ги низом билан тартибга солинади.
Мазкур Низом бўйича нафақаларнинг ҳудди пенсия каби 3 турибор:
1. ёшга доир нафақа.
2. ногиронлик нафақаси (болаликдан ногиронлиги бўлган шахслардан ташқари).
3. боқувчисини йўқотганлик нафақаси тайинланади.
Ёшга доир нафақа эркакларга — 65 ёшга етганларида; аёлларга — 60 ёшгаетганларида; болаликдан ногиронлиги бўлган фарзанди бор оналарга — 55 ёшга етганларида тайинланади.
Ҳақ тўланадиган иш бажараётган ёки бошқа даромад манбаига эга бўлган (алиментлар ёки стипендиялар олиш бундан мустасно) шахсларга ёшга доир нафақа тайинланмайди. Иш стажига эга бўлмаган шахсга (болаликдан ногиронлиги бўлган фарзанди бор оналардан ташқари) ёшга доир нафақа меҳнатга лаёқатли вояга етган фарзандлари, қариндошлари ёки Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексига мувофиқ уларни таъминлашга мажбур бўлган бошқа шахслар бўлмаган тақдирда тайинланади.
Ногиронлик нафақаси ногиронлик содир бўлган ҳолларда, ёшидан қатъий назар, иш стажига эга бўлмаган И ва ИИ гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга тайинланади ва тўланади. Ишлаётган ёки ҳаёт кечиришнинг бошқа манбаларига (алиментлар ёки стипендиялар олиш бундан мустасно) эга бўлган И ва ИИ гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга нафақа тайинланмайди.
«Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни бўйича давлат пенсияси олиш ҳуқуқига эга бўлмаган шахснинг қарамоғида бўлган оиланинг меҳнатга лаёқатли бўлмаган аъзолари боқувчисини йўқотганлик нафақаси олиш ҳуқуқига эгадирлар.
Бюджетдан ташқари Пенсия
жамғармаси Учқудуқ туман
бўлим бошлиғи ўринбосари Ж.Алимов.