Аёл — оила ва жамият устуни, ҳаётимизнинг файзи ва кўрки. Аёллар билан ҳаётимиз гўзал ва мазмунли, хонадонларимиз обод ва нурафшондир. Хотин-қизлари эъзозланган, қадрланган юртнинг эса бугуни ва эртаси фаровон. Чунки аёл меҳнати билан юрт равнақ топади. Гарчи, бирмунча мураккаб соҳа ҳисобланган тоғ-кон саноатида ҳам бугун опа-сингилларимиз самарали меҳнат қилиб келишаётир.
8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан ШКБ 3-сонли гидрометаллургия заводида “Нафосат маликаси” кўрик-танлови кўтаринки кайфиятда ўтказилди. Унда завод цех ва бўлинмаларида ишлаб ўзларининг ақл –заковати, фидоийлиги билан ҳурмат қозонган 5 нафар опа-сингилларимиз иштирок этди.
Ўзини таништириш, салат тайёрлаш ва эркин мавзуда баҳслашган қизлар қобилият ва истеъдодларини намойиш қилишди. Айниқса, Ирода Зиятованинг “Она ва қизнинг хайрлашуви”, Дилафрўз Сатторова томонидан ижро этилган “Жайдари келин” саҳна кўринишлари тадбир ихлосмандларига бирдек манзур бўлди. Шаҳло Насиббоева “Бизни бахт яратган” монологини, Дилфуза Имомова “Она жасорати” поэмасини маромига етказиб ижро қилди. Шунингдек, Марина Каримбаева намойиш этган ҳунармандчилик буюмлари барчада қизиқиш уйғотди, кўрик-танлов ҳакамлар ҳайъати уларни юқори баҳолади. Асосан қўл меҳнати билан яратилган бежирим миллий буюмлар Маринанинг чеварлигидан далолат бериб турибди.
Саҳнада бири лаборант, бири оператор, яна бири инженер қизлар нафақат ўз хизмат вазифасини бажаришда балки санъатда ва маданиятда ҳам иқтидорли эканлигини кўрсатдилар. Ҳакамлар ҳайъатининг хулосасига кўра “Энг латофатли” номинациясида Шаҳло Насиббоева, “Энг иқтидорли” номинациясида Марина Каримбаева, “Энг самимий” номинациясида Ирода Зиятова, “Энг мафтункор” номинациясида Дилафрўз Сатторова совриндор бўлишди. Дилфуза Имомова эса бош мукофот “Нафосат маликаси”ни қўлга киритди.
Кўтаринки руҳда ўтказилган тадбир якунида ғолиб ва совриндорларга эсдалик совғалари топширилди.
Дарҳақиқат, аёл латофат, нафосат ва нозик хилқат соҳибаси. Шу билан бирга бугун опа-сингилларимиз ҳам жамият ҳаётида ҳам уй рўзғор ишларида бирдек фаол, фидойи ва уддабурон! Ана шундай ҳар томонлама етук ёшларга ибрат бўлган аёлларимиз сафи ортаверсин!
Дилором САЛИМОВА,
3-сонли ГМЗ маънавият ва маърифат ишлари бўйича инспектор.