Юртимизда халқ ва армия якдиллиги тобора ёрқинроқ намоён бўлмоқда. Ҳар йили анъанавий тарзда ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларга ҳарбий техникалар ва қурол-аслаҳаларни намойиш этиш орқали миллий армиямиз куч-қудрати ҳақидаги тасаввурларини бойитишга алоҳида эътибор қаратилади.
Шу мазмундаги навбатдаги акция туман марказидаги “Лочин” спорт-соғломлаштириш мажмуасида ўтказилди.
Учқудуқ туман мудофа ишлари бўлими, 99818 – сонли ҳарбий қисм ва қатор ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ташкил этилган “Ватанпарварлик карвони” мавзусидаги фестиваль юздан ортиқ аҳоли ва ёшларни бир жойга жамлади.
Даставвал юракларни ҳаяжон ва ифтихорга тўлдириб миллий мадҳиямиз янгради. Сўнгра туман ҳокими С.Хамроев сўзга чиқиб, ўтказилаётган бу каби тадбирлар айниқса ёшларимизни ҳарбий-ватанпарварлик руҳда тарбиялашда муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади.
Шундан сўнг байрамона руҳ билан Ватанга муҳаббатни акс эттирувчи куй ва қўшиқлар бошланиб кетди.
Ўтказилган тадбирда ҳарбий техникалар, қурол-яроғлар намойиши билан ёшлар яқиндан танишдилар. Ҳарбий хизматчилар томонидан кўрсатилган туркум чиқишлар томошабинларда илиқ таасурот қолдирди.
Амалга оширилаётган бундай тадбирлар тинчликни асраш, она Ватанни ҳимоя қилишда ҳар бир инсон масъул эканлигини даъват этишга қаратилгандир.
Учқудуқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати.