LOTIN-КИРИЛЛ

Очиқлик сари катта қадам. Президент фармони эълон қилинди

    Давлат органлари ва ташкилотлари 33 тоифадаги маълумотларни очиқ эълон қилиши шартлиги белгиланди. Харидлар, автомобиллар, хизмат сафарлари учун харажатлар ҳам шулар жумласидан. Депутат ва сенаторлар қарор ва қонунларга қандай овоз бергани очиқланади, сессиялар тўғридан тўғри эфирга узатилади.

    «Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент фармони имзоланди.

    Фармон билан Очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар рўйхати тасдиқландиРўйхатга маълумотларнинг 33 хил тоифаси киритилган.

    33 тоифадаги маълумотларнинг очиқланиши жамоатчиликда мустақил суриштирувлар олиб бориш имкониятини оширади.

Ҳужжат талаблари барча давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, Ҳисоб палатаси, Марказий банк, суд ва прокуратура органлари, шунингдек, устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган хўжалик жамиятлари ҳамда давлат унитар корхоналарига тааллуқли.

    Фармонга асосан, 2021 йил 1 июлдан бошлаб қуйидаги маълумотлар расмий интернет манбаларида очиқлаб борилади ва ҳар чоракда янгиланади:

  •     давлат харидлари, шу жумладан, тўғридан тўғри шартномалар бўйича харид қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар);
  • мансабдор шахсларнинг хизмат сафарлари ва хориждан ташриф буюрган меҳмонларни кутиб олиш харажатлари (хизмат сафарининг ёки ташрифнинг мақсади, суткалик пул, транспорт ва яшаш билан боғлиқ харажатлар, бундан давлат сирлари ва хизматда фойдаланиш учун мўлжалланган маълумотлар мустасно);
  • солиқ ва божхона имтиёзлари ҳамда преференциялар, шу жумладан, индивидуал имтиёзлар берилган субъектларнинг бенефициарлари (якуний манфаатдор жисмоний шахслари), улар томонидан тўланган солиқлар ва молиявий кўрсаткичлар;
  • давлат органлари ва ташкилотларининг йиллик харажатлар сметаси ва унинг ижроси, шу жумладан, объектларни қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш ишлари, автомототранспорт воситаларини сотиб олиш харажатлари;
  • Ҳисоб палатаси, Молия вазирлиги ва назорат қилувчи органларнинг тафтиш ва текширувлари тўғрисидаги маълумотлар (давлат сири бўлган маълумотларнинг ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирнинг муҳофаза қилинишини таъминлаган ҳолда);
  • устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар (кейинги ўринларда – давлат иштирокидаги корхоналар) ҳамда давлат унитар корхоналари рўйхати (давлат номидан акциядор (иштирокчи, мулкдор) функцияларини амалга ошираётган ташкилот, корхона ҳудуди, СТИР, давлат улуши тўғрисидаги маълумотларни кўрсатган ҳолда);
  • устав фондининг (устав капиталининг) 50 фоизи ва ундан ортиғи давлат иштирокидаги корхоналарга тегишли юридик шахслар рўйхати;
  • давлат иштирокидаги корхоналарнинг ижроия органи (директор, бошқарув раиси, бошқарув аъзолари) ва кузатув кенгаши аъзоларининг исми ва фамилияси тўғрисидаги маълумотлар;
  • давлат иштирокидаги корхоналар томонидан йил (чорак) якуни бўйича тўланган дивидендлар тўғрисидаги маълумотлар;
  • давлат иштирокидаги корхоналарга сарфланган давлат бюджети маблағлари, хориждан жалб этилган маблағлар;
  • давлат ташқи қарзи суммалари ва уларнинг сарфланиши тўғрисидаги маълумотлар;
  • давлат харидларини амалга оширувчи комиссия аъзолари рўйхати;
  • давлат муассасалари рўйхати (ташкил топган санаси, юқори турувчи орган) ҳамда хусусийлаштирилган объектлар тўғрисидаги маълумотлар (давлат сирини ташкил этувчи махфий вазифа юклатилган давлат корхоналари ва муассасалари бундан мустасно);
  • давлат органлари ва ташкилотлари ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашлари аъзолари рўйхати, уларнинг телефон рақамлари, почта ва электрон манзиллари;
  • жамоатчилик кенгашларининг йиғилишлари ва кун тартибидаги масалалар.

    Олий Мажлис палаталарига ўз расмий веб-сайтларида қуйидаги маълумотларни жойлаштириш тавсия этилди:

  • Қонунчилик палатасида депутатнинг ҳар бир қонун (қарор) лойиҳасини қабул қилиш ёки рад этишдаги, сенаторнинг ҳар бир қонунни (қарорни) маъқуллаш ёки рад этишдаги иштироки тўғрисидаги маълумотлар;
  • сенаторлар ва барча даражадаги депутатларнинг сайлов округлари ҳамда уларнинг электрон почта манзиллари;
  • парламент назорати объектларининг ҳисоботларини эшитиш натижалари бўйича қабул қилинган қарорлар.

    2021 йил 1 декабрдан бошлаб, қуйидагилар телевидение ва интернетда жонли эфирда намойиш этила бошланади:

  • Қонунчилик палатаси ва Сенат мажлислари ҳамда ҳудудий кенгашлар сессиялари (ёпиқ мажлислар бундан мустасно);
  • тарафларнинг розилиги билан фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда жамоат тартибига тажовуз қилувчи, аҳоли соғлиғини сақлаш, экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги, шу жумладан, давлат хизматчиларининг касбий фаолияти билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларга оид ишлар, шунингдек, айрим оилавий низоларга оид фуқаролик ишлари бўйича суд мажлислари (ёпиқ суд мажлислари бундан мустасно).

    Қуйидаги имтиҳонлар интернетда жонли эфирга узатилади:

  • бакалавриат ва магистратура (клиник ординатура)га кириш учун тест ва ижодий (касбий) имтиҳонлар;
  • ўқишни кўчириш истагини билдирган талабалардан олинадиган имтиҳонлар;
  • хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олишда талабгорлардан олинадиган тест синовлари.

Бунинг учун imtihon.uz платформаси ишлаб чиқилади. Имтиҳонларни интернетда жонли эфирга узатиш бўйича техник талаблар (ўрнатиладиган видеокамералар ва тасвир сифати, жойлашиш схемаси ва бошқалар) ишлаб чиқилади.

Мазкур фармонда кўрсатилган қоида ва тартибларнинг бузилиши давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисидаги қонунчилик бузилиши сифатида баҳоланади.

    Фармонга асосан:

  • 2021 йил 1 сентябрга қадар Ўзбекистон Республикасининг Очиқ маълумотлар портали давлат харидлари портали билан интеграция қилинади;
  • 2021 йил 1 октябрга қадар давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти очиқлигини мониторинг қилиш ва баҳолаш методикаси ишлаб чиқилади;
  • 2021 йил 1 декабрдан бошлаб, методика асосида давлат органлари ва ташкилотларининг Очиқлик индекси аниқланади;
  • Давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот хизматлари ҳамда мурожаатлар билан ишлаш бўлинмаларига мазкур органларда очиқликка оид қонунчилик ҳужжатларининг ижро этилишини ўз вақтида ва сифатли таъминлаш вазифаси юклатилди;
  • Давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида очиқлик даражасини ошириш бўйича йўл харитаси тасдиқланди.

    «Давлат сирларини сақлаш тўғрисида» ва «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги қонунларнинг янги таҳрирдаги лойиҳалари ишлаб чиқилади. Давлат сирларига оид қонун лойиҳасида қуйидагилар назарда тутилади:

  • чеклаб қўйилган ахборотлар рўйхатига кирмайдиган маълумотларни махфийлаштиришни тақиқлаш;
  • чеклаб қўйилиши фуқароларнинг шахсий хавфсизлигига таҳдид соладиган ахборотларнинг давлат сирларига киритилишини ман этиш;
  • фуқаролар, давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг давлат хизматчилари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга давлат сирини ташкил этувчи маълумотлар билан ишда фойдаланишга ижозатни расмийлаштириш шартлари ва тартиблари;
  • ахборот-коммуникация технологияларининг ривожланиши ва илғор тенденцияларни ҳисобга олган ҳолда давлат сирларини сақлашнинг замонавий механизмларини ишлаб чиқиш ва такомиллаштириш.

    Давлат органлари ва ташкилотлари:

  • ҳар йили 1 мартга қадар ўз фаолиятига оид ҳисоботни (давлат сирлари ва хизматда фойдаланиш учун мўлжалланган маълумотлар бундан мустасно) расмий веб-сайтларига жойлаштириб, 10 мартга қадар уни кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилиш жойи ва вақти ҳақида хабар беради;
  • ҳар йили 1 апрелга қадар ўз фаолиятига оид ҳисоботни кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилиш учун матбуот анжуманларини ўтказади.

    Коррупцияга қарши курашиш агентлиги тузилмасида Давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти очиқлигини таъминлаш бошқармаси ташкил этилади. Агентликка қуйидаги қўшимча вазифалар юклатилди:

  • давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш соҳасини мувофиқлаштириш ва доимий мониторинг қилиш, шу жумладан, уларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан белгиланган маълумотларни интернет тармоғига жойлаштириш (эълон қилиш) бўйича мажбуриятлари ҳисобини юритиш;
  • жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларидан келиб чиқувчи давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигига оид долзарб масалаларни «Mening fikrim» веб-портали орқали умумхалқ муҳокамасига чиқариш;
  • очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар рўйхатини узлуксиз тўлдириш, такомиллаштириб бориш ва янгилаб бориш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ҳамда уларни амалга оширишга кўмаклашиш;
  • давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти устидан ОАВ орқали самарали жамоатчилик назоратини ўрнатиш бўйича чораларнинг ишлаб чиқилиши ва жорий этилишига кўмаклашиш;
  • очиқликка оид қонунчилик ҳужжатларида кўрсатилган талабларни мунтазам равишда бузаётган айбдор мансабдор шахсларни жавобгарликка тортиш бўйича Президент Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритиб бориш;
  • ҳар йили фаолият йўналиши бўйича эришган асосий ютуқлар ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида учраётган камчиликлар юзасидан президентга ахборот тайёрлаш ва ўз расмий веб-сайтида эълон қилиб бориш;
  • «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги Қонун амалга оширилиши устидан назоратни, шунингдек, Жаҳон одил судлов лойиҳасининг «Ҳукуматнинг очиқлиги» индикатори бўйича Ўзбекистон Республикасининг ўрнини яхшилашга оид комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш.

    «Ов қилиш ва овчилик хўжалиги тўғрисида»ги қонуннинг 36-моддасида кўрсатилган маълумотлардан ташқари, қуйидагилар ҳам очиқлаб борилади:

  • ёввойи ҳайвонларни тутишга доир рухсатнома берилган барча шахслар, рухсатномадаги маълумотлар ҳамда ундирилган ҳақ миқдорлари;
  • Ўзбекистон Қизил китобига киритилган ёввойи ҳайвонларни табиий муҳитдан ажратиб олишга доир берилган барча рухсатномалар ва улардаги маълумотлар ҳамда ундирилган ҳақ миқдорлари;
  • ов қилиш жойларини бериш тўғрисидаги барча шартномалар;
  • овчилик хўжалигини юритиш ҳуқуқи тугатилган ҳолатлар ҳамда ундирилган ҳақ миқдорлари;
  • ёввойи ҳайвонларни тутишга доир рухсатнома берилган барча шахслар ва рухсатномадаги маълумотлар ҳамда ундирилган ҳақ миқдорлари;
  • Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг ўрмон-овчилик хўжаликлари томонидан берилган овчилик йўлланмалари (ёввойи ҳайвонларни тутиш карточкаси) ҳамда ундирилган ҳақ миқдорлари.                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                          
O'qilgan: 958 bora O'zgartirish kiritilgan san'a 18 Jun 2021

Leave a comment

Make sure you enter all the required information, indicated by an asterisk (*). HTML code is not allowed.

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: