Сўнгги кунларда Учқудуқ туманида ҳаво ҳароратининг кескин пасайиши натижасида тегишли соҳа мутахассислари маълумотига кўра 18-25 м/с тезликда кучли шамол эсди. Ана шундай об-ҳаво олис овулларда ҳам кузатилди.
Кучли шамол оқибатида “Алтинтау” овул фуқаролар йиғинидаги Қулқудуқ овулидаги 3 та хонадонга ҳамда мактабгача таълим ташкилоти биноларининг том қисмига зарар етган. Электр энергия таъминотида ҳам узилишлар рўй берган.
Учқудуқ туман ҳокими Хамроев Соли Фармонович раҳбарлигида мутасадди идоаралар раҳбарлари билан Қулқудуқ овулида бўлиб, зарар миқдорини аниқладилар. Ташаббускор ҳомийлар томонидан оқибатларни бартараф этишга кўмаклашишга келишиб олинди.
Айни вақтда воқеа жойида зарурий тадбирлар амалга оширилиб, Учқудуқ туман электр таъминоти корхонаси мутахассислари томонидан электр энергиядаги узилишлар бартараф этилди. Овулга нур узатилди.
Аҳоли хонадонлари ва мактабгача таълим ташкилоти биносида рўй берган талофатларни бартараф этишга қаратилган ишлар олиб борилаётир.
УЧҚУДУҚ ТУМАН ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