LOTIN-КИРИЛЛ

УНИНГ АЁЛИ ИШЛАМАЙДИ

   Яқинда Хадича қизимдан СМС олдим. «Дада, бир нарсага ҳайрон қоламан, -деб ёзибди қизим. — Бир ўзингиз ишлаб бизни қандай боққансиз? Битта ойликка тўртта фарзандни ўқитгансиз, ичиргансиз, едиргансиз, кийдиргансиз… Биз куёвингиз билан ишлаб, минг бир тежаб-тергаб, қизимга кеча зўрға пальто обердим».
  — Худо берган, қизим, Худо берган, -дейман унга. Лекин ичимдаги гапни унга айтмайман. Биз ҳам битта эмас, иккита бўлиб ишлаганмиз демайман. Деёлмайман. Ишонмайди, лоф деб ўйлайди. Ҳаёл узоқларга олиб қочади…
  «Мен давлат идорасида 133 сўм ойлик олардим, — дея ичимда қизим билан гаплашаман, — кейинчалик у 150-200 га кўтарилди. Ойлик олган куним уйга бозор қилсам, онанг қувониш асносида дакки берарди: картошкани қимматидан олибсиз, сабзи колхозбозорда ярим баҳосида сотиляпти, шолғомни юпқа пўстлисидан олинг, чиқитга камроқ чиқади. Табиийки, бу гаплардан кейин бозор ҳам онангнинг зиммасига тушади. Чунки онанг биладики, менинг бойвачча феъллигим билан ойнинг иккинчи ярмида қўни-қўшнидан қарз излашга тўғри келади. Уйимизда гилам бўлмасада, олачамиз бор эди, лекин тўртта боланинг тўп-тўпидан кейин ҳам уйимиз озода турарди. Ошхонадан тортиб балконгадовур чиннидай ярақларди. Ҳамма нарса ботартиб эди ва ҳозиргача шундай.
  Ваҳоланки, уйимизда чўримиз йўқ эди. Ўша сен, шунингдек, бошқалар ҳам пешонасига «ишламайди» деган тамға босган Онанг бор эди.
Акангнинг кийимини уканг, сенинг кийимингни синглинг кийиб катта бўлди. Кийимларингнинг ямоғи бўлиши мумкин эди, лекин кири йўқ эди. Ички кийимлар қарийб сотиб олинмас, машинкада онангнинг ўзи тикарди. Неваралар пайдо бўлганда онанг бўхчадан акангнинг болалигидан қолган эски кийимларини, гарчанд кеннойинг бурнини жийирсада, чақалоққа кийдирганди. Онанг тиккан кўрпачаю ёстиқлар, дарпардаю дастурхонлар эндиликда эскилик сарқити бўлиб қайси бир токчаларда ётибди.
  Ваҳоланки, ортиқча кийим сотиб олишга бизнинг қурбимиз етмасди, тикувчию кўрпачига беришга ойлигим камлик қиларди.
Биласан, уйимиздан меҳмон аримасди. Шаҳарлик қариндош-уруғлар вақт ҳам, имконият ҳам танламасди, тўғри бостириб келаверарди. Ярим оқшом бўлишига қарамасдан, қарангки, худди меҳмон кутиб ўтиргандай бир пасда дастурхон безаларди. қанд-қурс, пирошка-сомса дегандай…
Дастурхондаги таом ва ширинликларнинг ярми «Made in Mom» эди. Аниқроғи, ишламайдиган онангнинг «иши» эди.
Чунки буюртма билан сотиб олишга менинг ойлигим етмасди.
  Укаларинг бугун кийган кийимини мактабдан йиртиб ёки кир-чир қилиб келарди. Ўшанда аянг тикувчига ҳам бормасди, кир ювиш машинамиз ҳам йўқ эди. «Ишламайдиган» онанг кийимларни тикиб, ювиб, эрталабгача қуритиб, дазмоллаб фарзандларига кийдириб, мактабга жўнатарди. Чунки укангнинг иккита кўйлаги йўқ эди. Бор-йўғи битта бўларди, уям акасининг эскиси.
  «Ишламайдиган» онанг дарсдан кейин тўртта фарзандининг ҳар бири билан индивидуал дарс қиларди. Кўзининг нурини тўкиб, сизларга эртаклар ўқиб берарди, қайта-қайта машқлар бажартирарди. Ана шуларнинг ҳосиласи ўлароқ, ҳаммаларинг ўқиб, касб-ҳунарли бўлдинглар.
  Ҳа, бугун игнага ип ўтказолмай қолган онангнинг кўз нурлари сизларнинг болалигингиз қат-қатларига сочилиб кетган.
  «Худо берган» деган сўзларимнинг маънисига энди тушунгандирсан. Худо менга бойлик бермади, Худо менга сен айтган «ишламайдиган» онангни берди! Ва онангга қўшиб ҳамма нарсани инъом этди менга.

Нурбек УЛУҒМУРОДОВ оққа кўчирди.

O'qilgan: 618 bora

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: