LOTIN-КИРИЛЛ

1 августдан туман(шаҳар) ҳокимларининг ер участкалари бериш ваколатлари бекор қилинади

     Шу йилнинг 8 июнида Президентимиз “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонини қабул қилди.

     Мазкур фармон мазмун-моҳияти билан яқиндан танишиш мақсадида ЎзА мухбири Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги бошқарма бошлиғи Мурод Файзуллаев билан суҳбатлашди.

    – Суҳбатимиз аввалида ер участкаларидан самарали ва мақсадли фойдаланиш бўйича бурунги амалиёт ҳақида сўз юритсак?

– Илгари айрим туман (шаҳар) ҳокимлари якка тартибда уй-жой қуриш учун фуқароларга тўғридан-тўғри ер ажратиш, ёшлар учун “ёшлар марказлари қуриш” деб амалда эса савдо дўконлари, маҳалла гузарлари ва шунга ўхшаш бошқа қурилишларга ер участкалари ажратиб берган.

 

Энг ачинарлиси, фермер хўжаликларига қишлоқ хўжалиги мақсадларида фойдаланиш учун ижара асосида берилган ерлар айрим ҳолатларда талон-торож қилиниб, фуқароларга уй-жой қуриш учун тарқатиб юборилган. Бунинг натижасида суғориладиган ерлар майдони камайиб кетган.

 

Ер қонунчилигида ерга бўлган ҳуқуқ тури 6 та – фуқароларга якка тартибда уй-жой қуриш, деҳқон хўжалиги, жамоа боғдорчилиги ва узумчилик хўжалигини юритиш, шунингдек, қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳолларда берилган ер участкасига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқига эга бўлган.

 

Шунингдек, юридик ва жисмоний шахсларга қишлоқ хўжалиги билан боғлиқ бўлмаган эҳтиёжлар учун фойдаланишнинг муайян муддати белгилаб берилган ер участкаларидан муддатли (вақтинча) фойдаланиш ҳуқуқи, юридик ва жисмоний шахс, шу жумладан, хорижий юридик ва жисмоний шахс томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда хусусийлаштирилган ёки сотиб олинган ер участкаларига мулк ҳуқуқи, юридик ва жисмоний шахсга ижарага берилган ер участкаларини ижарага олиш ҳуқуқлари мавжуд бўлган.

 

Ер ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланишни назорат қилиш маҳаллий давлат ҳокимликлари ваколатига кирган, лекин улар деярли ҳеч қандай назорат олиб бормаган.

 

Мисол учун, фермер хўжаликлари ёки фуқаролар томонидан қишлоқ хўжалиги ерларидан мақсадсиз фойдаланиш, ўзбошимча эгаллаб олиб турли қурилишларни амалга ошириш ва бошқа ҳолатлар ер назоратчилари томонидан аниқланиб, уларни бартараф этиш, тегишли чора кўриш мақсадида маҳаллий ҳокимликларга тегишли ҳужжатлар тақдим этилган бўлса-да, лекин ҳокимликлар айби билан бартараф этилмай қолиб кетган.

 

Бундан ташқари, юридик ёки жисмоний шахслар томонидан сотиб олинган бино ва иншоотларга мулк ҳуқуқи расмийлаштирилиб, улар эгаллаган ер участкасига бўлган ҳуқуқ эса фақат туман (шаҳар)ҳокимининг қарори асосида рўйхатга олинган.

–Мазкур фармон асосида қандай ўзгаришлар рўй беради?

-–Эътиборли жиҳати шундан иборатки, мазкур фармондан сўнг фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ер участкаларидан фойдаланиш, унга бўлган ҳуқуқлари тўлиқ давлат ҳимоясига олинади.

 

Ушбу фармон давлатимиз раҳбарининг ер соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш, ер ажратишнинг барча учун тенг, шаффоф тартибини жорий этиш, ер эгаларининг мулкий ҳуқуқларини кафолатлаш бўйича топшириқлари ижросига қаратилган.

 

Янги тартибга кўра, жорий йилнинг 1 августидан туман(шаҳар) ҳокимларининг ер участкалари бериш, уларга мулк ҳуқуқини эътироф этиш ва ерлар назоратини олиб бориш ваколати бекор қилинади.

