1865 йил (бундан 156 йил олдин) – Қўқон хонлигининг амирлашкари Алимқул қўмондонлигидаги қўқонлик аскарлар ва Тошкент шаҳри ҳимоячилари Шўртепада генерал Черняев бошлиқ рус қўшинларига қарши ҳужумга ўтди. Ниҳоятда қаттиқ жанг бўлиб, Алимқул оғир яраланди ва ўша куни вафот этди. У бу вақтда тахминан 33–34 ёшда эди. 10 майда Алимқул Тошкентдаги Шайхонтоҳур қабристонига дафн этилди.
Тошкент мудофаасининг ташкилотчиси, довюрак лашкарбоши Алимқул вафотидан сўнг Тошкентни руслардан ҳимоя қилиш учун курашга кирган ҳимоячилар ўртасида парокандалик ва ваҳима бошланди. Қўқон хонлиги аскарлари Алимқул хазинасини олиб, ўз юртларига жўнаб кетдилар. Шу тариқа, Тошкентда Қўқон хонлигининг қарийб 60 йиллик ҳукмронлиги барҳам топди.
1882 йил (бундан 139 йил олдин) – Боқий тахаллуси билан ижод қилган ўзбек адабиётшуноси, манбашунос, шоир Мирзаабдулла Насриддинов таваллуд топди (вафоти 1967 йил). У шарқ мумтоз адабиётини чуқур билган, халқ орасида навоийхон, бедилхон деган ном олган. Навоий асарларини эски ўзбек ёзувидан янги ёзувга ўтказишда кўмаклашган.
1932 йил (бундан 89 йил олдин) – актёр ва режиссёр, Ўзбекистон халқ артисти Санъат Девонов (вафоти 2016 йил) таваллуд топди. У театрда 150 дан ортиқ роль ижро этган. Кинода “Мафтунингман” фильмидаги Шариф роли билан машҳур. Санъат Девонов 2001 йилда “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланган.
1945 йил (бундан 76 йил олдин) – 9 майга ўтар кечаси тунги соат 2:15 да радио орқали Берлинда фашистлар Германиясининг сўзсиз таслим бўлгани ҳақидаги ҳужжатга имзо чекилгани тўғрисидаги хабар бутун дунёга маълум қилинди.
1945 йил (бундан 76 йил олдин) – физик олим, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Беҳзод Йўлдошев таваллуд топди. У 2000–2005 йилларда ҳамда 2017 йилдан ҳозирги вақтга қадар Ўзбекистон Фанлар академияси президенти лавозимида фаолият юритмоқда. 400 дан ортиқ илмий ишлар, жумладан 20 дан ортиқ ихтиролар муаллифи. Беҳзод Йўлдошев – “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланган, “Ўзбекистон Республикаси фан арбоби” фахрий унвони соҳиби.
1999 йил (бундан 22 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасида биринчи бор 9 май Хотира ва қадрлаш куни сифатида нишонланди. Тошкентда Ватан озодлиги учун жон фидо этган халқимиз фарзандлари хотирасини абадийлаштириш мақсадида барпо этилган “Хотира ва қадрлаш майдони”нинг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Майдонда “Мотамсаро она” ҳайкали ҳамда хиёбоннинг шимолий ва жанубий томонида қад кўтарган айвонлар токчаларида Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган ўзбекистонлик барча жангчиларнинг исм-шарифи битилган металл токчалар ўрнатилди.
2001 йил (бундан 20 йил олдин) – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Хоразм вилоятининг Боғот, Жиззах вилоятининг Зафаробод, Мирзачўл, Дўстлик туманларида, Навоий вилоятининг Хатирчи туманида, Гулистон шаҳрида Хотира хиёбонлари барпо этилди.