Ўзбекистонда 2020 йилда мажбурий меҳнат ҳолатларига барҳам бериш бўйича 2019 йилга нисбатан яхши натижаларга эришилди. ЎзАнинг хабар беришича, бу ҳақда Давлат меҳнат инспекцияси бошлиғи, бош давлат меҳнат инспектори Қудратилла Одинаев маълум қилди.
«2020 йилда Давлат меҳнат инспекцияси томонидан жами 26 мингдан кўпроқ фуқаронинг мурожаати кўриб чиқилди. Шундан 18 мингдан кўпроғи қаноатлантирилди. 9 мингга яқин фуқарога тушунтиришлар берилди. 2020 йилда 2019 йилга нисбатан мажбурий меҳнат ҳолатларига барҳам бериш бўйича яхши натижаларга эришдик.
Мисол учун, 2019 йилда давлат меҳнат инспекторлари томонидан олиб борилган текширишлар натижасида жойларда жами 259 та мажбурий меҳнат ҳолати аниқланган бўлса, 2020 йилда бу ҳолат 106 тани ташкил қилади», — деган у Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан 8 май куни ташкил этилган «Ўзбекистонда меҳнат қонунчилигининг бажарилиши тўғрисида шаффоф ҳисобот» мавзусидаги халқаро онлайн тадбирда.
Тадбирда вазирлик раҳбарлари меҳнат ҳуқуқларининг ҳимоя қилиниши, халқаро меҳнат стандартларига мувофиқ ишлаб чиқилган чоралар, Давлат меҳнат инспекциясининг меҳнат соҳасидаги ҳуқуқбузарликларни аниқлашдаги салоҳиятини кучайтиришда эришилган ютуқлар ҳамда аёллар ва эркаклар учун муносиб меҳнат шароитларини яратишда қилиниши лозим бўлган ишлар юзасидан ҳам маълумотлар берилган.