 

Ерга бўлган ҳуқуқ турлари 6 тадан 3 тага қисқартирилмоқда, яъни хусусий сектор учун–мулк ва ижара ҳуқуқи, давлат ташкилотлари учун – доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратилади. Мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик, доимий эгалик, вақтинча фойдаланиш ҳуқуқлари бекор қилинади.

 

Юридик ва жисмоний шахслар, фуқаролар энди барча турдаги (турар жой ва нотурар жой мақсадлари) қурилишлар учун фақат онлайн аукционда ер сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлади.

 

Қишлоқ хўжалиги ерларига ижара ҳуқуқини Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари қарори билан очиқ электрон танлов асосида бериш амалиёти йўлга қўйилади.

 

Ер участкалари Қишлоқ хўжалиги вазирлиги таклифига асосан давлат илмий-тадқиқот ва таълим муассасаларига, ер норматив қийматининг 2 бараварига тенг маблағ депозитга қўйилганда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва вилоят ҳокимлиги таклифига асосан йирик агросаноат кластерларига, яхши таклифни танлаш (“swiss challenge”) орқали аниқланган инвестиция лойиҳаси ташаббускорига – лойиҳа қиймати камида 10 миллион доллар (ер майдонига мос равишда ошиб боради) бўлганда ва олдиндан камида 10 фоизи депозитга қўйилганда танловсиз берилади.

 

Яна бир афзаллик жиҳати шундан иборатки, ушбу фармон асосида ер ресурсларидан самарали ва оқилона фойдаланишда назорат кучайтирилмоқда. Ҳокимнинг ер муносабатлари бўйича қарорлари “Е-қарор” ахборот тизимида, ернинг жойлашув харитаси Кадастр ахборот тизимида шакллантирилади.

 

Фойдаланишдаги ерларни ноқонуний сотишни расмийлаштиришга йўл қўймаслик мақсадида айни бир ҳужжат билан бир вақтнинг ўзида ер участкасини олиб қўйиш ва бошқа шахсга ажратиш тақиқланади.

 

Бунда фойдаланишда бўлган ер дастлаб захирага қайтарилади, ҳокимлик номига кадастр рўйхатидан ўтказилади, шундан кейин уни танлов ёки аукцион орқали бошқа талабгорга ажратиш мумкин бўлади. Ерга оид ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, ҳужжатларни тўплаш ва кўриб чиқиш жараёни “Е-ер назорат” ахборот тизими орқали юритилади. Ер тоифасидан қатъий назар, барча турдаги ер ва бино-иншоотларга бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказмаслик ҳолатларини аниқлаш, ер участкаларининг ўзбошимчалик билан эгаллаб олинишига йўл қўймаслик чораларини кўриш, ердан мақсадли фойдаланиш устидан давлат назорати Кадастр агентлиги томонидан амалга оширилади.

Кадастр органларига ер участкаларидан мақсадсиз фойдаланиш ҳолатлари аниқланганда ушбу ер участкасига бўлган ҳуқуқни бекор қилиш ҳамда ўзбошимчалик билан эгалланган ер майдонида ноқонуний қурилган иморатларни бартараф этиш юзасидан тўғридан-тўғри судга мурожаат қилиш ҳуқуқи берилмоқда.

 

Юридик ва жисмоний шахсларга тегишли турар ва нотурар бино, иншоотлар жойлашган ер участкаларига хусусий мулк ҳуқуқи сифатида хусусийлаштиришни амалга ошириш кафолати таъминланади ва ер участкаларини фуқаролик муомаласига киритиш учун шароит яратилади.

 

Ер эгалари, ердан фойдаланувчилар, ижарачилар ва мулкдорларнинг ҳуқуқлари, қонуний манфаатлари ҳимояси кучайтирилади. Белгиланган норма талабларидаги қарама-қаршиликлар бартараф этилади.

 

Ер участкалари айланмаси ва улардан фойдаланишнинг замонавий бозор механизмини амалга ошириш, шунингдек, ер ресурсларини бозор айланмасига киритиш ва уларни бозор муносабатларининг объекти, воситасига айлантириш механизми жорий этилади. Ерлардан оқилона ва самарали фойдаланишни рағбатлантириш тизими яратилади. Пировардида, ер соҳасида коррупция ҳолатларига барҳам берилади

O'qilgan: 1191 bora

Leave a comment

Make sure you enter all the required information, indicated by an asterisk (*). HTML code is not allowed.

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: