Ўзбекистонда COVID-19’га қарши эмланадиган ва эмланмайдиган аҳоли тоифаси ҳақида маълумот берилди.
Тошкент шаҳар Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошқармасининг иммунопрофилактика бўлими мудири Вазира Муталова Ўзбекистонда COVID-19’га қарши эмланадиган ва эмланмайдиган аҳоли тоифаси ҳақида маълумот берди.
Вазира Муталованинг сўзларига кўра, хавф ости гуруҳига кирувчи: 65 ёшдан ошган аҳоли вакиллари, тиббиёт ходимлари биринчи навбатда эмланади. Кейинги ўринда сурункали касалликка чалинганлар, мактабгача таълим ва таълим муассасаси ходимлари, жамоат транспортида хизмат кўрсатувчи ходимлар ва журналистлар босқичма-босқич эмланади.
Мутахассис эмланмайдиган аҳоли тоифаси ҳақида ҳам тўхталиб ўтган.
«Эмлашга келган фуқаро оилавий шифокор томонидан тиббий кўрикдан ўтказилади. 18 ёшгача бўлган аҳоли қатлами, дори воситаларига аллергияси бор фуқаролар, бундан аввалги эмланишларда аллергик ҳолатлар кузатилган, тана ҳарорати кўтарилган шахслар, ОИТСга чалинганлар, ҳомиладор ва эмизикли аёллар эмланмайди», деган у.
Аввалроқ Ўзбекистонда аҳолини коронавирусдан эмлаш жараёнлари апрел ойида бошланиши ҳақида хабар берилган эди.
Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Нурмат Отабеков эмлаш жараёнларининг кечикиши вакциналар сифати ва тиббиёт соҳасининг тайёргарлиги билан боғлиқ эмаслиги ҳақида маълум қилди.