Hokimiyat matbuot xizmati
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Аҳолига давлат ижтимоий хизматлари ва ёрдам тақдим этиш тартиб-таомилларини автомалаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2020 йил 4 августдаги ПҚ-4797-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш ҳамда соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларни кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2021 йил 5 мартда ВМ-122-сон қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, Кам таъминланган оилаларни “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали аниқлаш ҳамда уларга ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низом ушбу қарорнинг 1-иловасига мувофиқ тасдиқланганлиги ва 2021 йил 1 апрелдан бошлаб амалга киритилиши:
кам таъминланган оилаларни “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали аниқлаш;
ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам тайинлаш шартлари;
ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам олиш учун мурожаат қилиш ва уни кўриб чиқиш уларни тўлаш тартиби;
ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам учун тўловларни молиялаштириш тартиби белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2021 йил 1 апрелга қадар ҳар бир маҳалланинг ID идентификация рақами ва ҳудудий чегараси кўрсатилган ягона электрон маълумотлар базасини ишлаб чиқиши ҳамда жорий этиши ва унинг «Ягона реестр» АТга интеграция қилинишини таъминлаши;
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Мактабгача таълим вазирлиги, Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги 2021 йил 1 апрелга қадар ўз ахборот тизимларининг ўзаро интеграциясини таъминлаши;
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда 2021 йил 1 апрелга қадар барча жисмоний шахсларга ЖШШИР бириктирилишини ҳамда ушбу маълумотларнинг Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлигининг маълумотлар базаси билан интеграция қилинишини тўлиқ якунлаши;
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги 2021 йил 1 апрелга қадар жисмоний шахсларнинг автотранспорт воситаларини созлиги ёки носозлиги бўйича электрон маълумотлар базасини ишлаб чиқиб, жорий этиши ва «Ягона реестр» АТ ахборот тизими билан маълумотлар алмашинувини йўлга қўйиши зарурлиги назарда тутилган.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг:
«Ягона реестр» АТни «Development Pathways» ихтисослаштирилган халқаро компаниядан 2021 йилнинг якунига қадар босқичма-босқич беғараз қабул қилиб олиш, кейинчалик унинг техник жиҳатдан фаолиятини таъминлаш ва доимий такомиллаштириб бориш ишлари Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Ахборот-ҳисоблаш маркази томонидан амалга оширилиши;
«Ягона реестр» АТ имкониятларини методик жиҳатдан доимий равишда такомиллаштириб бориш ишлари Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси томонидан амалга оширилиши ҳамда «Ягона реестр» АТ белгиланган тартибда тўлиқ қабул қилингандан сўнг Пенсия жамғармаси унинг эгаси ва фойдаланувчиси ҳисобланиши;
Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги билан биргаликда ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам олувчи оилаларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини «Ягона реестр» АТ орқали мунтазам равишда таҳлил қилиб, зарур ҳолларда, оилаларни кам таъминланган деб эътироф этиш мезонларини қайта кўриб чиқиши ва уларга ўзгартириш киритиш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритиб бориши;
ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам олувчи оилаларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолати бўйича ҳудудлар ва туман (шаҳар)лар кесимидаги таҳлиллар асосида ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам учун ажратиладиган бюджет маблағларини ҳудудлар ва туман (шаҳар) маҳаллий бюджетлари кесимида режалаштириш механизмини такомиллаштириши асосий вазифаси этиб белгиланган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 13 апрелдаги 308-сон қарори билан тасдиқланган Сирдарё вилоятининг кам таъминланган оилаларига «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими орқали ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низомнинг 48-бандидаги «2020 йил 1 октябргача» сўзлари «2021 йил 1 апрелгача» сўзлари билан алмаштирилишини ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 3-иловага мувофиқ айрим қарорлари 2021 йил 1 апрелдан эътиборан ўз кучини йўқотганлигини кўриш мумкин.
Жасур АЛИМОВ,
Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Учқудуқ туман бўлими бош мутахассиси.
Энг асосий озиқ-овқат маҳсулотларидан бири саналувчи ўсимлик ёғи нархи ошиб бормоқда. Ўзбекистонда 2021 йилнинг дастлабки уч ойида кунгабоқар ёғи нархи кескин ошган бўлса, апрел ойидан бошлаб пахта ёғи ҳам қимматлаша бошлади. Ўтган ойга нисбатан пахта ёғи нархи 31-33 фоизга ошди.
2020 йилнинг октябр ойига қадар пахта ёғи нархида барқарорлик сақланиб қолаётганди. Бунинг сабаби нимада?
2019 йил пахта ҳосилидан олинган чигит хомашёси асосан 2019 йил октябр ойидан 2020 июн ойигача бўлган даврда қайта ишланди, бу вақт мобайнида 1 кг пахта чигитининг нархи ўртача 1,9 минг сўмни ташкил этган. Шу боис пахта ёғининг нархи йил давомида барқарор сақланиб қолган, яъни 1 литр пахта ёғи ўртача 8-8,5 минг сўмдан биржа савдолари орқали сотилган.
Ўтган йил кузда пахта чигити нархи 60-65 фоизга ошиб, пахта ёғи 25-30 фоиз қиммат сотилди. 2020 йилнинг ноябр ва 2021 йилнинг феврал ойига қадар 1 кг чигит 3,2 минг сўмдан сотилди, 1 литр пахта ёғининг нархи ўртача 12,0-13,0 минг сўмдан биржа савдоларига қўйилди ва бу даврда нарх барқарорлиги сақланиб қолди.
2021 йил апрел ойида пахта ёғи нархи кескин ошганининг сабаби нимада?
Март ойида 1 кг пахта чигити 3,4 минг сўмдан, апрел ойида эса 5,6 минг сўмдан биржа савдолари орқали сотилди. Натижада айрим ёғ-мой корхоналари ишлаб чиқариш харажатларини ҳисобга олган ҳолда 1 литр пахта ёғини 18,0-19,0 минг сўмгача бўлган нархда биржа савдоларига қўйди. Ўтган ойга нисбатан пахта ёғи кескин қимматлаганини кўриш мумкин.
Kun.uz билан суҳбатда бўлган ёғ-мой соҳасида узоқ йиллик тажрибага эга мутахассис Фахриддин Калоновнинг ҳисоб-китобларига кўра, 1 килограмм пахта чигити 5,6 минг сўмдан харид қилинса, бир литр пахта ёғини 20 минг сўмдан сотган тақдирда ҳам, корхона зарарга ишлайди. Бунинг қисқача арифметикаси шундай:
1 тонна пахта чигити ва уни қайта ишлаш нархи тахминан шунчага тушади:
- 1 килограмм пахта чигити 5,6 минг сўмдан биржа савдоларига қўйилмоқда, шунда 1 тонна пахта чигитининг нархи 5 миллион 600 минг сўмни ташкил этади.
- 1 тонна чигитни қайта ишлаш харажати (барча солиқлар, иш ҳақи ва бошқа харажатлар билан биргаликда) 1,0 миллион сўмга тўғри келади.
- Шунда 1 тонна чигитни қайта ишлаш бўйича жами харажат 6,6 миллион сўм бўлади.
1 тонна чигитдан олинадиган маҳсулот ва унинг нархи қуйидагича шаклланади:
- 1 тонна чигитни қайта ишлашдан 170 килограмм пахта мойи олинади, унинг 1 килограмми 20,0 минг сўмдан сотилганда 3,4 миллион сўмни ташкил этади.
- 450 килограмм шрот олинади, бу маҳсулотнинг 1 килоси 3,5 минг сўмдан сотилганда 1,575 миллион сўмга тўғри келади.
- 350 килограмм шелуха олинади, унинг 1 килоси 2,2 минг сўмдан биржа савдоларига қўйилмоқда, демак 1 тонна шелуханинг нархи 770 минг сўм бўлади.
Хулоса қандай: пахта ёғи нархи арзонлашиши мумкинми?
Мутахассиснинг сўзларига кўра, 1 тонна чигитни қайта ишлаш харажатлари миқдори 6,6 миллион сўм, ишлаб чиқарилган маҳсулот нархи 5,745 миллион сўмни ташкил этади. Шунда корхона 1 тонна пахта чигитини қайта ишлашда 1 кг пахта ёғини 20 минг сўмдан, 1 кг шротни 3,5 минг сўмдан, 1 кг шелухани 2,2 минг сўмдан сотганда ҳам, 855 минг сўм миқдорида зарар кўради.
Хуллас, биржа савдолари орқали 1 кг пахта чигити 5,6 минг сўмдан сотилса, пахта ёғи нархи яна ошишини кутишдан бошқа илож йўқ. Чунки қайта ишлаш корхоналари ҳам зарарига ишламайди.
Масъул ташкилотлар ўсимлик ёғи нархи ошиши борасида нима дейди?
Монополияга қарши кураш қўмитасининг маълум қилишича, ташқи жаҳон бозорларида нархлар ошиши ва ўтган ҳосил йилида етиштириш ҳажмлари нисбатан камроқ бўлиши муносабати билан асосий етказиб берувчилардан бўлган қўшни давлатларда кунгабоқар ёғи ва уруғи экспортига юқори божхона божлари белгиланиши тартиби муддати узайтирилиши нархларга таъсир қилган.
«Ўз навбатида, импорт асосида олиб келинадиган кунгабоқар ёғи ва уруғи нархларининг ошиши маҳаллий пахта ёғи нархларига ҳам бевосита ўз таъсирини кўрсатди», – дейилади қўмита ахборотида.
Ҳукумат нархлар барқарорлигига эришиш учун нима қилмоқчи?
2021 йилда маҳаллий шароитда етиштирилган хомашёни қайта ишлаш ҳисобига 141 минг тонна ўсимлик ёғи ишлаб чиқарилиши маълум қилинган.
Ҳукумат кунгабоқар, соя, масхар, рапс, кунжут ва зиғир экиладиган майдонлар ҳажмини оширмоқчи. Жорий йилда Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида 530 гектар майдонда зайтун плантацияси барпо этилади.
1-iyundan boshlab 3 yil va undan avval tayinlangan pensiya nafaqalari uchun ortiqcha to'lov undirilmaydi
Pensiya va nafaqalarni tayinlashda joriy yilning 1-iyundan boshlab:
- shaxsning ish haqi va mehnat staji toʻgʻrisidagi maʼlumotlarning elektron bazasi yuritilmagan davr - 2005-yildan avvalgi yillar uchun ish staji shaxsning mehnat daftarchasidagi mavjud yozuvlar asosida tasdiqlovchi hujjatlar talab etilmasdan hisobga olinadi;
- uch yil va undan avval tayinlangan, qayta hisoblangan pensiya va nafaqalarni tekshirish hamda ular boʻyicha aniqlangan ortiqcha toʻlovni undirish bekor qilinadi;
- ishlovchi fuqarolar tomonidan ishlamaydigan turmush oʻrtoqlari kelgusida pensiya taʼminotiga ega boʻlishlari uchun oʻz daromadlaridan ixtiyoriy ravishda har oyda ijtimoiy soliq toʻlash huquqi beriladi;
- pensiya va nafaqalar fuqaroning xohishiga koʻra roʻyxatga olingan doimiy yashash yoki vaqtincha turgan joyi boʻyicha tayinlanadi va toʻlanadi;
- pensiya va nafaqalarni naqd pulsiz shaklda olish uchun arizalar fuqarolar tomonidan Moliya vazirligi huzuridagi byudjetdan tashqari Pensiya jamgʻarmasining tegishli boʻlimiga murojaat qilmagan holda, tijorat banklari filiallarida bank plastik kartalarini ochish jarayonida yoki bank mobil ilovalari orqali elektron shaklda rasmiylashtiriladi;
- fuqarolarning pensiyaga boʻlgan huquqi yoʻqolganligini tegishli vazirlik va idoralar tomonidan taqdim etiladigan elektron maʼlumotlar asosida aniqlash orqali pensiyalarni naqd pulsiz shaklda oluvchi shaxslar tomonidan har olti oyda Pensiya jamgʻarmasining boʻlimiga kelish hamda masʼul xodimlar tomonidan joylarga chiqqan holda monitoring oʻtkazish majburiyati bekor qilinadi.
Рамазон ойи давомида мусулмонлар кун бўйи рўза тутиб, еб-ичишдан тийиладилар ва кеч тушиши билан таом истеъмол қиладилар. Аммо айрим ҳолатларда ифтор маҳалида ҳаддан ташқари кўп овқат ейиш кузатилади. Узоқ вақт оч ва чанқоқ ҳолда юрган кишининг бирданига меъридан ортиқ таом истеъмол қилиши саломатликка зарар келтириши мумкин.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти рўза пайтида соғлом овқатланиш бўйича баъзи маслаҳатлар билан бўлишди. Ушбу маслаҳатларга амал қилиб, киши ортиқча вазнни йўқотиши ва қон босими ҳамда организмдаги холестерин миқдорини пасайтириши мумкин. Рамазон ойи пайтида организмнинг соғлом бўлиши учун керакли озуқаларни истеъмол қилиш учун вақт чегараланганлиги сабабли, парҳезнинг соғлом ва сифатли бўлиши жуда муҳим.
Ушбу маслаҳатларга Рамазон ойи тугагандан кейин ҳам риоя қилиш мақсадга мувофиқ бўлади.
Кўп миқдорда сув истеъмол қилинг
Бу йил одамлар кунига ўртача 15−16 соат рўза тутишларига тўғри келади. Кундузи ҳаво ҳарорати юқори бўлган пайтда салқин ва сояли жойларда қолиш ҳамда қуёшда узоқ юрмаслик тавсия этилади.
Ифторлик ва саҳарлик орасида кўп миқдорда сув ичинг. Кундуз кунлари ҳаво ҳарорати юқори бўлиши кўп терлашни келтириб чиқариши мумкин. Шу сабабли, кун давомида йўқотилган суюқликнинг ўрнини қоплаш керак бўлади. Бунинг учун эса камида 10 стакан сув ичиш тавсия этилади.
Сув истеъмолини сувга бой маҳсулотларни тановул қилиб ҳам ошириш мумкин. Масалан, саҳарлик пайтида ёки ифторликдан кейин дессерт сифатида ҳўл мевалардан ейиш мумкин. «Ачиқ-чучук» салатида ҳам сувга бой бодринг ва помидорлар бор. Шўрва ёки тоза сабзавотли салатга ўхшаган серсув овқатларни ҳам истеъмол қилиш мумкин.
Таркибида кофеин мавжуд бўлган кофе, чой, кола каби ичимликлардан воз кечиб туринг, чунки кофеин баъзиларни ҳожатхонага югуртириши мумкин, бу эса инсон организмидаги сувнинг камайишига (дегидрация) олиб келади. Шунингдек, газланган шакарли ичимликлар калорияга бой бўлишини эсдан чиқарманг.
Кун давомида жуда кўп ҳаракат қилиш организмнинг кўп миқдорда сув йўқотишига олиб келиши мумкин. Қисқа сайрлар ёки қисқа муддатли чигалёзди машқлари сизни тонусда ушлаб туриши мумкин. Кун бўйи ҳаракатсиз ўтириш ҳам тавсия қилинмайди.
Соғлом саҳарлик учун тавсиялар
Оғизни ёпишдан олдин овқат ейиш муҳим. Саҳарлик пайтида енгил овқатланинг. Бу айниқса рўза тутишни мақсад қилган катта ёшдагилар, ўспиринлар, ҳомиладор аёллар ва боласини озиқлантираётган оналар ҳамда болалар учун ҳам муҳим.
Енгил нонушта сифатида сабзавотлар, таркибида углевод мавжуд бўлган бутун донли нонлар ёки булочкалар, сут маҳсулотлари (тузсиз пишлоқ, сузма, сут) ва/ёки тухум каби оқсилга бой маҳсулотларни истеъмол қилиш мумкин.
Секинроқ ва эҳтиёжингизга мос равишда овқатланинг. Кўп миқдорда овқат ейиш жиғилдон қайнаши (меъда қайнаши, зарда) ва безовталикни келтириб чиқариши мумкин.
Саҳарлик учун овқатларга мисол:
- 2 бурда нон;
- сабзавотли омлет ёки қаттиқ қайнатилган тухум;
- тўғралган сабзавотлар;
- пишлоқ ёки сут маҳсулотлари;
- чой;
- етарлича сув ичишни унутманг.
Соғлом ифторлик учун маслаҳатлар
Ифторлик пайтида соғлом ва меъёрида овқатланиб, қувватингизни тўлдириб олинг. Рўзани учта хурмо ёки сув билан очиш ифторликни бошлашнинг анъанавий ва соғлом йўли ҳисобланади.
Хурмо одам танасидаги кўпчилик аъзоларнинг тўғри фаолият кўрсатишини таъминлайдиган клетчаткага бой озуқа. АҚШдаги Cornell University мутахассисларининг ёзишича, организмга овқат киришидан олдин сув ичиш танани суюқлик билан озиқлантиришнинг энг яхши йўлидир. Лекин рўзани очибоқ бирданига кўп сув ичиб юборманг. Бир вақтнинг ўзида кўп миқдорда сув ичиш инсон саломатлиги учун хавфли ҳисобланган сув интоксикациясига олиб келиши мумкин.
Организмни муҳим витаминлар ва озуқа моддалари билан таъминлаш учун ифторлик учун менюга кўплаб сабзавотларни қўшинг. Шунингдек, организмни қувват ва клетчатка билан таъминлайдиган бутун донли (янчилмаган ва тозаланмаган) маҳсулотларни истеъмол қилинг.
Печда ёки грилда пиширилган ёғсиз гўшт, терисиз товуқ ва балиқ тановул қилиш орқали организмингизни соғлом оқсиллар билан бойитишингиз мумкин. Умуман олганда, ёғ ва шакарга бой, қовурилган ҳамда қайта ишланган маҳсулотлардан ўзингизни тийинг. Секинлик билан тановул қилиш сизга ҳаддан ортиқ кўп овқат емасликка ёрдам беради.
Ифторликдан сўнг кўп ширинлик ейишдан ўзингизни тийинг. Рамазон пайтида кўп истеъмол қилинадиган ширинликлар таркибида катта миқдорда шакар сиропи бўлади. Ширинлик сифатида сувга бой бўлган мавсумий меваларни, жумладан олма ёки тарвуз истеъмол қилиш мумкин.
Ифторлик учун овқатларга мисол:
- уйда пиширилган сабзавотли шўрва;
- яшил салат ёки бошқа сабзавотлардан салат;
- фаршли сабзавотлар (қовоқча, бақлажон, узум барглари);
- печда пиширилган товуқ;
- кўп миқдорда сув ичиш, таъмни яхшилаш учун лимон бўлаклари ва ялпиз қўшиш мумкин.
Соғлом овқат пишириш бўйича тавсиялар
Ёғларга бой бўлган маҳсулотлар, айниқса ёғли гўшт, қатламали хамирдан, ёғ/маргарин ёки сарёғ қўшилган хамирдан тайёрланган маҳсулотлар истеъмолини камайтириш керак. Қовуришнинг ўрнига овқат тайёрлашнинг бошқа усуллари: буғда пишириш, соусда пишириш, кичик миқдордаги ёғда қовуриб, печда пишириш каби усуллардан фойдаланиш тавсия этилади.
Таркибида катта миқдорда туз бўлган озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилманг: сосиска, қайта ишланган ва тузланган гўшт ва балиқ маҳсулотлари, тузланган бодринг, зайтун меваси, тузли пишлоқлар, газак маҳсулотлар, турли хил тайёр крекер, салат, соус (майонез, кетчуп, хантал).
Овқат тайёрлаётганда туздан иложи борича камроқ фойдаланиш ва туздонни стол устидан олиб ташлаш тавсия этилади. Пиширилаётган овқатларнинг таъмини яхшилаш учун турли хил ўтлардан фойдаланиш мумкин.
Қандли диабет ва гипертонияли кишиларнинг рўза тутиши
1-тур қандли диабет билан оғриган беморларга рўза тутмаслик маслаҳат берилади. 2-тур қандли диабет ва гипертония касалликлари борлар ўз ҳолатларини парҳез ёки дорилар билан назорат қила олган тақдирда рўза тутишлари мумкин. Улар бу борада ўз шифокорлари билан маслаҳатлашишлари керак.
Финландиялик бир гуруҳ инвесторлар ва Навоий вилояти мутасаддилари ўртасида учрашув ўтказилди.
Учрашувда Финландиянинг «FinEst Bay Area» компанияси асосчиси Питер Вестербака, «Finest Future» компанияси ҳаммуассиси Туомас Тииликайнен, «Edunation Finland» компанияси ҳаммуассиси Ҳарри Суоминен, «Skillgrower» компанияси асосчиси Паси Савола ва «PK Safety and Rescue» компанияси бош директори Пертти Кортеярви ҳамда Навоий вилояти масъуллари иштирок этди.
Навоий вилояти ҳокимлиги ахборот хизматига кўра, учрашувда онлайн тарзда иштирок этган SASKY таълими консорциуми директори Антти Лаҳти консорциум фаолияти, имкониятлари ва таълим йўналишлари ҳақида маълумот берган.
Музокаралар якунига кўра, мазкур лойиҳа учун жалб этиладиган навоийлик ёшларни 2030 йилгача 10 000 нафарга етказиш режалаштирилмоқда.
Маълумот учун, SASKY касбга тайёрлаш ва таълим масалалари консорциуми 1990 йилда ташкил этилган бўлиб, асосий фаолияти - меҳнат муносабатларини бошқариш, катталар учун қисқа муддатли, халқаро ва бошқа пуллик таълим турларини таклиф қилишдан иборат.
Сўнгги йилларда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг самарали тизимини шакллантириш борасида кенг миқёсли ишлар амалга оширилмоқда.
Учқудуқ туман ҳокимининг 2021 йил 18 мартдаги 64-Қ сонли қарорига асосан туманда жами 59 нафар ёлғиз ва ёлғиз яшайдиган кексалар ва ногиронлиги бўлган фуқаролар рўйхатга олиниб, уларга
7 нафар ижтимоий ходимлар манзилли ижтимоий хизмат кўрсатишади.
2021 йил биринчи чораги давомида рўйхатга олинган ёлғиз кексалар туман Тиббиёт бирлашмаси томонидан чуқурлаштирилган тиббийкўрикданўтказилди
10 нафар ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз кекса ва ногиронлиги бўлган фуқароларни 19 хил турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари, гигиена ҳамдаантисептик воситалари билан таъминлаш мақсадида 2021 йил биринчи чораги давомида маҳаллий давлат бюджети хисобиданжами 11 млн 882 минг сўм маблағ ажратилди.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2016 йил 14 июнь куни 2801-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган “Муҳтож шахсларни протез-ортопедия буюмлари, реабилитация техник воситалари ва кресло-аравачалар билан таъминлаш тартиби тўғрисидаги Низом”га асосан, январь, февраль, март ойлариданавбат асосида жами 12 нафар муҳтож фуқароларнинг 4 нафари катталар учун ногиронлик аравачаси, 3 нафар пенсионер ва ногиронлиги бўлган фуқаролар эшитиш мосламаси, 4 нафарпенсионер ва ногиронлиги бўлган фуқаролар қўлтиқ таёқ билан, 1 нафар ёшга доир пенсионер хасса билан таъминланди.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2015 йил 25 мартдаги 2356-1-сон билан рўйхатдан ўтказилган “Ногиронлар ва кексаларни бепул санатория-курорт йўлланмалари билан таъминлаш тартиби тўғрисида”ги йўриқномага асосан 9 нафар ногиронлиги бўлган фуқаролар ҳамда ёшга доир пенсионерлар Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги сиҳатгоҳларда соғломлаштириш мақсадида санатория-курорт йўлланмалари билан таъминланди.
Учқудуқ туман Тиббий-ижтимоий
хизматлар шўъбаси мудири У.Буранов
Учқудуқ туманида Ўзбекистон Республикаси геология соҳаси ходимлари кунига бағишланган байрам тантанаси кўтаринки руҳда бўлиб ўтди.
Тадбир “Қизилқумгеология” акциядорлик жамиятига қарашли Кокпатас дала геология қидирув экспедициясида турли спорт мусобақалари, фахрий геологлар билан учрашувлар ҳамда турли маданий тадбирлар ташкиллаштириш билан бошланди.
Байрамнинг асосий тадбирлари туман марказидаги “GOLDEN CITY” базмгоҳида бўлиб ўтди. Унда “Қизилқумгеология” акциядорлик жамияти ва Кокпатас дала геология қидирув экспедицияси ходимлари, геология соҳаси фахрийлари ҳамда туман жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Дастлаб, “Қизилқумгеология” акциядорлик жамияти директори Шокириддин Искандаров геология соҳасида меҳнат қилаётган ходимларни ҳамда тадбир меҳмонларини байрам билан табриклади.
Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг геология соҳасини тиклаш ва ривожлантиришга оид қабул қилган қатор ҳужжатлари ушбу йўналишдаги саъй-ҳаракатларни кенгайтиришда дастуриламал бўлмоқда. Юртимиз ҳудудида фойдали қазилмаларни излаб топиш ва уларни ўрганиш жуда катта масъулиятни талаб этади. Сабаби, геология соҳаси ходимлари ўз уйларидан узоқда, тоғ-у тошларда, чўлларда, изланишлар олиб борадилар. Ушбу соҳага бутун куч-ғайратини, ақл-заковатини сарф қилаётган, умрини бахшида этаётган геологлар билан қанчалик фахрлансак арзийди.
Ўзбекистонда янги геология тизими яратилмоқда, дейиш мумкин. Уни ривожлантиришдан мақсад — табиий ресурсларни халқимиз манфаатига йўналтириш, иш жойлари ташкил этиб, халқ фаровонлигига ҳисса қўшиш энг муҳим вазифаларимиздан.
Шунингдек, тадбирда Кокпатас дала геология қидирув экспедицияси раҳбари Ҳаким Абдурасулов соҳа ходимларини байрам билан муборакбод этди.
- Қизилқум маъданларга бой замин, - деди ўз табригида Ҳ.Абдурасулов. - Бугун Ўзбекистон олтин қазиб олиш борасида дунёда етакчилик қилмоқда. Олтин конлари ва ундан олинган қимматбаҳо маъданларни қайта ишлайдиган заводлар фаолиятини мунтазам таъминлаб бориш бизнинг фаолиятимизга бевосита боғлиқ. Иқтисодиётнинг муҳим бўғини — саноатни ривожлантириш учун фойдали қазилма захираларини аниқлаш, янги конларни ўзлаштириш биз геология соҳаси ходимларининг устувор вазифаси саналади. Сизларга сиҳат-саломатлик, хонадонларингизга фаровонлик, тўкин-сочинлик, файзу барака тилайман.
Шу куни Кокпатас дала геология қидирув экспедициясида меҳнат қилаётган бир гуруҳ ходимларга, соҳаси ривожига муносиб ҳисса қўшган меҳнат фахрийларига ҳурмат кўрсатиб “Қизилқумгеология” акциядорлик жамияти раҳбариятининг фахрий ёрлиқлари ва қимматбаҳо совғалари топширилди.
-Аввало, бугунги байрамга таклиф этганингиз учун раҳмат, - дейди меҳнат фахрийси Венира Хасанова. - Геология соҳасида “қайта ҳаёт” бошланди. Қабул қилинган қатор ҳужжатлар самарасида бир замонлар ўз холига ташлаб қўйилган соҳа бугун моддий-техник жиҳатдан анча бойиди. Буни экспедицияга замонавий бурғулаш ва лаборатория ускуналари олиб келинганлигида, биноларнинг тўлиқ таъмирдан чиқарилганлигида кўриш мумкин.
Тадбирда тумандаги “Учқудуқ” ва “Қизилқум” маданият уйи қошида фаолият кўрсатаётган санъат усталарининг концерт дастури намойиш этилди.
“Қизилқумгеология” акциядорлик жамияти матбуот хизмати.
ЎзМТДПдан Халқ депутатлари Учқудуқ тумани Кенгаши депутати, туман ҳокими С.Хамроев ташаббуси билан туман Давлат хизматлари маркази ва масъул ташкилотлар раҳбарлари ҳамкорликда савоб ва хайрли ишга қўл уришди.
Гап шундаки, “Алтинтау” овул фуқаролар йиғини Қулқудуқ овулида истиқомат қиладиган Нурлан Айтуғанов Салтанат Каримбаева билан турмуш қуриб, 10 йилдан буён бирга яшаб келаётган бўлса-да, фуқаролик паспорти йўқлиги боис никоҳдан ўтишолмаган.
Занжирли муаммо уларнинг фарзанди ҳаётига ҳам таъсир қилмай қўймайди. Болага туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома олинмаган бўлса-да, унга Бекжан деб ном берган ота-она ҳужжатсиз фарзандини на боғчага, на мактабга бера олишини тушуниб етдилар. Фуқароларнинг туман раҳбарига мурожаатлари самарасиз қолмади, албатта.
– Партиямизнинг Сайловолди дастурида белгиланган “Уйма-уй” лойиҳаси асосида “Маҳаллабай” тизимида ишлаб юриб ўтказиладиган ҳуқуқий тарғиботлар жараёнида анча-мунча оилавий муносабатларга дуч келдик, – дейди “Депутат аёллар клуби” аъзоси Райҳон Қодирова. – Аслида оила ҳар бир инсоннинг ишдан ҳориб келганида ҳаловат топадиган маскани... Аммо ҳаммада ҳам шундай бўлавермайди. Бугун бир оилага ваколатимиз доирасида кўрсатилган давлат хизматидан рости ўзимиз ҳам суюндик.
Ҳа, партиямиздан сайланган депутат ва масъуллар томонидан ушбу оиланинг “занжирли муаммо”лари бартараф этилиб, уларнинг фарзанди Бекжан мактабгача таълим ташкилотига жойлаштирилди. Бундан Нурлан оға ва Салтанат опа беҳад хурсанд бўлишяпти.
Сарвиноз НОСИРОВА,
Халқ депутатлари туман Кенгаши ЎзМТДП депутати.
Бу ёруғ оламга ойларнинг султони хайри-баракотли меҳр-мурувват, саховат, сабр-қаноат, жисмоний ва маънавий покланиш ойи муборак Рамазон ташриф буюрди.
Рамазон саҳарларида ва тунларида баракот, раҳмат, мағфират ёғилади. Бу ой мўминнинг ризқи зиёда бўладиган ойдир.
Демак, биз бу ойда янада меҳр-оқибатли, саховатли бўлиб, бир-биримизга ёрдамга ошиқайлик. Бир-биримизни кечириб эътибор кўрсатайлик!
Бу ойда мусулмонлар бир-бирларини ифторликка чақириб, беморлар, ногиронлар, ҳолидан хабар олиб, зарарли одатлардан сақланиб, ёлғон, ғийбат, бекорчи сўзларни гапиришдан ўзларини тиядилар. Ким бу ойда рўзадорга ифторлик қилиб берса, унинг гуноҳлари мағфират ва ўзи дўзахдан озод этилишига сабаб бўлади.
Қуйида рўза тутиш борасида зарур бўлган тавсияларни ҳавола этамиз.
Саҳарлик
Рўза луғатда – “сиём” деб аталиб, ўзини бир нарсадан тийишни билдиради. Шариат истилоҳида эса: “Тонг отгандан то қуёш ботгунича ният билан рўзани бузувчи нарсалардан ўзини тийишдир”. Яъни, киши саҳарлик вақтидан то шом вақтига қадар емай, ичмай, жуфти ҳалоли билан жинсий алоқа қилмай туради.
Субҳи содиқ кириши билан саҳарлик вақти тугаб, рўза вақти бошланади. Иккисининг ўртасини ажратиб турадиган учинчи бир вақт йўқ. Саҳарлик ўз вақтида бўлгани афзал. Лекин субҳи содиқ кирган-кирмагани борасида иккиланадиган даражада кечиктириш макруҳ. Рўза тутиш ниятсиз бўлмайди, албатта, ният қилиниб, саҳарлик дуоси ўқилиши лозим.
Оғиз ёпиш дуоси қуйидагича: “Навайту ан асума совма шаҳри рамазона минал фажри илал мағриби, холисан лиллаҳи таъала. Аллоҳу акбар”.
Ифторлик ва таровеҳ
Ифторлик ҳам, албатта, ният ва дуо ила қилинади. Ифторлик (оғиз очиш) дуоси: “Аллоҳумма лака сумту ва бика аманту ва аълайка таваккалту ва аъла ризқика афтарту, фағфирли йа ғоффарума қоддамту ва ма аххорту бироҳматика йа арҳамар роҳимийн, Аллоҳу акбар”.
Ана шу дуо ила рўзадор оғзини очади, ҳалол таомлар билан таомланади. Овқатланишда шошма-шошарликка йўл қўйилмайди. Чунки бу ҳолат мўмин одобига тўғри келмаслиги билан бирга саломатликка ҳам зарарлидир. Шундан сўнг таровеҳ намозига чиқилади.
Рўзадорнинг одоблари
Ким рўза тутиб, Аллоҳнинг ибодатини амалга оширса, у ўзини бошқаларга ўрнак бўлиши учун ҳам одобли, босиқ ва хушмуомала тутиши лозим. Рўзадорнинг тилидан ҳар хил кераксиз гаплар чиқмаслиги, рўза тутган киши ғийбат, чақимчилик каби ишлардан узоқ бўлиши, ҳақоратли гап-сўзларни, умуман, гапирмаслиги лозим. Ўзга рўзадорларни ҳам ҳурмат қилиши, уларга ширин сўзлаши, мушкулларини осон қилиб бериши керак.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Рўза ва Қуръон қиёмат кунида банда учун шафоат сўрайдилар. Рўза: «Роббим, мен уни таом ва майлликлардан тўсдим, менинг у ҳақидаги шафоатимни қабул қил!» , дейди. Қуръон: «Мен уни тунлари уйқудан тўсдим, менинг у ҳақидаги шафоатимни қабул қил!», дейди. Шундан сўнг уларнинг шафоатлари қабул қилинади» (Имом Аҳмад ривояти).
Рамазон ойида рўза тутмаслик оқибати
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Исломнинг асоси ва диннинг пойдевори учта бўлиб, улар устига Ислом тикланган. (Улар): «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ» деб гувоҳлик бериш, фарз қилинган намозлар ва Рамазон ойининг рўзаси» (Абу Яъло, Дайламий ва имом Захабий ривоятлари).
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Рамазоннинг бир кунида Аллоҳ изн бермаган рухсатсиз (қасддан) рўза тутмаган одам ҳаёти давомида рўза тутса-да, қазо ўрнига ўтмас» (Имом Абу Довуд, Имом ибн Можжа, имом Термизий ривоятлари).
Рўзадор унутиб бирон нарсани еб-ичса, рўзаси бузилмайди, балки Аллоҳнинг меҳмони бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Рўзадорлигини унутиб еган ёки ичган одам, рўзасини етказсин. Чунки уни Аллоҳ едириб, ичиргандир» (Имом Муслим ривояти). Аммо рўзани қасддан очиш гуноҳ ҳисобланади.
Умуман олганда, Рамазонни муносиб ўтказиш, унинг одобларига, қоидаларига риоя этиш ҳар бир мўмин-мусулмоннинг фарзидир. Унинг ҳар бир дақиқасида барака яширинган.
Рамазон ойида ўзингизни соғлом ҳис қилишингиз учун 10 та фойдали маслаҳат
Рамазон ойида рўза тутиш соғлиқ учун фойдалидир, агар бу тўғри йўлга қўйилса, албатта; агар акси бўлса, у организмга зарар етказиши ҳам эҳтимолдан холи эмас.
Узоқ вақт таомланмаган инсон ифтор пайти келганда, ҳаддан ортиқ кўп овқат еб, соғлиғига путур етказиб қўйиши ҳеч гап эмас. Шу боис ушбу ойда овқатланиш тартибини тўғри йўлга қўйишга ҳамда соғлом турмуш тарзига риоя этишга ҳаракат қилинг.
Қуйида эътиборингизга Рамазон ойида ўзингизни яхши ҳис этишингиз учун баъзи тавсияларни ҳавола қиламиз:
- Таомланишни қуритилган хурмо меваси билан бошланг, чунки у шакарнинг муҳим манбаи ҳисобланади.Кўп соатлар оч юрганингиздан сўнг у ичакдаги ҳаракатларни тартибга солади. Қуритилган хурмо меваси магний ва калийга бой бўлади.
- Ифтордан кейин етарли миқдорда сув ичишни назорат остига олишингиз керак. Тун давомида ўртача 8 стакан сув ичиш мақсадга мувофиқдир.
- Шўр егуликлардан сақланинг - шўр данаклар, шўр бодринг, консерваланган ёки қайта ишланган озиқ-овқат маҳсулотлари шулар жумласидандир. Шўр егуликлар рўза пайтида кишиларнинг тез-тез чанқашига сабаб бўлади.
- Овқатни секин истеъмол қилинг. Қуритилган хурмо билан бошлаб, кетидан сув ичинг, кейин суюқ овқат, ундан сўнг салат билан қуюқ овқат. Кетма-кетликка риоя қилинг, чунки нотўғри овқатланиш қоринда ёқимсиз оғриқларни келтириб чиқариши мумкин. Рамазон ойида кўпчилик кишилар нотўғри овқатланиш натижасида муаммоларга дуч келишади.
- 5. Ифторликда дон маҳсулотлари, оқсил, мева ва сабзавотлар ўрин олиши керак.
- Ёғсиз гўшт, товуқ гўшти, балиқ, маълум бир миқдорда зайтун ёғи таом асоси бўлса, овқат ҳазм қилишда муаммолар юзага келмайди.Ёғли таомлардан эҳтиёт бўлинг. Колбаса ва гўшт маҳсулотлари, дуккаклилар, тухум ва сут маҳсулотлари оқсилга бойлиги ёдингиздан чиқмасин. Улар кишиларни тўқ тутади.
- Ширинлик маҳсулотларини ифтордан 2-3 соат ўтиб истеъмол қилиш тавсия қилинади.Шунда ҳам улар меъёрида бўлиши керак, чунки ҳаддан зиёд ширинликлар истеъмоли инсонни тез чанқатади.
- Қаҳвани чекланг. Агар сиз қаҳвахўр бўлсангиз, яхшиси бу одатингизни муборак ой кирмай туриб ташланг, шунда бош оғриқ ва уйқусизликдан азият чекмайсиз.
- Уч маротаба таомланишни одат қилинг: ифтор, кечки енгил овқатланиш ва саҳарлик. Шундагина организмингизга зиён етказмайсиз, ифтордан кейин тинмай ейиш яхши оқибатларга олиб келмайди.
- Жисмоний машқ билан шуғулланинг- бу Рамазон ойида фойдадан холи бўлмайди. Ифтордан 1-2 соат ўтганда спорт билан шуғулланиш соғлом вазн ҳамда соғлом турмуш тарзининг гаровини белгилаб беради.
Рамазон ойидан олинадиган 5 та энг катта фойда
Аллоҳ Қуръони Каримнинг Бақара сураси 183-184-оятларида шундай марҳамат қилади: “Эй иймон келтирганлар, тақволи кишилар бўлишингиз учун сизлардан олдин ўтганларга фарз қилингани каби сизларга ҳам саноқли кунларда рўза тутиш фарз қилинди. Энди сизлардан бирор киши касал ёки мусофир бўлса, у ҳолда (рўза тутолмаган кунларининг) саноғини бошқа кунларда тутади”.
Оятнинг сўзларига эътибор қаратадиган бўлсак, Рамазон ойидаги кунлар саноқли, чегараланган. Бундан келиб чиқадики, мана шу кунларда ҳар бир инсон яхши амалда бўлиши, қалбини поклаши ва қилган гуноҳлари учун тавба этиши зарур. Чунки ушбу муборак ойнинг кунлари саноқли, унинг ҳар бир кунига ёғдириладиган барака, яхшилик ва омонлик доимий эмас.
- Гуноҳларнинг мағфират қилиниши
Инсон боласи бор-ки, билиб ёки билмасдан гуноҳга қўл уради. Аммо барча ҳам бу қилган ишига астойдил тавба қилмайди. Кўнгли ғаш бўлсада, яна ўз ҳаёти йўлида давом этиб кетаверади. Рамазоннинг энг катта фойдаларидан бири – шу ойда астойдил тавба қилишдир. Чунки "Зубдатул воизийн" китобида қуйидаги ҳадис келтирилади: Абу Ҳурайра (р.а.) Пайғамбаримиздан (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ривоят қилган ҳадисда айтилганки: “Ким Рамазон ойи рўзасини иймон ва ихлос билан тутса, унинг олдинги гуноҳлари кечирилади”. Демак бу жуда катта имконият, ана шу имкониятдан фойдаланиб ҳам гуноҳлардан покланиш, ҳам савобга эга бўлиш мумкин.
- Аллоҳнинг ўзидан мукофот олиш
Бу дунёда қилинган ҳар бир яхши ният, яхши амал учун охиратда бандаси мукофотланади. Қилган яхшилигига кўра, унга ажр берилади. Аммо рўзадорнинг мукофотини Аллоҳнинг ўзи беради. Тасаввур қилиш учун айтиш мумкинки, бу худди ҳаётий дунёда мамлакат подшоҳининг шахсан ўзидан мукофот олгандек. Қиёматда бутун инсоният ичида Аллоҳнинг шахсан ўзидан мукофот қабул қилиш банданинг саодатидан нишонадир. Бунинг учун ихлос ва иймон билан рўза тутиш зарур бўлади. Шунинг учун ҳам рўза банда ва Раббининг ўртасидаги хос ибодат деб айтилган. Аллоҳ таоло рўзага ажр бериш ёлғиз ўзига тааллуқли эканини айтди, яъни: "Рўза Менинг учундир. Мукофотини ўзим бераман", деди.
Абул Ҳасан: “Мукофотини ўзим бераман”, деган сўзга шарҳ айтиб шундай дедилар: “Ҳар бир тоатнинг мукофоти жаннатдир, рўзанинг мукофоти эса, Аллоҳнинг ўзига йўлиқиш, Аллоҳга назар солиш ва Аллоҳнинг унга назар қилиши ҳамда У билан элчи ва таржимонсиз гаплашишдир...”, деганлар.
- Дуоларнинг қабул бўлиши
Дуо – Аллоҳ томонидан бандаларига берилган улуғ неъматдир. Уламоларнинг айтишига қараганда, инсон тақдирини дуодан бошқа ҳеч нарса ўзгартира олмайди. Шу сабаб ёши улуғларимиздан, масжиддаги жамоатдан доимо дуо олишга интилиб келамиз. Чунки кимнинг дуоси қабул бўлишини Яратгандан ўзга ҳеч ким билмайди. Аммо Рамазон ойида ихлос билан қилинган дуо Аллоҳ даргоҳига етиб боради ва мустажоб бўлади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Уч кишининг дуоси қайтарилмайди: адолатли имом, рўзадор то ифтор қилгунича ва мазлумнинг дуоси”. Ибн Можа, Термизий, Аҳмад ибн Ҳанбал, Байҳақий, Ибн Ҳиббон, Таёлисий, Ибн Хузайма ва Исҳоқ ибн Роҳавайҳлар ривояти.
- Моддий бойликни кўпайтириб олиш
Рамазон ойида киши ўз бойлигини кўпайтириб олиш имкониятига эга бўлади. Қандай қилиб? Закот бериш йўли билан. Закот садақа кабидир. Садақа эса, ҳадисларда таъкидланганидек, сув оловни ўчиргани каби гуноҳларни ўчиради. Ёки Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек, «Бирон-бир садақа молни камайтирган эмас!». Аллоҳ ночорларга берилган закот ўрнини минг ҳисса қилиб қоплайди ва у молга барака бериб қўяди.
- Қадр кечаси
Рамазон ойида бир кеча бор-ки, унинг тафсири, фазилати ва фойдаси ҳақида қанча гапирса шунча оз. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинади. У зотга ўзларидан олдинги одамларнинг умрлари кўрсатилди ёки шунга ўхшаш Аллоҳ хоҳлаган нарсаларни. Бас, у зот худди ўз умматларининг умрларини қисқа, бошқалар умрлари узунлиги ила етган амалларга ета олмайдиган деб билганга ўхшадилар. Шунда, Аллоҳ у зотга Лайлатул Қадрни минг ойдан яхши қилиб берди». Имом Молик ривоят қилган.
Демак бу ҳам Яратганнинг мўмин-мусулмонларнинг фойдасини кўзлаб қилган иродаси, бандаларига берган яна бир неъматидир. Ана шу неъматлардан фойдаланиш фақат ва фақат инсоннинг ўзи учун фойдалидир.
Барчамизга Рамазон ойини иймон ва ихлосда ўтказиш насиб этсин.
ИСТИҒФОР – ДИЛ ҚУВОНЧИ
Истиғфор айтишни кўпайтиринг, муаммодан қутуласиз.
Истиғфор айтишни кўпайтиринг, Аллоҳга яқин бўласиз.
Истиғфор айтишни кўпайтиринг, қалбингиз қордек оппоқ, руҳингиз тетик бўлади.
Истиғфор айтишни кўпайтиринг, гуноҳлардан фориғ бўласиз.
Кўп истиғфор айтинг, дилингиз яйрайди, кўнглингиз ёзилади.
Кўп истиғфор айтинг, муваффақият қозонасиз.
Истиғфорни кўпайтирсангиз, ташвишларингиз ариб ёруғ кунларга етасиз.
Кўп истиғфор айтинг, касалликдан тўлиқ тузалиб кетасиз.
Истиғфор айтишни кўпайтиринг, қийинчиликдан фаровонликка чиқасиз.
Истиғфор айтишни кўпайтиринг, Аллоҳ мушкулингизни осон қилади.
Истиғфор айтишни кўпайтиринг, Аллоҳ сизни фарзанд неъмати билан сийлайди.
Оила қуришга имкони йўқ йигитлар кўп истиғфор айтишса, ўзларига муносиб солиҳа жуфт топиб, кўнгиллари таскин топади.
Турмушга чиқиш умидидаги қизлар истиғфор айтишни кўпайтиришса, бахт йўллари очилади.
Дунёда истиғфор билан орзуига етган қанчадан-қанча инсонлар бор. Етиб бўлмас марраларни истиғфор ила забт этган одамлар сони беҳисоб.
Истиғфор айтинг, дилингиздаги васвасалар, қўрқувлар арийди.
Истиғфор дилга қувонч бағишлайди, қалбга таскин беради, кўнгилни хотиржам қилади.
"Истиғфорнинг 40 хосияти! Салавотлар " китобидан
ИСТИҒФОР ҚАНДАЙ АЙТИЛАДИ?
“Астағфируллоҳ”.
Маъноси: “Аллоҳ (гуноҳларимни) кечиришини сўрайман!”
“Астағфируллоҳа ва атувбу илайҳ”.
Маъноси: “Аллоҳдан кечирим сўрайман, Унга тавба қиламан!”
“Астағфируллоҳуллазий лаа илааҳа иллаа ҳувал ҳайял қойюма ва атувбу илайҳ”.
Маъноси: “Ундан Ўзга илоҳ бўлмаган, доим тирик, ҳар нарсанинг устида қоим турувчи Аллоҳга истиғфор айтаман ва тавба қиламан!”
ИСТИҒФОР – ДИЛ ҚУВОНЧИ
Истиғфор айтишни кўпайтиринг, муаммодан қутуласиз.
Истиғфор айтишни кўпайтиринг, Аллоҳга яқин бўласиз.
Истиғфор айтишни кўпайтиринг, қалбингиз қордек оппоқ, руҳингиз тетик бўлади.
Истиғфор айтишни кўпайтиринг, гуноҳлардан фориғ бўласиз.
Кўп истиғфор айтинг, дилингиз яйрайди, кўнглингиз ёзилади.
Кўп истиғфор айтинг, муваффақият қозонасиз.
Истиғфорни кўпайтирсангиз, ташвишларингиз ариб ёруғ кунларга етасиз.
Кўп истиғфор айтинг, касалликдан тўлиқ тузалиб кетасиз.
Истиғфор айтишни кўпайтиринг, қийинчиликдан фаровонликка чиқасиз.
Истиғфор айтишни кўпайтиринг, Аллоҳ мушкулингизни осон қилади.
Истиғфор айтишни кўпайтиринг, Аллоҳ сизни фарзанд неъмати билан сийлайди.
Оила қуришга имкони йўқ йигитлар кўп истиғфор айтишса, ўзларига муносиб солиҳа жуфт топиб, кўнгиллари таскин топади.
Турмушга чиқиш умидидаги қизлар истиғфор айтишни кўпайтиришса, бахт йўллари очилади.
Дунёда истиғфор билан орзуига етган қанчадан-қанча инсонлар бор. Етиб бўлмас марраларни истиғфор ила забт этган одамлар сони беҳисоб.
Истиғфор айтинг, дилингиздаги васвасалар, қўрқувлар арийди.
Истиғфор дилга қувонч бағишлайди, қалбга таскин беради, кўнгилни хотиржам қилади.
"Истиғфорнинг 40 хосияти! Салавотлар " китобидан
Биз тарихан улкан маданиятга эга халқнинг билими кучли, маънавияти юксак авлодимиз. Баркамолликка, комилликка эришган Нажмиддин Кубро, Жалолиддин Мангуберди, Юсуф Хос Ҳожиб, Алишер Навоий, Абдулла Қодирий, Чўлпон каби гўзал қалб соҳиблари, азиз китобхонлар вакилимиз. Ўзбек оилаларида китобга муҳаббат, китобни асраб-авайлаб сақлаш ва китобхонлик қадимий анъаналардан бўлиб, халқимиз маънавий камолотида муҳим ўрин тутиб келяпти. Китобхонлик-маънавий комиллик асосларидан саналаркан, халқимизнинг ўзи қадар қадимий тарихга эга. Буни аждодларимиз томонидан уч ярим минг йил илгари яратилган “Авесто« қисмати яққол тасдиқлайди. Аждодларимиз уни тўла-тўкис ёд билмоқни, унга амал қилиб яшамоқни эътиқодий бурч деб билганлар.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020-йил 14-декабрдаги 781-сонли қарори билан тасдиқланган 2020-2025-йилларда китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва қўллаб- қувватлаш миллий дастури»даги қарори ижросини таъминлаш мақсадида апрель ойининг биринчи ҳафтаси “Китобхонлик ҳафталиги“ деб эълон қилинган. Шу жумладан туман ахборот-кутубхона марказида аҳоли, айниқса ёшлар ўртасида китобхонлик маданиятини ривожлантириш мақсадида жорий йилнинг 5-апрель куни туман ҳокимлиги ҳамда маънавият ва маърифат бўлими ҳамкорлигида “Китобхонлик ҳафталиги“га старт берилди. Ҳафталик доирасида тумандаги корхона ва ташкилот, таълим муассасалари, маҳаллаларни қамраб олган ҳолда ёзувчи ва шоирлар ижодига багишланган шеърхонлик кечалари, «Заковат» билимдонлар ўйини, савол-жавоб кечалари, кўча ва хиёбонларда китоб кўргазмалари ташкил қилинди. Тадбирларда фаол қатнашган китобхонлар ҳамда мактаб ўқувчилари ва ёш ижодкорлар фахрий ёрлиқлар ва эсдалик совғалар билан тақдирландилар.