Hokimiyat matbuot xizmati
Ўтган даврда тижорат банклари томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида 694 та субъектларга қарийб 34,6 млрд.сўм кредитлар ажратилди. Шундан тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 46 та субъектларга хом ашё ва айланма маблағлар учун 17,8 млрд. сўм кредит маблағлари йўналтирилди. Аҳоли бандлигини таъминлаш ва оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган ижтимоий дастурлар доирасида 2023 йил бошидан туманимизда 648 та оилаларга 16,8 млрд. сўм имтиёзли кредитлар ажратилди
Натижада ўтган даврда туманда 247 дан та янги кичик бизнес субъектлари ташкил қилиниб, уларнинг умумий сони қарийб 1100 тага етказилди. Янги ташкил этилган кичик бизнес субъектларда 560 тадан кўпроқ янги иш ўринлари яратилди.
Балиқ буржи характери ва бир бирларига мослиги ҳақида малумот
Бу инсонларни катта ишларда деярли учратиш мушкул. Бироқ балиқ буржи орасидан, ижодкор ва бадиий инсонлар кўплаб етишиб чиқади. Уларнинг яна бир хусусиятларидан бири, раҳбарликка эга чиқишни хоҳламайдилар. Мол дунё улар учун унчалик қизиқ эмас.
Бироқ, улар пул топиш борасида жуда уста. Шуни айтиш мумкинки, бошқалардан фарқли ўлароқ, улар ҳам пулга унчалик қарши эмас. Таклиф бўлса бас рад этмасдан қабул қилишади. Лекин балиқлар пул вақтинча керак бўладиган нарса эканини бошқа инсонларга қараганда яхши билишади.
Балиқ буржидаги инсонлар миллионер бўлишга унчалик ҳам қизиқмайди, фақат миллионерлардек яшасалар бас. Бу уларнинг фалсафий шиори десак ҳам янглишмаган бўламиз. Балиқ буржи оламни борича кўришга интилади. Улар инсон зотида ёқимсиз одатлар кўплигини яхши билишади, шунга қарамасдан улар ўзлари ёқтиргандек яшашни маъқул кўрадилар. Лекин шуниси маълумки, балиқларнинг ҳаётида ҳам тақдир зарбалари мавжуд ва улар ҳам бу тўсқинликка бошқалар каби учраб турадилар. Бу пайтда балиқлар хавфдан халос бўлиш ўрнига, ўзлариниг баҳоналари ортига яшириниб олиши ҳам ҳеч гап эмас. Бироқ, шуниси аниқки ўзлари хоҳлашса бу муаммони ечиш учун уларнинг талантлари етарли.
Балиқ буржи: Эркаклар характери ҳақида
Балиқ буржига мансуб эркаклар ўзлариниг олдиларига қўйган аниқ бир мақсади бўлса, уларни бойлик ва обрў эътибор кутади. Бу бурждаги эркакларнинг қатъиятсизлари билан эса бироз қийинчиликларга дуч келишингиз мумкин. Балиқлар қатъиятли бўлишга ўрганишлари шарт ва бу йўлда ўз орзуларини бир четга суриб дадил қадам ташлаши кераклиги жуда муҳим ҳисобланади. Бу билан балиқларни ожиз киши демоқчи эмасмиз, фақат улар қайси пайтда қандай қарорга келиши кераклигини англашмайди.
Балиқ буржидаги барча эркаклар ҳам хаёлпараст саналмайди. Бироқ, уларнинг аксарияти орзуга берилишни яхши кўради. Лекин бу ҳам яхши одатлардан бири ҳисобланади, чунки онгли жон борки умид билан яшайди.
Гарчи дунёда орзуларсиз яшаб бўлмасада, бу ишларни бир четга қўйиб ҳаёт турмуш тарзи учун даромад топиш зарур.Деярли барча балиқ буржидаги эркаклар романтик бўлишади. Лекин шуни ёдда сақлаш керак, романтика билан қорин тўйғазиб бўлмайди. Балиқлардан истеъдодли рассом ва ёзувчилар етишиб чиқади.
Балиқ буржи: Аёллар характери ҳақида
Балиқ буржига мансуб аёллар гўзаллик бобида тенги йўқдир. Шунга қарамасдан бу буржлар орасида ҳам салбий характерга эга инсонлар йўқ эмас. Бундан ташқари, балиқлар эркак киши устидан ҳукм ўтказишга ҳаракат қилмайди, балким аксинча босиқлик билан ўз жуфтига ҳурмат эҳтиром кўрсатади.
Балиқ буржи бўлмиш аёллар, мағрур эркак кишилар учун оғир босиқ ҳисобланади. Улар орасидан ажойиб умр йўлдош топиш мумкин. Балиқларнинг яна бир хусусиятларидан бири, эркак кишини ўзларига асал йиғиш учун келган асаларидек жалб қила олади.
Бунақанги аёллар билан оз фурсат бўлса ҳам суҳбатлашсангиз ўзингизни анчайин тетик ва бахтиёр ҳис этасиз. Улар ўз жуфтини деярли айбламайдилар, аксинча дадил қадам ташлашга ундайди.
Саҳифадаги материалларни Фарида НУРМУРОДОВА тайёрлади.
Қадимги дунёда Янги йил қандай нишонланган ва унинг келишини қайси давлат биринчи бўлиб кутиб олган? Эътиборингизга Янги йилни турли мамлакатларда қандай нишонланиши тўғрисида қизиқарли маълумотларни тақдим этамиз.
Қадимги Вавилонда Янги йил мартда нишонланган
Энг аввал Янги йил байрамлари тахминан 4 минг йил олдин қадимги Вавилонда бўлиб ўтган. Вавилонликлар учун баҳорги тенгкунликдан кейинги биринчи янги ой (бизда Наврўз байрами) йил бошланишини англатган.
Ушбу кун шарафига Акиту фестивали уюштирилган. Бироқ байрам ўйин-кулгига қараганда кўпинча ибодат тарзида ўтган.
Янги йилни биринчи бўлиб ким кутиб олади?
“Рождество” ороли сифатида танилган Тинч океанининг марказий қисмида жойлашган Кирибати бутун мамлакат бўйлаб ҳар бир қишлоқнинг барча ижтимоий-сиёсий тадбирлар ўтказиладиган манба (йиғилишлар уйи) да дунёда биринчи бўлиб Янги йил байрамини нишонлайди.
Америка Самоаси эса... энг охиргилардан
Американинг Самоаси аслида одамлар яшамайдиган орол ҳисобланади. Баъзи сайёҳлар вақтдаги тафовутдан фойдаланиб, Янги йилни икки марта нишонлаш мақсадида бу ерга учиб келишади.
Узум омад тимсоли
Испаниялик оилаларда Янги йилнинг биринчи 12 сониясида тилакларини айтиб, 12 дона узумни ейиш анъанаси мавжуд. Улар кейинги йил албатта яхши бўлишига ишониб, шундай қилишади. Бу қишда кўпроқ узум сотмоқчи бўлган виночилар учун маркетингнинг яна бир тури бўлса, ажабмас.
Эфиопияда Янги йил 11 сентябрда нишонланади
Уларнинг тақвими бизнинг эрамизнинг 8-йилида бошланган. Мисрликлардан ўзлаштирилган бу қуёш тақвими 13 ойдан иборат.
Январь ойининг номланиш сабаби жуда қизиқ
Бу ой Рим худоси Янус номи билан аталган, аслида эса унинг илдизи лотинча "ianua" сўзидан келиб чиққан бўлиб, эшик маъносини билдиради ва Янги йилнинг бошланиши билан очиладиган янги имкониятларга ишора қилади.
Остонадаги идиш-товоқлар
Даниядаги ушбу анъана уй эгасининг ҳаётига кўплаб янги дўстларни олиб келиш (тилаш) ни англатади.
Япониянинг ибодатхоналарида Янги йил муносабати билан 108 марта қўнғироқ чалинади
Бу уларнинг аждодлар руҳлари илоҳи бўлган Тосигамини табриклаш учун қилинади.
Финлар қўрғошинда фол очишади
Янги йил кунидаги ўзига хос бу анъанани финлар молибдомантия деб аташади. Анъанага кўра, идишда қўрғошин эритилиб, совуқ сувга қуйилади. Мустаҳкам шаклга айланган металлдан инсоннинг тақдирини башорат қилиш учун фойдаланилади.
Мушакбозлик бир неча аср олдин пайдо бўлган
Мушакбозлик хитойликликлар томонидан ихтиро қилинган, деб ҳисобланади. Айтишларича, байрам арафасида мушакбозлик амали Янги йилнинг яхши бошланиши, ёвуз руҳларни ҳайдаш ва оилаларга омад келтириши учун бажарилади.
Янги йилнинг қайси бирини қачон ва қандай нишонлашингиз ўзингизга ҳавола. Асосийси — бу кун унутилмас ва ҳақиқий байрам бўлсин!
ТошДУ ҳозирги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факультетини тугатганимизга ҳам 30 йилдан ўтган бўлсада, 34 нафар курсдошнинг борди-келдимиз узилган йўқ. Кунора қўнғироқлашиб, бир-биримиздан ҳол-аҳвол сўраб турамиз. Ҳатто тўйларимиз, маврид-маракаларимиз ҳам бир-биримизсиз ўтмайди. Айниқса, собиқ курсдош қизлар бир ерга йиғилсак борми, тунларни тонгларга уласак-да, суҳбатимиз ҳеч тугамайди.
Дилфуза. Жиззахнинг боҳаво, хушманзара Зоминидан. У ана шу юртнинг энг кўзга кўринган, забардаст ижодкорларидан бири ҳисобланади. У бир суҳбатимизда даҳшатли воқеани сўзлаб берганди. Ҳа, бу мудҳиш воқеани содир этилганига анча йиллар ўтган бўлсада, ҳануз ерлик аҳоли шўрлик қизни изтироб билан эслашади.
Мен бугун минг истиҳолага борган ҳолда ана шу воқеани сизларга илингим келди.
... "Ҳа, бу воқеани эшитган билган инсон борки, кўзларида ёш, қалбида эса бир оғриқ билан ёдга олади. Мен ҳам ҳар доим иш юзасидан шу бекатдан ўтганимда ҳали ўн гулидан бир гули очилмаган норасида қиз Орзигул кўз ўнгимда гавдаланаверади. Қонли, айтиш жоиз бўлса, ҚИЁМАТ қопган кечага фақат-фақат Зоминнинг пурвиқор тоғларигина гувоҳ бўлди-я.
Ҳа, "Хом сут эмган бандамиз", деб шунга айтсалар керакда. Йўқса, эндигина 15 ёшга қадам қўйган яккаю ягона қизини: "Қишки таътилни холангникида ўтказиб кел!", деб онаизор олис овулга ёлғиз жўнатармиди?!
Шу куни қор бўралаб ёғди. Бахтга қарши автобус ҳам қорли қировли йўлда роппа-роса икки соатча бузилиб қолди. Қиш фасли эмасми, ҳаял ўтмай қоронғулик бутун борлиқни қуршаб олди. Орзигул эса бундан бошқа яна битта уловга чиқиб овулга бориши керак эди. Қизалоқ жовдираганча автобусдаги нотаниш кимсаларга нажоткорона боқди. “Ким Қиргули овулига боради”, - деб сўрамоқчи бўлдию уялди. Қизлик ғурури бунга йўл қўймади. "Ҳеч бўлмаса йўловчиларнинг лоақал бирортаси мен билан бирга овулгача борса эди", дея кўнгли ғашланди. Лекин...
Баланд-баланд тоғлар этагидаги бекатга яқинлашганда ҳайдовчи Орзигулга юзланди: “Онанг тайинлаган бекатга келдик. Ҳув, ана бекатда тўрт-бешта одам борга ўхшайди. Сен ҳам ўша бекатга борда ишчиларнинг автобусини кут!", дедида ёшгина қизни ўттиз-қирқ метр наридаги бекатга боришини тайинлади. Боқибеғам йўловчиларнинг бирортаси: "Автобус кечикиб келди. Балки ишчиларнинг автобуси ўтиб кетгандир", демади.
Орзигул қўлида тугуни билан бекат томон бораркан, уни қандайдир ваҳима босди. Чунки у ерда Орзигулни йўловчилар эмас, оч бўрилар кутиб турарди. У бекатда ўтирганлар йўловчилар эмас катта-кичик қашқирлар эканини сезиб орқага тисарилди. Бу пайтда автобус анча олислаб кетиб қолганини ҳис этдию товушининг борича дод солди. Унинг бу чинқириғини серрайиб турган тоғлару поёнсиз адирлар эшитди холос. У жон ҳолатда қўлидаги сумкасию холаси учун олинган майда-чуйда егуликларни оч бўрилар томон ирғитди...
Барибир... "ОНАЖОН, ЁРДАМ БЕРИНГ!" уни охирги айтган сўзи шу бўлди.
Қонга беланиб тонг отди. Бекатда эса фақат китоб дафтарлару қонга беланган кийимлар ҳар қаерда сочилиб ётарди. Бу ерга келган йўловчилар ҳайратдан ёқа тутдилар. Наҳотки!...дея уввос солдилар. Улар Орзигулни дафтарларидаги манзилгоҳдан аниқладилар.
Ҳа, Орзигул бефарқлик қурбони бўлди. Агарда ўша автобусдаги йўловчиларнинг бирортаси уни ўз уйига олиб кетиб, тонгда холасиникига жўнатиб юборса бўларди. Лекин ҳамма ўз юмуши билан оввора бўлиб қизга эътибор беришмади. Ҳатто ҳайдовчи ҳам кеч бўлиши билан бу ерларда бўрилар, шоқоллар изғишини билса-да, Орзигулни холасиникига элтиб қўйишни ўзига эп кўрмади. Вақтини, ёқилғини қизғанди.
Эссиз! Ёшгина қиз бефарқлик, лоқайдлик қурбони бўлди.
Нурия Пўлатова
Біздің жыл санауымыз бойынша 2024 жылы ұлу жылы кіреді. Ал әр жылдың өзіне тән мінезі, ерекшелігі бар.
Әрбір жылдың өзіндік мінезі бар
Ғұлама шипагер Өтейбойдақ Тілеуқабылұлы он бесінші ғасырда жазған "Шипагерлік баян" кітабында жыл атауларына өз сипаттамасын берген.
"Сумақы — тышқан. Маңғаз — сиыр. Айбар — барыс. Секем — қоян. Сумаң — жылан. Тұлпар — жылқы. Иіртек — ұлу. Шопан — қой. Мешін — мешін. Айтақ — ит. Шақырауық — тауық. Қорысқы — доңыз", - деп жазды Тілеуқабылұлы.
Зерттеушілердің айтуынша, ежелгі көшпенділер хайуандық күнтізбені қытайлардан қабылдап алған көрінеді. Алайда бұл күнтізбе толығымен көшірілмеген, оның өзіндік ерекшеліктері бар. Мәселен, Қытайда Маймыл жылы, көшпенділерде Мешін жылы деп аталады. Ал Айдаһар жылының Ұлуға айналуы туралы екі болжам бар. Қай уақытта да ауа райына тәуелді көшпенділер көбіне жазы қуаңшылықпен, қысы жұтпен есте қалған Қоян жылынан кейінгі жылға жауын-шашын мол болсын деген ырыммен сулы жерде өмір сүретін ұлудың атын берсе керек. Екінші болжам бойынша айдаһар қытай тілінде "лұн" деп аталады екен. Ұлу сөзі осы "лұн" сөзінен шығуы мүмкін.
Ұлу жылының ерекшелігі
Ұлу суда жүретін болғандықтан, бұл жылы құрғақшылық болмайды. Жыл тыныштықпен, береке-молшылықпен өткен. Түркі жұрты ұлу жылы астық, шөп мол болады деп жорамалдаған. Соған қарағанда бұл халық үшін жайлы, жұмсақ жылдар қатарынан орын алса керек. Ұлу жылы өте жайлы, жұмсақ жыл болып есептеледі. Стихиялық белгісі – ағаш. Бейбіт өмірді сүйетін, жайлы, тыныштықты жаны қалайтын, ақылды да зерек адамдар осы жылы туады деседі. Кемшілігі: тез ренжігіш, қырсықтау келеді.
Ұлулар туралы қызықты деректер
Ұлулар соқыр және саңырау. Олар тек жарық пен қараңғылықты ғана ажыратады. Ал бір-бірімен жанасу арқылы байланысады. Ұлулар орташа есеппен 15 жыл өмір сүреді.
Қызықты деректер:
қолайсыз жағдай кезінде 6 айлық ұйқыға кете алады;
бір минуттың ішінде 7 сантиметр қашықтықты жүріп өтеді;
ұрпақ қалдыру үшін серіктес қажет емес;
өз салмағынан 10 есе ауыр затты тасымалдай алады;
ұлудың етіндегі ақуыз мөлшері тауықтың жұмыртқасынан көп;
тістерінің саны кез-келген акуладан көп;
өмірлік тәжірибесіне сүйене отырып, шешім қабылдай алады;
ең үлкен түрі – австралиялық ұлу, салмағы – 40 кг, ал ұзындығы – 30 см дейін жетеді.
Эволюция теориясының негізін қалаушы Чарльз Дарвин, ұлулар кез келген жағдайға бейімделе алатын тіршілік формасы екендігін мәлімдеген.
Ұлу жылы туған ұлы тұлғалар
Бір мүшел сайын дүниеге келген кемеңгер Жер тұрғындарын ғаламшардың әр түкпірінен ондап, жүздеп табуға болады.
Бұл тізімді шығыстың шайқы шайыры Омар Хайям (1048) бастаса, атақты жазушы, детектив жанрының негізін қалаушы Эдгар По (1810), әйгілі қаламгерлер Льюис Кэрролл (1832), Дж.Р.Толкиен (1892), Иосиф Бродский (1940), Максим Горький (1868) де ұлу жылы туған ұлылар қатарынан.
Ал әлемнің жаратылысы мен тылсымына көз тіккен философтар арасынан "фашизмнің рухани атасы" Фридрих Ницше (1844), коммунизмнің "көкесі" Фридрих Энгельс (1820), Освальд Шпенглер (1880), Жан-Жак Руссо (1712), әйгілі Иммануил Кант (1724) осы жылы дүниеге келіпті.
Саясатқа қатысы барлардың арасында өжет қыз Жанна д’Арк (1412), орыс патшасы Николай II Романов (1868), Америка президенті Авраам Линкольн (1810), Эрнесто Че Гевара (1928), көрші Владимир Путин (1952), Франсуа Миттеран (1916), Эдуард Шеварднадзелерді (1928) атауға болады.
(БАҚ материалдары негізінде дайындалды)
Дўкондан чиққан Шаҳзода сумкасидан телефонини олиб, қабул тугмачасини босди:
- Лаббай? Ая!
- Шаҳзода, ҳали магазинда бўлсанг, икки қадок туз билан кўк чой олгин. Амманг келди.
- Тезроқ кела қол, қизим.
- Хўп...
Шаҳзоданинг кўнгли ғашланди. Аммаси келгани қувончли, аммо... узил-кесил ҳал қилгани келган бўлса-я?! Ориф акаси яхши йигит, лекин Шаҳзода уни шунчаки эмас, чин кўнгилдан “ака”, дейди. Унга рафиқа бўлишни тасаввур ҳам қилолмайди. Аяси ҳам хоҳламайди, аммасининг феъли маълум атрофидагиларни тегирмон тошида юргизадиган аёл. Шу феълидан чўчигани учун ҳам рад қилолмайди. Дадаси эса: “Ёшлар нима дейишса шу бўлади”, деб қўя қолган.
- Орифжон нима дерди, менга қўйиб беради-да! – чимирилади аммаси. - Йигит хўп деб турса, қизнинг нози қаёққа етарди?! Ҳой, ака, ота-онангиздан қолган ёлғизгина ёдгорингизман-а, наҳот кўнглимни оғритсангиз?!
Шу хаёллар билан автобус уйи яқинидаги бекатда тўхтаганини сезмай қолибди. Апил-тапил тушиб қолди. Қўлидагиларни ошхонага қўйиб, меҳмонхонага ўтди.
Амма жиянини кўриб жилмайди: - Шунга ишонасизми? - Айланай келинимдан! – дея бағрига босиб, пешанасидан ўпди-ю, елкаларини силаб қўйди. Шаҳзодауялиб кетди. Дарҳол ўз хонасига кириб олди. Бирдан хўрлиги келди: «Келин эмиш! Ҳеч ким билан фикрлашмай... Бошқа келиши мумкин бўлган совчиларни ҳам шу аммам айнитиб бўлган”.
Эртаси куни Ориф телефон қилди: “Шаҳзода, бугун бўш вақтинг бўлса, бир учрашайлик... Гаплашиб олмасак бўлмайди”. Қиз тайинланган жойга оёғи тортмай борди. Орифнинг кайфияти ҳам уникидан ортиқ эмасди.
Иккиси кафенинг бурчагидаги стол атрофиди ўтириб, жим қолишди.
- Шаҳзода... розимисан тўйга?
Нима десин? Ҳа деса-ю, Ориф норози бўлса ... Йўқ деса-ю, Орифнинг розилиги бўлса, ҳафсаласи пир бўлиб уйига борса, аммасига айтса.. Уф.
- Ўзингизчи? - деди қиз. Ориф жим қолди. Афтидан, иккиланаётган эди. Ниҳоят, журъатланди: Сен... жуда яхши қизсан. Ақлли, чиройли... Лекин сенга фақат: “сингил”, сифатида қараб келганман!
Мен ҳам сизни фақат “акам”, дердим. Энди бошқача бўладими?. Шаҳзода индамагач, Ориф давом этди: Демакки, сен рози эмас экансан, мен ҳам қаршиман. Сен рози бўлганингда ҳам қаршилигимча қолардим. Чунки, кўнглим банд. Вой, ростданми? Ким у? Исми нима? - Шаҳзода ҳайратда, алланечук қувониб, саволларни қалаштира бошлади.
Унинг исми Ойчеҳра, бирга ишлаймиз. Мана, расми... – Ориф кўкрак чўнтагидан сурат олиб узатди. Ориф ва Ойчеҳра елкама-елка туриб, табассум ҳадя этишарди, гўё...
Жуда чиройли қиз экан! деди Шаҳзода. - Аммам кўрмадиларми?
- Кўрдилар-у, эримадилар. Эҳ, ўжар аммам-ей! Қиз кулимсиради. Сўнг ўйланиб қолди-ю,- юзи ёришди: - Мениям шунақа битта расмимни кўрсалар, нима бўларкан?
Қанақка расм? Шунақа... фақат сиз билан эмас, бошқа биров билан тушсам...
Ориф айëрона боқди: - Борми, шу «биров»?
Э, йўқ! Қўйсангиз-чи! - Шаҳзода қизариб кетди. Лекин Ориф шу фикрга ёпишиб олганди: Ростдан! Сенинг «бевафолигинг»ни тасдиқловчи расмни кўрсалар, дарров айнийдилар. Кейин мени тезда бошқасига уйлантириш пайига тушадилар. Ойчеҳрадан бошқасига уйланмайман, деб дод-вой қилганимда аям: “Тоғангга қудалашамиз, деб оғиз солиб қўйганман, лафзимдан қайтсам номус, айтиб қўймаганимда шу қизга борардим”, дегандилар.
Ўзимизни ўйлаб, катталарни юзкўрмас қилиб қўймаймизми?, деди Шаҳзода ғашланиб. Аямнинг феъли маълум, ловуллаб ёниб, дарров ўчадилар-ку. Бир-икки кун аразлаб юрарлар, ортиғига чидолмайдилар. Бу аниқ! Бунча иккиланасан?
Э-э... сенинг аҳволинг нима кечишини ўйламабмиз-ку! Бу вариант бўлмайди! Бўлади, - деди Шаҳзода бироз ўйланиб тургач, қатъий қилиб. Бўлади! Расмни аммам кўради, аям кўрар... Аммам мард аëл, бировга реклама қилиб юрмайди. Лекин... ким билан расм тушаман...нотанишроқ бўлиши керакдир?.. Ҳозир бир дўстимни чақираман, - Ориф телефонини қўлига олди. - Уни фитнамизга қўшамизда! Қўрқма, унинг севгани йўқ, сени юмма талайдиган...
Орадан икки кун ўтиб, аммаси Шаҳзодаларникига яна келди. Мақсади, Янги йилгача тўйни ўтказиб олиш экан. «Орифжоним нима десам кўнади, десам ишонмагандингизлар! Индамай рози бўлди-ку!» дея мақтанганида Шаҳзода кулимсираб қўйди. Чой қуйиб аввал аммаси, кейин аясига узатгач, ошхонага чиқиб, яширинча аясининг телефонидан қўнғироқ қилди: Ориф ака, ўзингизми? Беш дақиқадан кейин номеримга телефон қилинг. Янги номер олдингизми? Яхши! Кўтаришса, овозингизни ўзгартириб гапириш эсингиздан чиқмасин. Кўтаришмаса, СМС ёзинг. - Телефонни ўчириб, аясини чақирди: - Ая, бир қараб юборинг! Қўй гўшти билан мол гўштини аралаш қўйибсиз музлатгичга, ажратолмаяпман...
Аяси келиб гўштларни ажратаяпти-ю, Шаҳзоданинг қулоғи меҳмонхонада.
Ҳузур қилиб чой ҳўплаётган амма дастурхон бурчида Шаҳзода «унутиб» қолдирган телефонга гудок келганида дарров қўлига олди: Шаҳзода, телефонинг! Шаҳзода «эшитмади». Қайта чақиришга ҳожат йўқ эди. Телефон экранини қоплаган бўлажак келини ва бир нотаниш йигитнинг сурати ҳамда ёниб-ўчаётган «Севгилим» деган ёзув амманинг тилини боғлаб қўйди. Гарангсиб, беихтиёр қизил тугмачани босди. Зум ўтмай “СМС” келди: «Жоним, нега кўтармадингиз, овозингизни эшитмоқчи эдим...”
Бу ёғи... Аммаси зарда билан жўнаб кетгач, аяси Шаҳзодани сиқувга олди: - Бу нима килиқ? Аяжон, тинчланинг, эшитингда! - Шаҳзода аясини бир амаллаб совутгач, сирни ошкор этди. Аяси ўйланиб қолди. - Наҳот, шундан бошқа чора тополмаган бўлсангизлар? Орифнинг севгани борлигини билганимда, шуни баҳона килиб сени бермасдим! Энди амманг бирдан айниб, бошқасини келин қилса, одамлар нима дейди?!
Шаҳзода сўзсиз ўтирганича қолди. У буни ўйламаган, ўйлашга фурсати ҳам бўлмаган эди. Орифнинг айтгани бўлди. У Ойчеҳрага унаштирилди, тўй тадориги қизиб кетди. Шаҳзоданинг тахмини ҳам тўғри чиқиб, аммасининг арази бир ҳафтадан ошмади. Ўзи келиб: «Тақдирдан қутулиб бўлмайди, ёшларни зўрлаб бир-бирига суйдиролмаймиз. Ёлғизгина акам тўйимда бош бўлмаса, бир умр армонда ўтаман», деб ҳаммани тўйга айтиб кетди. Аясининг бир оёғи аммасиникида бўлиб қолди. Дарвоқе... аясининг куйингани ҳам ростга чиқди - Шаҳзоданинг атрофида миш-мишлар қуюни кўтарилди: «Аммаси нега айниб кетибди? Бир балоси бор... Юрадигани бор экан... Йўқ, айбли эмиш!..» Қиз эзилиб кетди. Лекин пушаймони мамнунлиги олдида ожиз эди. Ахир, Ориф акаси суйганига у сабабли етишаяпти!
Тўй куни Шаҳзода салонга бориб келди. Гул-гул очилиб тўйхонага кириб борганида, ҳамманинг кўзи куйиб кетди-ёв! Бир муддат келиннинг ёнида дугона бўлиб ўтирди ҳам. Шунда... куёвжўралар даврасидаги бир йигитга кўзи тушди. У билан суратга тушган йигит! Исми нимайди, ҳа, Туронмирзо! Ўшанда Ориф воқеани тушунтирган бўлса ҳам, барибир, бегона йигит билан калла уриштириб, «ошиқ-маъшуқ» расмга тушадиган қиз ҳақида ким зиғирча бўлсаям нохуш хаёлга бормас экан?.. Шаҳзода келиннинг ёнидан туриб, меҳмонлар даврасига аралашиб кетди. Барибир, хаёлларидан қутула олмади. Туронмирзо тушмағур кўриб қолиб ёнига келса, аяси, қариндошлар нима дейди?
...Бугун байрам. Яна бир Янги йил остонада турибди. Шаҳзода аясининг топшириғига биноан баъзи қариндошларини телефон орқали, баъзиларини уйларига бориб табриклаб чиқди. Аммасиникига ҳам борди. Янги келин-куёв Ориф билан Ойчеҳрани кўриб ҳаваси келди.
Аммасиникидан чиққанида лайлакқор гупиллатиб урарди. Шаҳзода қор сеҳрига мафтун бўлиб, бекатда анча турди. Автобусга чиққан маҳали телефони куй таратиб юборди.
Лаббай, эшитаман?.
Шаҳзода, сизмисиз? - Мен, узр, ўзингиз кимсиз? Кўришсак, билиб оласиз. Кўришмасак бўлмайди. Иш юзасидан... Ҳозир бирор жойни тайин қила оласизми? Илтимос! Келишиб олишгач, қиз ўйланди: «Ким экан? Эркак кишининг овози... Иш юзасидан деди-ку!» Шаҳзода тажрибали юрист. Таниш-нотаниш кишиларнинг ишдан ташқари мурожаатига ҳам кўникиб қолган. «Шулардан биттасидир-да» уйлари ёнидаги болалар майдончасига келиб, қор босган тут панасидаги ўриндиққа ўтирди. -Узр, кутиб қолмадингизми? қаршисида Туронмирзо турарди. Менда нима ишингиз бор эди? - деди Шаҳзода таажжуб билан боқиб. Ёрдамингиз керак бўлиб қолди.
- Қўлимдан келса... Орифнинг тўйи зўр ўтди-я? кутилмаганда йигит бошқа мавзуга бурилди. - Ҳамманинг ҳаваси келди. Аямнинг ҳам. Сениям тўйингни тезроқ қилайлик деб ниқтаб турибдилар.
-... Мен нима қилишим керак? – Шаҳзода тушунмади, энсаси қотди.
- Айтдим-ку, ёрдам беришингиз керак. Кўнглингда бўлса айт, бўлмаса, ўзим топаман деяптилар. Кўнглимдаги қиз бор-а, лекин..
- Ўша қизнинг кўнглини билиб беришим керакми? Keчирасиз, бу менинг хизмат вазифамга кирмайди! - «ичиб олганми» деган ўйга бориб, аччиқланган қиз ўрнидан турди.
Шу заҳоти билаги йигит қўлига банди бўлди...
Шаҳзода... кўнглимдаги қиз сиз. Ёрдамингиз, бунга муносабатингизни билдирсангиз? – Қизнинг эсанкираб қолганини кўриб, рад этишидан чўчиган йигит шошиб гапира бошлади: - Сизни ўшандаёқ ёқтириб колгандим, расмга тушганимизда. Тўғридан-тўғри совчи юборишга ўйландим. Салкам бир ой ўйладим, Шаҳзода, охири олдингизга келдим.
Қиз киприкларини кўтарди-ю, йигитнинг илтижоли нигоҳига кўзи тушиб, баттар қизариб кетди. Секин билагини суғуриб олиб, уйи сари чопди. Подъезд эшигидан кираркан, ортидан эргашиб, нарида тўхтаб қолган Туронмирзога қайрилиб, дилбар табассум ҳадя қилди...
Фарида НУРМУРОДОВА
Ибрат учун ҳаётимда бўлиб ўтган бир воқеани сиз газетхонларга сўзлаб беришни лозим топдим.
2001 йил Шимолий кон бошқармасига ишга кириш истагида Бухоро вилояти Ғиждувон туманидан Учқудуқ туманига келдим. У пайтларда ишчи ходимларнинг катта қисми рус миллатига мансуб кишилар бўлиб, корхоналарда иш юритиш тўлиқ рус тилида олиб борилар эди.
Мен идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш отрядига ишга қабул қилиндим. Отряд бошлиғи Петров Виктор Егорович мен билан рус тилида суҳбат ўтказди, хужжатларимни кўриб, ўринбосарига хизмат билан таништиришни буюрди. Ўринбосар ўзбек киши суҳбат давомида намоз ўқишим тўғрисида сўради. Мен унга намоз ўқишимни ва у хизматвазифаларимни бажаришимга халал бермаслигини тушунтирдим. “Бизнинг ишхонамиз ҳарбийлаштирилган ташкилот, намоз ўқишга рухсат йўқ, ушлаб олишса, чора кўришади” -дея огоҳлантирди, ўринбосар.
Хизматдаги вазифамиз кон бошқармасига қарашли корхона ва ташкилотларда товар моддий бойликларини талон-тарож қилинишини олдини олиш эди. Ишимиз сменали бўлиб, давомийлиги ўн икки соатдан иборат. Аллоҳга таваккал қилиб елим халтага жойнамоз, таҳорат учун сувли идиш олиб хизматни бошлаб юбордим.
Кунлардан бир куни қўриқланаётган корхона ишчилари тушликка кетишган вақт эди. Эшикларни беркитиб, пешин намозини ўқишни ният қилиб кўчага чиқдим. Чунки ичкарида ўқисам ҳар сонияда хизмат фаолиятимни текшириш учун назоратчилар келиб қолишлари мумкин эди. Декабрь ойининг охирги ўн кунлиги қор қалин ёққан, ҳолироқ жойга бориб, қорнинг устига жойнамозимни тўшадим. Намозни тугатиб, ўнг томонга салом бераётиб, орқамда қандайдир шарпани сездим, чап томонга салом бергач орқада кимдир тургани аён бўлди. Назоратчи эканлигини кўнглимдан ўтказдим, отряд бошлиғи ўринбосарининг, ушлаб олишса чора кўришади деган сўзлари ёдимга тушиб, ич-ичимдан эзилдим. Ўзим қийналиб аранг ишга кирганман, бўшатиб юборишса нима қиламан деган ўй кўнглимни бир четини тилиб ўтди.
Ўзимни қўлга олиб дуога қўл очдим: "Эй, Парвардигор ўзинг асра, ғайридин қаршисида мени масхара қилиб қўймагин, уни кўнглига раҳм солгин" - деб дуо қилдим. Дуодан фориғ бўлиб ўрнимдан турдим. Қорни устида ўтирганим учун тиззаларимдан сув ўтган эди. Назоратчи қоровул бошлиғим Сергей Иванов тик турган ҳолда менинг ҳаракатларимникузатиб турган экан. Турганимни кўриб тўғри мен хизмат вазифамни ўтайдиган хонага назоратўтказиш жойига кирди. У қоровул хизматини текшириш журналини олиб ёза бошлади. Хаёлимдан ҳозир журналга: "Соқчини намоз ўқиб ўтирган ҳолда ушлаб олдим, бунга нисбатан интизомий чора кўриш керак"- деган сўзларни ёзади, деган фикрлар ўта бошлади.
Дарҳол ўзимни қўлга олдим ва рус тилида: "Ўртоқ қоровул бошлиғи, ҳа мен намоз ўқийман, лекин бу мени бор йўғи 5-6 минут вақтимни олади, ишимга халал бермайди”- дея илтимос оҳангида гапирдим. Шунда у бошини кўтариб, "Сен нималар деяпсан, мен ҳам Худога ишонаман, сени бу ҳолатингни қадрлайман! Айт, сени намоз ўқишингга қулай бўлиши учун қаерга постга қўяй"- деди. Бу гапларни эшитиб, кўзларим ёшланди, нафасим бўғзимга тиқилди, ё Аллоҳ, ўзингга шукр, дейман овозим чиқмайди. "Раҳмат, раҳмат дейман ўзимни аранг босиб, менга шу ер ҳам бўлади. Қаерга қўйсангиз ҳам розиман лекин мени намоз ўқишимга рухсат берсангиз, бўлди"- дейман ўзимни йиғидан аранг тутиб.
Дуо қилдим: “Ё Аллоҳ, диндош биродарим мени ибодатингни қилишдан қайтарган эди бир ғайридин эса менга ибодатингни қилишим учун имкон яратиб берди. Ўзингга шукур Аллоҳим!”.
Шундан сўнг қоровул бошлиғим намозимни бемалол адо этишимга қулай бўлган постга хизматга қўйди. Агар у хизматимни текшириш учун келганда намоз ўқиб турган бўлсам, то намозимни адо қилиб бўлгунимча кутиб турар, кейин тугатдингми?- деб сўраб, текшириш журналига соқчини хизматини текширдим, ҳеч қандай камчилик йўк, - деб ёзиб кетарди. Эндиликда лавозимимиз бир хил бўлса ҳам у ғайридин дўстимни ҳурмат қиламан.
Деҳкон ҲАМРОЕВ,
"Қизилқум" жомеъ масжиди ходими.
Қор. Оппоқ қор. Гуё биров осмонга чиқиб олиб беҳисоб пар тўзитаётгандек. Дугоналарим билан қувлашмачоқ ўйнаб, осмондан ёғаётган қор парчаларини тутмоқчи бўламиз. Лекин қор учқунлари бизни алдайди. Улар қўлимизга тушиши билан дарҳол эриб кетади. Яна қулочларимизни кенг ёйиб самога боқамиз. Бир зумда қош-кўзимиз ва сочларимизни оппоқ қиров қоплайди.Қийқиришни давом этамиз.
Шунда муйилишдаги кўримсизгина уйнинг дарвозаси ёнидаги ёғоч ўриндиққа ўтирган нуроний онахон бизни огоҳлантиради: “Ҳой болалар, қани ҳаммаларинг уйларингга бориб дарсларингни қилинглар.Ахир бу қорда шамоллаб қоласизлар." Биз нотаниш кампирнинг танбеҳига эътибор бермаймиз. Гарчанд қўлларимиз совуқдан қизариб кетган бўлсада яна қор учқунларини тута бошлаймиз.
Шунда кампир жойидан зўрға туриб уйидан бир туника тақсимчага туршак, жигда олиб чиқиб бизга улашади: “Болаларим мана шу туршакларни бўлиб олингларда уйингиздаги печкани ёнида ўтириб маза қилиб танноввул қилинглар. Дарсларингни ўз вақтида ўзлаштириб борсаларинг мен яна сизларни ҳар хил туршаклар билан сийлайман”...
Биз бу кампирга ўрганиб қолдик.Қор ёғса ҳам, ёмғир ёғса ҳам ўша ерга бориб ўйнайдиган одат чиқардик. Гоҳида кампир бизни ўйинларимиздан завқланиб мийиғида кулиб ҳам қўярди. У жуда сахий ва оқ кўнгил эди.
Ҳа, ҳеч қачон у ердан биз уйимизга қуруқ қайтмасдик.Бир куни онамга ана шу момо ҳақида гапириб бердим. Онам эса кўзларига ёш олиб сахий момо ўтмишини изтироб билан сўзладилар. Мен эса бор вужудим қулоққа айланиб тингладим.
-Болажоним у кампирнинг ҳеч кими йўқ. У давлат қарамоғида. Ҳовлисида кичкинагина боғи бор. Ана шу боғдан онахон ҳар йили мўл-кўл ҳосил олади. Аммо уларни бозорга олиб чиқиб сотмайди. Йўлдан ўтган- кетганларга улашади. Агар вақт топсанглар, ана шу онахоннинг уй юмушларига ёрдам қилинглар. Савобга қоласизлар...
Йиллар ўтди. Биз улғайдик. Энди аввалгидек кўчада ўйнамаймиз. Вақт топдик дегунча дарс қиламиз, уй юмушларида онамизга ёрдам берамиз, мактабдаги тўгаракларга бориб ҳунар ўрганамиз.
Қор. Оппоқ қор.Яна осмондан гўппиллаб қор ёғаяпти. Энди эса муйилишдаги кампир йўқ.. Унинг дарвозасига катта қулф осиғлиқ. Эшитишимизча сахий момо осонгина омонатини топширибди.
Осмондан капалакдек ўйноқлаб ёғаётган қор парчаларига қараб қулочларимни эса кенг ёйиб: Эй оппоқ қор! Сен бу ерга эмас, ёшини яшаб яшамай, юрагида адоқсиз армон билан у дунёга рихлат қилган инсонлар қабрига ёғ! Катта-кичик қабрларни нурга-дурга тўлдир! дегим келади.
Хосиятхон ЎРИНБОЕВА
Мана, Янги йилни у умрида илк марта пойтахтда нишонлайдиган бўлди. Дарвоқе, у туғилган шаҳарчадаги аллақайси банкда анча йил ишлаб, хизматни ҳам ўринлатгани боис, Аннага миннатдорлик тариқасида айнан пойтахтга кўчиб ўтишни таклиф этишувди. Шу боис у бу ерга келиб, чоғроққина бир уйга жойлашдики, ўша манзил кўҳна шаҳарнинг ҳар турли жозиб пучмоқлари-ю ҳилват гўшаларидан ҳам кўриниб турарди,
- Кошки, бу гал Янги йил кечаси тамоман ўзгача бўлса, янада файзли, янада фусункор бўлса... - дея хитоб қилди у бир пайт тун оғушидаги улкан шаҳарга завқланиб боқаркан. - Ўша куни уйга ойимниям, акамларниям чақирардим.
Шу йўсин Анна энтикиб қўйди-да, байрамга тайёргарлик ишларидан қониққан кўйи мамнун жилмайиб, қайд қоғозини тўлдирди. Эртасига эса ўзининг «қатьий ҳаракат режа»сига биноан ишга киришди-ю, яқинларига қўнгироқ қилиб, таклифини етказишу уларнинг розилигини олиш билан андармон бўлиб, тушлик вақтиниям ўтказиб юборди.
Дарҳақиқат, йилнинг айни шу сўнгти кунларида йўловчиларнинг ўтиб-қайтиши-ю, машиналар қатновидаги тезлик, шиддат ҳам ақлбовар этмас даражада эди. У аввалига зиёфатга буюртма берди. Шу тариқа бу борада биринчи муҳим қадам қўйилди. Энди энг ёқимли, кўнгилли машғулот - диванга янги болишлар қўйиб, зангор тус дастурхон-у биллур қадаҳлар билан уйни байрамона безатишгина қолганди. Ахир йилнинг сўнги куни тамоман ўзгача, яна ҳам тароватли, яна ҳам фусункор бўлсин-да.
Аммо шунда қачонлардир сўнган эсада, ҳали-ҳануз унут бўлмаган севгисининг хирагина табассуми қалбининг туб-тубида юз кўрсатди. Аслида, Анна ўзининг меҳр-муҳаббат ва яқинлик туйғусига ташна эканлигини билса ҳам, тушкунликка, ғам-ғуссага сира берилмас, шу боис бутун борлиғини қатъияту иштиёқла касб-корига бахш этиб, ўзи учун мустақил бир хаётни қуришга эришганди.
Дугоналару сайр-саёҳатларга, шунингдек, кўркам стадиондаги спорт ўйинларига эса муҳтож эмас эди.
Анна ўттиз биринчи куни оқшом чоғи у-бу нарса харид қилиб, уйга қайтаркан, кираверишда дарвоза қоровули жаноб Карлога йўлиқди. Шунда ҳалиги киши «Хоним қиз, бу гуллар сизга», деди-ю, ифори кетган бир гулдастани унинг қўлига тутқазди. Айтганча, ўша гулдаста ичида оқ атиргул-у орхидеялардан ташқари бир мактуб ҳам бор экан. - Буни гул сотувчи бир йигит бериб кетди. Менга фақат уни олганингиз учун имзо қўйдириш қолди, холос. Анна юраги ҳаприкканча гулдастани оларкан, унда ўз исмини ўқиди - ҳа, ҳа,бу айнан унга аталган. Шунда у довдираб, бир муддат ҳаракатсиз қолди.
Хоним қиз, нима бўлди? Буларни оласизми ё ўзимда қолсинми?
- Йўқ, йўқ, уларни оламан, оламан... Лифт кетиб қолмасин.
Шундан сўнг у уйга кирди-да, сув идиши қаршисида чўкканча ҳалиги гулларга боққан кўйи ўйланиб қолди. Шу гуллар орасига қистирилган бояги мактубни ўқишга эса ботинолмай турди. Одатда, туғилган кунида банкдаги ҳамкасблари унга гул юборишарди. Лекин бошқалардан ҳам шундай совғани олганмиди-йўқми, ҳозир эслолмади. Анна бир қултум сув ичди-ю, ниҳоят хатжилдни очди. Буни қарангки, уни шаҳардаги манаман деган ресторанлардан бирига кечликка таклиф килишибди.
Айни шу оқшом соат ўнда. Хатга «Пьетро» деб имзо қўйилган - фақатгина Пьетро. Фамилия эса ёзилмаган. Шунда у ҳаяжон ичра қавму қариндошлари, дўстлари, таниш-билишларини кўз олдига келтирди. Шу йўсин, ҳатто банкнинг бош директоригача ўйлайвериб (ҳолбуки уни фақат бир марта кўрган), чалкашиб кетди. Чунки уларнинг ичида Пьетро дегани йўқ эди. Анна маъюс тортиб қолди. Хўш, энди ўзларининг базм кечаси нима бўлади? Бу ёққа келаётган яқинлари-чи? Янада гўзал, янада фусункор бўлиши лозим деб билгани шу айём учун шунча ташвишу югур-югур билан кўраётган тайёргарлиги-чи? Ахир уйи ҳам аллақачон байрамга шай бўлса, кўркаму шинам бўлса... Лекин шу пайт у китоб жавони токчасидаги суратга кўзи тушди. Бу қачонлардир қазо қилган отасининг сурати... Хўш, ҳозир отажони бўлганида нима дерди? У, албатта, «Анна, қизим, сира тўхтама, ҳамиша олға юр!» деган бўларди. Шу нарса хаёлидан бирров ўтди-ю, Анна ортиқ иккиланмай, телефон гўшагини кўтарди-да, қайнопасига қўнғироқ қилиб, нафаси бўғзига тиқилганча деди:
Луиза... - Ҳа, биз боряпмиз, боряпмиз, лекин йўл тирбанд, шунга... - Йўқ, йўқ, гап бунда эмас. Биласанми, мени кечки овқатта таклиф қилишибди. Сира кутмагандим. Шуни сенга билдириш учун телефон қилаётувдим. Ҳа, айни шу оқшомда... Ҳозир чиқиб кетяпман... Бу ерда ҳамма нарса тайёр. Калитларни дарбонхонадан топасизлар. Кечлик учун у-бу нарса солинган халталар ҳам ўша ерда. Ҳаммани Янги йил билан табриклайман.
Анна шундай деди-ю, жавобни ҳам кутмай, гўшакни қўйди. Энди у тамоман ўзга хил тайёргарлик ишларига киришиб кетди. Либос танлаш, турли буюмлар... такси чақириш...
Соат ўндан ўтганда эса Анна ресторан бўсағасида эди. Сертакаллуф бир хизматчи уни қарши олди-да, ичкарига бошлаб боришни таклиф этди. Шу чоғ орқада бир киши кўринди – навозишу назокатли, сочига оқ оралаган, табассуми андак хижолат, андак айбдорлик ҳисси-ла йўғрилган... аммо суруру хушбахтлик туйғусига чулғанган киши, Анна, келганингдан хурсандман.
Рахмат. Шунда орага ўнғайсиз бир жимлик чўқди.
- Мен ахир Пьетроман, Пьетро Беттини, суғурта компаниясида бирга ишлардик-ку, банкка ишга ўтишингдан олдин... - деди яна ҳалиги киши. Шундагина ўша одамнинг юз-қиёфаси секин-аста Аннанинг кўз ўнгида кайта гавдаланди... ва ахийри уни таниди.
Анна, сенга айтадиган гапим кўп. Қани, ўтайлик-чи. Шундай қилиб, иккови у-бу нарса ичгани ўтирди. Пьетро кечмишидан сўзлай кетди... Суғурта компанияси, тўйи, ўғли, хотинининг вафоти ҳақида... Ниҳоят, гап шунга келиб тақалди:
- Бирга ишлаган вақтимизда сенга қаттиқ боғланиб қолгандим, Анна, лекин сен менга эътибор бермасдинг. Мана, ҳозир мен ҳам шу шаҳарда яшаяпман. Банкда ўзингни кўрдим-у, сени таниганимга шубҳа қилмадим. Кейин эса турмушга чиқмаганингни билиб, суюндим. Шундан сўнг сен билан гаплашишга, сени чақиришга чоғландим, аммо рад жавоби олишдан қўрққаним учун худди шу бирмунча сирлироқ усулни маъқул кўрдим.
- Борди-ю, келмасам нима бўларди? Ахир мен уйда оилам билан бўладиган ўтиришни ташлаб келдим-а, Пьетронинг кимлигини билай деб!
- Алдаяпсан-а?
- Йўқ, йўқ, фақат ҳайрон қолганим, Шунча йилдан кейин...
- Мени кечир. Биз энди аввалгидек ёш эмасмиз, лекин барибир қаршингда ўзимни шунчалар навқирон сезяпманки... сени топганимдан шунчалар бахтиёрманки... Сени яна йўқотишни истамайман...
Шу он ҳис-туйғулар залвори остида бир муддат жим қолишди. Пьетро, сени уйга ўтиришимизга таклиф қилсам-чи, - дея Анна ўз ҳисларини илк бор изҳор этди.
- Оилангдагилар билан танишиш мен учун шараф бўларди... Сўнг сабр-тоқатли, оғир-босик Луизага қилинган оддий бир қўнғироқ, ресторан хизматчиси билан кисқагина мулоқот, омадлари келиб, йўл-йўлакай дарҳол бўш таксининг учрагани... ва ҳийла вақтгача йўлларнинг очиқ бўлгани, ҳамма жамулжам ҳолда янги йил шарафига қадаҳ кўтаришлари учун Аннаникига кечикмай етиб олишганини эса айтишга ҳожат ҳам йўқ.
Хуллас, бу галги янги йил кечаси тамоман ўзгача, янада гўзал, фусункор бўлди, ҳайрату умидлар кечаси бўлди.
Итальян тилидан
Рустам ИБРОҲИМОВ
таржимаси.
Эртамиз эгалари бўлмиш келажак авлодга сифатли таълим - тарбия бериб келаётган 20-умумий ўрта таълим мактаби педагогик жамоаси нафақат туманда балки вилоятда ўз ўрни ўз нуфузига эга билим даргоҳларидан бири, десак муболаға бўлмайди.
Илм ўчоғида 2000 нафарга яқин ўқувчига 141 нафар олий маълумотли педагог ходимлар таълим-тарбия бериб келмоқда. Уларнинг 56 нафари олий 38 нафари биринчи тоифали ўқитувчилардир. Жорий ўқув йилида 249 нафар ўқувчи 1-синфга қабул қилиниб, бу борада туман мактаблари орасида пешқадамликни қўлдан бермаётир.
“Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси” фахрий унвонига эга мактаб директори Насиба Рўзиева жамоани бир мақсад сари бирлаштириб, таълим сифатини янада оширишга бор билим ва салоҳиятини сафарбар қилиб келаётган тажрибали раҳбарлардан.
20 нафар хорижий тил фани ўқитувчиларининг барчаси C1 даражадаги халқаро ва миллий сертификатга эга. Бунинг натижасида ўқувчиларининг тил билиш даражаси мунтазам ортиб бормоқда. 10-11-синф ўқувчиларининг 30 нафарида миллий ва халқаро сертификатларнинг борлиги фикримизнинг яққол далилидир.
Шунингдек, 6 нафар информатика, 3 нафар математика фани ўқитувчилари ҳам халқаро даражадаги сертификатга эгалик қилишади. Ўтган ўқув йилида 4 нафар ўқитувчи вазир жамғармаси устамаси совриндори бўлди. Айтиш жоиз бўлса, мактаб ўқувчиларининг билим ва ўзлаштириш кўрсаткичлари бўйича вилоят ва республика рейтингида юқори поғоналардан ўрин олган.
2023-2024-ўқув йилида 9-11-синф ўқувчилари ўртасида ўтказилган “Фан олимпиадаси”нинг туман босқичида 41 нафар ўқувчи фахрли ўринларни қўлга киритган. Вилоят босқичида эса 13 нафар ўқувчи, уларнинг 5 нафари биринчи ва иккинчи, 8 нафари тўртинчи ва бешинчи ўринларни қайд этди.
Эътиборлиси, икки йилдан бери Президент соврини учун ўтказиб келинаётган “Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб” кўрик-танловининг вилоят босқичида ғолибликни қўлдан бермай келмоқда. Инглиз тили фани ўқитувчилари Тўйбиби Қадамова ва Муқаддас Музаффарова раҳбарлигида 5 нафар инглиз тили билимдонлари Буюк Британиянинг Лондон шаҳрида таълим саёҳатида бўлиб қайтдилар. 7 кун давом этган таълим саёҳати ўқувчи-ёшларнинг инглиз тилини чуқур ўзлаштиришга бўлган қизиқишларини янада оширди, дейиш мумкин.
Икки йиллик танлов жамғармасининг 700 млн. сўм маблағи ҳамда Оpen budget портали орқали ғолиб, деб топилган лойиҳаларга берилаётган пул ҳисобидан мактабнинг моддий техник базаси мустаҳкамланмоқда. Энг сўнгги русумдаги жиҳозлар келтирилган. 44 та электрон доска, 26 дона моноблок компьютерлари, фаоллар зали учун 6 м2 катталикдаги LED экран, янги парта ва стуллар шулар жумласидандир.
Албатта, эришилаётган салмоқли натижалар ортида педагогик жамоанинг машаққатли меҳнати мужассам! Зотан, илм ўчоғида ҳар бир болага сифатли таълим-тарбия бериш, уларни қўллаб-қувватлаш, иқтидор ва қобилиятини руёбга чиқаришга етарли шароит яратиб берилгани ўқувчи-ёшларнинг интилишларига саодат, ютуқларга қанот бермоқда.
Фарида Ботирова,
20-мактабнинг ММИБДЎ.